Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас

Ғариблиғда ғурбат ичра қолдим мано...
Аҳмад Яссавий

Тасаввуф шеърияти — инсоннинг руҳий ҳаёти, юксак ва мураккаб психик ҳолатларини чуқур тадқиқ этган шеърият. Унда Шахснинг илоҳий туйғу ва кечинмалари образли таҳлил қилинган, мутлақ ҳақиқатга эришиш босқичларидаги сирли хаёллари тасвирланган. «Кўнгил — диннинг моҳиятидир», дейди Людвиг Фейербах. Тасаввуфда Кўнгил — ҳақиқий ишқнинг моҳияти. Маълумки, сўфийлар одамларни ахлоқ ва ҳиссиётларига қараб уч тоифага ажратганлар. Биринчи тоифа — нафс бандалари. Булар ўз нафсу ҳирсларига мағлуб ғофиллар. Алишер Навоийнинг мана бу сўзлари ана шундай кимсаларга қарата айтилган:

Ҳирс офатини нафс ҳавоси билгил,
Кўймоқ ани нафс муддаоси билгил.
Нафсингға алам ҳирс балоси билгил,
Кечмак мундин анинг давоси билгил.

Иккинчи тоифа — қалб одамлари. Булар онг ва идроки ривожланган, худога анча яқин огоҳ зотлар. Улар тавба қилишган. Сидқ, сабр, қаноат, таваккал, тўғрилик талабларини оғишмай бажа-рувчи бу кишилар:

Жуз ҳақдин анингки бўлса огоҳлиғи,
Уммиди эрур ғояти гумроҳлиғи,—

деган эътиқод билан яшаб ўтишган. Учинчи тоифа — Руҳ одамлари. Булар туну кун дийдор дарди-да ёниб, ҳамма жой ва ҳамма нарсада Ҳақнинг нури жамолини кўрадилар. Юнус Эмро уларнинг нуқтаи назарини ифодалаб:

Ҳақ нури ошиқлари х,ардам нузул эмасми,
Кима нузул бўлмаса, ишқдан малул эмасми,—

дейди. Тасаввуф  шеъриятида такрор-такрор тилга олинадиган Ғариб ҳам кейинги  гуруҳнинг вакилидир.
Е. Э. Бертельс «Навоий ва Аттор» номли мақоласида тасаввуф «мустақил тафаккурга мойил кишиларнинг диққатини жалб этарди», деб таъкидлаган. Алишер Навоийнинг тасаввуф таълимотига доир шеърларида ҳам кўнгли эркин, руҳий ҳурликка илҳақ, макон ва замон, жамият ва муҳит чегараларидан ниҳоятда баланд кўтарилган орифларнинг ахлоқий, фалсафий, илоҳий тушунчалари кенг ёритилган. Е. Э. Бертельснинг айтишича, Алишер Навоий ўз ижодиётида «тасаввуфнинг бутун ахлоқий жиҳатларини қамраб» олиб, «тақдир маҳкум этган муҳитдан алоқасини узмаган бўлса-да», тасаввуфнинг «сўнгги мақсадларини бир идеал тарзда» олдига қўйган эди. Бизнингча, шу идеалга алоқадор шеърлардан бири — «Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш» мисрали машҳур рубоийдир. Уни ёшу қари — деярли ҳаммамиз ёд биламиз. У ўрта мактаб ва олий ўқув юрти дарсликларидан муқим ўрин олган. «Ватан адабиёти»да (6-синф дарслиги) рубоий тўғрисида бундай дейилган: «Шоирнинг энг гўзал рубоийларидан бири «Ғурбатда ғариб...» рубоийсидир. Ватан муҳаббати бу рубоийнинг асосий ғоясидир. Бу ғояни шоир ғоят гўзал бадиий маҳорат билан яратади, яъни шоир «Ғурбатда ғариб...» рубоийсини яратар экан, у бу рубоийни бевосита ўз бошидан кечирган ҳаётий воқеалар билан боғлайди ва умумлаштиради. Навоий гоҳ Астрободда, гоҳ Самарқандда, гоҳ Балҳда бўлди. Бу дарбадарлик шоирнинг ижодйга кучли таъсир этади ва мазкур рубоийни яратади». Таҳлилдаги тил нўноқлиги ва ифода ғализлигига қарамасдан, рубоий ўқувчиларга «ватанпарварлик билан суғорилган чуқур мязмунли шеър» деб тушунтирилади.
Натан Маллаевнинг «Ўзбек адабиёти тарихи» (олий ўқув юртлари учун) дарслигида ҳам мазкур рубоий «ватанпарварлик ва эрксеварлик ғояси» куйланган шеър сифатида баҳоланган.
Рубоийнинг ёзилиш тарихи, ғоявий-бадиий хусусиятлари бир қатор адабиётшунослар томонидан ўрганилган. Навоийнинг илк девонидан у мана бундай кўринишда ўрин олган экан:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга рафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қадаҳ ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.

«Хазойинул маоний»даги вариантда иккинчи сатрдаги «рафиқ»—«шафиқ», учинчи қатордаги «қадаҳ»—«қафас»га алмаштирилган:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.

Таҳрирга сабаб нима? Саволга таниқли олим Еқубжон Исҳоқовнинг «Навоийнинг илк лирикаси» китобида жавоб бор: «Биринчидан, дастлабки вариантда «рафиқ» ва «меҳрибон» сўзлари уюшиқ бўлак бўлиб келган. Ваҳоланки, бу икки сўз икки хил тушунчани билдиради, уюшиқ бўлак бўла олмайди, балки «рафиқу меҳрибон» (меҳрибон ўртоқ) тарзида ифода бўлиши мумкин. Шунингдек, рафиқ (ўртоқ, дўст) бўлмаган одамнинг меҳрибон бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум ва бу таажжубланарли ҳол эмас». Олимнинг ҳукмига кўра, бир-бирига мос тушунчаларни ифода қилувчи сўзларни уюшиқ бўлак қилмаслик «автор услубидаги чалкашликядан иборат бўлиб, у кейин тузатилган. Шеър таркибидаги сўз ўзгартирилиши, албатта, ўзини оқлаган. Лекин таҳрирда Алишер Навоий «уюшиқ бўлак» хусусида ўйлаганмикин? Бизнингча, «рафиқ»нинг «шафиқ» сўзига алмаштирилиши бошқа сабабга боғлиқ. Буни Ғариб характерининг ички мантиқидан ахтариш керакка ўхшайди.
Ёқубжон Исҳоқов ўз даъвосини далиллашда давом қилади: «Иккинчидан, шоир, ўзининг ғарибликдаги оғир ҳаёти, ўз ватанига бўлган иштиёқи ва интилишини кучайтириб бериш мақсадида, қиёслаш сифатида, кейинги байтни келтиради: ватандан жудоликни булбулнинг гулзордан ажралишига ўхшатади. Ана шу байтдаги «олтун қадаҳ ичра қизил гул бутмоқ» мисраси муболаға сифатида қўлланилган бўлиб, биринчи байтдаги мазмунни кучайтириш, бўрттиришга хизмат қилади: гул «олтин қадаҳ» («тувак, коса») да ўстирилса ҳамки барибир булбулга гулзордаги тиканлар каби азиз ва қадрдон бўлмайди. Демак, ғурбатдаги инсон учун ўз ватанининг бир сиқим тупроғи ҳар қандай бойликдан азиз ва қадрлидир». Энди тадқиқотчининг хулоса сўзларини тингланг: «...биринчи вариантда жой тушунчаси, яъни, ватан ва ғурбат образларини бир-бирига қарама-қарши қўйиш ва ватанни улуғлаш авторнинг диққат марказида турган. Бу ҳақда ўзининг ҳаётий тажрибаси ва мушоҳадалари асосида умумлашган фалсафий хулоса чиқарган. Бироқ дастлабки вариантда ҳали тутқунлик тушунчаси йўқ эди. Кейинчалик «қадаҳ» сўзини «қафас» билан алмаштириш натижасида шеърга тутқунлик тушунчаси ҳам қўшилган».
Дастлабки вариантда ҳам тутқунлик тушунчаси бўлган. Шунингдек, «ватан ва ғурбат образларини бир-бирига қарама-қарши» қўйиб ватанни улуғлаш шоирнинг диққат марказида турмаган.
Алишер Навоий Ватан сўзини географик маънода, яъни, туғилиб, ўсиб-улғайган жой мазмунида кўп маротаба тадбиқ этган. Масалан, шоир устоди Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубида:

Ки бўлмоқ ватан ичра душвор эди,
Кўнгулга жафо дафъи озор эди,—

деркан, она шаҳри Ҳиротни эътиборга олган. Устод Мақсуд Шайхзода айтганидек, Навоий «ҳатто Хуросон салтанатининг йироқ вилоятларига борганда ҳам ўзини «ғурбатда» ҳис этган», Рубоийга шу нуқтаи назар билан ёндашилганда, Ёқубжон Исҳоқовнинг «Навоий 1465—66 йилларга қадар, асосан, Ҳирот ва Машҳадда яшаган. Шеърдаги «ғурбат» сўзидан кўриниб турибдики, бу шеърни у ўз ватани Ҳиротда эмас, балки ғурбатда — мусофирликда, демак, Машҳадда ёзган бўлиши керак», деган фикрларига, бир қарашда, асло шубҳаланиб бўлмайди.
«Навоийнинг ўз туғилган она шаҳри Ҳиротдан, қавму қариндошларидан узоқ Машҳадда кечирган йиллари анча машаққатли бўлган бўлса керакки,— дейди профессор Абдуқодир Ҳайитметов,— у «Мажолисун нафоисмда у йилларни эслаб ўзини «ғариб» деб атайди ва касал бўлиб қолганда «бир буқъада йиқилиб» қолганини айтади». Тадқиқотчининг тахминича, рубоий «шу вақтларда (яъни Машҳадда — И. Ҳ.) ёзилган бўлса ажаб эмас». Демак, «ғурбат» ва «ғариб» тўртликдаги «белги» сўзлар бўлиб, рубоийнинг яратилган вақти, бош ғояси ва лирик қаҳрамоннинг қайғули ҳолатини англашга «очқичидир. Дарҳақиқат, худди шундай.

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш.

Шу мисранинг ўзи гўё тугал мазмунли шеър. Уни ўқиган заҳоти, юртидан йироқлардаги кишининг қисмати тасаввурда қарийб тўла жонланади. Ватандан жудолик—ғурбат. Ғурбатда яшаш — ғариблик. Ғариб — шодликдан маҳрум бир бечора. Рубоийнинг охирги байтидаги образли қиёс Ватан ва фарзанд ўртасидаги боғлиқликни чуқур исботлайди. Аммо шуни ҳам унутмайликки, ғурбатнинг қафаслиги, ғарибнинг қизил гул ўсган олтин қафасдаги булбулга монандлиги, булбул ўз тиканли ошёнини севганидек, инсоннинг ҳам ўз жонажон юртига муҳаббат қўйиши, ватанпарварлик ғояси — буларнинг барчаси бизнинг хаёл ва тасаввуримиз орқали тўқилган фикрлардир. Балки «ғурбат» биз ўйлаган жудолик дардидан бошқа нарсадир? «Ғариб» ҳам ўзгача маслакдаги ғарибдир. Шундай бўлиши мумкинми? Албатта, мумкин!
Шеър ички сир ва бойлигини қанча узоқ муддат яширин сақлай олса, ўшанча яхши. Баъзан шундай ҳам бўлади: қандайдир бир шеър ҳақида кўп гапирилади, ёзилади. Ва ўқувчиларда ўша шеър бағрида нималардир ҳамон сир ётганлигига шубҳа қолмайди. Бундай турғун муносабат — чинакам шеърни таҳқирлашдир. Ҳақиқий шеърнинг ғоявий таркиби камида икки ёки уч маъно қатламидан иборат бўлади. Бу жиҳатдан Шарқ шеърияти жаҳон адабиётида ўрнак кўрсатган. Ғарб санъаткорларидан бири шеърдаги илк маънони Жаноби Биринчи Мусофир деб атаган экан. Шу Мусофирга ўқувчини юзлаштириш, шу Мусофирнинг аҳвол-руҳиясини англатиш учунгина шеър ёзилмайди. Кўп маъноли шеър қандай яратилади? Мажозга асосланиб, дейди Р. Барт. Г. Рикёрнинг таъбирича, мажозий моҳиятлар эса дастлабки маъно орқали, унга суяниб кашф қилинади. Тасаввуф шеъриятида аҳвол сал бошқачароқ. Унда мажоз бош мақсадга бамисоли бир «пардавдир. Шу боис шоирнинг ўзи учун ташқи маъно фавқулодда аҳамият касб этмайди. Уни мажозий фикр заминида маъно дурларини бекитиш жиддий қизиқтиради. Навоийнинг рубоийсида ҳам мазмун икки қатламли.
Е. Э. Бертельс нашрга тайёрлаган «Миръоти ушшоқ» номли тасаввуф луғатида: «ғурбат — жонон ҳарамидан дилу жоннинг йироқлашуви; поклик оламидан ажралиб нафсу шарни яқин билмоқ»,— деб шарҳлаган. Саййид Сажжодий «ғурбатини қуйидаги тарзда таснифлайди:
1. Ватандан жудолик ғурбати.
2. Жоҳил ва фосиқ қавм орасида мажбуран, яъни, ғайри ихтиёрий равишда ўтирган одам ғурбати.
3. «Ғурбат Ҳақ талаби бўлиб, бу — орифнинг ғурбати, зеро орифнинг ҳиммати маъруфдурки, у охират аҳли орасида ҳам ғарибдур». Чунки, ориф «Халқ орасида аниссиз бўлинг!» деган даъватларни ҳам асло ёддан чиқара олмайди. Навоий рубоийсида илгари сурилган ботиний мазмун орифнинг ғурбатидир. Навоийнинг ғазалларидан бирида:
Танимга чоклар очти, не айб, агар ўлсам,
Ки руҳ булбулининг лойиқи эмас бу қафас,
дейилган. Ўз вужудини қафас сезган ғариб, гуноҳ ва мусибатларга тўла оламни «руҳ булбулининг қафаси деб англаганлиги шубҳасиздир. Тасаввуф таълимотида ғарибнинг илоҳий эрки — «Аналҳақ»лик. Ана шу ҳурликка етишгунча у ғурбатда яшайди, ғурбатдан тинимсиз азоб чекади. Бу фикрга янада ишонч ҳосил қилиш учун рубоийнинг иккинчи сатри устида андак мушоҳада юритиш кифоя.
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Ғарибга-я? Нечун? Мусофирга меҳрибонлик кўргаза олмайдиган «эл» қанақа эл? Наҳотки, ғариб «эл ямони» бўлса? (Навоийнинг «Эл қочса бировдан эл ямони бил они...» сўзларини эсланг,) Йўқ, ғарибу мусофирларга ҳамма вақт ва ҳамма жойларда ҳарқалай «шафиқу меҳрибонлар топилган. Қолаверса, Навоий ўз диёри аҳлидан етган жавру зулм олдида ўзга юртлардаги ғарибликни фожиа ҳисоблайвермаган:

Ўз диёринда ғариб элдин етар чун жавру зулм,
Эл диёринда ғариб ўлмоғлиғим эрмас ғариб.

«Ғариб эл» ким? Жавру зулмга моҳир, онги заиф, идроки юпун гумроҳлар тўдаси. Булар билан чин ғариблар сийратида мутлақо яқинлиқ йўқ.
Тасаввуф ахлоқи бўйича, кимларнингдир шафқату мурувватига муҳтожлик сезган ғариб — ғарибмас. Бунинг акси ўлароқ, ғарибга эҳтиромсиз кимсалар кўнгли қаттиқ, бераҳм халойиқ сифатида айбланганлар. Аҳмад Яссавий бир ҳикматида «Уммат бўлсанг ғарибларга тобе бўлғил», деса, бошқа бирида «Оқил эрсанг ғарибларни кўнглин овла», дея чорлайди. Лекин энг оқил одам ҳам Ғарибнинг кўнглини овлаши душвордир. Сабаб? У айтган эмиш: «Бир кун борур эрдим, бир йигит кўрдумки, анда шўре бор эрди. Дедим, қайдин сен, эй ғариб. Деди: «Ғарибму билур улки, анинг била мувонасате (дўстлашиш, яқин муносабатда бўлиш) бўлғай?» Ғарибнинг бу гапи Зунун Мисрийга шу даражада қаттиқ таъсир қилибдики, у қичқирганича ҳушдан кетибди. Ўзига келгач, ғариб ундан «Санга не бўлди?»— деб сўрабди. Зунун Мисрий ўшанда «Дору дардға мувофиқ тушти», деб жавоб қайтарган экан.
Биров бир дарвишнинг ёнига келиб «Нечун ёлғиз ўлтирибсен?»—дебди. Дарвиш айтибди: «Энди ёлғиз бўлдумки, сен келдинг ва манга Ҳақдин монеъ бўлдинг...» Ана шу дарвиш том маънодаги ғарибдур. Ғариб нима истаса маъшуқи азалдан тилайди. Вужуди мутлақ унинг танҳо Дўсти. «Бегона эл била суҳбат тута» олмаслик ғарибликнинг характерли аломати. Шунинг учун Навоий «рафиқ» сўзининг жойига «шафиқ»ни танлаган эди. Бундан ташқари, шоир «эл анга шафиқу меҳри-бон бўлмас эмиш», деганида янги бир ҳақиқатни гавдалантирмаган. Балки ғариб табиати ва ғариблик фалсафасининг бир қиррасига эътиборни қаратган. Чунки Шарқ тасаввуф адабиётида, жумладан, Аҳмад Яссавий ҳикматларида ҳам ушбу масала ёритилган. Яссавий айтади:

Ғариблиғда юз йил турса, эрур меҳмон,
Тахту бахту бўстонлари эрур зиндон.

Бу «зиндонянинг иккинчи ва тасаввуфда оммалашган номи ғурбат бўлиб, Аҳмад Яссавийнинг «Ғариблиғда ғурбат ичра қолдим мано», дея оҳ чекиши тасодифий эмас. «Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш»— Яссавий баёнидаги ҳақиқатнинг янгича тасвири ҳамда тасдиғидир.
Ўзбек халқ мақолида «Ғарибнинг кўнгли — тангрининг уйи», дейилган. Ғарибнинг кўнгли илоҳий ишқ бўстони. Ғарибнинг ботиний завқидан «еру кўклар наво» қилади. Сайёдий «Тоҳир ва Зуҳра» достонида «Бу дунёда на мушкулдур ғариблик, Ажойиб турфа бедилдур ғариблик», деган. Ғариб мусофир бўлмасдан, юртида шоҳ бўлган дейлик. Нима ўзгарарди? Сайёдий тўғри шарҳлаган:
Агарчи ўз еринда шоҳ бўлса, Мусофир бўлса, бир қулдур ғариблик.
Бироқ бу қуллик — шоҳликдан устун қуллик. Чини билан ажойиб, турфа «қуллик». Мана шунинг учун Аҳмад Яссавий, «Худойиға ғариблар билгулукдир», деб ваколат берган.
Ҳарақонийнинг «Нур — ал улум» асарида ўқиймиз: «Сўрадиларки, ғариб кимдур. Деди: Тани бу жаҳонда ғариб киши ғариб эмасдур. Балки дили вужудида, сири дилида ғариб бўлганлар ғарибдур. Сўрадиларки, унинг дўстлари қандай фазилатли кишилар? Деди: дунё дўстлигидан дили фориғ бўлганлар».
Қалби вужудида, сири кўнглида ғариб бўлган ана шу қаҳрамон олий орзу ва самовий туйғулар оғушида яшайди. У дунёпараст ножинслардан, имони суст лаимлардан, «махлуқ хизматига камар» боғлаган таъмагир ва хушомадгўйлардан узлатга чекинади. Лекин у бу чексиз оламнинг тенгсиз гўзаллигидан ҳайратланиш, маърифат баҳрига чўмишдан чекинмайди. Тасаввуф ахлоқида ғариблик туйғуси шундай бир ички «қалъаидурки, унда ишқ, имон, поклик, ғурур, донолик каби ўнлаб камёб инсоний хислатлар дахлсиз асралади. Бу «қалъа» кўнгулни бидаът ва хурофотдан муҳофаза этади.
Ғариб ташқи дунёга ўз ички имтиёзи ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб нигоҳ ташлайди. Уни ҳаммадан ортиқ «олам уйи»нинг торлиги, унда майда ғавғоларнинг кўплиги қийнайди. У «Ҳақиқатда ҳақиқатдан ўзга яна қандай мақсад бўлиши мумкин», деб ўйлайди. У ботиний дунё комиллиги учун зоҳирий дунёдаги ранж ва аламларни сабр билан бошдан кечираверади. Шу боис Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўғлига:

Бил, ғариб, улдурки ғурбатда,
Кун кечиргай азобу шиддатда,

деган эди.
Шундай қилиб, рубоийдаги иккинчи маъно қатлами биринчисидан фарқ қилади, бироқ уни инкор этмайди. Алишер Навоийнинг санъаткорлиги ҳам мана шунда.

Иброҳим Ҳаққул