Мурданинг қўли. Ги де Мопассан

Бир куни кечқурун, бундан саккиз ой муқаддам, дўстимиз Луи Р.нинг хонасига бир кеча собиқ синфдошлар йиғилдик. Пунш ичдик, чекдик, адабиёт ва рассомлик санъати ҳақида гап сотдик, одатда ёшларнинг гурунгларида айтиладиган ҳазил-мутойибалар бўлди. Бир пайт туйқусдан эшик ланг очилиб, болаликдаги бир дўстим хонага қуюндай бостириб кирди.
— Хўш, қани ким айтади, мен ҳозир қаердан келдим, — қичқирди у.
— Гаров ўйнашим мумкин, Мабилдан! — деди кимдир.
— Йўқ, кўринишингдан кайфинг чоғ, ҳарқалай, бирор жойдан қарзга пул ундиргансан ё бувангни дафн этиб қайтдингми? Ҳа, топдим, соатингни гаровга қўйгансан, мўлжалингдаги нархда, — деди бошқаси.
— Менингча, сен жиндай отгансан, — деди учинчиси. —Луиникидаги пуншнинг ҳидини олиб, томоғингни яна ҳўллагинг келиб қолган.
— Йўқ, тополмадинглар, мен П.дан келдим. Нормандиядаги П.дан. Бир ҳафта бўлдим у ерда, мана ўзим билан бирга биродаримниям олиб келдим, рухсат этинг, жаноблар, уни сизга таништирай!
У шу сўзларни айтиб чўнтагидан териси шилинган одам қўлини чиқарди. Қўл ниҳоятда қўрқинчли эди: қоп-қора қуриб қолган бармоқлари узун, майишиб кетганга ўхшарди. Фавқулодда бақувват мушакларнинг юқори ва қуйи қисмида шилинмай қолган, пергаментга ўхшаб кетадиган тери парчалари тарам-тарам, бармоқларининг учидан сарғимтир ўткир тирноқлар туртиб чиқиб турарди. Бу манзарадан шундоққина жиноятнинг ҳиди анқирди.
—Тасаввур қилинг, — ҳикоя қила бошлади дўстим, — яқинда вилоятга донғи кетган бир қари жодугарнинг қўқир-сўқирларини сотишди. Жодугар ҳар ҳафтанинг шанбасида супургисига миниб, жинлар базмига отланар, жодугарлик билан шуғулланар экан: сигирларга кинна солганида жониворларнинг сути кўм-кўк кўкариб, думлари худди авлиё Антонийнинг надиминикидай тиккасига буралиб кетаркан. Ўша қари алвасти мана шу қўлга жуда меҳр қўйган экан.
Унинг айтишича, бу қўл ўзининг қонуний хотинини боши билан қудуққа ташлаб юборгани (дарвоқе, буни шахсан мен жиноят деб ҳисоблайман) ва бунгача ўзларини никоҳлаган руҳонийни жомнинг арқонига осиб ўлдиргани учун 1736 йили қатл этилган донғи кетган бир каллакесарга мансуб эмиш. Ана шу қўшалоқ жасоратни амалга оширганидан сўнг бу муттаҳам беҳад оғир жиноятларга қўл уради, ўзининг хийла қисқа ва айни пайтда саргузаштларга тўлиб-тошган умри мобайнида юзлаб сайёҳларни шилади, монастирда йигирматача руҳонийни тутунга қамаб бўғиб ўлдиради, аёллар монастирини ҳарамга айлантиради.
— Нима қилмоқчисан бу жирканч матоҳни? – деб сўрадик биз.
— Ҳе, жин урсин, ижарачиларни бир қўрқитай. Буни мен эшикнинг қўнғироғига дастак қилиб бойлаб қўяман.
— Дўстим, — деди новча, тепса тебранмас инглиз Генри Смит, — кўп ҳовлиқаверма, менимча, бу қўл янгича усулда консерваланган гўшт, холос. Мен сенга ундан шўрва қайнатишни маслаҳат бераман.
— Ҳазилни бас қилинглар, жаноблар! — деди ширакайф талаба-табиб сиполик билан норози оҳангда. — Сен эса, Пер, менинг оқилона маслаҳатимга қулоқ осгин-да майитнинг бу аъзосини масиҳчасига дафн этгин, акс ҳолда эгаси қўлини қидириб сенга йўлиқади: боз устига, қўлнинг эгаси манфур одатини такрорласа ҳам ажаб эмас, ахир, ўзинг биласан-ку «тарки одат — амри маҳол».
— Ҳа, тарки одат — амри маҳол! Ичган — тағин ичади! Қани олдик! – дея қувватлади уй эгаси ва талабага катта қадаҳни тўлатиб пунш қуйди. У қадаҳни бир кўтаришда бўшатди-ю, кайфи ошиб столнинг тагига қулаб тушди, хонада қийқириқ кўтарилди. Пер қадаҳни кўтариб, мулозамат қилгандай қўлга хийла энгашиб, деди:
— Сенинг эганг билан бўлажак учрашув учун ичаман!
Шундан сўнг суҳбатимиз бошқа мавзуга кўчди ва орадан кўп ўтмай ҳамма уй-уйига тарқалди.
Эртаси куни, соат иккиларда мен Пер яшайдиган уйнинг олдидан ўтаётиб, бирров кирдим.
— Хўш, қалайсан? – деб сўрадим ундан.
— Зўр, — деди у.
— Қўл қаерда?
— Қўлми? Нима кўзинг тушмадими, кеча кечқурун уйга кираётиб қўнғироқнинг ипига осиб қўйгандим. Ҳа, тасаввур қиласанми, аллақандай телба ярим оқшом қўнғироқни роса жиринглатса бўладими, ҳарқалай, кимдир биров бебошлик қилди чоғи, мен кимсан, деб чақирдим, ҳеч ким жавоб бермади, кейин тўшакка чўзилиб қотиб ухлаб қолибман.
Шу пайт қўнғироқ жиринглади. Бу уйнинг хўжайини — қўпол, ёқимсиз бир нусха эди. У хонага тумтайганча кириб келди, ҳатто ҳол сўрашни ҳам ўзига эп кўрмади.
— Ҳурматли жаноб, — деди у дўстимга, — бу ўлимтикни дарҳол йўқотишга рухсат этинг, акс ҳолда сизни хонадан чиқариб юборишга мажбурман.
— Марҳаматли жаноб, — фавқулодда жиддий оҳангда жавоб берди Пер. — Сиз қўлни ҳақорат қилдингиз, ахир, у бунга муносиб иш қилгани йўқ-ку. Билиб қўйинг, бу қўл бағоят ахлоқли инсонга мансубдир.
Хўжайин бурилиб, хайрлашмасдан чиқиб кетди. Пер унинг ортидан бориб қўнғироқдан қўлни ечиб олди ва уни тўшагининг устидаги қўнғироқ ипига илдириб қўйди.
— Мана шу ерда тургани маъқул, — деди у. — Бу қўл худди тирранчалар: «Биродарлар, ўлишга тўғри келади», деганларидай, ҳар оқшом уйқу олдидан мени жиддий фикрларга ундайди.
У билан бир соатча ўтириб, уйга қайтдим. Кечаси уйқум қочди, ҳаяжонландим, асабим бузилди, бот-бот босинқираб уйғониб кетдим. Бир маҳал аллаким бош учимда қаққайиб тургандай туюлди, ваҳима босди, ўрнимдан ирғиб турдим, кароватнинг тагига қарадим, шкафни очдим. Ниҳоят, соат олтилар эди чамаси, кўзим илинибди, бироқ эшик шунақанги ваҳимали тақилласа бўладими, тўшакдан сапчиб туриб кетдим. Тақиллатган дўстимнинг хизматкори экан, ярим яланғоч, ранг-рўйи докадай, жағи-жағига тегмайди, аъзойи бадани қалтирайди.
— Ў, жаноб! — хитоб қилди у йиғламоқдан бери бўлиб, — шўрлик хўжайинимни ўлдириб қўйишди!
Апил-тапил кийиниб, Пернинг уйига югурдим. Тумонат одам, ҳамма ҳар томонга зир югурган, рўй берган фожеани ҳар ким ўзича тўқиб-бичиб изоҳлар, ҳаяжондан бўғилиб баҳслашарди. Оломоннинг орасини ёриб ўтиб, дўстим ётадиган хонага бир амаллаб етдим: эшикни ичкаридан бекитиб олишган экан, кимлигимни айтгандан сўнг киритишди. Тўрт нафар политсия ходими хонанинг ўртасида қўлларида ёзув дафтарчалари, бор нарсаларни бирма-бир синчиклаб кузатишар, ора-сира шивирлашиб дафтарчаларига бир нарсаларни ёзиб қўйишарди: икки нафар табиб беҳуш ётган Пернинг бошида гаплашиб турарди. Пер тирик эди, афт-ангоридан от ҳуркади, башараси аянчли тусда, кўзлари косасидан ирғиб чиққан, кенгайиб кетган қорачиқлари кўзга кўринмайдиган аллақандай ёвуз махлуққа қарагандай даҳшатга тушиб бақрайиб қотиб қолган, бармоқлари эса қаттиқ сиқилганидан мушт бўлиб тошдай қотган. Гавдаси иягигача чойшаб билан ёпиб қўйилган. Мен уни ўмганидан олиб кўтардим, шунда томоғига чуқур ботиб кетган беш панжанинг изига кўзим тушди. Кўйлагига томган бир неча томчи қон қизариб турарди. Шу дақиқада мени бир нарса ҳайратга солди: фавқулодда кўзим унинг тўшаги устида осилиб турган қўнғироқнинг ипига тушди, кеча шу ипга дўстим боғлаб қўйган териси шилинган қўл йўқ эди! Балки кўрганлар қўрқмасин деб докторлар қўлни ечиб олишгандир. Ахир, унга тасодифан кўзи тушган одамнинг юраги чиқиб кетиши турган гап. Қўлнинг қаерга дафн этилганини сўраб ўтирмадим.
Енди эртаси куни газетада бу машъум жиноят ҳақида политсиянинг эълон қилган хулосасини жамики тафсилотлари билан келтирай.
Мана, мен газетада ўқиган хабар:
«Ёш, машҳур норманд сулоласидан бирига мансуб талаба йигит Пер Б. кеч оқшом даҳшатли ёвузлик қурбони бўлди. У кечқурун, соат ўнлар чамаси, ётоғига қайтган ва хизматкори Бовенга рухсат бериб чарчаганини, ухламоқчи эканини айтган. Тун яримлаб қолган бир маҳалда қўнғироқнинг аянчли жаранглашидан уйғониб кетади. Юрагини ҳовучлаб ўрнидан тез туради-ю шамни ёқиб бироз кутади. Қўнғироқ овози бир дақиқа тинади, бироқ тағин узундан узоқ жаранглайди: ўтакаси ёрилгудай қўрқувга тушган хизматкор қоровулга югуради. Қоровул политсияга чопади, ярим соат ичида етиб келган политсия эшикни синдириб ичкарига киради.
Улар хонага киришганда аянчли манзарага дуч келишади, мебеллар тўнтариб ташланган, кийим-кечаклар сочилиб ётарди. Буни кўрган политсиячилар жиноятчи билан унинг қурбони ўртасида аёвсиз жанг бўлган, деган фикрга келишади. Хонанинг ўртасида ёш йигит Пер Б. беҳуш чалқанча ётарди.
Унинг бадани титраб турар, юзида қони йўқ, қорачиқлари ваҳимадан кенгайиб кетган. Дарҳол бу ерга чақирилган доктор Бурдонинг фикрича, босқинчи кучли, бармоқлари узун ва чайир бўлган, чунки милтиқдан отилган ўқларнинг изидай беш панжа Пернинг гарданида нақ тешиб ўтиб, мушт бўлиб маҳкам сиқилган. Қотилнинг шахси ва жиноятга алоқадор бирорта далил топилгани йўқ».
Ертаси куни шу газетада тағин шундай хабар чиқди:
«Кеча хабар қилганимиздек, оғир жиноятнинг қурбони бўлган жаноб Пер Б. доктор Бурдонинг икки соат мобайнидаги саъй-ҳаракатлари туфайли ўзига келди. Ҳозирча жабрланувчининг ҳаёти хавф остида эмас, бироқ ақл-ҳуши жиддий ташвиш туғдираётир, ҳануз босқинчидан бирор-бир нишона топилгани йўқ».
Ҳа, шўрлик дўстим ақлдан озиб қолди, етти ойча уни йўқлаб, касалхонага бориб, кўриб турдим, аммо Пер ўзига келмади. У жинниларча жавраган пайтда оғзидан пойинтар-сойинтар сўзлар чиқарди, миясига елимдай ёпишган аллақандай фикр мудом уни азобларди: гўё уни арвоҳ тиндирмай таъқиб қиларди. Бир куни Пернинг аҳволи оғирлашиб қолди, деб хабар келди, тезда етиб бордим, мен борганда дўстим жон талвасасида эди. Шундан сўнг у икки соатча қимир этмай ётди. Бир пайт кутилмаганда кароватдан сакраб турди-да, тутқаноғи тутиб, чинқира бошлади: «Йўқот уни! Йўқот! У мени бўғаяпти! Дод! Ёрдам беринглар! Ёрдам!...». Пер фарёд чекиб жон талвасасида хонанинг ичини икки бор айланиб югурди-да, ўртага юз тубан қулади.
Бояқиш етим эди, жасадни оила аъзолари дафн этилган норманд қишлоқчаси П.га олиб бориш менга юкланди. Ўшанда, Луи Р.нинг уйида пунш ичиб, собиқ синфдошлар билан улфатчилик қилиб ўтирганимизда Пер мана шу қишлоқдан келган, бизга териси шилинган қўлни кўрсатган эди. Унинг жасадини қўрғошин тобутга солдик.
Орадан тўрт кун ўтиб, унинг биринчи муаллими кекса кашиш билан қабр қазиётган жойда айланиб юргандик. Ҳаво очиқ, жуда ажойиб кун эди, мовий осмонда офтоб чарақлаб турибди. Болалигимизда неча маротаба маймунжон терган юлғунзорда қушлар чуғурлашарди. Ҳар гал панжарали тўсиқни ёқалаб бориб, ўзимизга маълум майдоннинг этагидаги камбағаллар дафн қилинадиган жойдаги девор тирқишидан кирганимиз ёдимга тушди. Ҳар сафар оғиз-бурнимиз маймунжондан қорайиб уйга қайтардик. Буталарга термуламан: шохларда маймунжон сероб, беихтиёр бир бутани узиб олиб, оғзимга солдим. Кашиш дуолар китобини очди ва минғирлаб ўқий бошлади, хиёбоннинг нариги бошидан ерга урилаётган белкуракнинг зарби эшитилиб турибди: гўрковлар қабр қазишаётир. Тўсатдан улар бизни чақириб қолишди, кашиш китобини ёпди ва биз нима гаплигини билиш учун бордик. Маълум бўлишича, гўрковлар қабр қазиётиб, бир тобутга дуч келишибди. Белкуракнинг зарбидан тобутнинг қопқоғи очилиб қолибди. Бир барваста жасаднинг скелетини кўрдик, скелет чалқанча ётар, бўм-бўш кўз косалари билан бизга ўқрайиб тургандай туюлди. Кўнглим беҳузур бўлди, негадир қўрқиб кетдим.
— Ана холос! — хитоб қилди гўрковлардан бири. — Қаранглар, бу жўмарднинг панжалари кесилган-ку!
Шундай деб скелетнинг ёнбошида турган қуриб қолган бармоқсиз билак суягини кўтариб бизга узатди.
— У менга ўқрайиб қараётганга ўхшайди, — деб кулди бошқа бир гўрков, — ҳозир томоғимдан олади, қўлимни топиб бер, дейди.
— Азизларим, — деди кашиш, —марҳумнинг оромини бузманг, бекитинг тобутни: биродаримиз бечора Пер учун бошқа жойдан гўр қазамиз.
Ертаси куни маросимлар тугади ва мен бехосдан хокини безовта қилганимиз — ўша панжалари кесилган марҳумнинг руҳига дуо ўқиб қўйишни сўраб кекса кашишга эллик франк бериб, Парижга жўнаб кетдим.

Аҳмад ОТАБОЙ таржимаси