Мажалла ва жаридаларнинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матоъни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатга тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила «танқид» аталур. Масалан, янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқулатургон китобларни маънан тафтиш этиб, андаги нухсонларни баён этмоқ танқиддур. Таарруз* ва душманлик эмас.
Агарда шахсиятга тукунмаса. Аммо бир муаллим ё мударрис ва муҳаррирни ишидан, шахсиятидан халойиқга зарар келса, андан ҳам баҳс ва танқид ёзмоқ шахсий бўлмайдур.
Танқид янги ёзилган китоб, жарида ва мажаллаларга– да жорий ва нофеъдур. Масалан, бир муҳаррир ва ё муаллимни саҳвини ва ўз хизматига бепарволигини ва лозим қоида ва тартибларга амал қилмай, оммага зарар келтургонини танқид этмоқ боиси ислоҳ бўлур. Бизни Туркистонда янги мактаблар хейле бордур. Янги рисола хейле босилиб турубдур. Жаридаларга мақола ва шиорлар – ўқулуб турубдур. Аммо ҳануз танқид даврига етушганимиз йўқ. Иттифоқо, танқид шаклинда бир нимарса ёзилса, бизларга қаттиқ тегар.
Ёзганларимиз-ни бузуқлиги ва фикримизни хатолиги, ишимизни ноқислигини бирор киши курсатса, аччиғимиз келур. Ва ул одамни душман кўруб, шахсидан нафрат ва фикрига норозилик баён этармизки, бул бизни янгидан ишга бошлаганимиздан, бошқа тил ила ноқислигимиздандур. Биз эскиларни айблаймизки, аларга ислоҳдан сўзласак, чидай олмайдурлар, Аммо ўзимизнинг мактаб, рисола, таҳрир ва маслакимизни бир киши танқид этдими, чидай олмаймиз, диққат ила мунаққид сўзини тингламаймиз. Мунаққид бизни тўғримизга минг сўз ила баёни муддао этар экан, биз они ичиндан ўн сўзини номаъқул топиб, юзига урармиз. Ва ёйинки важҳсиз онинг сўзини радду ўзига эътироз этармиз. Агарда ул десаки, ман сизга бир минг калима насиҳат ё танқид сўйладим, дуруст, ўн калимаси сизга бежо эканки, қайтиб олдим, 990 калимасига на дерсиз?
На жавоб берармиз! Танқидни кўтаролмаганимизга тўғриси, ҳануз танқидга лойиқ бўлмаганимизни мисоли. Кафказли сайёҳ Муҳаммад Сайид афанди Туркистон мактаблари тўғрисинда «Оила ва мўътабаран иқбол» жаридасига танқид ёзиб эдики, анинг жавоби ялғуз қуруқ бир эътироз (прутест) бўлди. Аммо онинг ёзганига жавоб тушмас. Иккинчи, «Адаб ва тарбият» унвони ила яна сайёҳ мазкур «Ойна»нинг 27—28—29—30 рақамларинда мактаб тўғрисинда воқеъи далиллари ила баъзй нимарсалар ёздики, мўътабар «Садойи Туркистон» рафиқимиз 11-ададинда Муҳаммад Сайид афанди мақолаларини хилофи адаб ва тарбия деб, они ёзилгонига соҳиби мақола ва идорага изҳори норизолик айтиб, мазкур мақолаларни «аҳамиятсиз» дер. Ҳамда «муаллимларнинг хотирин қолдирув» бўлармиш. «Ойна» камоли эҳтиром ила «Садойи Туркистон» рафиқимизга арз этарки, мазкур мақолалар бошдан охиргача аҳамиятсизми? Агарда аҳамиятлиги бўлса, илтифотга олмаганларига таассуф этармиз. Ва мақола ичидан икки – уч хати мизожга номувофиқ тушган учун афуларини тилаймиз. Такроран, айтармиз: биз ҳануз танқидга лаёқат пайдо этганимиз йўқ. Яна қадима касалларимиздан — «норизо», «хотири қолмасуну…» иллатлари ҳануз кетган йўқ.
Муҳаммад Сайид афанди таъбиринча, мундай кетаберса, «қиёматдан минг йил сўнгра – да, Туркистонга тараққий йўқ;». Агарда, «хотир қолмасун» қоидаси маслак тутулса, матбуотдан қалам тортмоқ керак. Чунки ҳақиқий матбуот ҳеч кимни хотирига қарамас. «Хотир қолмасун» касали биз мусулмонларни барбод этди.
Умумий ҳоллардан баҳс қилиндими? Мутлақ ҳар бир масалага бир неча кишини хотири қолур. Ислоҳи мадорис ва дорулқазо десангиз, уламони хотири қолур. Ислоҳи расм базм десангиз, авомни хотири қолур. Ислоҳи савомеъ* десангиз сўфи, шайху эшонларни хотири қолур. Ислоҳи фоидахўрлик ва тижорат десангиз, бойларни хотири қолур. Энди ислоҳи, макотиби жадида дейилганда, муаллимларни хотири қолса, бас муҳаррирлар учун сукутдан бошқа иш қолмайдур.
Шуни-да айтмоқ керакки, Муҳаммад Сайид афандидан ёинки идорадан биргина «баъзи» калимаси ма-ат-таассуф қолибдурки, бу баъзи важҳдан баъзи муаллим афандилардан. идора афу истар. Боқи: Муҳтарам «Садойи Туркистон»га салом.
«Ойна» ж., 1914 йил, 32-сон; 621—623 – бетлар.