Одамуш-шуаро - Абу Абдуллоҳ Рудакий

Абу Абдуллоҳ Жаъфар бинни Муҳаммад бинни Абдураҳмон Одам 858 йили Самарқанд шаҳри яқинидаги Панжрудак қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Дастлабки таълимни оила муҳитида олган Жаъфар Самарқанд мадрасаларида замонасидаги барча билимларни пухта эгаллайди, Қуръон ҳофизи даражасига етади; халқ шеърияти, қўшиқларини севиб куйлаб юради; машҳур машшоқ ва бадиҳагўй Абу Аббос Бахтиёрдан мусиқа илмини ўрганади; барбат, руд, уд, чанг, қонун асбобларини чалишда шуҳрат қозонади; мусиқаларга ўзи шеърлар битиб, уларда Рудакий тахаллусини қўллай бошлайди.
Араблар истилосига барҳам берилиб, марказлашган давлат барпо этилгач, Хуросону Мовароуннаҳрда илм-фан, маданият, адабий ҳаёт, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ гуркираб ривожланади. Айниқса, давлатнинг қудрати Амир Наср ИИ Сомоний (914 — 943) даврида янада ошади. У шаҳару қишлоқлардан, узоқ-яқиндан аҳли ҳунар, илм-адаб аҳлини марказ Бухорога тўплайди, уларнинг фаолиятига шароит туғдириб беради, ҳомийлик қилади. Шеърият ва мусиқада шуҳрати ошган Рудакий ҳам саройга чақиртирилади. Натижада шоир бутунлай ижодга шўнғиб кетади: қасидалар, ғазаллар, рубоий, қитъа, достонлар яратади. Унинг обрўси ортиб, бойлиги ҳам ошиб боради. Бу хусусда машҳур тарихчи, адиб ва адабиётшунос Муҳаммад Авфий «Лубоб ул-албоб»(1222) тазкирасида қуйидагиларни ёзган: «Рудакий уста чолғучи бўлиб етишгач, унинг овозаси бутун оламга ёйилди. Хуросон амири Наср бинни Аҳмад Сомоний уни ўзининг яқин кишилари қаторига қўшгач, у юқорилаб кетди, унинг бойлиги эса ҳаддан ташқари кўпа¬йиб кетди... Ундан кейинги шоирлар орасида ҳеч кимга бундай бойлик насиб этмади ва ҳеч ким унинг¬дек бахт эгаси бўлолмади».
Ҳақиқатан ҳам, Рудакий Сомоний амирларининг энг «яқин надими» (Авфий), хушхон ҳофиз, моҳир машшоқ, нуктасанж шоир сифатида беқиёс обрўга эга эди. Сомоний амирларининг барча сафарларида шоир асарларининг қўлёзмалари Турондан Хуросон шаҳарларига туяларга юклаб олиб борилиб, кўз-кўз қилиб юрилиши ҳам буни тасдиқлайди. Х асрнинг ўрталарига келиб саройдаги аҳвол оғирлашади. Ўз ҳомийси ва дўстларидан жудо бўлган, қартайиб қолган, сарой атрофидаги машмашалардан зада Рудакий умрининг охирги йилларини ўз қишлоғида ўтказиб, 941 йили вафот этган.
Қадимий сарчашмаларда Рудакийнинг шахсияти, тақдири ҳақида ранг-баранг ихтилофли фикрлар мавжуд: айрим олимлар шоир туғма ожиз эди, дейишса, баъзи тадқиқот ва мақолаларда у қанд касалига гирифтор бўлгани учун қариганида кўр бўлиб қолган, деган фикр¬ни уқтирадилар. Бизнингча, Рудакийнинг «модарзод кўр» бўлгани ҳақиқатга яқин. Зероки, Ҳомер, Абу Аъло ал-Маарий, Аҳмад Югнакий сингари буюк ижодкорлар ҳам туғма ожизликларига қарамай, ўз аср¬ларининг ягонаси бўлганлар.
Рудакий ижодий мероси ҳақидаги мулоҳазалар ҳам турли-туман. Ас-Саолибий(ХИ аср), Муҳаммад Авфий, Низомий Арузий Самар¬қандий(ХИИИ аср), Давлатшоҳ Самарқандий(ХВИ аср) каби олимлар шоир асарларининг ҳажмини бир миллион байтдан уч миллион байтгача тахмин қиладилар. Бу рақам қай даражада муболағали бўлмасин, муттасил бадиий ижод билан шуғулланган, доим бадиҳа тарзида шеър айтиб юрган Рудакий мероси улкан бўлгани табиий. Юксак ватанпарварлик руҳидаги «Бухоро» қасидасининг яратилиш тарихи ҳам бу мулоҳазани қувватлайди. Афсуски, мўғул яғмосининг ваҳшийлиги туфайли Ўтрор, Са¬марқанд ва Бухоро китобхоналаридаги дастхатлар куйиб, кул бўлди. Шунинг оқибатида Рудакий асарларидан бизгача икки минг байтдан зиёдроқ намуналар сақланиб қолган, холос. Аммо ана шу боқий мисраларнинг ўзиёқ Рудакий даҳосини тасаввур қилиш имконини беради.
ИХ — Х асрларда ҳали форсий адабий тил тўла шаклланиб улгурмаган, унда етарли даражада бадиий ижод неъматлари яратилмаганди. Ана шундай бир шароитда Рудакий халқ оғзаки ижоди инжуларига суянган ҳолда форсий адабий тилнинг пойдеворини қурди, форсий тилдаги адабиётга асос солди. Бу соҳада айтарли анъана бўлмаган ерда лирик турнинг барча жанрларида мумтоз асарлар ёзди. «Калила ва Димна», «Синдбонднома» сингари маснавийларни яратди. Бадиий ижоднинг барча соҳасида биринчи бўлди. Шунинг учун ҳам замондошлари уни «Одам уш-шуаро — шоирлар Одам Атоси» деган ном билан сарафроз этдилар. Ҳақиқатан ҳам, Рудакий шеърларини кўздан кечирар эканмиз, уларда ҳақиқий ишқ билан мажозий ишқ, инсон¬дўстлик, ватанпарварлик, илм ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш, инсоф ва диёнат, адолат ва адолатли шоҳ, она табиатга меҳр, атроф-муҳитни авайлаб-асраш ғоялари бетакрор нафис образлиликда тасвирланганининг гувоҳи бўламиз. Шоир ғазалларида ошиқ руҳий кечинмаларини қай йўсинда бокира тарзда ифодалашга эришса, маъшуқа чиройини ундан-да гўзал воситаларда тасвирлайди. Масалан, бир байт¬да ёрнинг садафдек тишларини ёмғирдан сўнг ниҳол шохчасида тизилиб қолган шаффоф доначалар — қатраборонга ўхшатса, бошқа бир байтда «юзингдан пардангни кўтарганингда қуёш хижолатдан юзини беркитди, яъни ўзини булут орқасига олди», дейди. Маъшуқа этакларини ер юзидан судраб ўтгани учун тупроқ покланиб, «сув бўлмаса таяммум» этиб, ибодат қилиш жоиз бўлган экан. Бундай тасвир мавлоно Лутфийда ҳам учрайди. Ошиқ эрталаб боғ сайрига чиқса, анҳордан гулоб ҳиди анқирди. Ёраб, ёрим мендан олдин чиқиб ариқ бошида юз-қўлини ювдимикан, деб ўйга толади ошиқ. Руҳий ҳолат табиат чиройининг турфа унсурлари таърифи орқали чизилади:

Баҳор ойи етиб келиб, қиш ойини этди яғмо,
Фазо юзин қоплади чанг, қонга тўлди дашту саҳро.

Илк баҳорнинг кўз ёшидан шохлар олди юзига ранг,
Ҳамал ойин хуш ҳидидан бўлди тупроқ анбаросо.

Лайли юзи каби лола кенг саҳрода кулиб турар,
Мажнун кўзи каби булут қон ёшини қилур дарё.

Оқар сувдан келмоқдадир ҳар соатда гулоб ҳиди,
Менинг ёрим ариқ ичра гул юзини ювмиш гўё.

Рудакий асарларида илм эгаллашга даъват, инсонни шарафлаш, бу дунёда «бани одамга яхшилик қилиб» яшашга ундов, Оллоҳ томонидан берилган қисқа умрни илм ўрганиб, уни ижтимоий-фойдали меҳнатга сарфлашга даъват етакчи мотивлардан ҳисобланади:

Шу оддий кўз билан боқмагил, балки,
Билим кўзи билан боққил жаҳонга.
Жаҳон денгиз эрур яхши ишингдан,
Кема ясаб ўтгил нарги томонга.

Шоир асарларида шоду хуррамлик, Наврўзи олам тароватию, шаробнинг ҳаётбахш фазилати, ёрнинг нозу карашмасию, дўстлар дийдорининг фараҳбахш қудрати, хайр-эҳсон, инсоф ва мурувват, раҳм-шафқатли бўлиш ҳам маснавийларию қасидаларида, қитъаю рубоийларида зўр мусиқийликда тараннум этилади.
Рудакий қасида жанрининг энг мумтоз намуналарини яратган. «Бухоро», «Майнинг онаси», «Қариликдан шикоят» сингари асарларида шоир, бир томондан, ватанпарварлик, инсондўстлик, меҳнатсеварлик, умрнинг қадрига етиш хусусида жўшқин фикрлар юритса; иккинчи томондан, гўзал табиатни севиш, ҳамиша шоду хуррам яшашга ундайди. Сомоний зодагонлар мад¬ҳига бағишланган қасидаларда эса, шоир кўпроқ уларнинг давлат равнақи йўлидаги хизматларини, халқ фаровонлигини оширишдаги саъй-ҳаракатларини таърифлашга интилган. Рудакий асарлари ўта содда, равон бир усулда — саҳли мумтанеъ — осону номумкин усулида ёзилган. Ўтмишда жуда кўп форсийгўй шоирлар унинг асарларига ўхшатма, тазминлар ёзган. Аммо бирон ижодкор Рудакий даражасига етолмаган. Жумладан, «Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳаме...» деб бошланадиган Бухоро қасидасига форс-тожик адабиёти классикларидан 120 шоир назира ёзган. Аммо биронтаси асл матн даражасига етолмаган: вазн, оҳангини топганлар мавзуда қоқилган, мавзуни нишонга тўғри ола олганлар эса, мусиқийлик, қофияни уддалай олмаганлар...
Шунинг учун ҳам ўтмишда яшаб ўтган буюк сўз санъаткорлари Рудакий даҳосини муносиб қадрлаган, унинг шеърий қудратига юксак баҳо беришган. Жумладан, забардаст лирик шоир, биринчи шоҳноманавис Дақиқий уни шундай таърифлайди:

Ғазал рудакийвор бўлгай гўзал,
Рудакийча ғазал ёза олмадим.
Жуда нозик хаёл билан уриниб,
Бу парда ичига йўл тополмадим.

Абу Абдуллоҳ Рудакий ўзи куйлаган ватанпарварлик, маърифатпарварлик, халқлар дўстлиги ғоялари билан барча замонларда башариятга хизмат қилаверади. Шоир ижоди қадим ул-айёмдан бери ўзбек халқига жуда яқин. Бобур «Мухтасар» рисоласида шоир асарларидан намуналар келтирган, Пўлатхон Домулло Қаюмий ўз тазкирасида шоир ижодини ёритган. Устозларимиз С.Айний, Н.Маллаэв, Ш.Шомуҳаммад ҳамда М.Муинзода Рудакий ҳаёти ва ижодини таҳлил қилиб, асарларини таржима этиб, тар¬ғиб қилишда заҳмат чекканлар.
Ҳамиджон Ҳомидий, профессор