Иқболой Адизова. “Ул матойи рамзға бозордурман ишқида”

Ўзбек мумтоз адабиётида Жаҳонотин Увайсий шеърияти ўзининг кенг қамровли моҳиятга эгалиги, бадиий ифоданинг турли ва ноёб усулларидан фойдаланганлиги билан муҳим мақомга эга. Жумладан, шоира ижодида образ ва рамз муносабатлари ўзига хос. Маълумки, мумтоз меросимиз намуналари замирида биргина ғоя эмас, балки бир қанча фикр-ғоялар талқини назарда тутилади. Бу эса рамзийликни келтириб чиқаради. Машҳур француз олими Ролан Барт: “рамз – бу образ эмас, бу фикр-ғоялар кўплигининг нақ ўзидир”, – дейди. Рус олими Ю.Борев адабий рамзни: “Литературный символ соединяет в себе образ с идеей”, (яъни адабий рамз ўзида тимсол ва ғояни бирлаштиради), дея таърифлайди. С.Т. Колридж эса: “Символ – умумийликнинг индивидуалликда намоён бўлишидир”, дея рамз моҳиятини янада аниқроқ шарҳлайди.
Кўринадики, рамзнинг бадиий вазифаси тимсолга нисбатан кенгроқ. У бир тимсол воситасида кенг қамровли, ранг-баранг мулоҳазаларни ифодалаш имконини беради. Шу сабабли ундан адабиётда, хусусан, мумтоз адабиётда унумли фойдаланилган. Жумладан, Жаҳонотин Увайсий ижодини ҳам рамзларсиз тўлақонли англаш қийин. Ҳатто, бу борада шоиранинг ўз шарҳлари ҳам бор (бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз).
Мазкур мақолада Увайсий ижодида қўлланган “бозор” тимсоли ва у билан боғлиқ рамзлар уйғунлигини ёритишга ҳаракат қиламиз.
Увайсий ижодида “бозор” турли маъноларда қўлланган. У бадиий тимсол сифатида ранг-баранг ғояларни, тушунчаларни ифодалайди. Бой луғавий хазинамиз жамланган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “бозор” сўзининг етти хил маъноси кўрсатилади: 1. Савдо қилинадиган махсус жой. 2. Савдо қилинадиган кун. 3. Жўшқинлик, шўхлик ҳолати. 4. Товар айирбошлаш муносабатлари. 5. Тақдир, қисмат. 6. Бирор ҳаракатнинг ҳаддан ошиши, авжига чиқиши. 7. Эркак ва аёллар исми.
Шоира ижодида мазкур тимсолнинг қўлланилиши халқ оғзаки ижодидан фойдаланиш, уни ўз ижодига татбиқ этиш анъаналари билан чамбарчас боғлиқ. Чунки халқ оғзаки ижодида ҳам “бозор” сўзи кўп маъноларда ишлатилган. Жумладан, бозор – қувонч, шодлик, жўшқинлик маъноларини ҳам ифодалаб келади. Халқ топишмоқларидан бири “Қишда мозор, ёзда бозор” узум боғ шаклига эга. Бу ерда маъновий тазод санъати бор. Бу санъат орқали қисқа жумлаларда кенг фикр қамрови ифодалаб берилган. Мозор ва бозор сўзларини параллель қўллаб, вазиятнинг шакл хусусиятлари ва моҳият жиҳатлари назарда тутилади. Дастлаб, токнинг қишда кўмилишидаги шакли мозорга, ёзда гуркираб, ёйилиб ўсиши бозордаги ёйиқлик ва жўшқинлик ҳолатига қиёсланяпти. Иккинчидан, мазкур образлар орқали вазиятнинг моҳияти ҳам шарҳланяпти. Яъни қишда токзорнинг моҳиятан сукунат қўйнида, ўлик муҳитдалиги, ёзда эса яшноқ, тирик ҳолатда бўлиши назарда тутиляпти. Халқ онгида қиш ва мозор – мотамни билдирса, ёз ва бозор бунинг аксини ифодалайди. Болалик уй – бозор, боласиз уй – мозор мақолида ҳам худди ана шундай жўшқинлик ва кўтаринкилик ҳолати зидлантириш йўли билан тасвирланяпти.
Бозор образининг мумтоз адабиётда қўлланиши ўзининг маълум такомил тарихига эга. Навоий, Амирий, Огаҳий, Нодира каби кўплаб ижодкорлар асарларида мазкур тимсолнинг ноёб талқинини кўрамиз. Жумладан, Лутфийнинг қуйидаги рубоийси бунинг нодир намунасидир:
Топти булбул ноладин бозорини
Ким, севар гул нолаи бо зорини.
Писта гар лоф урдиса оғзинг била,
Синдур ул оғзи очуқ бозорини.
Асарда шоир “бозор” сўзи воситасида тажнис санъатини қўллаган. Биринчи мисрадаги “бозор” – харидор; иккинчи мисрада – нолалисини, зори борини; тўртинчи мисрада эса тўполончи, маъноларини англатиб келган. Сўзнинг бундай турли маъно қирраларини назарда тутиб қўллаш , ижодкорга қисқа ҳажмда кенг фикр қамровини ифодалаш имконини яратади. Бу ўринда булбул ижобий, писта эса салбий образ сифатида тасвирланади. Шоир табиатнинг бундай ноёб мўъжизалари воситасида инсоний муносабатлар ва инсон маънавияти билан боғлиқ муҳим мулоҳазаларини маҳорат билан шеър замирига сингдиришга муваффақ бўлган.
Увайсий шеъриятида ҳам бозор тимсолини кўп учратамиз. Унда ҳам бир нечта жумлаларда ифодаланиши мумкин бўлган фикрни биргина сўз орқали баён этиш маҳорати намоён бўлади:
Манфаат олди табиат ёрнинг бозоридин,
Касб қилди бу сияҳ зарра анинг анворидин.
Бозор – савдо-сотиқ қилинадиган, бойлик ёйиб ташланадиган жой. Дунё – Яратувчи ўзида бор мавжудликни тўкиб солган бозор. Унда ҳамма нарса бор. Ҳар ким хоҳлаганча манфаат топиши мумкин. Табиатнинг гўзаллиги, мафтункорлигининг сабабини шоира ана шундай изоҳлайди.
Доктор Саййид Жаъфар Сажжодийнинг машҳур “Фарҳанги истилоҳот ва таъбироти ирфоний” номли луғатида бозор сўзи қуйидагича таъбирланади: “Бозор – иборат аз мақоми тажаллиёти анворуллоҳ ва мартабайи касрат ва тафриқа аст”. Яъни, бозор – илоҳий нур тажаллиси мақомларидан, бўлиниш (айрилиш) ва кўплик мартабаларидан иборатдир. Кўринадики, шоира асарида “бозор” сўзининг ирфоний маъноси назарда тутилган. Луғатда таъбирланган ирфоний маъно шоира фикрлари билан ниҳоятда мутаносиб тушади. Демак, Увайсий мутасаввуф шоира сифатида бозор тимсолининг ирфоний маъносидан хабардор бўлган ва уни ғазалида ўз ўрнида муваффақиятли қўллаган.
Иккинчи мисрада шоиранинг табиий билимга ҳам эгалиги кўринади. Курраи замин ҳақида гапириб, “шу қора зарра” унинг, яъни ёрнинг нуридан гўзаллик, мафтункорлик касб этганини эътироф этади. Шоира биргина жумла билан ернинг тузилишини кўз ўнгимизда намоён этади.
Гар киши бўлса харидори, Увайсий ичра бор –
Ул матойи рамзға бозордурман ишқида.
Бозорда ҳар бир харидор истаган нарсасини топади. Демак, Увайсий юқоридаги байтда “бозор” сўзини бекорга қўлламаган. Ишқ асрорини англашга иштиёқманд харидор учун шоира лирикасида ишқ рамзи, унинг сир-синоатлари борасида хоҳлаган саволига жавоб топиши мумкинлигини эътироф этмоқда. Ушбу мисралар орқали шоира шеъриятининг рамзий шеърият эканлигини таъкидлаётгандек туюлади бизга. Бу ўринда энди “бозор” сўзининг янада ўзгача маъноси қўлланмоқдаки, бу шоира асарларида сўзларнинг турли маъно жилоларини назарда тутиб ишлатишини яна бир карра исботлашга хизмат қилади. Иккала мисолдаги бозор тимсоли бир-бирига яқин вазифани бажарган.
Гар харидор ўлсанг, эй Вайсий, матои мақсада,
Юз ўгурма ишқдин, келмас қўла бозорсиз.
Мазкур байтда “ишқ бозори” жумласи эътиборни тортади. Юқоридаги луғатда ишқ бозори жумласига алоҳида изоҳ берилади: “Бозори ишқ – таважжуҳи ошиқ дар бидояти ҳол”. Яъни ишқ бозори – ошиқнинг ҳол ибтидосига юзланиши демакдир. Изоҳ шоира фикрини тўғри англашимизга ёрдам беради. Маълумки, ҳол руҳият билан боғлиқ илм. У Аллоҳ инояти, ҳосил этилган руҳий мартаба, даража. Уни ўқиш, ўрганиш билан қўлга киритиш қийин. У инсон руҳида туғилади, улғаяди ва намоён бўлади. Ҳол солик эгаллаган юксак руҳий мартабалардан бири. Унга ҳамма соликлар ҳам эриша олмаслиги мумкин. Унга эришиш учун ҳақиқий, жазбали ишқ соҳиби бўлмоқ талаб этилади. Шоира соликни ишқнинг ана шундай юксак мақомига даъват этмоқда.
Байтда мато, харидор, бозор каби моддий ашёларни ифодаловчи сўзлар қўлланган. Шоира уларни таносуб санъати воситасида жамлаган. Мазкур сўзлар ижодкор айтмоқчи бўлган асосий ғояни изоҳлаш, шарҳлаш вазифасини бажарган. Шоиранинг асосий ҳукми ишқдан юз ўгирмаслик. Унинг наздида ишқ – шундай бир бозорки, ундан ҳамма нарсани топиш мумкин. Бу бозорга кирмасдан эса мақсадни қўлга киритиш мумкин эмас. Демак, ишқнинг мақсадга етиш воситаси эканлигини шоира ана шундай ўзига хос ифодалар орқали тасвирлаяпти. Маълумки, дунё – бозор деган тушунча мавжуд. Шундан келиб чиқиб, мазкур байтдан ишқнинг ўзи бир дунё эканлигини ёки ишқ – дунёнинг пасту баландини кечиб ўтишдан, уни англаш ва ўзлаштиришдан, кўнгилда дунёнинг ҳақиқий тасвирини, моҳиятини улғайтиришдан иборат эканлигини англаймиз.
Қуйидаги байтда эса биз изоҳлаган маъно шоира томонидан анча аниқроқ ифодаланганини кузатамиз:
Ишқ рамзини ким сўзлади – лоф урди забони,
Савдойи муҳаббат сени бозоринга махсус.
Байтнинг мазмуни шундай: Кимки ишқ рамзи, унинг моҳияти борасида сўзласа, у муболағадир. (Чунки ишқнинг моҳиятини англаш ва шарҳлаш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди). Зеро, ҳақиқий муҳаббат можароси сенинг бозоринггагина хосдир. Мазкур мисра мазмунини тушуниш учун унда қўлланган “бозор” сўзи моҳиятини англаш лозим. Бу ўз-ўзидан тасаввуф таълимотидаги тажалли ғояси (фалсафаси) билан боғлиқ. Яратувчи ўз жамолини кўриш иштиёқида оламни бунёд этди. Дунё эса – бозор. Ундаги ҳар бир зот ўзига керак нарсани, ўз диди ва савиясига монанд танлайди ва ўз мулкига айлантиради. Шоиранинг ишқ, дунё, Оллоҳ ва одам муносабатларига доир нуқтаи назарлари ана шундай моҳиятга эга. Мазкур байтда шоиранинг ишққа илоҳий туйғу сифатида баҳо бераётганлиги аниқ кўриниб туради. Ишқ моҳиятини ҳақиқий англаш, ҳис этиш фақатгина унинг яратувчисигагина хослиги, у ҳақда ҳар хил талқинлар бўлиши мумкинлиги, аммо асл жавҳарини англаб етиш мушкул эканлигини Увайсий фикрларидан уқиш қийин эмас. Шоиранинг бир ғазали “Билсанг мени жононими деҳқони муҳаббат, Муфлислариға айлаған эҳсони муҳаббат”, деган мисралар билан бошланади. Бизнингча, мазкур жумла ҳам юқоридаги фикрларимизни тасдиқлайди. У ерда ҳам муҳаббатнинг яратувчиси борасида мулоҳаза юритилаётганини англаш мумкин.
Қуйидаги байтда эса “бозор” сўзи “маҳшаргоҳ” маъносида қўлланган:
Ҳақиқат рамзидин савдо агар қилса харидоре,
Муҳаббат расмида йўқтур куни бозордин ғайри.
Эслатилганидек, “Изоҳли луғат”да “бозор” сўзининг 7 маъноси шарҳланган. Демак, умумхалқ тилида ҳам мазкур сўз кенг қамровли моҳиятга эга. Мумтоз адабиётда, хусусан, Увайсий ижодида эса унинг маъно кўлами янада кенгайганлигининг гувоҳи бўламиз. Шоира асарларида сўзнинг маълум маъноларидан ташқари, юқорида келтирилган айрим мисоллардан ҳам кўринадики, унинг ирфоний-фалсафий маъносидан ҳам кенг фойдаланган.
“Токай” радифли ғазал шоира умрининг кексалик даврида ёзилганга ўхшайди. Чунки киши умрнинг маълум бир босқичига борганда, босиб ўтган йўлини бир мушоҳада қилиб кўради. Фаолиятидан кўнгли тўлмаган ўринларни тўлғазиш, таҳрир этиш, такомиллаштириш фикрига келади:
Увайсий, қолғон умринг ол юзунгга қиблаи мақсуд,
Хирад бозорида қилғунгду савдои санам токай.
“Қибла” сўзининг халқ ичида юқори деган маъноси ҳам бор. Шундан келиб чиқиб, мутасаввуф шоира улуғ ёшда мақсаднинг энг юқори мақомига эришиш йўлини танлаш лозимлиги борасида ўйлайди. Ақл билан (хирад бозори) мушоҳада этиш йўлини тарк этиш, руҳий такомилнинг янада юксакроқ мақомини эгаллаш ҳақида қатъий ҳукм чиқаради.
Мақолада қайд этилган мулоҳазалардан қуйидаги хулосаларга келишимиз мумкин:
1. Увайсий ижодида қўлланилган ҳар бир тимсол унинг фалсафий дунёқараш қамровини, оламни англаш мезонини, фикрлаш тарзини, ижодий тамойилини, йўналишини аниқлашимизда муҳим аҳамиятга эга.
2. Шоира фойдаланган тимсоллар мажмуи яхлитлашиб, рамзий фикр ва ғоялар талқинига хизмат қилади.
3. Халқ тили бойлигидан унумли фойдаланган шоира ижодида “бозор” сўзининг маъно кўлами янада кенгаяди. Увайсий унинг маълум маъноларидан ташқари, ирфоний-фалсафий маъносидан ҳам кенг фойдаланади.
4. Ўзигача бўлган мумтоз асарлар анъаналарини ўрганган ва муносиб тарзда янада такомиллаштириб давом эттирган.
5. Мазкур тимсол қўлланган асарлар шоира таржимаи ҳоли ва асарларининг яратилиш даври борасида маълум даражада хулосалар чиқаришимизга, улар ҳақидаги тасаввурларимизни бойитишга хизмат қилади.
6. “Бозор” сўзини қўллаш жараёнида Увайсийнинг дунёвий, ирфоний ва фалсафий билим миқёси ҳам ўз ифодасини топган.