«ПАРИМ БЎЛСА УЧИБ ҚОЧСАМ...»

Парим бўлса учуб қочсам улусдан то қанотим бор.
Қанотим куйса учмоқдин, югурсам то ҳаётим бор.

Чиқиб бу дайрдин Исоға нечун ҳамнафас бўлмай,
Биҳамдиллоҳ, тажарруд бирла ҳимматдин қанотим бор.

Халойиқ суҳбатидин минг ғамим бордурки, муфт ўлғай,
Агар минг жон бериб билсамки, бир ғамдин нажотим бор.

Чекиб ағёрдин юз жавру тортиб ёрдин минг ғам,
Не ўзга халқдин ғайрат, не ўзимдин уётим бор,

Кечиб кўздин ёзай бир хатки, даҳр аҳлига кўз солмай,
Бу дамким кўз саводидин қаро, кўздин давотим бор.

Тилар кўнглум қуши анқодин ўтгай нари юз водий,
Мунингдек сайр этарга Қофдин ортуқ саботим бор.

Навоий, билки, шаҳ кўнгли манга қайд ўлмаса, биллаҳ,
Агар кавнайнға хошок чоғлиғ илтифотим бор
.

Ҳар қандай улуғ санъаткорнинг шеърида сўз унинг ўзи акс эттиришни истаган фикр ва туйғудан бир неча ҳисса ортиқ маъноларни ифодалайди. Шунинг учун ҳақиқий шеърнинг ғоявий-бадиий таркибида ҳамиша нималардир сир бўлиб, аллақандай маъно гавҳари яширинлигича қолаверади. Энг зукко шеършуноснинг ҳам таҳлил имконияти чекланган. Чунки у ҳар қанча уринмасин, сўзнинг мажозий моҳиятини барча ранг, оҳанг товланишлари билан идрокдан ўтказа олмайди. Бирданига бир неча рамзий мажмуаларни таркибига бирлаштира олган шеър – чинакам шеър. Навоийнинг ғазали шу даъвонинг ёрқин исботидир. Уни ўқиган бугунги ўқувчи қандай хулосаларга келади. Тахминан бундай: Шоирни “улус” жуда бездирган эканда, қанот чиқариб қочишни кўзлабди. Шоҳ унга илтифот кўрсатганида, балки у «халойиқ суҳбатидин минг ғам»га гирифтор бўлмасмиди. Бунга сабаб ўша жаҳолатли замон, адолатсиз феодал тузум ва ҳоказо.
Ғазалнинг шахс ва замон ўртасидаги зиддиятлардан мулоҳаза қўзғагани яхши, албатта. Лекин бу шоирнинг қўлига қалам тутқазган асосий дард ёки бош мақсад эмас.
Туркий тасаввуф шеъриятининг буюк вакили Юнус Эмро ҳусни мутлақ ошиқлари тилидан:
Ишқинг олди мандан мани,
Манга сан кераксан, сан!
Жисмим ёнур кеча-кундуз,
Манга сан кераксан, сан! –

деб айтган. Илоҳий “муҳаббат баҳрининг ғаввоси» бўлган юрак фақат тавҳид завқига муҳтождир. Уни Ҳақдин бошқа «на борлиқ», на «йўқлик» – ҳеч нима севинтирмайди. У тахайюл ва ваҳдат майидан маст, халқу оламдан қочиб, "кўнгул тахтининг шоҳи”– Ҳақ даргоҳига учмоқ шавқида ёнади. Навоий ғазалида хам «Ман»ликдан кечиб, «Сан»ликка юз бурган лирик қаҳрамоннинг сирли кечинмалари, олами ғайб сори парвози тасвирланган.

Эрур мақсад йироқ, водий узун, тун тийра, йўл бўртоқ,
Бу йўлда салб этиб ўзини юкин, ўзни сабукбор эт, –

дейди Навоий бошқа бир ўринда. Юқоридаги ғазал қаҳрамони «ўзни сабукбор” эта олгани учун ҳам «учиб қочмоқ» ниятини очиқ изҳор қилган:

Парим бўлса учуб қочсам улусдин то қанотим бор,
Қанотим куйса учмоғдин, югурсам то ҳаётим бор.

«Парим бўлса» демоқ билан одамда пар пайдо бўла қолмайди. «Учуб қочсам» дейиш улусдан қутулиш чораси эмас. «Қанотим куйса...» Дарвоқе, қанот нимадан куяди? Қуёш оташиданми? Йўқ, қалб қуёшининг нуридан. Навбатдаги байтни ўқиб англаймизки, лирик «Мен» «Парим бўлса учуб қочсам...» дея асоссиз сўзламаган экан! Унга самога учган Исо пайғамбар ўрнак. У Исога ҳамнафас бўлмоғни истайди:

Чиқиб бу дайрдин Исога нечун ҳамнафас бўлмай,
Биҳамдиллаҳ, тажарруд бирла ҳимматдин қанотим бор
.

Дайрдин чиқмоқ – бу дунёни тарк қилмоқ. Аммо “нобакор олам»дан баланд кўтарилиш учун ҳам қанот керак. Шу маънода тажарруд – воз кечиш ва ҳиммат тилга олинган.
Дийдорталаб ошиқларнинг суҳбати – илоҳий суҳбат. Улар учун, Ибн Арабий айтмоқчи, жимлик ва сукут орифликнинг олий белгиси, негаки, “билган гапирмай, гапирган билмайди». Ҳақиқий ишқ аҳлининг иқрорига кўра, “Қай ерда тинчлик бўлса, Ҳақ ила бирлик бўлар». Халойиқнинг ўткинчи манфаатларга дахлдор машмаша ва ғавғолари ана шу хаёлий бирликка ҳалал беради.

Халойиқ суҳбатидин минг ғамим бордурки, муфт ўлғай,
Агар минг жон бериб билсамки, бир ғамдан нажотим бор.

“Халойиқ суҳбатидин минг ғам” исканжасида қолган киши нажот тилаши табиий. Аммо бу “минг ғам”дан биттасида ҳам нажот йўқ. Агар бўлганида текинга “минг жон бериб” бўлсада, уни билиш мумкин.

Чекиб ағёрдин юз жавру тортиб ёрдин минг ғам,
Не ўзга халқдин ғайрат, не ўзимдин уётим бор.

Биринчи мисрада гап ёр ва ағёр ҳақида. Ағёр – душман ёки ғаним. У юз жавр кўрсатган бўлса, ёр ёхуд дўст минг ғам етказган. Шу боис ўздин ҳам, “ўзга халқдин” ҳам узоқлашилган.
“Рақиб”, “ағёр” деганда биз салбий қиёфадаги инсон тўғрисида ўйлашга кўникиб қолганмиз. Ҳолбуки, тасаввуф адабиётида “рақиб” ва «ағёр» ҳақидаги фикрлар нафсга доирдир.
«Тўққиз мингдир бу нафс ҳашароти,
Мудом эгурлидир аларнинг оти...»
Юнус Эмро “Тўрт кишидир йўлдошим...», дейди. “Ул тўртнинг бири – жон, бири – дин, бири – имон”. Хўш, охиргисичи? Мана, эшитинг:
Бири нафсимдур душман,
Анда савашиб қолдим...

Тасаввуф шеърияти билан чуқур яқинлиги йўқ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам “Шаҳвату нафс қавий душмандур”. “Нафс ёғисини мағлуб этгил”, нафс “Душманедур агарчи ўтру эмас, Лек бир лаҳза сендин айру эмас”, дея огоҳлантирган.
Навоийнинг “Чекиб ағёрдин юз жавр...”, дейиши, бу – “нафси золим»га тегишли. “Ёр” эса вужуди мутлақдир. Нафсни енгиш – “ўзлик иморатин” бузиш. Акс тарзда “Не ўзга халқдин ғайрат, не ўзимдин уётим бор”, дейиш ҳолатига кўтарилиш имконсиздир.

Кечиб кўздин ёзай бир хатки, даҳр аҳлиға кўз солмай,
Бу дамким кўз саводидин қаро, кўздин давотим бор.

Нега кўздин кечиб «бир хат» ёзиш керак? Фақат «даҳр аҳлиға кўз солмаслик учунми? Йўқ, албатта. «Жон кўзи» Ёрни кўриб, «Дил ондин хабар» бергач, хусн шоқи жон ичинда жойлашиб, «кўнгилни арш» айлайди. Бу – ботин кўзнинг очилиши:
“Ботин кўздир Дўстни кўрган,
Бу зоҳир кўз ёбондадур...”

Кўздин кечиш ва “кўз саводи”га оид ҳақиқат асосан мана шу.

Тилар кўнглим хуши анқодин ўтса нори юз водий,
Мунингдек сайр этарга Қофдин ортуқ саботим бор.

Бу икки мисрада фано водийсига сайр эътиборда тутилган. Чунки анқо қушидан ҳам “нори юз водий”га ўтишга аҳли фаногина қодирлигига Навоийнинг ўзи бир ўринда гувоҳлик берган:

Уруж истар эсанг, бу дайр ичинда фоний ўлғилким,
Малак узра қадам босиб ўтар ақли фано густоҳ.

Демак, шеър қаҳрамонининг анқо манзилидан ҳам «нори юз водий»га сайр этарға саботи етарли. Ахир, унинг кўнгли «фано кучидин зўрбозу» истаётир. Ғазалнинг сўнгги байтини ўқиймиз:

Навоий, билки, шаҳ кўнгли манга қайд ўлмаса, биллаҳ,
Агар кавнайнга хошок чоғлиғ илтифотим бор.

Ниҳоят, бош муддао гапирилди: шоҳнинг кўнгли шоирга мойилмас. Шунинг учун икки дунёга ҳам унинг «хошок чоғлиғ» илтифоти йўқ. Профессор А.Ҳайитметов ғазал шоирнинг йигитлик вақтида яратилганига таяниб, ўша шоҳ «Навоийга душманлик назари билан қараб, унга Ҳиротда кун бермаган золим Абу Саид эди. Унинг даврида Навоий Ҳиротда ниҳоятда қийналиб, бир пулга зор бўлиб, туришга уйи йўқ, ейишга овқати йўқ ҳолда яшайди... Ҳиротдаги хушомадгўй феодаллар подшонинг Навоийга муносабатининг ёмонлигини билиб, унга нисбатан яхши қарамаганлар. Натижада, шоир юқоридаги ғазалда тасвирланган аҳволга тушган ва охири Ҳиротдан кетиб қолган», деб ёзади. Ғазалдаги умумий руҳ, мистик кечинмаларнинг бағоят қуюқлиги, сўз ва оҳангдаги ғамгинлик шундай хулоса чиқаришга асос беради. Аммо ғазалнинг ғоявий-бадиий мундарижаси бошқа мулоҳазаларни ўртага ташлашга ҳам монелик қилмайди.
Алишер Навоий ғазалларидаи бирида шоҳга мурожаат этиб, ўзни «ўздин улуғроқ шоҳга ҳожатманд» билишга чақирган. Бу шоҳ – Оллоҳ. Бизнингча, ғазал хотимасида ана шу шоҳдан марҳамат кутилаётир. Шоириинг икки дунёни ҳам “хошок”ча назарга илмаслиги бир золим подшоҳнинг муносабатигагина боғланса, шеърда аксини топган илоҳий-фалсафий моҳият ўз-ўзидан майдалашади.

Югурма ризқ учун, не етса Ҳақдин англаким, комил,
Не келтургил демиш, не ғайбдин етганин қайтормиш.

Навоий энг мушкул аҳволда ҳам эътиқодига содиқ қолгани ва Тангридан бошқасидан қўрқиш, шафқат тилашни гумроҳлик билгани шубҳасиздир.

Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул