«Бошқа миллатларга қаралса кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмок учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур.
50 сана муқаддамги замонда, биз туркистонлилар якка ва танҳо яшаб, бошқалар ила муомала ва муносабатимиз йўқ эди. Энди замон ўзгариб, бошқа миллатлар ила махлут бўлдук, шариъат ва ўз урфимиз устига қонун ва Оврупо одатига итоат қилмоққа мажбурмиз. Аммо қонун ва Оврупо одатларини билмаганимиз учун бойимиз бўлсун, қози ва миллий ҳукамомиз ва аҳолимиз бўлсун кўб ташвиш ва зарар кўрар. Замони собиқда фақат шариъат билмоқ кифоя этарди. Энди қонун ва закунни билмоқ ҳам лозимдур.
Шариъат илми мадрасаларга, қонун илми Русия дорилфунунларига ўқилур. Дорилфунунга кирмоқ учун, аввало, ўн сана гимназияга ўқумоқ керак. Сўнгра тўрт сана дорилфунун ўқуб андан ҳуқуқшунос, юрист, таъбир жоиз бўлса, замона фақиҳи бўлиб чиқар. Суд махкамаларинда, давлат доираларинда кириб, ҳар ҳуқуқшунос ўз муваккили ва ўз миллати ва уз тойифаси ва ўз Ватани ва ўз давлатининг нафъига сўйлашур, мудофаа қилур.
Масалан, давлат думасинда биз Туркистон мусулмонларидан шундай ҳуқуқшунос вакил бўлса, бизни дин ва миллатимиз нафъига ҳаракат қилур. Аммо шундай одам бизда йўқ.
Давлат думаси нари турсин, судга ва расмий маҳкамаларга кириб, бизни мудофаа қиладургон кишимиз йўқ. Бошимиз оғриса духтурга борамиз, аммо дардимизни айтмоқга тил йўқ. Ўзимиздан духтур йўқ.
Иккимиз бир-биримиз ила низо қиламиз. Кетамиз закунчига, сўйламоқга тил йўқ. Орадаги одамлар яна бизга фириб берар, пул берармиз, югурармиз, яна ишлар барбод, охири йўқ.
Иморат қилмокчи бўлсак, плон-лойиҳаси лозимки, инжинерга муҳтож бўлармиз. Аммо биз ҳануз «муҳандис» исмини билмаймиз.
Контур ва расмий дафтар тутиб, касса кўриб тижорат этмоқ лозим. Илм тижорат била турган бухгалтерлик ҳисоби юритадургон бойларимизга керак, ул ҳам ўзимиздан бир нафар топилмайдур.
Ҳаммолликдан бу ишлар яхши бўлса керак. Бир неча бойваччани биларманки, энг қаттиқ хизматларга гирифтор. Сабаби надур – илмсизлик, холбуки аларни «тўйи»га атоси 5 минг сўм сарф этиб эди.
Туркистон меваси, донаси, тоши, туфроғи, эски нимарсалари Оврупо бозорига кетар. Муни Оврупо даллоллари келиб оз баҳога олиб кетар, меҳнатни биз қилурмиз, фойдани улар кўрар. Ўз нимарсамизни Оврупо бозорига элтиб, яхши баҳога сотатургон бизда бир одам йўқ. Азбаски, Оврупо ила савдо қилатургон кишини (ўзи) аввал ун сана замона илми ўқумоғи лозим.
Бизда шохи, адрас, беқасам, алоча… бофликлар бор. Агарда бир нафар техник ва муҳандисимиз бўлса бу дастгоҳларни ислоҳ этар, аҳоли обод бўлур. Валлоҳ, яқин вақтда “дока” бофилларимиздек зоеъ бўлиб кетар. Чунки Оврупо янги асбоб ила мундин яхши қилиб чиқорур.
30 сана муқаддам Самарқандни Ёмини маҳалласинда 300 алочабоф ишчи бор эди. Ал-он 30 нафар йўқ 10 сана сўнгра тамоман маҳв бўлур.
Хулоса, мактабимиз, дуконимиз, корхонамиз, мадрасамиз ва ҳар нимарсамизни замонча ислоҳи лозимдур. Валлоҳ, ҳар нимарса қўлдан кетар, бизда муздурликдан бошқа ҳеч иш қолмас. Бир ускуна, дўкон ва саройни ишлатмоға ҳам илми замоний ва замона шумлигини билмоқ лозим.
Валлоҳ, биздан дунё илмини яхши билатургонларга мулк ва асбобимиз ўтар ва ўтуб турубдур.
Қисқа қилайлик, бошқа миллатларни бойлари фақира ва етимлар учун мактаб ва дорилфунунлар соладурлар, фақир ва етимларни ўқумоғи учун вақф “истипендия”-лар таъйин қилур. Бошқа миллат милиунерлари мактаби ила истипендияси-ла, идора қилатургон газет ва мажалласи-ла, бино қилган доруложизин (аёллар университети), барпо қилган жамъияти хайрияси-ла фахр қиладур.
Бизникилар жуфт оти-ла, аробаси-ла, тўйи ила ва… ла фахр этар. Ҳатто, ўз ўғилларини ўқутмайдургон бойлар бордур.
Бу кетишни охири ямондур, ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илми диний ва илми замоний мерос қолсун.
Бутун Туркистондан ўн бой йилинда минг сўмдан берса, 25 бола учун Тошканда идиний ва замоний ” бир “пансиун” лайли ва нагори 5 мукаммал мактаб бино бўлуб, ҳар йил ҳукумат мактабинда 50 бола тайёрлайдур. Ўн йилда булардин… 200 муҳандис, дўхтур, ҳуқуқшунос, муаллим, техник, замона тожири, валлоҳ… чиқар ва бизни замон одамлари қаторида қўярлар ва давлат ишига кирарлар. Руслар ила бизни хасан имтизожларимизга хизмат қиладурлар.
Ал-он миллатимиз бойлардан шуни куз тутар, халойиқни барбод этатургон тўйларни эмас. Оҳ, бу сўзларни тушунатургон бойлар бизда етушганми?
Маҳмудхўжа Беҳбудий
«Самарқанд» газетаси 1913 йил 12 июл.