Муқаддима
Бугун биз тарихий бир даврда - халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз.
Биз ўз тақдиримизни ўз қўлимизга олиб, азалий қадриятларимизга суяниб, шу билан бирга, тараққий топган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, мана шундай олижаноб интилишлар билан яшаётганимиз, халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган озод, эркин ва фаровон ҳаётни барпо этаётганимиз, бу йўлда эришаётган ютуқларимизни халқаро ҳамжамият тан олгани - бундай имкониятларнинг барчасини айнан мустақиллик берганини бугун ҳаммамиз чуқур англаймиз.
Ана шу ҳақиқатни халқимиз ҳар томонлама тўғри тушуниб, танлаган тараққиёт йўлимизни онгли равишда қабул қилгани ва қўллаб-қувватлаётгани олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг асосий манбаи ва гарови эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.
Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин.
Эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.
Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ бу соҳадаги аҳволни тубдан ўзгартириш юртимизда энг долзарб ва ҳал қилувчи вазифалардан бирига айланди.
Шу ўринда биз бу ўта муҳим масалага қандай эътибор берганимиз ва уни босқичма-босқич ҳал қилиб келаётганимиз ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз, деб ўйлайман. Жумладан, 1994 йили 22 сентябрда парламент минбаридан яқин тарихимизда бошимиздан кечирган воқеалар, яъни, миллатимизнинг қадр-қиммати, шаъни ва номуси поймол қилингани, кўҳна тарихимиз ва муқаддас қадриятларимиз топталгани ҳақида қуйидаги дардли-изтиробли фикрлар билдирилган ва баъзи бир ғоят қийин, аммо табиий саволлар ўртага ташланган эди:
«- Ўзингиз ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик?
- Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?
- Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг «Ассалом!..» деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик?
- Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур Мирзо ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларда қоришиб ётган эди?
- Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди?
- Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озиқланган элнинг фарзандлари эканимизни англармидик?
- Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров биз билан ҳисоблашармиди?
- Юртимиз қандай ва қанча беқиёс бойликлар хазинаси эканидан қай биримиз хабардор эдик?
- Гўё миллий ифтихор бўлмиш пахта, ҳақиқатда миллий ғурур ўрнига бўйинтуруқ бўлиб, халқимизни ялангоёқ қилишдан, бошимизга азоб-уқубат, таъна-маломатдан бошқа нима келтирарди?»
Дарҳақиқат, яқин тарихда халқимиз ўз бошидан кечирган бундай азоб-уқубатларни, тақдиримиз жар ёқасида турган машъум кунларни унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ.
Ўтган давр мобайнида эски тузумдан оғир мерос бўлиб қолган ана шундай иллатларга, эл-юртимизга нисбатан камситиш ва миллий манфаатларимизни менсимаслик ҳолатларига барҳам бериш, кўҳна қадриятларимиз, дину диёнатимизни тиклаш, ҳаётимизда тарихий адолатни қарор топтириш, янги жамият қуриш йўлида халқимизнинг маънавий юксалишини ўз олдимизга қўйган олижаноб мақсадларга етишда ҳал қилувчи мезон деб қараш ва шу асосда иш олиб бориш биз учун доимо устувор вазифа бўлиб келганини ва бугун ҳам эътиборимиз марказида турганини таъкидлаш лозим.
Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, эзгу фазилат ва интилишлар халқимизнинг қон-қони ва суяк-суягига сингиб кетган. Унинг табиатига хос бўлган юксак маънавият неча асрларки бизни не-не бало-қазолардан, тўфон ва бўронлардан соғ-омон асраб келмоқда. Ҳар қандай босқин ва истилоларга қарамасдан, ҳар қандай оғир ва мураккаб шароитда ҳам ота-боболаримиз ўзлигини йўқотмасдан, маънавий ҳаёт мезонлари, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиб, комиллик сари интилиб яшагани бугун ҳам барчамизга ибрат бўлиб, куч-қувват бағишлаб келмоқда.
Маълумки, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг тафаккури, турмуш тарзи, маънавий қарашлари ўз-ўзидан, бўш жойда шаклланиб қолмайди. Уларнинг вужудга келиши ва ривожланишида аниқ тарихий, табиий ва ижтимоий омиллар асос бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Масалан, Шарқ оламида, жумладан, ўзимизнинг Ўрта Осиё шароитида жамоа бўлиб яшаш туйғуси ғоят муҳим аҳамият касб этади ва одамларни бир-бирига яқинлаштиришга, бир-бирини қўллаб-қувватлаб ҳаёт кечиришга замин туғдиради. Шу маънода, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар ташлайдиган бўлсак, бошқаларга ҳеч ўхшамайдиган, минг йиллар давомида шаклланган, нафақат ўзаро муомала, балки ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида намоён бўладиган бир қатор ўзига хос хусусиятларни кўрамиз.
Мисол учун, тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.
Шуни айтиш лозимки, бу тушунчалар кимдир шунчаки ўйлаб топган ширин калом, қулоққа хуш ёқадиган сўзлар эмас. Бундай тушунчалар асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келган, онгу шууримиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодасидир.
Масалан, эзгу одатимизга айланиб кетган меҳр-оқибат тушунчасини оладиган бўлсак, унинг жуда теран тарихий, миллий, диний илдизлари борлигини кўриш мумкин. Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош, оиланинг оила билан, энг муҳими, шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саховат кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади ва бундай хусусият халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Шарқ халқлари ва юртимиз аҳлига мансуб шундай белги-аломатлар ҳақида гапирганда, уларнинг тарихий-ижтимоий заминига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Тарихдан маълумки, Ўрта Осиё ҳудудида аҳоли азалдан водийларда, катта сув манбалари - дарё ва анҳорлар бўйида яшаб келади. Атрофи чўл ва саҳролар билан ўралган, табиати, иқлими ғоят мураккаб бўлган минтақа шароитининг ўзи ана шу элат ва миллатларнинг минг йиллар давомида бир-бирига мослашиб, яқин елкадош бўлиб, бир-бирининг оғирини енгил қилиб яшашини тақозо этиб келади.
Чиндан ҳам, бу заминда истиқомат қиладиган одамларнинг тарқоқ бўлиб яшашга имкони йўқ, табиатнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи уларни шу руҳда тарбиялаган. Турмуш ва тафаккур тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетган мана шундай азалий тушунчалар минтақамизда яшаб ўтган улуғ алломалар, мутафаккир зотларнинг қолдирган бебаҳо меросида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган. Мисол учун, Алишер Навоий бобомиз бўладими, Рудакий, Абай, Махтумқули ёки Тўқтағул каби улуғ зотлар бўладими, уларнинг барчаси ўз ижоди билан нафақат икки дарё оралиғидаги халқларни, балки бутун башарият фарзандларини доимо меҳр-оқибатли, дўст-биродар бўлиб яшашга даъват этгани бежиз эмас, албатта.
Ота-боболаримиз неча асрлар мобайнида шу бепоён минтақада қандай ҳамжиҳат бўлиб, қандай қадриятлар асосида яшаб келган бўлса, бугун ҳам, таъбир жоиз бўлса, тарих ва ҳаёт гардиши, табиатнинг ўзи бизни - бутун Ўрта Осиё халқларини айнан ана шундай дўстлик ва ҳамкорлик руҳида ҳаёт кечиришга даъват этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, тарихий воқеликка мана шундай қараш, жамулжам бўлиб яшаш туйғуси биз учун ҳаёт фалсафасига, яна ҳам аниқроғи, ҳаёт қоидасига айланиб кетган. Замонавий тилда айтадиган бўлсак, бу миллий менталитетимизнинг асосини ташкил этадиган, бизни бошқалардан ажратиб турадиган шундай бир хусусиятки, уни сезмаслик, англамаслик, кўрмаслик умуман мумкин эмас.
Ғарб оламида эса одамларнинг ҳаёт тарзида жамоавийликдан кўра индивидуализм, шахсий манфаат тамойиллари устунлик қилишини кузатиш мумкин. Бу ҳам муайян, объектив ижтимоий-тарихий омиллар туфайли шаклланган воқелик бўлиб, уни ҳам инкор этиб бўлмайди.
Албатта, Ўрта Осиё муҳитида жамоа, маҳалла бўлиб, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб яшайдиган инсонлар, давр қанчалик ўзгармасин, тарих синовидан ўтган ўз қадриятларига содиқ бўлиб яшашни маъқул кўрар экан, буни замонавий фикрлайдиган, дунёга теран назар ташлайдиган одам тўғри тушуниши, тан олиши ва уни ҳурмат билан қабул қилиши лозим.
Минг афсуски, мана шундай тарихий ҳақиқатни англамайдиган ёки англашни истамайдиган чет элдаги баъзи сиёсатчи ва арбоблар нафақат сиёсат ёки иқтисодиёт, балки маънавият бобида ҳам бизга ақл ўргатишга, азалий ҳаёт тарзимиз, руҳий дунёмизга ёт бўлган қарашларни мажбуран жорий этишга уринмоқда.
Бундай кучларнинг ғаразли муносабати аввало бой ва қадимий маънавиятимизга қарши қаратилгани, улар халқимизни ана шу бебаҳо бойликдан жудо қилиш учун ҳар хил усул ва воситалар билан зўр бериб уринаётгани барчамизни ташвишлантирмасдан қолмайди, албатта.
Нега деганда, инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бинобарин, маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин.
Кези келганда илгари айтган бир фикримни такрорламоқчиман: бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.
Ҳозирги кунда ким кўп - ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски, бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад-муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар кўпинча турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқаётгани, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин.
Энг ёмони, бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда.
Шунинг учун ҳам - бу Шарқ ёки Ғарб мамлакатлари бўладими, олис Африка ёки Осиё қитъаси бўладими - жаҳоннинг қайси бурчагида бўлмасин, маънавиятга қарши қандайдир таҳдид пайдо бўладиган бўлса, ўзининг бугунги куни ва эртанги истиқболини ўйлаб яшайдиган ҳар бир онгли инсон, ҳар бир халқ ташвишга тушиши табиий, албатта. Бу ҳақда гапирганда, фақат битта миллат ёки халқ ҳақида фикр юритиш масалани ўта тор тушуниш бўлур эди. Яъни, бу ўринда сўз фақат бизнинг маънавиятимизга қарши қаратилган тажовузлар ҳақида, азалий фазилатларимиз, миллий қадриятларимизни ана шундай ҳужумлардан асраш хусусидагина бораётгани йўқ. Муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ушбу муаммони кенг миқёсда, дунёнинг барча мамлакатлари ва халқлари ҳаётига дахлдор масала сифатида ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадга мувофиқдир.
Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим, деб ўйлайман.
Агарки масалага амалий кўз билан қарайдиган бўлсак, маънавиятимизга қарши қаратилган ҳар қандай хуруж - бу миллатимизни миллат қиладиган, асрлар, минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ўзига хос ва ўзига мос хусусиятларга, миллий ғурур, миллий ифтихор туйғусига, бизни доимий равишда тадрижий тараққиётга чорлайдиган, шу йўлдаги барча асорат ва иллатлардан халос бўлиб, озод ва фаровон ҳаёт барпо этишдек эзгу мақсадларимизга катта зарба берадиган мудҳиш хавф-хатарларни англатади.
Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бундай мафкуравий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уришини, улардан бизни бутунлай узиб ташлашдек ёвуз мақсадларни кўзлашини, ўйлайманки, юртимизда яшайдиган соғлом фикрли ҳар бир одам яхши тушунади.
Бундай тажовузкорона ҳаракатлар бизлар учун мутлақо бегона мафкура ва дунёқарашни аввало беғубор ёшларимизнинг қалби ва онгига сингдиришга қаратилгани билан айниқса хатарлидир. Бундай ҳолатларга дуч келганда, умрида мамлакатимизга қадам қўймаган, Ўзбекистонни ҳатто харитадан ҳам кўрсатиб беролмайдиган, лекин ўзини мутлақ ҳақиқатнинг ягона ифодачиси деб ҳисоблайдиган кимсаларнинг енгил-елпи фикрларини эшитганда, уларга қарата беихтиёр, э, барака топкур, олдин юртимизга бир келиб кўринг, тарихимиз, маънавиятимиз, ҳаёт тарзимиз билан танишиб, ундан кейин гапиринг, деб айтгингиз келади.
Ҳақиқат ва холисликдан йироқ бўлган, фақат ғаразли сиёсий манфаатларни кўзлайдиган бундай қарашлар ҳеч кимга наф келтирмайди ва ҳеч кимнинг обрўсига обрў қўшмайди, албатта.
Агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни ўз гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана шу аччиқ ҳақиқатни юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар қайси ота-она, энг муҳими, ҳар қайси йигит-қиз чуқур англаб олишини истардим.
Такрор айтишга тўғри келади - ота-оналар, устоз-мураббийлар бу масалада ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмаслигимиз зарур.
Ўйлайманки, тарихда кўп-кўп синов ва машаққатларни кўрган, азиз фарзандининг бахти ва келажагини ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган халқимиз бундай хатарларнинг машъум оқибатларини яхши англайди.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидоийлик билан кураша олиши мумкин.
Нафақат давлат раҳбари, авваламбор, буюк тарих, маданият ва маънавият эгаси бўлган халқимизнинг бир фарзанди сифатида, ана шу бебаҳо бойликни асраб-авайлаш, уни ҳар хил ошкора ва пинҳона ҳужумлардан ҳимоя қилиш ҳақида қайғурадиган бир инсон сифатида юқорида зикр этилган ўта муҳим ва ўта нозик бу масалалар мени ҳам кўпдан буён ўйлантириб келади.
Ушбу китоб инсоннинг юксалишида маънавият оламининг қандай таъсир ва аҳамиятга эга экани, шунингдек, маънавиятга қарши қаратилган хуружларнинг реал хавфи ҳақида атрофлича фикр юритиш, халқимиз янги ҳаёт, янги жамият асосларини қураётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда одамларни бундай хатарлардан огоҳ этиш, эл-юртимиз, кенг жамоатчилик эътиборини бу масалаларга яна бир бор қаратиш, келажак авлодимизни маънавий соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш билан боғлиқ вазифаларни аниқ белгилаб олиш борасидаги ҳаётий эҳтиёж маҳсули сифатида дунёга келди.
Агарки мендан, ҳозирги кунда маънавиятимизни асраш учун нима қилиш лозим ва унга таҳдид соладиган хуружларга нимани қарши қўйиш керак, деб сўраса, мен авваламбор шу юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўзлигини англаши, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимизнинг меросини чуқурроқ ўзлаштириши, бугунги тез ўзгараётган ҳаёт воқелигига онгли қараб, мустақил фикрлаши ва диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшаши зарур, деб жавоб берган бўлардим.
Ишончим комилки, ана шундай ноёб инсоний фазилатларга, юксак маънавиятга эга бўлган халқ ҳеч кимга ҳеч қачон қарам бўлмайди, ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади.
Биринчи боб
Маънавият - инсоннинг улғайиш ва куч-қудрат манбаидир Маънавиятни англаш
Биз одатда маънавият ҳақида, унинг маъно-мазмуни, ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кўп гапирамиз. Лекин негадир аксарият ҳолларда кўпчилик маънавият ўзи нима, деган саволга аниқ ва лўнда жавоб беришга қийналади.
Мен бундай ҳолатга ўз шахсий тажрибамда кўп бор гувоҳ бўлганман. Масъул раҳбарлик лавозимларига номзодларни танлашда ўтказиладиган суҳбат жараёнида уларнинг профессионал малакаси, билими, ташкилотчилиги, ҳаётий тажрибаси, инсоний фазилатлари билан бир қаторда маънавий савиясига ҳам алоҳида эътибор қаратаман. Ва кўп ҳолларда, маънавият ҳақида бериладиган саволларга ҳар хил, баъзан эса бир-бирига қарама-қарши, қандайдир ноаниқ, саёз жавобларни ҳам эшитишга тўғри келади.
Албатта, «маънавият» тушунчасининг илмий, фалсафий, адабий ёки оддий тилда ифодаланадиган кўплаб таърифларини келтириш мумкин. Умуман, ўзида жуда чуқур ва кенг қамровли маъно-мазмунни мужассам этган бу тушунчага ҳар қайси маърифатли инсон ўзининг фалсафий ёндашуви, сиёсий қарашлари ва эътиқоди, онгу тафаккуридан келиб чиққан ҳолда турлича таъриф ва тавсифлар бериши табиий. Шунинг учун ҳам бу масала бўйича илмий адабиётларда, кундалик матбуотда бир-биридан фарқ қиладиган фикр-мулоҳазаларни учратганда бундан таажжубланмасдан, уларни ҳар қайси муаллифнинг ўзига хос дунёқараши, мушоҳада тарзи ифодаси сифатида қабул қилиш ўринлидир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги йилларда бу мавзуда олимларимиз томонидан тайёрланган илмий рисолалар, ўқув қўлланмалари, луғатларда «маънавият» тушунчаси ва унинг асосий тамойилларига ўзига хос таърифлар берилаётганини кузатиш мумкин. Мен бу борадаги фикрларни инкор этмаган ҳолда, «маънавият» тушунчасининг мазмуни фақат «маъни», «маъно» деган сўзлар доирасида чегараланиб қолмайди, деб ўйлайман. Нега деганда, инсонни инсон қиладиган, унинг онги ва руҳияти билан чамбарчас боғланган бу тушунча ҳар қайси одам, жамият, миллат ва халқ ҳаётида ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган алоҳида ўрин тутади.
Шу фикрни мантиқий давом эттириб, маънавият - инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир, десак, менимча, тарихимиз ва бугунги ҳаётимизда ҳар томонлама ўз тасдиғини топиб бораётган ҳақиқатни яққол ифода этган бўламиз.
Менинг назаримда, «маънавият» тушунчаси жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маърифий, маданий, диний ва ахлоқий қарашларни ўзида тўла мужассам этади. Шунинг учун ҳам бу мавзуда фикр юритганда, мазкур қарашларнинг барчасини умумлаштириб, кенг маънодаги «маънавият» тушунчаси орқали ифода этиш мумкин.
Маънавиятнинг негизи ва маъно-мазмунини белгилайдиган асосий хусусиятлар, биринчи галда инсоннинг руҳий покланиши ва қалбан улғайиши ҳақида гапирар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим.
Албатта, бу дунёда ҳалол ва пок яшашни ўзи учун ҳаётий эътиқод, олий мақсад деб биладиган одамлар кўпчиликни ташкил қилади. Айнан ана шундай инсонлар ва уларнинг эзгу ишлари туфайли бу ёруғ оламда маънавият ҳамиша барқарор бўлиб келади.
Лекин, бундай олижаноб фазилатлардан бутунлай узоқ бўлиб яшайдиган, ҳаётнинг маъно-мазмунини ўзича талқин қиладиган шахслар ҳам оз эмас. Минг афсуски, улар ўзини худдики дунёнинг ҳақиқий эгасидек, бекаму кўст, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган умр кечираётгандек, бахт қуши бошига қўнгандек ҳис қилишга уринади.
Табиийки, бундай ҳолатларни кўриб-кузатиб, ўзи учун эзгу ниятларни юксак мақсад қилиб қўйган инсонлар қалбида қандайдир иккиланиш ва шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Одамларни ўйлантириб қўядиган бундай ҳолатлар ҳаётда кўп учрайди. Бунга қандай изоҳ бериш мумкин?
Ҳаммамизга маълумки, муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз мероси бизни доимо ҳалол меҳнат билан яшашга, мардлик, саховат ва камтарликка чақиради, лекин, шу билан бирга, ҳаётда бу каби даъватларга амал қилишга интиладиган одам кўпинча турли қийинчиликлар, ҳатто азобу уқубатларга дуч келишини кузатиш қийин эмас. Тан олиш керакки, юксак маънавий тушунчалар билан яшашга ҳаракат қиладиган одамнинг бугун ҳам кўп машаққатларни, оғир синов ва тўсиқлар, муаммоларни енгиб ўтишига тўғри келади.
Агарки эътибор берсак, тилимизда ҳалоллик ва нопоклик ҳақидаги ибратли ҳикматлар билан бирга, «Йўлини топибдими, қандини урсин», «Узумини енг-у, боғини суриштирманг» деган мақоллар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Албатта, бундай мақол-маталлар бежиз пайдо бўлмаган, улар ҳам маълум бир ҳақиқатнинг ифодаси. Бинобарин, биз ҳаётнинг маъно-мазмунини шундай тушуниб, шу асосда яшашга интиладиган кишилар ҳам борлигини инкор этолмаймиз.
Лекин, менинг назаримда, бундай гаплар одамнинг бойлик ва мол-дунёни қандай йўллар билан топаётганига лоқайд ва бепарво қарайдиган, манфаатпараст шахслар томонидан тўқиб чиқарилгандек туюлади. Уларнинг фикрича, инсон ўз бойлигини пешона тери тўкиб, Оллоҳ берган ақл-идрок ва тафаккурини ишлатиб топяптими ёки қинғир-қийшиқ, ҳаром-хариш йўллар билан орттиряптими - бу гўёки ҳеч кимни қизиқтирмаслиги керак.
Шу боис биз маънавият ҳақида фикр юритар эканмиз, бу масалани атрофлича ва чуқур таҳлил этишимиз, унинг фақат ўзимизга маъқул, ижобий томонлари билан чекланиб қолмасдан, ана шундай мураккаб жиҳатларини ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз лозим.
Лўнда қилиб айтганда, бу ўринда гап бир-бирига қарама-қарши бўлган, бир-бирини инкор қиладиган икки хил ҳаётий қараш ҳақида бормоқда.
Биринчиси - ўз нонини ҳалол меҳнат билан топадиган, холис ва эзгу ишлар билан эл-юртга наф етказадиган, тириклик мазмунини теран англаб, нафақат бугунги ҳаёт лаззатлари, балки охират ҳақида, унинг обод бўлиши ҳақида ўйлаб яшайдиган инсонларга хос ҳаётий қарашлар.
Иккинчиси - бунга мутлақо қарама-қарши бўлган ёндашув, яъни, ҳаётнинг маъно-мазмуни ҳақида бош қотирмасдан, бундай саволлар билан ўзини қийнамасдан, фақат нафс қайғуси ва ўткинчи ҳою ҳавасга, ҳузур-ҳаловатга берилиб, енгил-елпи умр кечирадиган, ўзининг ота-она ва фарзанд, эл-юрт олдидаги бурчига умуман бефарқ бўлиб яшайдиган одамларнинг фикр-қарашлари.
Мана шундай икки хил дунёқараш асосида пайдо бўладиган оғир саволлар одамзот онгли яшай бошлаган замонлардан буён уни ўйлантириб, қийнаб келади. Ҳаёт моҳиятини англаб етишга ўз умри, билим ва салоҳиятини бағишлаган не-не буюк зотлар, мутафаккир файласуфлар, аллома ва азиз-авлиёлар - миллати, тили ва динидан қатъи назар - шу каби мураккаб муаммоларга жавоб топиш учун изланган, бу мавзуда қанча-қанча асарлар яратган. Лекин бу савол бугунги кунда ҳам ҳануз ўткир ва долзарб бўлиб қолаётганини инкор этиб бўлмайди.
Барчамизга маълумки, Оллоҳнинг ўзи инсон зотини вужудга келтирар экан, уни турли қиёфада, нафақат юз-кўзи, балки феъл-атворини ҳам бир-бирига ўхшамайдиган қилиб яратган. Ер юзида қанча инсон яшайдиган бўлса, бармоғининг изи ҳам, ички дунёси ҳам бир хил бўлган иккита одамни топиш, учратиш қийин. Табиийки, бу инсонларнинг фикрлаш ва яшаш тарзи ҳам бир-биридан фарқ қилади. Таъбир жоиз бўлса, кимдир Раҳмон измида юрса, кимдир Шайтон измида юради.
Шу ҳақиқатнинг ўзи токи бу дунёда ҳаёт бор экан, турфа хил одамлар ва уларнинг онгу тафаккуридаги ўзаро тафовут ва зиддиятлар сақланиб қолаверишини кўрсатади. Айнан ана шундай турли дунёқарашлар, бир-бирини инкор этадиган оқим ва йўналишлар мавжудлигини табиий бир ҳол деб қабул қилишни ҳаёт воқелигининг ўзи талаб этади.
Шуни таъкидлаш керакки, биз бу ҳақда гапирганда, аввало онгли яшайдиган, мантиқий фикрлашга қодир бўлган, ўз қарашларининг маъно-мазмунини ҳар томонлама асослаб, исботлаб бера оладиган одамларни назарда тутамиз.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, ана шундай бир-бирини инкор этадиган дунёқарашларни инобатга оладиган бўлсак, буларнинг ўзи тегишли хулосаларга олиб келиши муқаррар. Яъни, ўз пешона тери билан ҳалол турмуш кечирадиган инсон ҳаётидан мамнун ва рози бўлиб, қалби ва юраги осойишта, виждони пок, руҳий олами барқарор бўлиб, элнинг ҳурматини қозониб яшайди. Иккинчи томондан, бу дунёда енгил-елпи, ҳар хил нопок йўлларга берилиб, инсоний бурчини унутиб, мол-дунёга интилиб яшаган одам, энг ачинарлиси шуки, ҳаётининг сўнгида армон ва надоматларга ботиб ўз умрини тугатади.
Доно халқимиз, ғараз ва ҳасад билан яшайдиган, ўз шахсий манфаатига ўзгалар ҳисобидан эришишни маъқул кўрадиган, фақат ўзини ўйлайдиган кимсадан ўзи асрасин, дейди. Бағрикенг, ҳалол-пок, виждонли, меҳр-оқибатли, эл-юртнинг ғаму ташвиши билан яшайдиган кишиларни эса, аксинча, бошига кўтаради ва бундай одамлар жамият томонидан қадр-қиммат, ҳурмат-эътибор топади.
Инсон маънавий оламининг юксалиши билан боғлиқ турли ҳолатлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин, мухтасар қилиб айтганда, Оллоҳнинг ўзи бизга буюрган комил инсон бўлиш, ҳалоллик ва адолат билан ҳаёт кечириш каби олижаноб фазилатларнинг маъно-мазмунини нафақат чуқур англаш, балки ана шундай хусусиятларга эга бўлиш, уларга амал қилиб яшаш - одамзотнинг маънавий бойлигини белгилаб берадиган асосий мезон, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Ўйлайманки, бундай хулосани инсоният ўз онгли ҳаёти давомида доимо орзу қилиб, интилиб келган юксак маънавий идеалнинг фалсафий ифодаси, мантиқий натижаси сифатида қабул қилиш ўринлидир.
Маънавиятнинг яна бир муҳим хусусияти одамнинг ички дунёси ва иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қилишида ёрқин намоён бўлади.
Узоққа бормасдан, халқимиз ўз бошидан кечирган мустамлака даврини бир кўз олдимизга келтирайлик. Қарийб 150 йил давом этган, тарихимизнинг том маънодаги қора кунлари бўлмиш ўша замонда бир пайтлар ўзининг қудратли давлатчилиги, буюк фарзандлари, юксак илму маданияти, обод шаҳар ва қишлоқлари билан дунёни ҳайратда қолдирган эл-юртимиз қандай оғир машаққатларга дучор бўлганини яхши биламиз.
Лекин ана шундай даҳшатли даврда ҳам ҳар қандай зулм ва истибдодга қарамасдан, халқимиз ўзини, ўзлигини йўқотмади. Тилини ва динини, иймон-эътиқодини сақлаб қолди. Ноҳақлик ва зўравонлик ҳукмрон бўлган шундай замонларда ҳам юртимиздан миллат ва халқ қайғуси билан яшаган ҳақиқий ватанпарвар инсонлар етишиб чиқди. Халқимизнинг асрлар синовида янада кучайиб, тобланиб борган мустаҳкам иродаси, иймон-эътиқоди нафақат қадимий маънавиятимиз, балки миллий ўзлигимизни сақлаб қолишга асос бўлди.
Агар биз дунё тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бошқа халқлар ҳам озодлик ва мустақилликни қўлга киритиш, миллий тикланиш, ўз давлатчилигини, ҳавас қилса арзийдиган фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнида ана шундай фазилатларга таяниб ва суяниб, барча соҳаларда - бу иқтисодиёт ёки ижтимоий ҳаёт бўладими, маданият, таълим-тарбия ва илм-фан бўладими - ўзининг беқиёс ички қобилият ва салоҳиятини ишга солиш, уни рўёбга чиқариш ҳисобидан тараққиётга эришганини кўрамиз.
Масалан, Япония ёки Жанубий Кореяни олайлик. Бу мамлакатларнинг Иккинчи жаҳон урушидан кейин қандай оғир аҳволга тушиб қолганини ҳаммамиз яхши биламиз. Хўш, улар ниманинг эвазига қисқа давр ичида бу қадар ривожланишга эриша олди? Ахир, бу ўлкаларда мўл-кўл табиий хомашё манбалари, минерал ресурслар деярли йўқ-ку! Албатта, бу борада ўша пайтда дунёда мавжуд бўлган сиёсий омиллар, халқаро вазиятнинг таъсирини инкор этиб бўлмайди. Лекин япон ва корейс халқи асрлар давомида шаклланиб, катта бунёдкор кучга айланган ўзига хос миллий маънавияти ҳисобидан ҳам ривожлангани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун «япон мўъжизаси» ёки «корейс мўъжизаси» ҳақида гап кетганда, таниқли эксперт ва мутахассислар ҳам биринчи галда «япон характери», «корейс табиати» деган ибораларни тилга олади. Табиийки, улар бу ўринда аввало мазкур халқларга мансуб маънавий фазилатларни назарда тутади. Яъни, бу халқларнинг ички дунёси ва иродаси маънавият негизида янада тобланган, камолга етган.
Бундай хулосанинг тасдиғини нафақат мазкур икки давлат, балки бошқа мамлакат ва халқлар мисолида ҳам кўриш қийин эмас.
Виждон поклиги ва бедорлиги асрлар, замонлар оша инсон маънавиятининг таянч устунларидан бири бўлиб келмоқда. Жамият ҳаётида адолат ва ҳақиқат, меҳр-шафқат, инсофу диёнат каби тушунчаларни қарор топтиришда айнан мана шу омилнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Виждони уйғоқ одам ён-атрофида бўлаётган воқеаларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди. Айниқса, эл-юрт манфаатига зарар етказадиган ёвуз хатти-ҳаракатларга ҳеч қачон четдан жим қараб туролмайди, ўз юрти ва халқига нисбатан хиёнат ва сотқинликни асло қабул қилолмайди. Бундай ҳолатларни кўрганда виждони қийналади, доимо ёниб-куйиб яшайди, қандай қилиб бўлмасин, уларни бартараф этишга интилади, керак бўлса, бу йўлда ҳатто жонини ҳам фидо қилади.
Чиндан ҳам, агар одамзот бу дунёда руҳан пок бўлиб, иродаси бақувват, иймони бутун, виждони уйғоқ бўлиб яшамас экан, инсон ҳаётининг қандай маъноси қолади?
Мана шу савол ҳар бир соғлом фикрлайдиган одамни ҳамиша ўйлантириши, сергакликка чорлаб туриши зарур.
Бундай эзгу мақсадларга эса, фақат юксак маънавият, узлуксиз маънавий тарбия орқалигина эришиш мумкин.
Маънавият инсоннинг қон-қони, суяк-суягига йиллар давомида она сути, оила тарбияси, аждодлар ўгити, Ватан туйғуси, бу ҳаётнинг баъзида аччиқ, баъзида қувончли сабоқлари билан қатра-қатра бўлиб сингиб боради. Айниқса, табиатга, одамларга яқинлик, доимо яхшиликни ўйлаб яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, дунёнинг тенгсиз неъмат ва гўзалликларидан баҳраманд бўлиш маънавиятга озиқ беради, уни янада кучайтиради.
Жаҳон халқлари тажрибаси, уларнинг босиб ўтган мураккаб ривожланиш йўллари, бу борадаги сабоқ ва хулосалар шундан далолат берадики, қаерда давлат ва жамият тараққий топса, халқнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши, ўз олдига эзгу ва буюк мақсадлар қўйиб яшаши учун етарли шарт-шароитлар яратилган бўлса, ўша ерда эркин фикрлаш муҳити ва шу асосда маънавий юксалиш учун янги имкониятлар туғилади.
Умуман олганда, инсоният тарихи маънавият - инсоннинг, халқнинг, жамият ва давлатнинг буюк бойлиги ва куч-қудрат манбаи эканини, бу ҳаётда маънавиятсиз ҳеч қачон одамийлик ва меҳр-оқибат, бахт ва саодат бўлмаслигини яққол тасдиқлайди.
Ўйлайманки, ер юзида қанча инсон, қанча тақдир бўлса, ҳар бирининг ўз маънавий олами бор. Маънавиятни тушуниш, англаш учун аввало инсонни тушуниш, англаш керак. Шунинг учун ҳам ўзлигини, инсоний қадр-қимматини англаб етган ҳар қандай одам бу ҳақда ўйламасдан яшашини тасаввур қилиш қийин.
Маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар
Биз миллий маънавиятни ҳар томонлама юксалтириш масаласини ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўяр эканмиз, бугунги кунда маънавиятимизни шакллантирадиган ва унга таъсир ўтказадиган барча омил ва мезонларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг бу борада қандай ўрин тутишини яхши англаб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Албатта, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада, табиийки, маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари беқиёс экани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бу кўҳна тупроқда милодгача бўлган даврда ва ундан кейин қурилган мураккаб сув иншоотлари, ҳали-ҳануз ўзининг кўрку тароватини сақлаб келаётган осори атиқаларимиз қадим-қадимдан ўлкамизда деҳқончилик ва ҳунармандчилик маданияти, меъморлик ва шаҳарсозлик санъати юксак даражада ривожланганидан далолат беради. Мамлакатимиз ҳудудида мавжуд бўлган тўрт мингдан зиёд моддий-маънавий обида умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир.
Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади.
Ота-боболаримизнинг асрлар давомида тўплаган ҳаётий тажрибаси, диний, ахлоқий, илмий, адабий қарашларини ифода этадиган бу каби тарихий ёдгорликлар орасида бундан қарийб уч минг йил муқаддам Хоразм воҳаси ҳудудида яратилган, «Авесто» деб аталган бебаҳо маънавий обида алоҳида ўрин тутади. Авваламбор, шуни айтиш жоизки, олис ота-боболаримизнинг ақл-заковати, қалб қўри маҳсули бўлмиш бу ноёб ёдгорликнинг замон тўфонларидан, қанчадан-қанча оғир синовлардан ўтиб, бизнинг давримизгача етиб келганининг ўзида катта маъно мужассам. Бундай ўлмас осори атиқалар бу кўҳна ўлкада, бугун биз яшаб турган тупроқда қадимдан буюк маданият мавжуд бўлганидан гувоҳлик беради.
Ана шундай тарихий ёдгорлик намуналари билан яқиндан танишар эканмиз, уларда ифода этилган теран фикр ва ғоялар, ҳаёт фалсафаси бизни бугун ҳам ҳайратда қолдиришига яна бир карра амин бўламиз.
Мисол учун, «Авесто»нинг туб маъно-моҳиятини белгилаб берадиган «Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал» деган тамойилни оладиган бўлсак, унда ҳозирги замон учун ҳам беҳад ибратли бўлган сабоқлар борлигини кўриш мумкин. Ана шундай фикрлар, яъни, эзгу ният, сўз ва иш бирлигини жамият ҳаётининг устувор ғояси сифатида талқин этиш бизнинг бугунги маънавий идеалларимиз билан нақадар узвий боғлиқ, нечоғлиқ мустаҳкам ҳаётий асосга эга экани айниқса эътиборлидир.
«Авесто»да борлиқнинг яхлитлиги ва бир бутунлиги, инсон ҳаётининг табиат билан уйғунлиги масаласи одамнинг руҳий оламига чамбарчас боғлиқ ҳолда кўрсатилгани кўп нарсани англатади. Бу ҳолат инсоннинг маънавий дунёсини шакллантиришда атроф-муҳит қадим замонлардан буён қандай кучли таъсир ўтказиб келганига яна бир бор эътиборимизни жалб қилади.
Маълумки, бу дунёда ҳар қайси миллатнинг ўз афсонавий қаҳрамонлари, ўзи севиб ардоқлайдиган паҳлавонлари бўлади. Халқимиз азалдан ўз вужуди, ўз томирида мавжуд илоҳий қудратга муносиб бўлмоққа интилиб, ўз ўғлонларини мардлик ва ҳалоллик, жасурлик руҳида, эл-юрт учун жонини ҳам аямайдиган асл паҳлавонлар этиб тарбиялаб келган.
Шу маънода, халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси бўлмиш «Алпомиш» достони миллатимизнинг ўзлигини намоён этадиган, авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган қаҳрамонлик қўшиғидир. Агарки халқимизнинг қадимий ва шонли тарихи туганмас бир достон бўлса, «Алпомиш» ана шу достоннинг шоҳ байти, десак, тўғри бўлади. Бу мумтоз асарда тарих тўфонларидан, ҳаёт-мамот синовларидан омон чиқиб, ўзлигини доимо сақлаган эл-юртимизнинг бағрикенглик, матонат, олижаноблик, вафо ва садоқат каби эзгу фазилатлари ўз ифодасини топган.
Шу боис «Алпомиш» достони бизга ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади.
Бир пайтлар, аниқроғи, ўтган асрнинг 50-йилларида, миллий меросимизнинг кўпгина намуналари каби, «Алпомиш» достони ҳам миллатчилик руҳидаги асар сифатида қораланиб, қатағонга учраган эди. Ўша оғир йилларда фидойи зиёлиларимиз жасорат кўрсатиб, уни сақлаб қолишга муваффақ бўлганликларини бугун миннатдорлик билан эслаймиз.
Бу ўлмас асарни халқимиз асрлар давомида яратган, ўз иймон-эътиқодидек асраб-авайлаган, қанча авлод-аждодларимиз «Алпомиш» достони асосида тарбия топган, ўзлигини англаган, маънавий бойликка эга бўлган. Демак, халқимиз бор экан, Алпомиш сиймоси ҳам барҳаёт.
Чунки «Алпомиш» достони ижодий тафаккуримиз, маънавий бойлигимизнинг ёрқин намунаси бўлиб, тарихий илдизларимизнинг қанчалик чуқур экани, халқимиз қандай табиий-ижтимоий муҳитда шаклланиб, ривожланганини, аждодларимизнинг олис даврларда ҳам жамоа бўлиб, бир-бирига елкадош бўлиб, ўз бошига тушган қийинчиликларни биргаликда енгиб яшаганини ёрқин бўёқларда тасвирлаб беради.
Шу ўринда асардаги кичик бир мисолга мурожаат қилайлик. Ота-боболаримизнинг қадимий тасаввурига кўра, ўқ-ёй - ҳокимият нишони ҳисобланган. Алпомиш етти ёшида ўн тўрт ботмон биричдан - бронзадан ясалган ёйдан ўқ отиб, «алп» деган унвонга эга бўлади. Алп дегани - ҳокимият эгаси эканини инобатга олсак, бу достон кўп асрлик миллий давлатчилигимизнинг бадиий ифодаси эканига ҳам ишонч ҳосил қиламиз.
Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг енгилмас баҳодири - Алпомиш тимсолида биз Ватанимизни ёмон кўзлардан, бало-қазолардан асрашга қодир, керак бўлса, бу йўлда жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган азамат ўғлонларимиз - бугунги алпомишларнинг маънавий қиёфасини кўрамиз.
Ишонаманки, ҳар бир авлод мана шу қаҳрамонлик достонини асраб-авайлаб келгуси авлодларга етказади. Бу қаҳрамонлик эпосини куйлаб, уни қалбига, шуурига жо қилган миллатни эса ҳеч қандай куч енга олмайди.
Миллий маънавиятимиз азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам - шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида айниқса ёрқин намоён бўлади.
Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Кўҳна тарихимизни шу маънода кўз ўнгимиздан ўтказиб, таҳлил қиладиган бўлсак, муҳим ва ибратли бир фикрни такроран айтишга тўғри келади. Яъни, ота-боболаримиз руҳий оламининг томир-илдизлари айнан юқорида зикр этилган маънавий заминда, тарихда ҳам, бугун ҳам барчанинг ҳавасини тортиб келаётган олижаноб фазилатлар асосида шаклланган.
Шу ўринда маънавиятнинг юксалиши билан чамбарчас боғлиқ бўлган яна бир мезон - муқаддас динимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни зарур, деб биламан.
Барчамизга яхши маълумки, дин азалдан инсон маънавиятининг таркибий қисми сифатида одамзотнинг юксак идеаллари, ҳақ ва ҳақиқат, инсоф ва адолат тўғрисидаги орзу-армонларини ўзида мужассам этган, уларни барқарор қоидалар шаклида мустаҳкамлаб келаётган ғоя ва қарашларнинг яхлит бир тизимидир.
Айниқса, кўп асрлар мобайнида халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданиятимиз ва турмуш тарзимизни, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас динимиз қудратли омил бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Нега деганда, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан ана шу заминда илдиз отади ва ривожланади.
Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Ва халқимизнинг маънавиятини шакллантиришга, ҳар қайси инсоннинг Оллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди, деб ўйлайман.
Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Таассуфки, баъзан ислом дини ва диний ақидапарастлик тушунчаларини бир-биридан фарқлай олмаслик ёки ғаразли мақсадда уларни тенг қўйиш каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар аввало муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлишини, охир-оқибатда эса маънавий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб олишимиз ва шундан хулоса чиқаришимиз зарур.
Маълумки, халқимиз азалдан ислом дини ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келади. Бу ҳақиқатни жаҳон жамоатчилиги, бутун мусулмон дунёси яхши билади ва тан олади. Нуфузли халқаро ташкилот бўлмиш Ислом конференцияси ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси - АЙСЕСКО томонидан Тошкент шаҳрининг 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани ҳам ана шундай юксак эътирофнинг яна бир тасдиғидир.
Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида «муҳаддислар султони» дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оламиз. Бу мўътабар зот меросининг гултожи бўлмиш энг ишончли ҳадислар тўплами - «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китоби ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Мана, ўн икки асрдирки, бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини иймон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда.
Яна бир улуғ ватандошимиз - Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг маънавий мероси, жумладан, «Сунани Термизий» асари ҳам мусулмон оламида ана шундай юксак қадрланади. Алломанинг асрлар давомида олиму фузалоларга дастур бўлиб келган инсоф ва адолат, инсонпарварликни тарғиб этувчи ғоялари ҳозирги мураккаб давримизнинг кўплаб ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши билан эътиборга моликдир.
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Имом Бухорий вафот этган йили, яъни милодий 870 йили тарихимиздаги яна бир мумтоз сиймо - Имом Мотуридий таваллуд топган экан. Бу воқеа замирида шахсан менга илоҳий бир боғлиқлик, Оллоҳнинг буюк марҳамати бордек, бамисоли Имом Бухорийнинг нурли қаламини Имом Мотуридий олиб, ул зотнинг хайрли ишларини давом эттиришга бел боғлагандек туюлади. Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради.
Ул зот асос солган мотуридия мактаби Шарқ мамлакатларида бундай катта шуҳрат топишининг сабаби шундаки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динимизнинг асосини тўғрилик, эзгулик ва инсонийликдан иборат деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қараш ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.
Ўзининг беқиёс салоҳияти билан буюк илмий мактаб яратиб, гўзал
Фарғона диёрини жаҳонга тараннум этган ислом ҳуқуқшунослигининг яна бир улкан намояндаси Бурҳониддин Марғинонийнинг табаррук номини бутун мусулмон дунёси юз йиллар давомида эъзозлаб келади. Бу мўътабар алломанинг Шарқ оламида «Бурҳониддин ва милла», яъни «Дин ва миллатнинг ҳужжати» деган юксак унвонга сазовор бўлгани ҳам буни яққол исботлайди.
Марғинонийнинг ўлмас мероси, хусусан, эллик етти китобдан иборат «Ҳидоя» - «Тўғри йўл» деб аталган асари, мана, саккиз асрдирки, мусулмон мамлакатларида энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида эътироф этиб келинаётгани албатта бежиз эмас.
Бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган буюк аллома ва азиз-авлиёларимиз орасида Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанднинг муборак сиймоси алоҳида ажралиб туради. Ота-боболаримиз улуғ авлиё Баҳоуддин Нақшбандга чин дилдан ихлос қўйиб, уни «Баҳоуддини Балогардон» деб таърифлаб келишида теран маъно бор. Унинг «Дилинг Оллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин» деган ҳаётбахш ҳикмати динимизнинг олижаноб маъно-моҳиятини ёрқин ифодалаб, худдики шу бугун айтилгандек жаранглайди.
Бу мураккаб дунёнинг азалий ва абадий муаммолари, шу билан бирга, ҳар бир даврнинг долзарб масалаларига ҳар томонлама асосли илмий жавоблар топилган тақдирдагина маънавият олами янги маъно-мазмун билан бойиб боради. Бошқача айтганда, ҳар бир илмий янгилик, яратилган кашфиёт - бу янгича фикр ва дунёқарашга туртки беради, маънавиятнинг шаклланишига ўзига хос таъсир ўтказади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, заминимизда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, мутафаккир боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бемисл илмий-ижодий кашфиётлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солаётганини ғурур билан таъкидлаш лозим.
Масалан, Муҳаммад Мусо Хоразмийнинг ўнлик саноқ системасини, алгоритм ва алгебра тушунчаларини дунёда биринчи бўлиб илм-фан соҳасига жорий этгани ва шу асосда аниқ фанлар ривожи учун ўз вақтида мустаҳкам асос яратгани умуминсоний тараққиёт ривожида қандай катта аҳамиятга эга бўлганини барчамиз яхши биламиз. Бугунги кунда одамзотнинг илм-фан ва замонавий технологиялар борасида эришаётган улкан ютуқларини кўз олдимизга келтирар эканмиз, беихтиёр ана шу буюк бобомиз мисолида бундай юксак марраларга эришишда ўзбек халқининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан қалбимиз ифтихорга тўлади.
Яна бир улуғ аждодимиз - Аҳмад Фарғоний инсоният тарихидаги илк Уйғониш даврининг энг забардаст ва кучли намояндаси, ўз замонасининг фундаментал фан асосчиларидан бири сифатида башарият дунёқараши ва маънавиятининг ривожланишига беқиёс таъсир кўрсатди. Унинг бебаҳо мероси ўз даври олимлари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилгани тарихий манбалар орқали яхши маълум. Алломанинг «Астрономия асослари ҳақида китоб» номли асари ўн иккинчи асрдаёқ лотин ва иврит тилларига таржима этилгани ҳам бу фикрнинг далилидир.
Европада Аль-Фраганус номи билан машҳур бўлган бу алломанинг илм-фан ривожидаги нуфузи шу қадар юксак эдики, унинг исми шарифи ер куррасидагина эмас, балки самода ҳам шуҳрат топди. Ўн олтинчи асрда Ойдаги кратерлардан бирига унинг номи берилгани бу фикрни исботлайди. Атоқли астроном Ян Гевелий томонидан 1647 йили нашр қилинган «Селенография» китобида Ойдаги кратерлардан иккитаси икки буюк ватандошимиз - Аҳмад Фарғоний ва Мирзо Улуғбек номи билан аталади.
Миллий тарихимизнинг яна бир ёрқин юлдузи Абу Райҳон Беруний фаолиятига ҳаққоний баҳо берар экан, америкалик фан тарихчиси Сартон XI асрни «Беруний асри» деб таърифлайди. Бундай юксак ва ҳақли баҳо аввало қомусий тафаккур соҳиби бўлмиш буюк ватандошимизнинг илм-фан тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси билан изоҳланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Беруний илмий масалаларда ҳам, тарихий воқеа-ҳодисаларга, ўз замондошларига баҳо беришда ҳам ўта холислик ва ҳаққонийлик билан фикр юритган. Шу боис ҳам у ҳаётда кўп азиятлар чеккан, ҳатто умрининг охирида турмуш қийинчиликларига дучор бўлган, аммо ҳар қандай оғир шароитга қарамасдан, эътиқодидан қайтмагани унинг ўз маънавий идеалларига нақадар содиқ бўлганидан далолат беради.
Ана шундай ноёб фазилатлар соҳиби бўлмиш машҳур аллома Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари неча асрлар давомида Европанинг энг нуфузли олий ўқув юртларида асосий тиббиёт дарсликларидан бири сифатида ўқитиб келингани, дунё миқёсида «Медицина», «Соғлом турмуш тарзи» деган тушунчаларнинг фундаментал асоси бўлиб хизмат қилгани, албатта, чуқур ҳаётий ва илмий заминга эга. Аниқроқ қилиб айтганда, бу беназир алломанинг бутун илмий фаолияти дунё тараққиётини инсонпарварлик руҳида, яъни, маънавий негизда ривожлантиришга улкан таъсир ўтказди, деб айтишга барча асослар бор.
Ёки ўрта асрларда Хоразм диёридан олис Арабистонга бориб, араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан, илм-фаннинг кўплаб бошқа соҳаларида ҳам шуҳрат қозонган Маҳмуд Замаҳшарий бобомизни эсга олайлик. Ўзининг жисмоний ногиронлигига қарамай, дунёнинг кўплаб мамлакатларига машаққатли сафарлар қилган, теран билими ва илмий салоҳияти билан бутун ислом оламини лол қолдирган бу зот, ҳеч шубҳасиз, халқимиз учун маънавий етуклик тимсоли бўлиб қолаверади.
Агарки мана шу муқаддас заминимизда таваллуд топиб, вояга етган, ўз ҳаёти ва фаолияти билан нафақат тарихда, айни вақтда башариятнинг бугунги тараққиёт саҳифаларида ҳам ўчмас из қолдирган буюк мутафаккир ва алломаларимиз, азиз-авлиёларимизни таърифлашда давом этадиган бўлсак, ўйлайманки, бу борада узоқ гапириш мумкин.
Бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз эса, бундай улуғ зотларнинг ҳаёт йўли ва қолдирган меросини тўлиқ тасвирлаш эмас, балки уларнинг энг буюк намояндалари тимсолида маърифат, илму фан, маданият, дин каби соҳаларнинг барчасини ўзида уйғунлаштирган халқимизнинг маънавий олами нақадар бой ва ранг-баранг эканини исботлаб беришдан иборатдир. Бундай ноёб ва бебаҳо бойликни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг маъно-мазмунини фарзандларимизга етказиш масаласи барчамиз, биринчи галда, зиёлиларимиз, бутун жамоатчилигимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши шарт, деб ҳисоблайман. Нега деганда, ўзимиз - бугун шу юртда яшаётган ватанпарвар инсонлар бу вазифани ўз зиммамизга олмасак, четдан келиб ҳеч ким ҳеч қачон бу ишни қилиб бермайди.
Шу ўринда буюк боболаримизнинг маънавий олами хусусида фикр юритганда, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди.
Шахсан мен «Темур тузуклари»ни ҳар гал ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман. Масалан, «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир», деган сўзлар бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён.
Амир Темур бобомизнинг бундай чуқур маъноли ҳикматлари халқимизда қадимдан мавжуд бўлган «Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар» деган мақолга ғоят ҳамоҳанг бўлиб, инсонни доимо ақл-идрок, адолат ва юксак маънавият асосида яшашга даъват этиши билан эътиборлидир.
Буюк Амир Темурнинг набираси, беназир аллома Мирзо Улуғбекнинг ўрта асрлар шароитида намоён этган илмий жасорати бугунги кун олимларини ҳам ҳайратга солмасдан қўймайди. Тақдир бу улуғ зотнинг зиммасига беҳад улкан ва машаққатли вазифалар юклади. Буюк саркарда Амир Темур бунёд этган салтанатнинг вориси бўлишдек ўта масъулиятли вазифа айнан унга насиб этди. Мирзо Улуғбек қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр диёрининг донишманд ҳукмдори сифатида халқнинг азалий орзуси - тинчлик, тотувлик, илм-фан ва маданиятни тараққий топтириш йўлида улкан шижоат ва матонат кўрсатди.
Бу беназир аллома ўзида минглаб юлдузларнинг ҳаракатини жамлаган мукаммал астрономик жадвални яратди. Ушбу жадвалда зикр этилган илмий маълумотларнинг нақадар аниқ ва тўғри эканини бугунги энг замонавий асбоблар ҳам тасдиқлайди. Улуғбекнинг ҳаёти ва илмий фаолияти халқимиз маънавиятининг пойдеворига қўйилган тамал тошларидан бири бўлиб, юртимизда бундан неча замонлар олдин фундаментал фанларни ривожлантиришга қанчалик катта аҳамият берилганини кўрсатади. «Зижи жадиди Кўрагоний» деб номланган Улуғбек астрономик жадвали ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб, Европа олимлари орасида кенг тарқалгани фикримизнинг яққол исботидир.
Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, беихтиёр 1996 йили Парижда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Майор жаноблари билан бўлган бир суҳбат ёдимга тушади. Ўшанда жаноб Майор Улуғбекнинг илмий меросини юксак баҳолаб, унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари бугунги кунда компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди, деган гапни айтиб қолди. Шунда мен унга жавобан, йўқ, жаноб Федерико Майор, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компьютерлар хато қилган бўлиши мумкин, деган эдим. Гарчи бу гап дўстона лутф тариқасида айтилган бўлса-да, ўйлайманки, унинг замирида чуқур ҳақиқат мужассам.
Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан яна бири - бу Алишер Навоий бобомиздир. Биз унинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмаслиги ҳақида доимо фахрланиб сўз юритамиз.
Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир. Таъбир жоиз бўлса, оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса.
Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир.
Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.
Маълумки, бирон-бир халқ маънавиятига хос қадриятларнинг бошқа халқлар томонидан тан олиниши, табиийки, ана шу халқ тарихига нисбатан чуқур ҳурмат ифодасидир. Бундай эътироф халқнинг ғурур ва ифтихори, миллий ўзлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Шу маънода, кейинги пайтда буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга бўлган қизиқиш хорижий элларда ҳам ортиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Бунинг тасдиғини дунёнинг турли мамлакатларида уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида эълон қилинаётган илмий ва бадиий асарлар, улуғ аждодларимиз хотирасига барпо этилаётган ёдгорликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шулар қаторида Бельгияда Ибн Синога, Литвада Мирзо Улуғбекка, Москва, Токио ва Боку шаҳарларида Алишер Навоий бобомизга, Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида эса Аҳмад Фарғоний хотирасига ўрнатилган муҳташам ҳайкалларни эслаш жоиз.
Халқимизнинг асл табиатида мавжуд бўлган ана шундай илмий-маънавий салоҳият ва фазилатлар ҳақида гапирар эканмиз, «Оққан дарё оқаверади», деган нақл беихтиёр ёдимизга тушади. Чиндан ҳам, тарихимизнинг қайси даврини олмайлик, юртимизда илму маърифат ва юксак маънавиятга интилиш ҳеч қачон тўхтамаганини, халқимиз даҳосининг ўлмас тимсоли сифатида энг оғир ва мураккаб даврларда ҳам яққол намоён бўлиб келганини кўришимиз мумкин.
Масалан, чоризм мустамлакаси даврида маърифат ғоясини баланд кўтариб чиққан жадид боболаримизнинг фаолияти бунга яна бир ёрқин мисол бўла олади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби юзлаб маърифатпарвар, фидойи инсонларнинг ўз шахсий манфаати, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, эл-улус манфаати, юртимизни тараққий топтириш мақсадида амалга оширган эзгу ишлари авлодлар хотирасидан асло ўчмайди.
Ана шундай улуғ аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси ва ибратли фаолияти кейинчалик диёримизда Қори Ниёзий ва Тошмуҳаммад Саримсоқов, Ҳабиб Абдуллаев ва Саъди Сирожиддинов, Обид Содиқов ва Собир Юнусов, Яҳё Ғуломов ва Бўрибой Аҳмедов, Ойбек ва Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Зулфия, Саид Аҳмад ва Озод Шарафиддинов, Лутфихоним Саримсоқова ва Ҳалима Носирова, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев ва бошқа кўплаб номлари дунёга танилган машҳур илм-фан, адабиёт ва маданият арбобларининг етишиб чиқишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилди.
Юқорида зикр этилган мисолларни умумлаштирган ҳолда, муҳим бир фикрни хулоса тариқасида таъкидлашни зарур, деб биламан. Гап шундаки, тарихимизда бундай беназир сиймоларнинг мавжудлиги - такроран айтишга тўғри келади - ўзига хос бир феномен, яъни ўта ноёб ҳодисадир. Бу эса нафақат бугунги, айни пайтда эртанги авлодларимизнинг ҳам маънавий бойлигига айланиб, халқимизга ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган руҳий куч-қувват ва мадад бериши муқаррар.
Лекин айни пайтда, биз бир ҳақиқатни ҳам яхши англаймизки, фақат ўтмишга, аждодлар меросига маҳлиё бўлиб юришнинг ўзи билан узоққа бориб бўлмайди.
Тарихимиз саҳифалари шундан далолат берадики, юртимиз ривожи ҳамма замонларда ҳам бир текис кечмаган.
Айниқса, темурийлар ҳукмронлигидан сўнг - яъни XVII асрдан XX асрнинг бошларигача бўлган даврда Туркистон замини сиёсий парокандалик, жаҳолат ва қолоқликка юз тутди. Уч хонликка бўлиниб кетган минтақа узоқ муддат ўзаро зиддият ва қарама-қиршиликлар, уруш-жанжаллар гирдобида қолиб кетгани нафақат иқтисодий, молиявий ва ҳарбий салоҳият нуқтаи назаридан, балки ижтимоий-маънавий фикр ривожида ҳам кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаргани барчамизга яхши маълум.
Тарих ғилдирагининг айланиши билан, авваламбор, юрт ҳукмдорлари ва амалдорлари халқнинг тақдири ва келажаги ҳақида қайғуриш ўрнига, ўз шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиб, жаҳолат ва ғафлатга берилиб кетиши оқибатида биз бугун яшаётган минтақа умумбашарий тараққиёт жараёнларидан узилиб, ривожланишдан кескин орқада қолиб кетди.
Ўзаро низо ва адоватларнинг кучайиши, фақат ўз қобиғига, умрини ўтаб бўлган ақидаларга ўралашиб яшаш натижасида бир вақтлар буюк маданият ва тараққиёт даврларини бошидан кечирган эл-юртимизнинг бу пайтга келиб қандай оғир аҳволга тушиб қолганини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, кўп нарса ўз-ўзидан аён бўлади.
Бу ҳаётнинг шафқатсиз бир қонунияти бор. Яъни, тарихнинг мураккаб ва ҳал қилувчи бурилиш палласида ҳар қандай миллат ва элат ўз аҳиллиги ва бирдамлигини сақлаб, ўз миллий манфаатлари йўлида қатъият билан турмаса, масъулият ва ҳушёрлигини йўқотадиган бўлса, охир-оқибатда ўзининг энг катта, тенгсиз бойлиги бўлмиш мустақиллиги ва озодлигидан жудо бўлиши шубҳасиз.
Минг афсуски, ана шундай машъум қисмат Туркистон халқларини ҳам четлаб ўтмади: XIX асрдаги чоризм истилоси кўпгина сабаблар билан бир қаторда авваламбор ўша пайтда мавжуд бўлган сиёсий бошбошдоқлик, ҳукмрон кучларнинг узоқни кўролмаслиги, маънавий заифлиги оқибатида рўй берганини тарихий мисоллар исботлаб турибди. Бу аччиқ ҳақиқат барчамизга, айниқса, бугун ҳаётга катта умид ва ишонч билан кириб келаётган ёшларимизга доимо сабоқ бўлиши лозим.
Шу нуқтаи назардан қараганда, биз ўз тарихимизни холисона ва ҳаққоний баҳолаб, маънавий меросимизни бойитиш ва ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз, шу асосда бугунги жаҳон илму фани ва маданиятининг юксак чўққиларини эгаллашдек буюк вазифага ҳар томонлама муносиб ва қодир бўлишимиз даркор.
Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Боланинг характерини, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар - яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида қарор топиши табиийдир.
Шунинг учун ҳам айнан оила муҳитида пайдо бўладиган ота-онага ҳурмат, уларнинг олдидаги умрбод қарздорлик бурчини чуқур англаш ҳар қайси инсонга хос бўлган одамийлик фазилатлари ва оилавий муносабатларнинг негизини, оиланинг маънавий оламини ташкил этади.
Кўп йиллик илмий кузатиш ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўз умри давомида оладиган барча информациянинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан.
Боланинг онги асосан 5-7 ёшда шаклланишини инобатга оладиган бўлсак, айнан ана шу даврда унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди. Халқимизнинг «Қуш уясида кўрганини қилади», деган доно мақоли, ўйлайманки, мана шу азалий ҳақиқатни яққол акс эттиради.
Одамзот учун бир умр зарур бўладиган табиий кўникма ва хусусиятлар, масалан, ҳар қайси боланинг ўзига хос ва ўзига мос қобилияти, атрофидаги одамлар билан муомаласи, тенгдошлари орасида ўзини қандай ҳис қилиши, етакчилик хислатларига эга бўлиши ёки эга бўлмаслиги, керак бўлса, дунёқараши - буларнинг барчаси аввало унинг туғма табиати, шу билан бирга, оилада оладиган тарбиясига узвий боғлиқ эканини ҳаёт тажрибаси кўп мисолларда тасдиқлаб беради.
Айнан мана шу даврда бола ҳамма яхши-ёмон нарсани тушуниб, англай бошлайди, унинг беғубор онги бамисоли босма қоғоз сингари оиладаги, ён-атрофдаги барча воқеа-ҳодисаларни, уларнинг замиридаги таассуротларни ўзига шимиб-сингдириб олади. Унинг ота-онасига, бобо ва момоларига меҳри ва ҳурмати, ўзини ўраб турган муҳитга нисбатан муносабати кундан-кунга такомиллашиб боради.
Қисқача айтганда, хонадондаги ҳар бир нарса - дарахт ва ўсимликлар бўладими, турли ўйинчоқлар, уй ҳайвонлари бўладими - буларнинг барчаси боланинг кўзига гўёки оламнинг беқиёс мўъжизаси бўлиб кўринади ва шу тариқа у ёруғ дунёни ўзи учун кашф қилади.
Таассуфки, баъзи ота-оналар ўз фарзандининг ана шундай қизиқиши ва интилишларига, унинг онгу тафаккурида ҳар куни бир ўзгариш рўй бериб, кўзида янги-янги саволлар пайдо бўлаётганига аҳамият бермайди. Боз устига, агар ота оилада ўзини тутишни билмаса, ахлоқ-одоб бобида фарзандларига ўрнак бўлиш ўрнига қўпол муомала қиладиган бўлса, бу ҳолат, табиийки, бола маънавий оламининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади, вақти-соати келиб, унинг характерида инсон деган номга нолойиқ, хунук бир одат сифатида намоён бўлади.
Ёки оилада қўни-қўшниларни кўролмаслик, фисқу фасод, иғво муҳити ҳукмрон бўлса, ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси боланинг хотирасида тузатиб бўлмайдиган оғир асорат қолдиради. Умуман, оиладаги маънавий муҳит ва тарбия туфайли бола ё меҳрибон ва раҳмдил, ёки худбин ва бағритош бўлиб вояга етишини тушуниш қийин эмас.
Биз ўз фарзандларимизнинг бахту саодатини, иқболи ва камолини кўришни истар эканмиз, нафақат оиладаги, балки маҳалла-кўйдаги одамларнинг хатти-ҳаракати ҳам боланинг шаклланиб келаётган соф қалби ва онгига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида доимо ўйлашимиз, бу масалада зиммамизда қандай улкан масъулият борлигини унутмаслигимиз зарур.
Оилавий тарбия масаласида хатога йўл қўймаслик учун аввало ҳар қайси хонадондаги маънавий иқлимни ўзаро ҳурмат, ахлоқ-одоб, инсоний муносабатлар асосига қуриш айни муддао бўлур эди. Бу ҳақда гапирганда, мен мумтоз ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» асаридаги қаҳрамонларнинг ўзаро муомала ва мулоқотлари, уларнинг ҳатто кичик фарзандларини ҳам «сиз»лаб гапириши мисолида ота-боболаримизнинг оила маънавиятига қанчалик катта эътибор берганига ишонч ҳосил қиламан.
Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда ҳам юртимизда ана шундай гўзал ахлоқ мезонлари билан яшаб келаётган, ўғил-қизларини шу руҳда тарбиялаётган кўплаб ибратли оилалар барчамизда ҳавас уйғотиши табиийдир.
Маълумки, ўзбек халқи азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Албатта, фарзандга меҳр қўйиш, уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин болаларимизни ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказиш биз учун доимо долзарб аҳамият касб этиб келган. Бу масалага эътибор бермаслик нафақат айрим ота-оналар, балки бутун жамият учун жуда қимматга тушишини ҳам кўпгина ҳаётий мисолларда кўриш мумкин.
Ўз-ўзидан равшанки, юқорида зикр этилганидек, бола тарбиясида соғлом насл масаласи ҳам муҳим роль ўйнашини инкор этиб бўлмайди. Ақли расо ҳар қайси инсон яхши англайдики, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.
Шахсан менга «насл» ва «насиба» деган сўзлар ўртасида қандайдир илоҳий боғлиқлик бордек туюлади. Албатта, ҳар бир бандага ризқ-насибани Оллоҳ таоло беради. Лекин бу ҳаётда насибаси бутун ва тўла бўлиши учун инсоннинг ўзи ҳам чин дилдан интилиши, зурриёдини соғлом муҳитда тарбиялаши катта аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз зарур.
Бугунги кунда бизнинг қилаётган барча ишларимиз фарзандларимизнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилмоқда. Лекин бахту саодат фақат бойлик, молу мулк билан белгиланмайди. Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир.
Шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланишини истардим.
Шу боис биз мустақиллик даврида оила институтини жамиятнинг бошқа муҳим ижтимоий тузилмалари, юртимиздаги маънавий ўзгаришлар билан уйғун тарзда ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш масаласига давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши сифатида доимий эътибор бериб келмоқдамиз.
Мамлакатимиз Конституциясида оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгилаб қўйилгани, шу асосда Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари ва бошқа зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, бу борада тегишли ҳуқуқий пойдевор яратилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Маълумки, кейинги йилларда юртимизда ҳар қайси йилга аниқ бир ном бериб, шу асосда махсус давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш яхши анъанага айланиб қолди.
Агар ушбу масаланинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу йўлдаги дастлабки салмоқли қадамларимиз 1998 йилни мамлакатимизда «Оила йили» деб эълон қилиш билан бошланганининг ўзи ҳам, ўйлайманки, кўп нарсани англатади.
Шу маънода, оилани, унинг боқий қадриятларини улуғлаб, мамлакатимизда «Эл-юрт таянчи» деган муаззам ёдгорлик барпо этганимиз кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлганини таъкидлаш жоиз.
Қадимий Қарши шаҳрининг 2700 йиллик тўйи арафасида шу табаррук заминда қад ростлаган бу муҳташам бадиий обида орқали биз минг йиллар давомида қанча-қанча синов ва машаққатларни бошидан кечириб, ўз она юртини ҳар қандай бало-қазолардан асраб-авайлаб келган, ўғил-қизларини ақл-заковат, мардлик ва матонат соҳиби этиб тарбиялаган бунёдкор халқимизга, унинг том маънода таянчи бўлган оилага чексиз ҳурмат-эҳтиром туйғусини мужассам этишни мақсад қилиб қўйдик. Эл-юртимизнинг олижаноб қарашларига ғоят ҳамоҳанг бўлган ушбу ёдгорлик мажмуаси қисқа вақт ичида табаррук зиёратгоҳга айланиб қолгани барчамизни қувонтиради.
Мухтасар айтганда, ҳаммамизга аён бўлиши табиийки, оила соғлом экан -жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарордир.
Маънавий ҳаётимизни юксалтириш ҳақида гапирганда, маҳалланинг роли ва таъсири хусусида тўхталиш албатта ўринлидир. Маълумки, азалдан ўзбек маҳаллалари чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб келади. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кимсалар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар авваламбор маҳалла муҳитида шаклланган ва ривожланган. Халқимизга хос ўзини ўзи бошқариш тизимининг бу ноёб усули қадим-қадимдан одамларнинг нафақат тилида, балки дилида, бутун ҳаётида чуқур жой эгаллагани бежиз эмас. Биз «Маҳалла - ҳам ота, ҳам она» деган ҳикматли нақлни ана шу ҳаётий ҳақиқатнинг ифодаси сифатида қабул қиламиз.
Маҳалла ҳақида гапирганда, кўпчилик ана шундай чуқур маъноли сўзларни эслаши ва тилга олиши табиий. Улар шу тариқа наинки ўзларининг дарду ташвишларини ҳал қиладиган таъсирчан ижтимоий фуқаролик идораси, айни вақтда она юрт рамзи бўлган маҳаллага ўзининг муносабатини изҳор этади.
Мустақиллик йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, удум ва анъаналаримиз қайта тикланиб, замон талаблари асосида бойиб бормоқда. Шу билан бирга, маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилмоқда, улар бугун ўзини ўзи бошқариш идораси, ҳақиқий демократия дарсхонаси сифатида кенг кўламли фаолият олиб бормоқда. Давлатчилигимиз тарихида биринчи марта «маҳалла» тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилди. Маҳалла бошқарувига бундай катта эътибор бугун мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг халқчиллигидан далолат беради. Айни пайтда у юртимизда амалга оширилаётган «Кучли давлатдан - кучли жамият сари» деган тамойилнинг амалий ифодаси бўлиб, маънавий ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодимизнинг онгу тафаккурини замонавий асосда шакллантириш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маҳалланинг халқ маънавияти билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида сўз юритиб, уларни кўз ўнгимиздан ўтказиб, атрофлича таҳлил қилар эканмиз, ҳеч иккиланмасдан айтиш керакки, биз ҳар қайси хонадон, бутун эл-юртимиздаги маънавий иқлим ва вазиятни англамоқчи бўлсак, бу борадаги ҳақиқий манзаранинг ёрқин ифодасини аввало маҳалла ҳаётида худди ойнадек яққол кўриш имконига эга бўламиз.
Шу сабабли биз маънавий ҳаётимизни, миллий онг ва қадриятларимиз, эътиқод ва тафаккуримиз, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, маънавий оламимизни юксалтиришга интилар эканмиз, буларнинг барчаси маҳалла идорасига янада кўпроқ имконият бериш, унинг ҳуқуқий ва амалий ваколатларини кенгайтириш билан бевосита алоқадор эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз. Шу орқали биз ўзимизнинг эзгу мақсадимиз бўлмиш эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида, ҳеч шубҳасиз, улкан қадам қўйган бўламиз.
Маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган яна бир муҳим ҳаётий омил - бу таълим-тарбия тизими билан чамбарчас боғлиқдир.
Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган.
Албатта, таълим-тарбия - онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни, халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди.
Шу боис бу соҳада юзаки, расмий ёндашувларга, пухта ўйланмаган ишларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Мактаб, таълим-тарбия масаласи давлат ва жамият назоратида бўлиши Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, бу кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг иштироки ва қўллаб-қувватлашини талаб қиладиган умуммиллий масаладир.
Шуни унутмаслигимиз керакки, келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ.
Бунинг учун ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш - таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак. Бу эса таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб боришни талаб этади.
Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди - бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси.
Бу ҳақда фикр юритганда, мен Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир» деган чуқур маъноли сўзларини эслайман. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.
Нега деганда, бизга собиқ тузумдан мерос бўлиб қолган маориф тизимининг энг номаъқул томони шундан иборат эдики, унда ўқув жараёнида ўқувчи ва талабаларнинг мустақил ва эркин фикрлашига йўл қўйилмас эди. Ҳар қайси ўқув юртини битирувчиларнинг билимига қараб эмас, аксинча, уларнинг собиқ совет тизимига ва сохта ғояларга садоқатини ҳисобга олиб баҳолаш ва ҳаётга йўллаш тамойили асосий ўринни эгаллар эди. Кўп ҳолларда сифат ўрнига сон кетидан қувиш устунлик қиларди. Аксарият ёшлар ҳақиқий билим ёки малака орттириш мақсадида эмас, кўпроқ амалда дипломли бўлиб олиш илинжида техникум ёки институтларга кирар эди.
Шунинг учун ҳам мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ бутун мамлакат миқёсида таълим ва тарбия, илм-фан, касб-ҳунар ўргатиш тизимларини тубдан ислоҳ қилишга ниҳоятда катта зарурат сезила бошлади. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ишлаб чиқиш билан боғлиқ жараён узоқ йиллар мобайнида бу соҳада талай муаммолар йиғилиб қолганини кўрсатди. Мен бунга ушбу дастур лойиҳаси устида саккиз ой мобайнида ишлаш жараёнида шахсан амин бўлдим. Шунинг учун ҳам бу оғир, масъулиятли, аммо ҳал қилишни асло пайсалга солиб бўлмайдиган ишни қадам-бақадам, изчиллик билан бажаришга бел боғладик.
Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотлар бошланган дастлабки йилларда мен жаҳон тажрибаси ва ҳаётда ўзини кўп бор оқлаган ҳақиқатдан келиб чиқиб, агар бу мақсадларимизни муваффақиятли равишда амалга ошира олсак, тез орада ҳаётимизда ижобий маънодаги «портлаш эффекти»га, яъни, янги таълим моделининг кучли самарасига эришамиз, деган фикрни билдирган эдим.
Дарҳақиқат, истиқлол даврида барпо этилган, барча шарт-шароитларга эга бўлган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, замонавий касб-ҳунар ва илм-маърифат сирларини ўрганаётган, ҳозирданоқ икки-уч тилда бемалол гаплаша оладиган минг-минглаб ўқувчилар, катта ҳаётга кириб келаётган, ўз истеъдоди ва салоҳиятини ёрқин намоён этаётган ёш кадрларимиз мисолида ана шундай орзу-интилишларимиз бугуннинг ўзида ўз ҳосилини бераётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Энг муҳими шундаки, «портлаш эффекти»нинг ҳақиқий моҳияти ва аҳамияти вақт ўтиши билан, биз тарбия қилаётган соғлом ва баркамол авлоднинг сафимизга тобора илдам кириб бориши билан янада яққолроқ сезилади.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш жараёнида мактаб таълими, айниқса, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эътиборни кучайтириш биз учун кун тартибидаги энг муҳим ва жиддий масалага айланди.
Шу мақсадда юртимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва мантиқий давоми бўлмиш 2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури қабул қилинди.
Ушбу дастурга мувофиқ, юртимизда мавжуд бўлган ўн мингга яқин умумтаълим мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим жараёнининг мазмунини тубдан такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, охирги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга оширган, кўлами ва моҳиятига кўра улкан ишларимиз биз кўзлаган эзгу ниятларимизга эришиш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт барпо этиш, ёшларимиз, бутун халқимизнинг маънавий юксалиши йўлида мустаҳкам замин яратди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги
Маънавиятнинг инсон ва жамият ҳаётидаги моҳияти ва аҳамияти ҳақида фикр юритганда, бу борада асрлар давомида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган бир масалага алоҳида тўхталиб ўтиш лозим, деб ўйлайман. Яъни, одамнинг кундалик ҳаёти ва фаолиятида моддий ва маънавий асослар бир-бирига нисбатан қандай ўрин тутиши, уларнинг қайси бири устуворлик касб этиши ҳақида турли-туман, баъзан эса зиддиятли фикр ва қарашлар мавжуд бўлганини ва бундай тортишувлар ҳозиргача давом этаётганини кузатиш қийин эмас.
Башарият тарихида яшаб ўтган не-не буюк алломалар бу масала бўйича кўплаб асарлар яратиб қолдиргани ҳам шундан далолат беради.
Мисол учун, қадимий ҳинд, хитой ёки юнон файласуфларини оласизми, ўрта асрлардаги Шарқ ва Ғарб Уйғониш даври намояндаларини оласизми, ислом оламида ном қозонган мутафаккир зотларни оласизми - уларнинг илмий меросида моддий ва маънавий олам ўртасидаги муносабатларга кенг ўрин берилганини кўриш мумкин.
Масалан, антик давр файласуфлари бўлмиш Сократ ва Платон, Эпикур ва Демокрит, хитой донишманди Конфуций ва бошқа алломаларнинг бу борадаги назарий қарашлари фан тарихидан яхши маълум. Уларнинг айримлари руҳий оламни бирламчи деб билса, баъзилари эса моддий оламни асосий ўринга қўяди.
Ана шундай тушунча ва тасаввурлар асосида кейинчалик материализм ва идеализм каби таълимотлар майдонга чиқди. Ўйлайманки, бу ўринда уларнинг тарихи, маъно-мазмуни ҳақида батафсил тўхталиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Албатта, бундай фалсафий ёндашувларнинг ҳар бири ўз давридаги мавжуд сиёсий-ижтимоий вазият, ҳукмрон мафкура, жамиятнинг ҳуқуқий ва маданий савияси, турли социал гуруҳ ва тоифаларнинг қарашларини ифода этишга хизмат қилади.
Ижтимоий тараққиётнинг турли даврларида бундай баҳслар соф назарий масала доирасидан чиқиб, маълум бир тузум ёки давлатнинг расмий мафкураси мақомини ҳам олган. Бунинг тасдиғини узоққа бормасдан яқин тарихимизда -шўро замонида материалистик қарашни устун қўйиш натижасида материя бирламчи, онг эса иккиламчи, деган тамойилнинг ҳукмрон дунёқараш даражасига кўтарилгани, бунинг оқибатида инсоннинг маънавий қадриятлари, айниқса, унинг миллий ва диний туйғуларига беписанд қараб келингани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ушбу масалага чуқурроқ ва атрофлича назар ташлайдиган бўлсак, аввало шуни айтиш керакки, бу кўҳна дунё, биз яшаётган ҳаёт ягона, яхлит бир воқеликдир. Шундай экан, моддий эҳтиёжларни инсоннинг руҳий оламига қарама-қарши қўйиш, уларнинг бирини устун деб билган ҳолда, тирикликнинг асосий мақсади сифатида қабул қилиш қандайдир бирёқлама қараш ифодаси, деб айтсак, хато бўлмайди.
Қолаверса, бу масалага бундай кескин ёндашув, хусусан, одамнинг руҳий дунёсини менсимаслик, уни иккиламчи ўринга қўйиш охир-оқибатда жамият ҳаётида инқирозга олиб келиши муқаррар эканини тарих кўп маротаба исботлаган.
Бир сўз билан айтганда, инсон ўз тимсолида ҳам моддий, ҳам маънавий хусусият ва аломатларни мужассам этган ноёб хилқат, Яратганнинг буюк ва сирли мўъжизасидир. Шунинг учун ҳам унинг ички дунёси, унга ато этилган фазилат ва хислатларни охиригача англаш, тушунишнинг ўзи ўта мураккаб бир масала.
Мана шундай қараш ва фикрларни умумлаштириб, инсонга хос орзу¬интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий оламни бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади.
Қачонки ана шу икки муҳим омил ўзаро уйғунлашса, том маънодаги қўш қанотга айланса, шундагина инсон, давлат ва жамият ҳаётида ўсиш-ўзгариш, юксалиш жараёнлари содир бўлади.
Биз истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб халқимизнинг асрлар давомида интилиб келган орзу-мақсадлари ва замон талабларини, дунёвий тараққиёт мезонларини ҳисобга олган ҳолда, жамиятимиз ҳаётида ана шу икки омилнинг уйғун тарзда ривожланишига алоҳида эътибор қаратдик. Мустақиллик биз учун нафақат иқтисодий, балки беқиёс маънавий имкониятлар манбаи эканини англаб, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини, иқтисодий-ижтимоий янгиланиш жараёнларини айнан шу асосда ташкил этишга устувор аҳамият бердик.
Шу ўринда баъзи бир сиёсатчи ва назариётчиларнинг, олдин моддий ҳаётни, кейин маънавий масалаларни ўйлаш керак, деган мазмундаги фикрлари мутлақо хато бўлиб, янги жамият, янги ҳаёт қуриш жараёнида фақат зарар етказиши мумкинлигини бугун ҳаётнинг ўзи ҳар қадамда тасдиқлаб бермоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, бозор муносабатларига ўтиш даврида жамият аъзоларининг ўз салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун уларга биринчи галда тенг имконият ва эркинлик муҳитини, ҳам қонуний, ҳам амалий шарт-шароитларни яратиб бериш зарур. Оддий қилиб айтганда, куч-ғайрат билан бирга, билим ва тажрибаси, ақл-идроки, касб малакаси етарли бўлган, қонунларни, ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини яхши билган одамгина тадбиркорлик ёки фермерлик билан шуғулланиши, ўз хусусий ишини оқилона ва самарали ташкил этиши мумкин.
Кўриниб турибдики, моддий ва маънавий ҳаёт тамойиллари бир-бирини инкор этмайди, аксинча, ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдиради. Юксак тараққиётга эришишни орзу қиладиган ҳар бир инсон ва жамият ўз ҳаётини айнан ана шундай диалектик ва узвий боғлиқлик асосида қурган ва ривожлантирган тақдирдагина ижобий натижаларга эриша олади.
Ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, биз иқтисодий ўнгланиш, иқтисодий тикланиш, иқтисодий ривожланиш жараёнларининг маънавий покланиш, маънавий юксалиш ҳаракатлари билан тамомила уйғун равишда ривожланиб боришини доимо давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказига қўйиб келмоқдамиз.
Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти муносабатларининг жорий этилиши туфайли юртдошларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқараши қанчалик ўзгариб кетгани ҳам шундан далолат беради. Кўпчиликка яхши аёнки, 90-йилларнинг бошларида аксарият одамлар бизда ҳам кимнингдир хусусий заводи ёки фермаси у ёқда турсин, кичкинагина дўкони бўлиши мумкинлигини ҳам тасаввур эта олмас, тасаввур этган тақдирда ҳам ўзига қабул қила олмас эди.
Чунки ҳамма нарса давлат мулки бўлган эски тузумда хусусий мулкка эга бўлиш, тадбиркорлик ва кичик бизнес билан шуғулланиш бизга бегона бўлган тушунчалар сифатида баҳоланар эди. Бугунги кунда эса хусусий мулк тушунчасига нисбатан муносабат қандай ўзгариб, у ҳаётимиздан қанчалар чуқур жой олиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз ва бу ҳолат ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди.
Кишилик тарихи, бугун дунёдаги кўпгина тараққий топган, барқарор ва бадавлат яшаб келаётган давлатлар тажрибаси шундан далолат берадики, аввало ўзининг хусусий мулкига эга бўлган шахс ва бундай шахслардан ташкил топган тоифа ўзини ва оиласини боқишга, шу билан бирга, орттирган даромади ҳисобидан ўз яқинлари ва муҳтож инсонларга беғараз ёрдам кўрсатиш, эл-юрт учун хизмат қиладиган мактаб, касалхона, маданият ва спорт масканлари барпо этиш, бир сўз билан айтадиган бўлсак, давлат ва жамият зиммасидаги кўпгина вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшади.
Энг муҳими, бундай инсонлар юртимизда тинчлик-осойишталик ва барқарорликни сақлаш ва ҳимоялаш, ёруғ келажагимизни қуриш йўлида астойдил жон куйдириб меҳнат қилади.
Буларнинг барчаси маънавий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиздан озиқланган иқтисодий тараққиёт йўлимиз жамиятимиз ҳаётига қандай ижобий таъсир кўрсатаётганининг ёрқин ифодасидир. Энг муҳими, юртимизда моддий ва маънавий жараёнларнинг ўзаро мутаносиб тарзда ривожлантирилаётгани сиёсий-ижтимоий барқарорлик ва тараққиётнинг мустаҳкам гарови бўлиб хизмат қилмоқда.
Иккинчи боб
Мустақиллик - маънавий тикланиш ва юксалиш Миллий ғоя ва маънавий ҳаёт
Инсониятнинг кўп асрлик тарихи шундан далолат берадики, бу дунёда ўзининг миллий давлатини қуришга азму қарор қилган ҳар қайси халқ юксак вазифаларни амалга ошириш, шу йўлда одамларни бирлаштириш ва сафарбар қилиш, уларнинг қалбида ишонч уйғотиш, эски ижтимоий тузумдан мутлақо янги тузумга ўтишда ўзига қўшимча куч-қувват ва мадад топишда умумий, ягона мақсад ва орзу-интилиш ифодаси бўлган миллий ғояни таянч ва суянч деб билади.
Миллий ғоя деганда, аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар давомида эъзозлаб келинаётган, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ва бутун халқнинг қалбида чуқур илдиз отиб, унинг маънавий эҳтиёжи ва ҳаёт талабига айланиб кетган, таъбир жоиз бўлса, ҳар қайси миллатнинг энг эзгу орзу-интилиш ва умид-мақсадларини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, бундай кенг маъноли тушунчанинг мазмун-моҳиятини ифода қилган бўламиз.
Истиқлолимизни қўлга киритган илк кунлардан бошлаб, биз миллий ғоямизнинг энг асосий тушунча ва тамойилларини белгилаб олиш ва ишлаб чиқишга ҳаракат қилдик. Шу мақсадда ижтимоий фанлар соҳасидаги етакчи олимлар, сиёсатшунос ва иқтисодчилар, ижодкор зиёлилар, кенг жамоатчилигимиз эътиборини ана шу муҳим масалага қаратдик. Халқимизнинг асрий орзуси, кўзлаган юксак мақсадларимизга етишнинг асосий омили -авваламбор мустақилликни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ эканидан келиб чиққан ҳолда, миллий ғоямизнинг маъно-мазмунини ҳам ана шундай мезонлар негизида белгилашни вазифа қилиб қўйдик ва бу борада бир қанча эътиборга лойиқ ишларни амалга оширдик.
Айни пайтда ҳозирги мураккаб ва таҳликали замон талаблари, жамиятимизни янгилаш, мамлакатимизни модернизация қилиш билан боғлиқ мақсадларимизга уйғун ва ҳамоҳанг равишда ҳаётнинг ўзи олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда.
Табиийки, миллий ғоямиз шу юртда яшаётган барча одамларнинг олижаноб ниятларини, ҳаётий манфаатларини мужассам этадиган юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги деган юксак тушунчаларни ўз ичига олади.
Бутун инсоният тарихи, халқимизнинг неча минг йиллик ўтмиши аччиқ сабоқ ва хулосалар асосида бир ҳақиқатни исботлаб бермоқда. Яъни, биз барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаётга эришиш йўлида ўз олдимизга қандай режа ва дастурларни қўймайлик, барча олижаноб орзу-интилишларимизни амалга оширишнинг ягона шарти ва гарови - бу тинчлик ва осойишталикдир. Бежиз эмаски, юртимиздаги қайси хонадонга кирманг, қандай йиғин ёки маърака бўлмасин, фотиҳага қўл очилганда, ёшу қари, эркагу аёл - барчамиз Яратгандан тинчлик ва осойишталикни сўраб дуо қиламиз.
Маълумки, инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири - бу тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдан иборат. Бу ҳуқуқни амалга ошириш - давлат ва жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим шартидир. Демократиянинг инсонпарварлиги ҳам биринчи галда ана шу мезон билан ўлчанади.
Миллий ғоямизнинг асосий мазмунини ифода этадиган йўналишлар ҳақида гапирганда, ҳеч шубҳасиз, биз Ватан равнақи ва тараққиётини ўзимизга тасаввур қиламиз.
Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлади.
Ватан равнақи аввало унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу ўз навбатида ҳар бир юртдошимизни зиммасидаги юксак фуқаролик масъулиятини ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади. Ва ҳар қайси фуқаро ўз мамлакатининг халқаро ҳамжамият сафидан муносиб ўрин олиши, бугунги кунда тараққий топган тинч ва бадавлат яшаётган давлатлар қаторига кўтарилишидан манфаатдор бўлиши шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, бу икки тушунча -Ватан равнақи ва фаровонлик масаласи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини тушуниш қийин эмас.
Ана шундай мантиқий хулосадан келиб чиққан ҳолда, халқ фаровонлиги деган эзгу тушунчани ҳам миллий ғоямизнинг негизини ташкил этадиган тамойиллар қаторига қўйишимиз табиийдир.
Нега деганда, бу дунёда ҳар бир одам тўқ ва бадавлат ҳаёт кечириш, эл-юрт учун муносиб фарзанд тарбиялаш, уларга билим бериш, уйли-жойли қилиш, уларнинг бахту камолини кўриш орзуси билан яшайди.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг пировард мақсади - одамларимизнинг ана шундай орзу-умидларини рўёбга чиқариш, халқимизга ҳар томонлама муносиб турмуш шароити яратиб беришдан иборат экани ҳақида такроран гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.
Бу мақсадга эришиш учун юртимизда барча асослар - табиий бойликлар, унумдор ер, катта иқтисодий ва илмий-техникавий, инсоний ва маънавий салоҳият мавжуд. Энг муҳими, бу диёрда ана шу фаровон ҳаётни ўз кучи, ўз ақл-заковати билан барпо этишга қодир бўлган меҳнатсевар ва истеъдодли халқ яшайди.
Мухтасар қилиб айтганда, миллий ғоямизга қайси томондан таъриф ва баҳо бермайлик, халқимизни бирлаштирадиган бу олий мақсадлар асрлар давомида унинг юрагидан, қалбидан жой олиб келган орзу-армон ва эзгу интилишлар билан чамбарчас боғлиқ эканига ишонч ҳосил қиламиз.
Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифа - ана шу юксак тушунчалар билан бирга миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодимизни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган етук дунёқараш эгалари қилиб тарбиялашдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, биз фуқаролар дунёқарашини бошқариш фикридан йироқмиз, балки одамларнинг тафаккурини бойитиш, уни янги маъно ва мазмун билан тўлдириш тарафдоримиз.
Албатта, барчамиз яхши тушунамизки, «миллий ғоя» деган сўз фақат бир миллатга мансуб бўлиб қолмасдан, мана шу табаррук диёримиз - Ўзбекистон тупроғида яшаётган, уни ўз она Ватани деб биладиган барча миллат ва элатларга бирдек дахлдордир.
Миллий ғояда мужассам бўлган буюк мақсадларни рўёбга чиқариш авваламбор жамиятимиз ва шу жамият аъзоси бўлмиш ҳар қайси инсоннинг маънавий олами ва дунёқарашидаги ижобий ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ эканини унутмаслигимиз зарур.
Шу ўринда бир фикрни алоҳида урғу бериб айтишни жоиз деб биламан.
Бизнинг энг улуғ мақсадимиз, энг улуғ ғоямиз шуки, Ўзбекистоннинг битта йўли бор: мустақилликни мустаҳкамлаб, мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириб, ёруғ ва эркин ҳаёт сари олға юриш.
Мафкурамиз, тутган йўлимиз, бор куч-ғайратимиз ана шу улуғвор ниятни амалга оширишга йўналтирилиши керак. Халқимизни, юртимиздаги барча сиёсий кучларни, нодавлат ташкилотларни ягона умумий мақсад атрофида бирлаштирадиган, бир тану бир жон қиладиган миллий ғоя ҳам аслида шу.
Маънавият ва жамиятнинг янгиланиши
Бугунги кунда мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини барпо этишда эркин фуқаро маънавиятини шакллантириш масаласи биз учун ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг самарадорлиги аввало халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир.
Шу боисдан ҳам, ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ёндаша оладиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялаш вазифаси истиқлол йилларида биз учун ҳал қилувчи масалага айланди.
Таъкидлаш жоизки, бу жараён юртимизда ўта мураккаб шароитда -мустабид шўро тузуми барбод бўлган ва янгича ижтимоий муносабатлар қарор топаётган кескин бир вазиятда юз берди.
Мана шундай ўта қалтис ва мураккаб бир даврда юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асраб қолиш, Марказдан бўлаётган турли зарарли таъсирлардан халқимизни ҳимоя қилиш, ўз мустақил сиёсатимизни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида 1990 йилнинг 24 март куни республика Олий Кенгашининг биринчи сессиясида президентлик бошқаруви жорий этилди.
Таъкидлаш жоизки, ўшанда СССР ҳудудидаги республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда мана шундай юксак лавозим жорий этилган ва шу тариқа биз юртимизни мустақиллик йўлига бошлаган дастлабки қадамни қўйган эдик.
Ўша сессия мажлисида республикамизда вужудга келган оғир вазият ва уни тузатиш бўйича олдимизда турган энг асосий вазифалар ҳақида сўз борганда, бир-биридан долзарб, бир-биридан муҳим муаммоларни ечиш борасида айнан маънавият масаласига алоҳида тўхталиб, халқ ноиблари, бутун халқимизга қарата мен қуйидаги фикрларни билдирган эдим:
«Бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифаларни кўз ўнгимиздан ўтказар эканмиз, аҳолининг кундалик эҳтиёжларига бевосита дахлдор долзарб масалаларни ҳал қилиш билан бир қаторда биз эски тузум даврида инсон ҳаётининг негизи ва мураккаб томонлари, миллий қадриятлар, тарихий анъаналар, умуминсоний маънавий бойликлар билан ҳисоблашмаслик жамиятимизга қанчадан-қанча зарар келтирганини унутмаслигимиз керак.
Бу борада асосий ишларимиз нималардан иборат бўлиши лозим?
Биринчи навбатда миллий маданиятимиз, халқ маънавий бойлигининг илдизларига эътибор бериш зарур. Бу хазина асрлар давомида мисқоллаб тўпланган. Тарихнинг не-не синовларидан ўтган. Инсонларга оғир дамларда мадад бўлган.
Бизнинг вазифамиз - шу хазинани кўз қорачиғимиздек асраш ва янада бойитиш.
Сўзда эмас, амалда ҳар бир кишининг виждон эркинлигини, эътиқод эркинлигини таъминлашимиз керак. Биз одамларнинг маънавий тарбиясини ўйлаб, тинчлик ва хайрли ишларни кўзлаб ҳаракат қилаётган ҳар бир кишини қўллаб-қувватлаймиз, улар билан ҳамкорлик қиламиз.
Масаланинг бошқа томони - маърифат ва маданиятнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш. Инсоннинг тўлақонли ҳаёти учун ниҳоятда зарур бўлган мактаблар, кутубхоналар, театр ва бошқа маданият ўчоқларини кўпайтириш, уларнинг шароитини яхшилаш.
Биз кўп йиллар давомида маърифат ва маданиятга нотўғри муносабатда бўлдик. Унга сарфланаётган маблағлар доим бошқа соҳалардан кам бўлди. Натижада биз бу масалада орқада қолиб кетдик.
Бундан буён барча режаларимизда маданият, маърифат, жисмоний тарбия ва спорт биринчи даражали вазифалар қаторидан жой олиши лозим.
Ва ниҳоят, шу соҳаларда ишлаётган кадрлар масаласи. Ўқитувчилар ва шифокорлар, маданий-оқартув муассасаларидаги ва бошқа соҳалардаги кўплаб мутахассислар - чинакам зиёлилардир.
Айниқса, олимлар ва ижодкор ходимларимизга эътиборни кучайтириш керак. Чунки маънавий бойликларни айнан шулар яратади. Уларга ғамхўрлик қилиш, самарали фаолияти учун барча зарур моддий-маънавий шароитларни яратиб бериш давлат ҳокимияти ва хўжалик ташкилотлари раҳбарларининг бурчи ва масъулиятли вазифасидир.
Яна бир долзарб вазифа - ўсиб келаётган авлодга, унинг маънавий тарбиясига ниҳоятда катта жавобгарлик ҳисси билан ёндашиш масаласи. Нега деганда, ёшлар халқ маънавиятининг муносиб эгаларидир. Шунинг учун ҳар бир ўғил-қизимиз дастлабки қадамларидан бошлаб маданий бойликларимиздан баҳраманд бўлиши керак.
Истеъдодли ёшларимизнинг, йигит-қизларимизнинг ўз қизиққан соҳаларида етук инсонлар бўлиб етишиши учун тегишли шарт-шароитлар ҳали тўла яратилгани йўқ.
Агарки биз ўзимизнинг маънавий бурчимизни оқлашни истасак, уларга оталарча ғамхўрлик қилишимиз керак. Ана шу мақсадда биз уларнинг мамлакатимиз ва чет эллардаги нуфузли илмий марказларда таълим олиши учун маблағлар ажратдик. Бу ишлар учун ҳеч нарсани, шу жумладан, валютани ҳам аямаймиз.
Кейинги пайтда санъатда ошкораликни пеш қилиб, телевизор, кино экранларида, матбуот воситаларида бўлмағур лавҳаларни акс эттириш, бемаънилик ва ҳаёсизликни, баъзан эса, ҳатто ахлоқий бузуқликни тарғиб қилишлар кўпайиб қолди.
Барчамиз - қаерда, қандай лавозимда ишламайлик, жамиятимизнинг инсонийлик ва ахлоқий ақидаларини поймол қиладиган ана шундай тажовузкорлик кўринишларига қатъий равишда қарши туришимиз лозим. Бундай муносабат жамоатчилигимиз, халқимизга ҳам маъқул бўлади, деб ишонаман».
Орадан йиллар ўтиб, миллатимиз, халқимизнинг келажаги, унинг маънавий ҳаётини бойитиш мақсади билан йўғрилган бундай сўзлар ҳали истиқлолимиздан бир йилу тўрт ой олдин, айнан она тилимизда айтилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бугун ҳаётга кириб келаётган ёшларимиз учун, ўйлайманки, кўп нарса аён бўлади.
Айни пайтда юртимизда миллий тикланиш жараёни қарийб бир ярим аср давом этган ижтимоий-сиёсий қарамликдан кейин дастлабки пайтларда мутлақо табиий равишда ўзига хос «инкорни инкор» қонунияти асосида кечганини айтиш лозим. Лекин биз собиқ тузумнинг мафкуравий қарашларини умуман инкор этишнинг ўзи ҳеч қандай бунёдкорлик дастурига эга бўлмаган сиёсий ва маданий экстремизм хавфини туғдириши эҳтимолини яхши англар эдик. Шу билан бирга, тарихий қадриятлар, урф-одат ва анъаналар, турмуш тарзига орқа-олдини ўйламасдан, ёппасига бетартиб қайтиш бошқа бир кескинлик, дейлик, бугунги давр ҳаётини қабул қилмаслик, жамиятни янгилаш заруратини инкор этиш каби номақбул ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам унутмаслик зарур эди.
Барчамизга маълумки, миллат ва халқнинг руҳи, дунёқараши ва турмуш тарзини ифода этадиган миллий маънавиятга муносабат, уни замон талаблари асосида ривожлантириш, одамларнинг дунёқараши ва тафаккурини ўзгартириш масаласи ҳар томонлама чуқур ва пухта ўйлаб иш юритишни талаб қилади. Ўша пайтда баъзи одамлар, мана, биз мустақилликка эришдик, энди фақат ота-боболаримиздан қолган қадриятлар асосида яшашимиз керак, бошқача қарашларнинг бизга ҳожати йўқ, деган асоссиз фикрларни ҳам билдирган эди. Табиийки, бундай фикрларга асло қўшилиб бўлмас эди.
Бу борада тўғри йўл тутиш учун авваламбор миллий қадриятнинг ўзи нима эканини аниқ тушуниб олиш зарур. Албатта, биз тарих синовларидан ўтган, миллий манфаатларимиз, бугунги ва эртанги орзу-интилишларимизга, тараққиёт талабларига тўла жавоб берадиган, йиллар ўтгани сари қадри ортиб борадиган ғоя ва тушунчаларни қадрият деб биламиз.
Ҳар қандай ижтимоий ҳодиса сингари миллий қадриятларнинг ҳам ўзига хос ривожланиш қонунияти бор. Бу ҳақиқатни унутиш, миллий қадриятларни бирёқлама, сунъий равишда улуғлаш ва идеаллаштиришга уриниш, улардан сиёсий мақсадларда фойдаланиш салбий оқибатларга олиб келиши ҳаётда кўп бора ўз исботини топган. Айниқса, Ўзбекистон каби кўпмиллатли, кўпконфессияли мамлакатда бундай ҳаракатлар охир-оқибатда миллатлараро зиддият, миллатчилик, миллий ва диний бетоқатлик каби нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Биз халқимизнинг ақл-идроки, мустаҳкам иродаси, бағрикенглиги ва инсонпарварлигига таянган ҳолда, бу борада амалга оширган бир қатор ишлар бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили - бу миллатнинг руҳидир.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг сўзлари билан айтганда, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».
Бу ҳақда гапирганда, мустақиллик арафасида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласида қандай қизғин, баъзида кескин ва муросасиз баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтгани беихтиёр ёдимизга тушади. Ўшанда айрим сиёсий гуруҳлар Ўзбекистон шароитига мутлақо тўғри келмайдиган, бир-бирига бутунлай зид ва қарама-қарши фикрларни олға сурган, шунинг ҳисобидан ўзига обрў топиш, одамларни ортидан эргаштиришга уринган эди. Нега деганда, тил билан боғлиқ муаммолар орқали миллий туйғуларни рўкач қилиб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш мумкин.
Мана шундай ўта қалтис ва мураккаб вазиятда агарки озгина эҳтиросга берилсак, ҳушёрликни йўқотсак борми, арзимаган учқундан ўт чиқиб кетиши ҳеч гап эмасди. Марказда ва ўзимизда қулай баҳона кутиб, пайт пойлаб турган империяпараст кучларга айнан шу нарса керак эди. Аммо биз улар кутган йўлдан бормадик. Оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, барча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг талабларини қондирадиган, энг муҳими, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топишга эришдик.
Аввало, республика Олий Кенгаши қошида давлат тили бўйича таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар, журналистлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус комиссия ташкил қилинди. Комиссия аъзолари аҳолининг турли ижтимоий қатламлари, сиёсий гуруҳлар, барча миллат ва элат вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни атрофлича ўрганиб, республика раҳбарияти ва кенг жамоатчиликка доимий ахборот бериб борар эди. Ана шундай ишчанлик руҳида Олий Кенгаш сессиясига тақдим этиладиган лойиҳанинг ҳар бир моддаси бўйича ҳар тарафлама фикр алмашув, баҳс ва мунозаралар бўлиб ўтди.
Ниҳоят, 1989 йилнинг 19 октябрь куни бу ўта муҳим масала Олий Кенгаш сессияси муҳокамасига қўйилди. Ва қарийб бир ярим асрлик қарамликдан сўнг мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Бу Ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа эди.
Қабул қилинган қонунда давлат тили билан бирга юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тилларини ривожлантириш, давлат йўли билан ҳимоя қилиш, тили, дини ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ўз она тилида таълим, ахборот, керакли маълумот олиш каби ҳуқуқларини кафолатлаш масалалари аниқ белгилаб қўйилган эди. Бу қонун ўша пайтда бошқа республикаларда қабул қилинган тилга оид ҳужжатлардан ўзининг демократик моҳияти билан ажралиб туришини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, мазкур қонун давлат идораларида ишлаш, таълим олиш, мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиш, фуқаролик сингари масалаларда одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини камситадиган турли шартлар ва «ценз»лардан холи экани билан жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган талаб ва қоидаларга тўлиқ жавоб берар эди. Шунинг учун ҳам у кўпмиллатли халқимиз томонидан ижобий кутиб олингани бежиз эмас.
1992 йил 7 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.
Ўтган давр мобайнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, уни том маънодаги миллий қадриятга айлантириш йўлида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган улкан ишлар амалга оширилди.
Истиқлол йилларида ўзбек тилининг қўлланиш доираси амалда ниҳоятда кенгайгани, уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари, янги-янги луғатлар кўплаб чоп этилаётгани жамият тафаккурини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Айниқса, давлат тилининг халқаро миқёсда ҳам фаол мулоқот воситасига айланиб бораётгани эътиборлидир. Хусусан, хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан бўладиган учрашув ва суҳбатлар, музокаралар, тегишли ҳужжатларни имзолаш маросимларида, нуфузли саммитларда, расмий матбуот анжуманларида ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳаммамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.
Шу борада ўзбек тилининг компьютер ва Интернет, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт каби махсус термин ва тушунчаларни талаб қиладиган соҳаларда ҳам кенг қўллана бошлагани унинг имкониятлари нечоғлиқ катта эканини кўрсатади.
Ҳолбуки, бундан йигирма йил олдин оддийгина ариза ёки маълумотномани ҳам ўзбек тилида ёзишнинг имкони йўқ эди. Бугун бу ҳақда гапирсангиз, кўпчилик ёшларнинг ишониши қийин. Чунки ҳозирги пайтда олий ҳокимият идораларидан тортиб маҳаллий бошқарув идораларигача иш юритиш она тилимизда амалга оширилмоқда.
Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур. Айниқса, фундаментал фанлар, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, банк-молия тизими каби ўта муҳим соҳаларда она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш, бир сўз билан айтганда, ўзбек тилини илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш миллий ўзликни, Ватан туйғусини англашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз.
Маълумки, ўзбек тили асрлар давомида араб ёзуви асосида ривожланиб келган. Айни пайтда буюк аждодларимиз, тилимизнинг ўзига хос грамматик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, унинг улкан имкониятларига мос ёзув тизимини яратиш ҳақида доимо бош қотириб келганлари ҳам тарихий манбалардан яхши аён, деб ўйлайман.
Жумладан, 1929 йилда маърифатпарвар зиёлиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бу алифбо ўн йил мобайнида амалда бўлиб, лотин ёзувида халқимизнинг маънавий мулкига айланиб қолган кўплаб китоб ва дарсликлар, газета-журналлар ва бошқа матбаа маҳсулотлари, тарихий ҳужжатлар чоп этилди.
Афсуски, ҳукмрон мафкуранинг собиқ СССР ҳудудидаги барча халқлар маданиятини «ягона совет маданияти» деган сунъий ғоя остида бирлаштиришга қаратилган сиёсати туфайли бу ижобий тажриба ниҳоясига етмасдан қолиб кетди.
Табиийки, мустақилликка эришганимиздан сўнг халқимиз маънавий ҳаётидаги бошқа кўплаб муаммолар қатори тил ва алифбо масаласи ҳам биз учун кун тартибидаги долзарб вазифага айланди. Айниқса, она тилимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, фарзандларимиз учун чет тиллар, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаш борасида қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар бу масалани кечиктирмасдан ҳал қилишни талаб этар эди.
Лекин шуни ҳам айтиш керакки, бу масала қанчалик ўткир бўлмасин, биз уни ечишда ортиқча ҳиссиётларга берилмасдан, илмий асосда, ҳар томонлама ўйлаб, кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб иш тутдик. Шу мақсадда 1993 йил 2 сентябрда юртимизда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Ўтган давр мобайнида ана шу қонун ижросини таъминлаш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Аввало, ўзбек тилининг лотин ёзуви асосидаги имло қоидалари ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этилди. Бугунги кунда мамлакатимизда таълимнинг барча босқичларида ана шу алифбо асосида билим берилмоқда. Лотин ёзувида чоп этилаётган китоб ва дарсликлар, ўқув қўлланмалари, газета-журналлар, реклама ва эълонлар, давлат ҳужжатлари ҳозирги вақтда бу имло маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, бу масалага мантиқий кўз билан қарайдиган, энг муҳими, халқимизнинг кўпмиллатли эканини инобатга оладиган бўлсак, айрим миллий гуруҳлар кирилл ёзувини ишлатишини назарда тутиб, юқорида тилга олинган қонунда бу имлодан фойдаланиш учун ҳам имконият яратиш кўзда тутилган.
Айни вақтда жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозимлигини ҳам унутмаслигимиз зарур. Айниқса, баъзан расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элементларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоийнинг «Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз» деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади.
Албатта, жаҳон - кенг, дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз яккаю ягона. Бу гўзал юрт, бу муқаддас замин фақат бизга аталган. Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизнинг дилимизга жо бўлиши, ҳаётимиз мазмунига айланишини истардим.
Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз керакки, юртимизнинг ҳар бир бурчагида, барча шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси кўзимизни, қалбимизни яшнатиб турсин.
Бу ҳақда гапирар эканмиз, айни вақтда муҳим бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон ўзини энг аввало Ўзбекистон фуқароси деб, шундан кейингина муайян бир ҳудуд вакили, айтайлик, хоразмлик, самарқандлик ёки Фарғона водийси фарзанди деб ҳис қилиши лозим. Табиийки, бу ҳолат ҳар биримиз мансуб бўлган «мўъжаз ватан»нинг, туғилиб ўсган шаҳар ёки қишлоқнинг қадри ва аҳамиятини асло камайтирмайди. Бироқ шуни эсда тутиш керакки, ҳаддан ташқари бўрттириб юборилган маҳаллий ватанпарварлик миллатнинг, халқнинг жипслашувига халақит беради.
Биз Ватан туйғусини мана шундай яхлит ҳолда, яъни дунёда ягона ўзбек миллати бор, хоразмлик, фарғоналик, сурхондарёлик ўртасида ҳеч қандай миллий фарқ йўқ, уларнинг барчаси ўзбек халқининг фарзанди деб англашимиз, ёш авлодимизни айнан шу руҳда тарбиялашимиз зарур.
Бугунги кунда ёшларимиз юртимизнинг кўча ва хиёбонлари, метро ва автобус бекатлари, катта-катта майдонлар, биноларни безаб турган ўзбекча номлар, шиор ва лавҳаларни кўриб, буларнинг барчасини одатий бир ҳол сифатида қабул қилади. Ваҳоланки, яқин тарихимизда бу манзара бутунлай бошқача кўринишга эга эди. Биргина Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг номларини ўқиб, беихтиёр қайси мамлакатда юрганингизни билмай қолар эдингиз: Ленин, Маркс, Энгельс, Луначарский, Киров, Ворошилов, Лопатин ва ҳоказо. Шуниси ажабланарлики, большевиклар партиясининг доҳийлари бўлмиш бу инсонларнинг бирортаси ҳам умрида юртимизга қадам қўймаган, бизнинг тарихимиз ва қадриятларимизга мутлақо алоқаси бўлмаган кимсалар эди. Ёки шаҳардаги аксарият тураржой мавзелари «Ц-1», «Ц-2», «Ц-15» деган, одамда ҳеч қандай ҳис-туйғу, хотира уйғотмайдиган мавҳум номлар билан атаб келинганини эслайлик.
Буларнинг барчаси замирида совет мафкурасига хос бўлган, одамзотни тарихий хотира, Ватан туйғусидан жудо қилишга қаратилган ғаразли интилишлар мужассам эканини англаш, тушуниш қийин эмас.
Ҳолбуки, аждодларимиз ўзлари яшайдиган маҳалла, шаҳар ва қишлоқлар, боғ-хиёбонларга ном танлашга жуда катта эътибор берган. Мисол учун, Тошкентнинг ўн икки дарвозасига берилган чуқур маъноли, гўзал номларни олайлик. Самарқанд, Бешёғоч, Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Камолон, Қўймас, Қўқон, Қашқар дарвоза деган номлар авваламбор ўзининг аниқ тарихий-жуғрофий маъноси билан ажралиб туради.
Қадимий номларда ота-боболаримизнинг ҳаёт ва тафаккур тарзи яққол ўз аксини топган. Масалан, Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Пичоқчилик, Чархчилик, Кўнчилик, Дегрезлик, Тақачи, Эгарчи, Ўқчи, Заргарлик, Парчабоф сингари маҳалла номлари бу ерда ҳунармандчилик нақадар ривожланганидан, халқимизнинг азалдан ўтроқ ҳаёт кечириб, юксак маданий турмуш даражасига эга бўлганидан далолат беради.
Шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги йилларда пойтахтимизда миллий тарихимизга бегона бўлган, юқорида зикр этилган ясама, сиёсий номлар ўрнига Миробод, Ракат, Мингўрик, Дархонариқ, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Зарқайнар, Учтепа каби асл номларнинг тикланганини, энг муҳими, бундай ишлар мамлакатимизнинг барча минтақа ва ҳудудлари миқёсида амалга оширилаётганини таъкидлаш жоиз.
Маълумки, бугун биз юртимизда халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлган Конституция ва қонунлар асосида демократик, дунёвий давлат барпо этмоқдамиз. Бу давлат авваламбор дунёвий тараққиётга, унинг энг илғор ютуқ ва натижаларига таянади.
Айни пайтда шуни ҳам унутмаслик керакки, дунёвийлик - бу даҳрийлик дегани эмас. Дин ва диний эътиқод бутунлай рад этиладиган ҳаёт қандай ғайриинсоний кўринишга эга эканини биз кечаги тарихимиз мисолида яхши биламиз. Бундай мафкуранинг хатарли томони шундаки, у неча асрлар давомида дин негизида шаклланган, халқ ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетган қадриятлар - бу ёзма ёки оғзаки, моддий ёки маънавий мерос бўладими, ахлоқ ёки анъаналар бўладими, миллий дунёқараш ёки турмуш тарзи бўладими - буларнинг барчасини рад этади. Натижада одамзот ўзининг ички дунёси, ҳис-туйғу ва қарашлари, таяниб-суяниб турадиган пойдеворидан маҳрум бўлиб, «шўро доҳийлари» айтганидек, улкан давлат машинасининг «винтчаси»га айланади. Охир-оқибатда бундай одам ота-онасини ҳам, ўз миллати, халқи ва Ватанини ҳам танимайдиган аянчли ҳолатга тушиб қолади.
Собиқ мустабид тузум айнан ана шундай ёвуз мақсадларни кўзлар эди. Шунинг учун коммунистик мафкура авж олган даврларда, хусусан, ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида халқимизнинг бошига қандай азоб-уқубатлар ёғдирилганини, албатта, ҳеч қачон унутиб бўлмайди.
Ўша машъум йилларда кўпчилик ҳатто жаноза маросимларига бориш, яқин кишисини йўқотган одамлардан кўнгил сўрашга ҳам ҳайиқиб қолган эди. У ёғини сўрасангиз, баъзи масъул лавозимда ишлайдиган одамлар мафкура тазйиқидан юрак олдириб, ота-онаси қазо қилганда дафн маросимларида иштирок этмасликка ҳам мажбур бўлган эди.
Лекин ҳар қандай шафқатсиз таъқибларга қарамасдан, халқимиз барибир ўз муқаддас динига содиқ қолди. Шунинг ўзиёқ динни инсон, халқ ва жамият ҳаётидан асло ўчириб бўлмаслигидан яна бир бор далолат беради.
Биз муқаддас динимизнинг халқимиз тарихидаги ана шундай беқиёс ўрни ва таъсирини инобатга олган ҳолда, уни ҳар томонлама тиклаб, ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олишига эришдик.
Айни вақтда бугунги мураккаб ва шиддатли замонда жаҳонда ўз ўрнини топишга интиладиган ҳар қандай халқ ва миллат умумбашарий тараққиёт ютуқларини ҳар томонлама чуқур ва пухта эгаллаши шартлигини барчамиз яхши тушунамиз. Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ «Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур», деган ҳаққоний фикрлар билан Туркистон аҳлининг онгу шуурини уйғотишга даъват этгани бежиз эмас, албатта. Бу сўзларнинг қанчалик ҳақиқат эканини бугунги юксак тафаккур ва технологиялар замони ҳам исботламоқда.
Чиндан ҳам, агарки ҳозирги вақтда дунёвий илм-фан ва технологияларни чуқур ўзлаштирмасак, фақат тарихимиз, олис аждодларимизнинг кашфиётлари билан мақтаниб, уларга маҳлиё бўлиб яшайдиган бўлсак, ана шу ноёб меросни асраб-авайлаб, янада бойитиб, унга ўз ҳиссамизни қўшмасак, замон билан ҳамқадам бўлиб юрмасак, бизнинг жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллашимиз қийин бўлади.
Шунинг учун ҳам бу масалага ёндашувда ҳадиси шарифда айтилган «Бу дунёни деб у дунёни, охиратни деб бу дунёни унутманг» деган мазмундаги сўзларни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур, деб ўйлайман.
Бизнинг маънавий ҳаётимиз ана шу икки асос, икки таянч нуқтанинг устида мустаҳкам туриши лозим. Бордию ана шу асослардан бирортаси бўшашгудек бўлса, яна ўзгаларга тобе ва қарам бўлишимиз ҳеч гап эмас. Бугунги дунёнинг пасту баландини тушунадиган ҳар қандай ақли расо одам буни яхши англайди, албатта.
Фарзандларимизга ана шу ҳақиқатларни, яъни дунёвий ва диний қадриятлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтириб беришимиз лозим. Тарих ва ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб топиш осон бўлмайди.
Шу маънода, биз муқаддас динимиз арконлари ва қадриятларини доимо улуғлаб, шу билан бирга, дунёвий ҳаётга ҳам қатъий ишонч билан интилиб яшаган тақдирдагина ўз эзгу мақсадларимизга ета оламиз.
Шуни айтиш лозимки, халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, тинч ва осойишта ҳаёт, дўстлик ва тотувликни қадрлаш, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланиб кетган ҳашар одати истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъана тусини олгани барчамизни мамнун этади.
Ҳар йили Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида ўтказиладиган умумхалқ ҳашарлари бунинг тасдиғидир. Ана шу ҳашарлар пайтида маҳалла ва гузарлар, йўллар ва майдонлар, боғу роғларни тартибга келтириш, дов-дарахтлар ўтқазиш, кам таъминланган, муҳтож оилалар, ёлғиз ва қаровчисиз кексаларга амалий ёрдам кўрсатиш, ҳеч шубҳасиз, жамият тафаккурининг янгиланишига кучли таъсир қилмоқда.
Ҳар қайси халқ миллий қадриятларини ўз мақсад-муддаолари, шу билан бирга, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Яъни, тарихий хотира туйғуси тўлақонли равишда тикланган, халқ босиб ўтган йўл ўзининг барча муваффақият ва зафарлари, йўқотиш ва қурбонлари, қувонч ва изтироблари билан холис ва ҳаққоний ўрганилган тақдирдагина чинакам тарих бўлади.
Биз бу масалага ана шундай илмий асосда ёндашиб, қадимий тарихимизни ўрганиш ва баҳо беришда унинг бирор-бир даври ёки жабҳасини эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилдик. Жумладан, мустамлакачилик ва совет давридаги оммавий қатағонлар пайтида зулм ва зўравонлик қурбони бўлган, истиқлол йўлида жон фидо этган аждодларимизнинг ҳурмати ва хотирасини жойига қўйиш, уларнинг эл-юрт озодлиги йўлидаги ишлари, қолдирган меросини излаш ва ўрганишни айнан ана шундай маънавий негизда йўлга қўйганимизни қайд этиш зарур.
Маълумки, 1937-1953 йилларда собиқ СССР ҳудудида мудҳиш оммавий сиёсий қатағонлар амалга оширилган эди. Унинг салбий оқибатларини ўзимизга тасаввур этиш учун биргина Ўзбекистон бўйича қарийб 100 минг киши қатағонга учраб, 13 минг нафари отиб ташланганини эслаш кифоя. Инсоний қадр-қиммати топталган, ҳаёти поймол этилган бу одамлар орасида нафақат арбоб ва зиёлилар, балки юзлаб оддий инсонлар, юртимизда истиқомат қилган деярли барча миллат ва элатларнинг вакиллари бор эди. Шу даврда қанча-қанча одамларнинг ўз оиласидан жудо бўлгани, аёллар беваликка, гўдаклар етимликка маҳкум этилганини, минглаб миришкор деҳқонларнинг қулоқ сифатида олис ўлкаларга сургун қилинганини инобатга олсак, халқимиз бошига тушган бу фожианинг даҳшати янада яққол намоён бўлади.
Эл-юртимиз тақдирига дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишидаги ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни шакллантириш, бегуноҳ қурбон бўлган инсонлар хотирасини абадийлаштириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эди.
Ана шу инсоний бурчимизни адо этиш мақсадида 2000 йили пойтахтимизнинг Юнусобод туманида қатағон йилларида халқимизнинг минглаб асл фарзандлари қатл этилиб, ном-нишонсиз кўмиб ташланган, неча йиллар давомида қаровсиз қолиб келган Бўзсув канали соҳилидаги Алвастикўприк деб ном олган жарлик ўрнида Шаҳидлар хотираси хиёбони ва кейинчалик шу номда музей ва жамғарма ташкил қилинди. 2001 йилдан эътиборан 31 август юртимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланадиган бўлди. Ҳар йили 31 август тонгида бу масканда халқимизнинг қадимий урф-одатларига кўра ош тортиб, Қуръон тиловат қилиш, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакилларининг бу ерга келиб, марҳумларни ёд этиши, уларнинг руҳига ҳурмат бажо келтириши ибратли анъанага айланиб қолди.
Бу ишлар халқимиз, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизнинг онгу шуурида тарихий адолатга ишонч ва инсонийлик фазилатларини қарор топтириш, уларнинг маънавий оламини кенгайтиришда катта тарбиявий аҳамиятга эга экани билан айниқса эътиборлидир.
Маълумки, собиқ СССР даврида 9 май ҳар йили Ғалаба куни сифатида байрам қилинар, Марказда ва республикаларда дабдабали ҳарбий парадлар ўтказилар эди. Биз мазкур сананинг асл инсоний маъно-моҳияти ҳамда жамоатчилигимизнинг бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, 9 май кунини мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлашга қарор қилдик. Бу воқеа, ҳеч шубҳасиз, юртимизда тарихий хотирани тўлақонли тиклаш йўлида ҳаётнинг ўзи тақозо этган яна бир жиддий қадам бўлганини айтиш лозим. Шу муносабат билан пойтахтимизда, вилоят ва туманларда совет мафкурасини ўзида ифода этган эски ёдгорликлар ўрнига халқимизнинг руҳи ва қарашларига ҳамоҳанг бўлган Хотира майдонлари ташкил этилиб, Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди.
Ана шу майдонларда барпо этилган ёдгорлик мажмуаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг номлари махсус ишланган лавҳаларга зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилгани, улар ҳақидаги маълумотлар жамланган 35 жилддан иборат «Хотира» китоби чоп этилгани, айтиш мумкинки, мамлакатимиз тарихида ибратли маънавий воқеа бўлди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, лекин, мухтасар қилиб айтганда, ана шундай янгиланиш жараёнлари туфайли бугун одамларимизнинг онгу тафаккури, уларнинг Ватан тақдирига, ён-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабати тубдан ўзгармоқда. Ўтмиш қолипларидан воз кечган жамиятимиз аъзолари ҳаётдаги ўз ўрнини янгича тасаввур этмоқда. Эл-юртимизда юксак маънавий фазилатлар, демократик қадриятлар мустаҳкамланмоқда, энг муҳими, аҳолимизнинг амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларга дахлдорлик ҳисси, мамлакатимизнинг келажагига бўлган ишончи ортиб бормоқда.
Албатта, ҳаммамизга аёнки, жамият тафаккурини бутунлай янгилаш бир-икки йиллик иш эмас, узоқ ва узлуксиз давом этадиган жараён. Қолаверса, бу йўлда тинимсиз изланиш ва меҳнат қилиш, ҳали-бери учраб турган эскича фикрлаш асоратларини енгиб ўтиш осон эмаслигини ҳам яхши тушунамиз.
Айни вақтда биз жамиятни ва жамият тафаккурини янгилашнинг инқилобий усулларига, бу жараённи сунъий равишда четдан туриб, зўравонлик йўли билан тезлаштиришга қаратилган ҳар қандай уринишларга мутлақо қаршимиз. Биз барча соҳаларда, жумладан, маънавий соҳада ҳам тадрижий-эволюцион ислоҳотлар йўли тарафдоримиз ва бунга қатъий амал қиламиз. Яъни, содда қилиб айтганда, одамларнинг дунёқараши, эътиқод ва тафаккурида демократик тамойиллар ва демократик қарашларнинг кенгайиши ва мустаҳкам ўрин топиши авваламбор ҳаётнинг табиий юриши билан, уларнинг моддий турмуш даражаси ва маданий савияси тобора ривожланиши ва юксалиши билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳаётнинг ўзи тақозо этади.
Ҳар қайси жамиятнинг демократик нуқтаи назардан янгиланиши ва юксалиши шу жамиятнинг, шу давлатнинг тараққиёти маҳсули эканини ҳаммамиз чуқур англаб олишимиз зарур.
Мана шундай қонуният ва қарашларни инкор этиш, уларни тан олмаслик ва бунга тескари йўл тутиш, ҳеч шубҳасиз, кутилмаган ва тескари салбий натижаларга олиб келиши муқаррарлигини кўп-кўп мисолларда кўриш қийин эмас, албатта.
Ислоҳотлар ва уларнинг маънавий мезони
Жамият ҳаётида шундай даврлар бўладики, ўз умрини яшаб бўлган эски тузум қонун-қоидаларини янгича асосда ўзгартириш, барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш зарурати энг муҳим эҳтиёж, керак бўлса, ҳаёт-мамот масаласи сифатида кун тартибига чиқади.
Биз ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, янги тараққиёт йўлига қадам қўйганимиздан сўнг халқимизнинг хоҳиш-иродаси, асрий орзу-интилишларига таянган ҳолда, шўро давридан оғир мерос бўлиб қолган маъмурий-буйруқбозлик тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг ўрнида моҳият эътибори билан бутунлай янги - эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этишга азму қарор қилдик. Табиийки, бу мақсадга эришиш учун қандай стратегик йўл, ислоҳотларнинг қандай шакл ва усули маъқул экани ҳақида олимлар ва мутахассислар, кенг жамоатчилик, эл-юртимиз вакиллари билан биргаликда кўп ўйладик, атрофлича маслаҳатлашдик. Бу борада тараққий топган давлатлар мисолида ўзини оқлаган илғор тажрибаларни чуқур ўргандик.
Энг муҳими, халқимизнинг ҳаёт тарзи, миллий анъана ва қадриятларимизни, аҳолининг руҳи ва кайфиятини ҳам ҳар томонлама ҳисобга олдик. Чунки ҳар қандай ислоҳотнинг пировард натижаси аввало унинг заруратини аҳолининг кенг қатламлари қай даражада тушуниши ва қўллаб-қувватлаши, бу ўзгаришларнинг инсон ҳаётига, унинг фаровонлигини оширишга кўрсатадиган амалий таъсири билан ўлчанади. Ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, одамларга ислоҳотларнинг маъно-моҳиятини аниқ-равшан тушунтириб бериш, шу асосда жамият аъзоларида ишонч уйғотиш, уларни бунёдкорлик сари сафарбар этиш муҳим аҳамиятга эга.
Ана шундай кенг миқёсдаги ўрганиш ва ҳар томонлама изланишлар натижасида биз бугунги кунда бутун дунёда ўзбек модели сифатида тан олинган тараққиёт моделини ишлаб чиқдик. Бу моделнинг асосий тамойиллари - яъни, иқтисоднинг сиёсатдан холи экани, давлатнинг бош ислоҳотчи бўлиши, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат, ислоҳотларни тадрижий асосда босқичма-босқич амалга ошириш принциплари барчамизга яхши аён.
Таъкидлаш жоизки, бугун ҳаётда ўзини тўлиқ оқлаган бу моделнинг негизида авваламбор ҳаётга реалистик қараш, прагматик ёндашув мужассам, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Ёш давлатимиз мураккаб синов кунларини бошидан кечираётган бир пайтда, қанчалик қийин бўлмасин, биз фақат ўз куч ва имкониятларимизга таяниб ва суяниб иш тутишга мажбур эдик. Ана шундай вазиятда кўплаб ўткир ва кескин саволларга жавоб излаш ва топишга тўғри келди. Масалан, қайси давлат бизга қанча ва қандай шартлар билан сармоя ва қарз беради? Қарз берган давлатларнинг сиёсий шартлари бўлмайдими? Бировдан қарз олиб, кейин унинг сиртмоғига тушиб қолмаймизми? Олган қарз-кредитларимиз бўйнимизда оғир юк бўлиб қолиб кетмайдими?
Қарз олиш осон, бу ҳаммамизга маълум, лекин уни бир кун келиб тўлаш ҳам керак. Биз фақатгина бугунги кунни эмас, балки эртамизни, келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз керак. Биз ҳозир хато қилиб қўйсак, фарзандларимиз келажакда қоқилиб қолишини ҳисобга олмасак, бу катта гуноҳ бўлади.
Бугун, орадан неча йиллар ўтганидан кейин ўзига хос миллий тараққиёт йўлини танлаган дастлабки даврни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, бизнинг ислоҳотлар сиёсатимизда маънавий мезонлар доимо ҳал қилувчи омил бўлиб келаётгани янада яққол аён бўлади. Ўша пайтда собиқ иттифоқ ҳудудидаги айрим мамлакатларда «шок терапияси» деган усул билан бир сакраб бозор иқтисодиётига ўтиш ёки алоҳида бир давлатда «демократия оролчаси» барпо этиш ҳақида қанча-қанча шов-шувлар кўтарилган эди.
Бугун табиий савол туғилади: қани ўша даъволарнинг амалий натижаси? Қани ўша бутун-бутун халқлар ва мамлакатларга мисли кўрилмаган бахтли ҳаёт, фаровонлик ваъда қилган зотлар?
Ўша пайтда собиқ совет ҳудудида эндигина мустақилликка эришган ёш давлатларга нисбатан айрим қудратли мамлакатлар ва сиёсий марказларнинг манфаатларига жавоб берадиган ана шундай таги пуч тавсияларни таклиф қилиш, уларни турли йўллар билан жорий этишга уриниш ҳаракатлари ниҳоятда кучайган эди. Бундай кескин бир шароитда яккаю ягона тўғри йўлни адашмай танлаб олиш ва уни ҳар қандай хуружлардан қатъият билан ҳимоя қилиш осон эмас эди.
Биз ўшанда четдаги «маслаҳатчи»ларнинг «доно кенгашлари»дан эмас, балки халқимизнинг хоҳиш-иродаси, юртимиздаги ҳақиқий вазиятдан келиб чиққан ҳолда оғир-вазминлик билан, ҳар томонлама чуқур ўйлаб сиёсат олиб бордик.
Албатта, мураккаб ўтиш даврида бошқа кўпгина муҳим вазифалар қатори, халқимизнинг бугунги ва эртанги ҳаёти, унинг маънавий оламига зарар етишига, ижтимоий адолат тамойилларининг бузилишига, жумладан, аҳолининг бир қисми ўта бойиб, аксарияти ўта қашшоқликка юз тутишига йўл қўймаслик масаласи ҳам доимо диққат-эътиборимиз марказида турди.
Аслида, ҳар қандай ислоҳотнинг энг муҳим самараси аввало халқнинг маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш жараёнлари, унинг онгу тафаккурининг юксалиши, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар унинг ҳаётига, тақдирига дахлдор бўлганини чуқур ҳис қилиши ва шундан хулоса чиқариши билан белгиланади. Биз амалга оширилаётган ислоҳотларимизда ана шундай натижаларга эришиш учун барча ўзгариш ва янгиланишларнинг марказига инсон ва унинг манфаатларини қўйдик. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ана шу жараёнларнинг моҳиятида ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак, деган мақсад мужассам эканини ва унинг амалий ифодасини барча соҳаларда кўриш, кузатиш қийин эмас.
Агарки биз мустақилликка эришганимиздан сўнг босқичма-босқич ривожланиш йўлини эмас, балки «шок терапияси» деб ном олган инқилобий сакраш йўлини танласак, энг қийин вазиятларда аксарият аҳолимиз қандай аҳволга тушиб қолган бўлар эди? Ҳеч шубҳасиз, стихияли тарзда юз берадиган шиддатли ўзгаришлар тўфонида одамларнинг моддий турмуш шароити кескин ёмонлашиб, уларнинг ҳаёт тарзи, ахлоқий қадриятлари, миллий-маънавий қиёфаси бутунлай издан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Бир сўз билан айтганда, бундай бирёқлама сиёсат ҳеч кутилмаган оқибатларга, ўрнини юз йилларда ҳам тўлдириб, қоплаб бўлмайдиган оғир йўқотишларга олиб келиши муқаррар эди.
Шунинг учун ҳам биз, четдан ҳар қанча таклиф ва тавсиялар, ҳатто талаблар бўлмасин, ҳеч қачон инқилобий сакрашлар йўлидан бормадик. Юртимиздаги бугунги тинч ва осойишта, бунёдкор ҳаёт, барқарор тараққиёт бундай ёндашувнинг нақадар тўғри бўлганини ва узоқни кўзлаганини кўплаб соҳалардаги ижобий натижалар мисолида тасдиқлаб бермоқда. Ўша масъулиятли пайтларда, биз кескин ижтимоий ларзаларга олиб келадиган ҳар қандай инқилобий ҳаракатларга қаршимиз, бизнинг тадрижий ривожланиш тамойилларига асосланган ўз йўлимиз бор ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз, деб айтган қатъий сўзимиз, мустаҳкам позициямиз албатта бугун ўз ҳосилини бермоқда.
Бизнинг ислоҳотлар давомида наинки моддий фаровонликка, айни пайтда маънавий юксалишга ҳам эришишни ўзимиз учун асосий мезон деб билганимиз умумий тараққиётимизда бир томонга оғиб кетмаслик, жамият ҳаётида сув билан ҳаводек зарур бўлган мувозанат ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки бозор иқтисодиёти ҳамма нарсани жойига қўяди, деган енгил-елпи қарашга итоат қилиб, фақат моддий бойлик ортидан қувиш -халқимизнинг азалий орзу-интилишларига ҳам, инсонийлик билан йўғрилган миллий қадриятларимиз моҳиятига ҳам тўғри келмас эди. Шу боис ислоҳотларни амалга оширишда маънавият ва иқтисодиёт бир-бирини инкор этмайди, аксинча, бир-бирини қувватлаб, ўзаро таъсирланиб, ривожланиб боради, деган қоидани ўзимиз учун дастуриламал сифатида белгилаб олдик.
Маънавият ва иқтисодиёт соҳасининг минглаб ҳаётий масалалар, таъбир жоиз бўлса, жонли ришталар орқали ўзаро чамбарчас боғланиб кетганини инобатга олиб, халқимизнинг руҳияти, турмуш тарзи, қадимий урф-одат ва анъаналаримизга ҳар томонлама мос бўлган ислоҳотлар йўлини танладик.
Айниқса, ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчи сифатидаги ролини ислоҳотларни жорий этишнинг асосий шартларидан бири тариқасида қатъий белгилаб олганимиз иқтисодиётнинг универсал талаб ва мезонларини миллий маънавиятимиз хусусиятлари билан уйғунлаштиришда ғоят муҳим аҳамият касб этди.
Маълумки, мустабид тузум давридаги иқтисодиёт бирёқлама ривожланган, маъмурий-буйруқбозлик усулига асосланган бўлиб, халқнинг маънавий қарашлари ва интилишларидан йироқ эди. Ана шундай мушкул бир вазиятда давлатнинг ислоҳотчилик ролини тан олмаслик, бу масалани ўзибўларчилик ҳолатига ташлаб қўйиш - эски тизимдан қолган ночор ва хаста иқтисодиёт ўз-ўзидан эркин бозор иқтисодиётига, совет жамияти эса демократик жамиятга айланиб қолади, деб хомхаёл қилиш билан баробар эди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, демократия авваламбор маънавий мезонлар асосида бошқариладиган, кучли ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти демакдир. Айтиш мумкинки, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти демократиянинг ўзаро узвий боғлиқ бўлган икки жиҳати, икки қанотидир. Айнан шу боис биз «Кучли давлатдан - кучли жамият сари» концепциясини ишлаб чиқдик ва бу ғояни изчил амалга ошириш масаласига биринчи даражали аҳамият қаратиб келмоқдамиз.
Эътиборли томони шундаки, ислоҳотларнинг дастлабки босқичидан бошлаб ҳозирга қадар кенг кўламли сиёсий, иқтисодий-ижтимоий дастур ва режаларимизнинг барчасида халқимизнинг маънавий ҳаёти билан боғлиқ масалалар алоҳида устувор йўналиш сифатида кун тартибига қўйилмоқда.
Табиийки, бир тизимдан иккинчи тизимга ўтиш жараёнида одамлар онгида, жамият мафкурасида туб ўзгаришлар содир бўлади. Бироқ, баъзи бировларнинг ҳадиксираб, эркин бозор шароитида маънавий-ахлоқий қадриятларнинг қиммати тушиб кетади, маданият иккинчи даражали нарсага айланиб қолади, деган хавотирлари ўринсиз экани Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар мисолида яна бир бор яққол аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда давлат бюджетининг 50 фоиздан зиёди ижтимоий соҳага йўналтирилгани ҳам буни тасдиқлайди.
Учинчи боб
Маънавиятга таҳдид - ўзлигимиз ва келажагимизга таҳдид Глобаллашув жараёнлари ва маънавий таҳдидлар
Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз. Давлат ва сиёсат арбоблари, файласуфлар ва жамиятшунос олимлар, шарҳловчи ва журналистлар бу даврни турлича таърифлаб, ҳар хил номлар билан атамоқда. Кимдир уни юксак технологиялар замони деса, кимдир тафаккур асри, яна биров ялпи ахборотлашув даври сифатида изоҳламоқда.
Албатта, бу фикрларнинг барчасида ҳам маълум маънода ҳақиқат, рационал мағиз бор. Чунки уларнинг ҳар бири ўзида бугунги серқирра ва ранг-баранг ҳаётнинг қайсидир белги-аломатини акс эттириши табиий. Аммо кўпчиликнинг онгида бу давр глобаллашув даври тариқасида таассурот уйғотмоқда. Бундай таъриф, менимча, кўп томондан масаланинг моҳиятини тўғри ифодалайди. Нега деганда, ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандай бир воқеа юз бермасин, одамзот бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас.
Ана шундай глобаллашув феномени ҳақида гапирганда, бу атама бугунги кунда илмий-фалсафий, ҳаётий тушунча сифатида жуда кенг маънони англатишини таъкидлаш лозим. Умумий нуқтаи назардан қараганда, бу жараён мутлақо янгича маъно-мазмундаги хўжалик, ижтимоий-сиёсий, табиий-биологик глобал муҳитнинг шаклланишини ва шу билан бирга, мавжуд миллий ва минтақавий муаммоларнинг жаҳон миқёсидаги муаммоларга айланиб боришини ифода этмоқда.
Глобаллашув жараёни ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий омили ва сабаби хусусида гапирганда шуни объектив тан олиш керак - бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва ҳудудлар билан шундай чамбарчас боғланиб боряптики, бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмаслигини тушуниш, англаш қийин эмас.
Шу маънода, глобаллашув - бу аввало ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви демакдир.
Ҳар бир ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани сингари, глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Ҳозирги пайтда унинг ғоят ўткир ва кенг қамровли таъсирини деярли барча соҳаларда кўриш, ҳис этиш мумкин. Айниқса, давлатлар ва халқлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, хорижий инвестициялар, капитал ва товарлар, ишчи кучининг эркин ҳаракати учун қулайликлар вужудга келиши, кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши, замонавий коммуникация ва ахборот технологияларининг, илм-фан ютуқларининг тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашуви, цивилизациялараро мулоқотнинг янгича сифат касб этиши, экологик офатлар пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятларининг ортиши - табиийки, буларнинг барчасига глобаллашув туфайли эришилмоқда.
Айни пайтда ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, ҳар қандай тараққиёт маҳсулидан икки хил мақсадда - эзгулик ва ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкин. Агарки башарият тарихини, унинг тафаккур ривожини тадрижий равишда кўздан кечирадиган бўлсак, ҳаётда инсонни камолотга, юксак марраларга чорлайдиган эзгу ғоя ва таълимотлар билан ёвуз ва зарарли ғоялар ўртасида азалдан кураш мавжуд бўлиб келганини ва бу кураш бугун ҳам давом этаётганини кўрамиз.
Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди. Ана шундай кайфиятга берилган халқ ёки миллат тараққиётдан юз йиллар орқада қолиб кетиши ҳеч гап эмас.
Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам, албатта, кузатиши муқаррар.
Бу ҳақда гапирганда, мен илгари билдирган баъзи фикрларни такрорлаш ўринли, деб ўйлайман.
Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга. Бу масаланинг кишини доимо огоҳ бўлишга ундовчи томони шундаки, агар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ниҳоятда қийин.
Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Буни кундалик ҳаётда учраб турадиган кўплаб воқеалар мисолида яққол кузатиш мумкин ва уларнинг қандай оғир оқибатларга олиб келишини узоқ тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Ўтган йиллар давомида дунёда ва минтақамизда рўй берган, биз бевосита ўз бошимиздан кечирган воқеалар, мафкуравий жараёнларнинг ривожи бу хулосанинг тўғри эканини қайта-қайта исботламоқда.
Бугунги кунда ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, Интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Жаҳон ахборот м