Асли хабарнинг маълумидурким, эски ҳукумат замонида ҳар нимарса амр ва буйруқ ила бўлур эди. Халойиқнинг диний ва миллий ишларини ислоҳи ва ривожи тўғрисинда қилатургон ҳаракатларига йўл берилмас эди. Ҳеч нимарса ҳукуматдин бежавоб ва изнсиз қилина олмас эди. Ҳозирда бўлса, Худойи таоло бизга ҳуррият берди. Диний ва миллий ислоҳот ва тараққийимиз учуш ҳаракат ва сайъ этмоқга йўл очуқдир.
Ҳурриятнинг учинчи ойиндамиз. Лекин биз самарқандийлар диний ва миллий ишимизни ривож бермоқ учун ҳануз бир иш қила олмагандурмиз. Аҳли жамоат ва ғайрат бир неча ёшлар, аҳли мурувват бир неча мўйсафид ва катталаримиз бир неча кун бир бўлиб, баъзи яхши ишларни бажармоқчи бўлдилар. Ҳатто, уламойи киромдан аксари қўшулмоқчи бўлдилар, билкулли қўшилдилар.
Ёшларнинг очган «исломий кулуби» ҳар кун уламо, савдогар ва аҳли касабадан бир неча дафъа тулуб бўшолуб эди, ишлар яхши кетар эди, умидлар қавий (кучли — X, С.) эди. Ояндамизнинг яхши бўлушини истидолар қилур эдук. Аммо ишлар ва иттифоқлар узоққа сурилмади. Бир неча тажрибасиз ва тез ҳаракат ёшлар, бир-икки нафар нафсониятга ботган ва ўлгунча тузолмайтургон кишилар қадима иғво ва фасодни ўртага солдилар, натижада Самарқанд халқи иккига бўлунди. Балки икки эмас, юзга бўлунуб, халқининг кўнгли совуб, баъзиларининг сўз ва ҳаракатларидан нафратланиб, тарқалиб кетдилар.
Букун маънойи ҳақиқийси ила Самарқандда бир жамият йўқ миллат ва дин ояндаси учун натижалик бир сайъ ва ҳаракатни бошқаратургон бир жамият йўқдур, ҳозиргача айтур эдукким, бизнинг миллий ҳаракатимизга ҳукумат монеъдур, аммо энди ўзимиз монеъмиз.
Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё! Эй, ғайратлик ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи бири-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъига, дин ва миллат йўлига хизмат этингиз. Миллат ва халқ сиздан хизмат ва яхшилик талаб этадур, нафсоният ва ғурур эмас.
Эй ёшлар! Сиз ҳам бир оз оғир ва хушсўз бўлингиз. Ҳурриятнинг аввалида халойиқ сизга инонди, сизга ўзини ташлади, аммо сизлар тажрибасизлик этиб ва ўз орангизда ихтилоф кўрсатиб, халқнинг ўз борангиздаги хушгумонлигини, афсуским, йўқотдингиз. Мана шул йўқотганингизни қайтариб топмовда ҳаракат, саъй этингиз.
Халк сизларра майл қилгон эди, сизлар, тўғриси, бажаролмадингиз. Мана шу тажрибасизлигингизни хотирингизга келтирунгиз ва бул ёшларга дарси ибрат бўлсун.
Мухтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромга бобасират бўлуб, ўн дафъа ўлчаб, бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас. Ал-ажла минашшайтон!
(Шошилган шайтондандир! бу фикрни бошингиздан чиқарингизким, сизнинг ўз бошингизга тараққий қилмоғингиз мушкулдур. балки, бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз.
Ман ҳам йигирма йилдан бери ҳаракат этаманким, тараққий пайдо бўлсун, шуни сизлар ҳам билурсизки, ўн ва йигирма нафар ила тараққий бўлмайди ва бўлмас экан, бинобарин, ўрта ва бир қадар имкони кўпроқ киши майл қилатургон йўл ила тараққий этмоқ керак ва унсиз бошқа чора йўқдир. Муни мен бир неча дафъа сизларга юз ба юз айтганман.
Муҳтарам ҳамшаҳарларимдан аксари шундай биладурларки, менинг ҳар сўзумни сизлар қабул қиласиз ва сизнинг ҳар бир ишингиз менинг машваратим ила бўлур. Хайр ундай эмас. Ёшларнинг баъзи бир машварат ва ишларига шерик бўлсалар ҳам
баъзисидан бехабардурман. Аларнинг барча ишларига мен масъул эмасман. Зотан ҳеч ким ҳеч бир кимнинг ҳаракатидан масъул эмасдур.
Азиз ҳамшаҳарларимга, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаги нафратларни ташлаб, Худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъиланмоқ ҳаракатида бўлмок керак ва ал-он (токи ) бизнинг
ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб, яна бошқаларга бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз.
Бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрнига лаънат ўқурлар. Бу сўзлар тўғри сўзлардур. Ёш ва қарилардан, албатта, мандан ушбу сўзларим учун ранжийдургонлар бўлур. Аммо начора, тўғрини айтмагунча, ишлар тўғриланмас.
Олдимизда шаҳар думаси сайлуви, мажлиси маъбусон(?) (учредитулная собрания) сайлуви, мамлакат думаси сайлуви турубдур. Агарда Самарқанд ёш ва қарилари шу ҳолатда турсалар вой бизнинг ҳолимизга! Халқи олам бизга кулар.
Биз янадин бошқаларнинг асири бўлурмизким, бунга тажрибасиз ёшларимиз, тараққийни хоҳламайтургон катталаримиз сабаб бўлурлар ва ҳам бизнинг ишсизлигимиз учун бошқалардан кейин қолишимиз муқаррардур. «Колу ал хак валу кон маран» — «Тўғрини сўйла аччиқ бўлса-да!»
Маҳмудхўжа Беҳбудий
«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 13 май.