Эргаш Очилов. Ҳайрат олами

Мутафаккир шоир Навоий оллоҳ ва олам, олам ва одам, ҳаёт моҳиятию инсон умрининг мазмуни ҳақида кенг ва теран мулоҳаза юритган. Барча даврлар ва замонлар учун етук донишманд ҳисобланган Навоийнинг бадиият пардасига ўраб тақдим этилган бу борадаги фикр-мушоҳадалари ўзининг фавқулодда теранлиги, фалсафий салмоғи ва бадиий мукаммаллиги билан алоҳида ажралиб туради. Айтайлик, дунёнинг нотекис яратилганлиги, фалакнинг тубанлигию тақдирнинг нотантилиги, ҳаётнинг шафқатсизлигию замоннинг адолатсизлиги ҳақида ёзилган асарлар, байту мисраларнинг ҳадду ҳисоби йўқ. Албатта, Навоий ижодида ҳам фалакдан, дунёдан, замондан, одамлардан шикоят қилиб ёзилган сатрлар мавжуд. Лекин сўз оллоҳнинг зоти, сифати, яратувчилик қудрати ҳақида борганда, сира норозилик оҳанглари, исён овозини эшитмаймиз. Чунончи, шоир бу хусусда мазкур байтни битади:

Бу коргаҳда хато келмади чу бир сари мўй,
Хато менинг назаримдандур, хато кўрсам.

Мазмуни: “Бу дунёда битта қил ҳам бесабаб пайдо бўлмаган. Агарда мен бирор нарсада хато кўрсам, у, аслида, ўша нарсанинг чиндан ҳам хато яратилганлиги туфайли эмас, балки, менинг нуқтаи назаримнинг қусурли эканлигидандир”. Яъни, бу дунёда нимаики менга номувофиқ, ортиқча, кераксиз, нотўғри бўлиб кўринса, бу ўша нарсанинг ҳақиқатдан ҳам мен ўйлаганимчалик ўринсиз эканидан эмас, балки менинг қарашимнинг хатолиги туфайлидир, деган маънога ишора этилган.
Байтда иккита тушунарсиз сўз мавжуд: биринчиси – коргаҳ. Бу сўзнинг луғавий маъноси – ишхона, корхона, дўкон, иш жойи. Бирор иш амалга ошириладиган жой ёки нарса. Масалан, тўқувчилик дастгоҳи. Мажозий маънода эса, бирор-бир манзил, қароргоҳ, жумладан, дунё, олам маъносида ҳам қўлланади. Мирзо Бедил бу дунёни “коргаҳи қумоши шаббоф” – “тунда нафис матолар тўқийдиган корхона”, мажозий маънода, “зулмат, яъни, ғафлатнинг нафис матосини тўқийдиган корхона”, деб атайди. Яъни, ранг-баранг нарсалари билан одамларнинг кўзини ўйнатиб, уларни ғафлат тўрларига ўрайдиган ва мақсаддан чалғитадиган жой. Навоий ҳам бу сўзни, айнан, дунё маъносида кўп қўллайди. Чунончи, “Наводир уш-шабоб” девонидан ўрин олган ғазалларидан бирида ёзади:

Бода тутким, бу улуғ коргаҳ аҳволиндин
Ҳеч фаҳм ўлмади ҳар неча хаёлот айлаб.

Мазмуни: “Май тутки, бу дунё сиру синоати ҳақида ҳар қанча ўйлаб, мушоҳада юритиб, тасаввуру тахайюлга берилсам-да, ҳеч нарса маълум бўлмади”.
Бу ерда, албатта, бода ва унинг май, шароб каби маънодошлари тасаввуф адабиётида илоҳий тажаллий тимсоли, ишқ ва ирфон рамзи бўлиб келади. Шунга мувофиқ, мастлик илоҳий маърифатдан ҳузурланишни, маънавий завқ дарёсига ғарқ бўлишни билдиради.
Тажаллий – кўриниш, жилваланиш. Ғайбдан келадиган ва қалбда намоён бўладиган илоҳий нур ва сирлар. Ҳақ таоло ҳамиша ҳамма ерда турли даражада тажаллий этади.
Ирфон (маърифат) – оллоҳ моҳияти ҳақидаги илм.
Маълум бўладики, шоир хулосасига кўра, бу илоҳий сир-синоатнинг тубига етиб бўлмайди, бинобарин, ҳақ санъати мушоҳадасидан ҳайратланиш, завқланиш лозим.
Энди, юқорида келтирилган байтга қайтсак, иккинчи тушунарсиз сўз – сари мўй. Сари мўй – бошдаги сочнинг бир тукича, сочнинг бир учича, қилча, яъни, заррача, озгина, арзимас даражада маъноларини билдиради. Демак, шоир бирор нарса, ҳатто, у қилча бўлса ҳам, заррача бўлса ҳам муайян мақсадсиз яратилмаган, бирор вазифадан холи эмас, ўзининг муқим ўрнига эга, илоҳий ҳикмат ва хизматга молик, деган фикрни илгари сураяпти.
Бу жиҳатдан қуйидаги ҳикоят диққатга сазовор: машҳур тариқат пири, тасаввуф олими ва мутасаввиф шоир Аҳмади Жом ҳузуридаги бир мажлисда мутакаллим ва сўфий ўртасида мунозара бошланади. Мутакаллим: “Ит ва мушукда зуҳур этган худодан безорман!” – деса, сўфий: “Мен ит ва мушукда зуҳур этмаган худодан безорман!” – дейди. Мажлис аҳли: “Бу иккисидан бири, шубҳасиз, куфрга кетди-ёв…” – деган хаёлга борадилар. Шунда шайх мунозарага ойдинлик киритади: “Мутакаллим назарида ит ва мушук – энг тубан махлуқлар ҳисобланади. Худода нуқсон кўришни истамагани учун ҳам у шундай олий хилқатнинг шундай тубан махлуқларда зуҳур этишини истамайди. Аслида, сўфийнинг ҳам мақсади шу: оламни яратган худо ундаги барча жонли ва жонсиз мавжудотда зуҳур этиши керак, акс ҳолда, у қусурли бўлади. Маълум бўладики, иккаласининг ҳам мақсади худони барча нуқсонлардан пок кўрмоқчи ва чиндан ҳам худо барча нуқсонлардан покдир”.
Бу ерда гарчи нияти эзгу, тўғри, пок бўлса-да, мутакаллим нуқтаи назарининг бир қадар чекланганлиги кўзга ташланади, чунки у худони ва дунёни ўзи хоҳлаганича – ақли, илми, идроку тахайюли даражасида кўришни истайди ва, айни шу истакда, унинг дунёқарашининг чекланганлиги яққол намоён бўлади. Сўфий эса, масалага ўз нуқтаи назари ва хоҳиш-истагидан келиб чиқиб эмас, балки олий ҳақиқатга асосланган ҳолда, бирмунча кенг қарайди. Унинг эътиқодига кўра, оллоҳ жамоли ва камолининг кўзгуси бўлган бу оламдаги ҳар бир заррада илоҳий нур жилваланади – бусиз олам мукаммал бўлмас эди.
Ривоятнинг келтирилган байтга дахлдорлиги, унинг мазмунини ёрқин очишга хизмат қилиши ҳам шунда: бу дунёда ҳеч нарса, ҳатто, бир қил ҳам сабабсиз яратилган эмас – ҳаммасида бир илоҳий ҳикмат бор, бинобарин, инсон бирор-бир нарсани ўринсиз деб билар, бирор-бир нарсада қусур кўрар экан, бу ўша нарсанинг чиндан ҳам кераксизлиги ёки қусурлилигини кўрсатмайди, билъакс шундай мушоҳада юритаётган кишининг нотўғри ўйлаётгани, моҳиятни тушунмаётгани, хуллас, дунёқарашининг чекланганлиги – хато қилаётганидан далолат беради.
Навоийнинг баъзи фикру ташбеҳлари ғазалдан-ғазалга кўчиб юради. Лекин шоир уларни шунчаки такрорлаб қўя қолмайди, балки, муайян фикрни давом эттиради, унинг янги маъно қиррасини очади, шарҳини келтиради. Бинобарин, шоирнинг у ёки бу байтини шарҳлаш учун узоққа бориб ўтирмай, “Хазойин ул-маоний”, “Хамса” достонлари ёки бошқа асарларидаги унга яқин, муштарак байтлар асосида унинг турли маъно қирраларини очиш мумкин. Коргаҳ – дунё моҳияти борасидаги байтлари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Чунончи: “Садди Искандарий” достонида Искандарнинг саволига Арастунинг жавоби мисолида шоир бу масалага ҳам ойдинлик киритиб кетади:

Неким офаринишқа пайвастадур,
Бори бир-бирисига вобастадур.

Бир иш деса бўлмас “сазовор эмас” –
Ки, бир ришта тоб анда бекор эмас.

Бу худ собит ўлдики, йўқ ҳеч зот
Ва ё ҳеч аъфол ёхуд сифот –

Ки, зимнида хосияте бўлмағай,
Вужудида кайфияте бўлмағай.

Мазмуни: “Борлиқдаги барча нарсалар бир-бирига боғлиқдир – бирор нарсани мувофиқ эмас деб бўлмайди, чунки, ҳатто қил ҳам унда бекор яратилмаган: зот, феъллар ва сифатлар шундай муқаррар бўлганки, улардан ҳар бирининг асосида бир хислат, вужудида бир хусусият мавжуд”.
Зот деганда тасаввуф аҳли мутлақ руҳниннг ўзини, илоҳиёт оламининг жавҳари, яъни, абадий ва азалий ваҳдатнинг моҳиятини тушунганлар.
Сифот – сифатлар. Илоҳий зотнинг аёнлашувчи, унинг қудрат ва хусусиятлари. Барча руҳий ва моддий оламлар, жумладан, инсон ҳам шу сифатлардан иборат.
Афъол – феъллар, ҳаракатлар, қилмишлар, ишлар.
Ҳақиқатан ҳам, шоирнинг айни мазмундаги барча байтларини ўзаро қиёсан таҳлил қилинса, бу борадаги фикрлари моҳияти ойдинлашади – бир байти иккинчисининг, иккинчиси учинчисининг маъносини очишга ўзига хос калит бўлиб хизмат қилади. Бундан маълум бўладики, Навоий теран фикрларини бадиий юксак мисраларда мураккаб бир услубда ифодалабгина қолмай, бу тилсимни очиш учун бир неча очқичлар ҳам қолдирганки, уни топиш забардаст сўз санъаткори шеърлари тадқиқотчисининг истеъдод кучи, билим даражаси, идрок қуввати, тахайюл қудрати, таҳлил маҳоратига боғлиқ.
Шеърни нафақат адабий термин-тушунчалар ва қонуниятлар, балки шеърнинг ўзи билан ҳам шарҳлаш мумкинки, Навоийнинг бетимсол ижоди бунинг ёрқин намунасидир.

Бу корхонаға дахл айламак адаб эрмас,
Не дахл кимсага, ҳар неки меҳр этар лойиҳ.

Лойиҳ – очиқ, ошкор, кўриниб турган.
Мазмуни: “Қуёшнинг нур сочишига киши дахл қила олмагани сингари, бу олам ишларига дахл қилиш ҳам одобдан эмас”.
Тўғри-да, бандаси яратувчининг ишларидан айб қидирганидан кўра, ҳикмат излагани маъқул эмасми? Зеро, яратувчига эътироз – куфрга баробар. Оламдаги бизнинг кўзимизга нуқсон бўлиб кўринган нарса-ҳодисалар, мавжудотларда ҳам оллоҳ таолонинг бир ҳикмати мужассам – улар лоақал бани башарга ибрат учун яратилган.
Оламдан иллат эмас, ҳикмат излаш керак.
Одамдан нафратланиш эмас, ибрат олиш лозим.
Луқмони ҳакимдан:
– Одобни кимдан ўргандинг? – деганларида:
– Одобсиздан, – деб жавоб берган экан.
– Одобсиздан қанақасига одоб ўрганиш мумкин? – деб ҳайрон бўлганларида:
– У нимаики қилса, ўшани қилмасликка ҳаракат қилдим, – дебди.
Шунга ўхшаб, яхшидан ҳам, ёмондан ҳам бир нарсани ўрганиш мумкин: кўнгил кўзини кенг очиб қаралса, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ҳар сўзи, ҳар иши, ҳар ҳаракати – ибрат. Бас, оламдаги бизнинг назаримизга жирканч бўлиб кўринадиган мавжудотлар, арзимас, кераксиз бўлиб туюладиган нарсалар, бемаъни кўринадиган ҳодисаларнинг ҳам бир керакли жойи борки, улар яратилган, мавжуд, содир бўлади. Ҳа, дунёни ўз қаричингиз билан ўлчашга шошилманг, у ҳеч қачон сизнинг қаричингизга сиғмайди. Шунинг учун ҳам шоир бир мисрасида: “… бу коргаҳ сирри мубҳам бўлуптур”, деса, бошқа байтида эса, бу дунё аҳволи мен учун ниҳоятда мавҳум ва тушунарсиз, шунинг учун қўлимга жаҳонни кўрсатувчи жом тутки, эй соқий, то бу сирларни англаб етай, дейди:

Соқиё, жоми жаҳонбин тутки, андин кашф этай –
Ким, кўп иш бу коргаҳ вазъида мубҳамдур манга.

Маълумки, соқий бу ерда май қуювчи, косагул маъносида бўлмай, тасаввуф аҳли бу истилоҳ замирида оллоҳни, Муҳаммад алайҳиссаломни, маъшуқани, пир ёки комил инсонни назарда тутадилар. Соқий даврага май улашгани каби улар ҳам одамлар қалбига илоҳий файз бағишлайдилар, ҳақиқий ишқ ўтини соладилар, ғайб маърифатидан баҳраманд этадилар.
Жоми жаҳонбин – жаҳонни кўрсатувчи жом, қадаҳ. Ривоят қилишларича, қадимги Эроннинг афсонавий подшоҳи Жамшид “жоми жаҳоннамо” – жаҳонни кўрсатувчи жом ихтиро қилган бўлиб, унда дунёдаги нафақат ҳозирги, балки ўтмишда юз берган ва келажакда содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳам акс этар экан. Май қадаҳи ва комил инсон қалбини ҳам илоҳий сирларни ўзида сақлаши жиҳатидан Жамшид жомига нисбат берадилар. Жамшид жомидаги май ичган билан сира тугамас эмиш.
Маълум бўладики, шоир худодан илоҳий сирлар моҳиятини англашга қодир кўнгил сўраяпти, токи, оламдаги ранг-баранг ишларнинг маъно-мазмунини тушуниб етсин.
Тасаввуф фалсафасига кўра, дунё ҳирсу ҳаваси, нафс истак-хоҳишлари ва жисмоний интилишлардан нажот топган кўнгил шаффоф кўзгудай ярақлаб, жоми жаҳоннамо каби бўлар ва унда ҳамма нарса аслидагидек акс этар экан.
Бошқа бир байтида эса шоир соқийдан май билан идроки ойинасини равшан этишини сўрайди, чунки бу оламда қил учича нарса ҳам менга маълум эмас дейди:

Соқиё, миръоти идрокимни майдин равшан эт –
Ким, эмас бу коргаҳда бир сари мўй мудраким.

Мудрак – тушунилган, идрок қилинган, маълум.
Ойина (кўзгу) – илоҳий мазҳар бўлган комил инсон қалби. Чунки ойина деганда, оллоҳнинг зоти, сифатлари, исмларига ишора қилинадики, уларнинг барчаси комил инсон қалбида акс этади.

Соқиё, тут бодаким, кўпрак мени мабҳут этар,
Нечаким, андишаи бу корхона айларам.

Мабҳут – ҳайрон, ҳайрон қолувчи.
Мазмуни: “Эй соқий, май тутки, бу корхона, яъни, олам ишларини ўйлаганим сари мени кўпроқ ҳайрон қолдиради”.
Диққат қилинса, шоир бу олам сир-синоатларини тушуниш учун, унинг ишларидан ҳайронлигини бартараф этиш учун, фикрини банд этган чигалликларни ечиш учун соқийга мурожаат қилиб май, мажозий маънода эса яратувчидан маърифат сўрайди. Бу унинг тинимсиз фикрлагани, тафаккур уммонига ғарқ бўлгани, дунё моҳияти, инсон қалби сир-синоатларини билишга жуда қизиққанини кўрсатади.
Бошқа бир мисрасида эса, бу дунё аҳволига ҳайрон бўлмаган киши борми, дейди:

Кимдурур бу коргаҳ вазъиғаким ҳайрон эмас.

“Бу дунё бус-бутун ҳикмат-ку, ҳикмат!” деган эди буюк Абулқосим Фирдавсий муаззам “Шоҳнома” асарида. Навоий эса, бу ҳикмат сирларини излагани, унинг моҳиятига етишга интилгани сари ҳайрат асирига айланаверади, ҳайрат ўтида куяверади:

Сипеҳр гунбади ичра нетиб қадаҳ ичмай –
Ки, бўлди мужиби ҳайрат бу корхона манга.

Мазмуни: “Бу кўк гумбази ичра нега май ичмайки, бу корхона, яъни, олам менинг ҳайратланишимнинг сабаби бўлиб турибди”.
Қадаҳ ичишдан мақсад – маърифат зиёсини сипқариш. Бинобарин, байтнинг мазмунини шундай талқин қилиш мумкин: “Бу олам бошдан-оёқ мени қизиқтириб, ҳар бир нарса ҳайратланишимга сабаб бўлган экан, унинг сирлари, моҳиятига етиш учун нега тинимсиз изланиб, билимимни оширмай, маърифатимни зиёда қилмай?!”

Бода ич, бу коргаҳ вазъиға кўп фикр этмагил –
Ким, анга ҳар неча чирмашқанча ҳайрат келтурур.

Мазмуни: “Бу дунё ишлари устида кўп фикр этгунча, май ички, унга боғланганинг сари ҳайрат устига ҳайрат келтиради”.
Яъни, яратувчининг санъатидан ҳайратлан, унга эътироз билдирма.
Шу ўринда, ўтмишда “ҳайрат” сўзининг ҳозирдагидек фақат ҳайрон қолиш, донг қотиш, таажжубга тушишдан ташқари, иккиланиш, шубҳаланиш, бирор нарсага ақли етмаслик каби маънолари ҳам бўлганлигини эсда тутиш лозим. Демак, Навоий ҳайрат ҳақида гапирар экан, оллоҳ ва олам моҳиятини англаб етишга ақлининг ожизлиги, кўнглини баъзида шубҳа-иккиланиш, ташвиш-тараддуд чулғаб олганини ҳам изҳор этган. Демак, Навоийнинг ҳайрати бошқа.
Келтирилган байтда ҳам “Борлиқ моҳияти, сир-синоатини ўйлаганинг сари ўзингнинг ожизлигингни тушуниб етасан, бинобарин, дунё ишлари ҳақида кўп беҳуда фикр этма-да, маърифатингни ошириш пайидан бўл (ўшанда барча ҳақиқатлар юзидан парда кўтарилиб, кўз ўнгингда илоҳий сирлар намоён бўлади)” деган фикрни илгари сурган.
Ўз даврининг фозил кишиси сифатида Навоийнинг оллоҳнинг зоту сифатларини идрок этиш, олам моҳиятини англаш, инсон қалби сир-синоатларини билишга, ҳаёт маъноси, инсон умрининг мазмунини тушунишга интилгани, табиий. Лекин, у ўзининг бу борадаги билим ва хулосаларидан қониқмаган, имкон қадар кўпроқ нарсани билишга уринган – унинг коргаҳ, корхона тушунчалари билан боғлиқ байту мисралари билишга чанқоқ кўнгилнинг ҳайрату ҳаяжонлари, тафаккур ва тахайюллари, эътирофи ва иқроридир.