XIX аср романтизм ва реализм адабиёти

Европада романтизм адабиёти XVIII асрнинг охири ва  XIX асрнинг бошларида шаклланди. XIX асрнинг танқидий реалист ёзувчилари воқейликни кенгроқ, чуқурроқ акс эттиришда романтиклар тўплаган ижодий тажрибага суянадилар. Романтизм адабиётининг баркамол характерлар яратиш ҳаёт зиддиятларини йирик кантраст образлар тўқнашувида кўрсатиб бериш каби хусусиятлар йирик ёзувчилар реализмнинг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшди. Немис адабиётида романтизм даврида эртак жанри ниҳоятда ривожланади. Халқ оғзаки ижодининг бой хазиналаридан тўплаган ака-ука Гриммлар ҳамда Гофманнинг эртаклари алоҳида ўринни эгаллайди. Гофман ижоди учун характерли нарса санъат ва санъаткор мавзуи бўлди. Ёзувчининг Креслер тарихига оид очерклари унинг номини адабиёт оламига танитди.
Инглиз адабиётида романтизм Европа инқилобий ҳаракати даврида шаклланган бўлиб, инглиз романтиклари мавзуни қайси даврдан олишларига қарамай, ўз замонасига мурожаат қилдилар. Байрон ижодида даврнинг барча зиддиятлари акс этган. Шарқ достонларида шоирнинг адолатсиз жамиятга нисбатан муносабати кўрсатилган. «Дон жуан» асарида шоир замонасидаги муҳим ижтимоий воқеаларга,масалаларга ўзининг танқидий муносабатини билдиради. Инглиз романтикларидан Шелли поэмалар, ҳажвий ва ишқий мавзудаги лирик шеърлар муаллифи. В. Скотт эса тарихий романлар муаллифи сифатида адабиётда ном қолдирди.
Француз адабиётида романтизм йўналишининг негизида инқилоб туфайли юзага келган тартиблар ётади. Илғор француз романтиклари Ж.Санд, В.Гюголар илғор романтиклардир. Булар мавзуни ўз халқи тарихидан, миллий тарихдан ахтардилар. Бу ёзувчилар ўз асарларида француз халқ тилининг бойликларидан унумли фойдаланади, француз шеър тузилишини янги вазнлар, хилма-хил қофия, миллий колорит кенг халқ луғати билан бойитди.
Америка адабиётида кўзга кўринган романтик ёзувчилар Вашингтон Ирвинг, Фенимор Куперлардир. Ф.Купер Америка адабиётида тарихий романлар муаллифи сифатида шуҳрат қозонган ёзувчидир. Унинг ижодини уч даврга бўлиб ўрганамиз. Биринчи даврида Америкадаги адолатсизликларни қоралаган бўлса, иккинчи даврини Европа мамлакатлари тарихига бағишлайди, учинчи даврини эса АҚШ ижтимоий тузумини танқид қилишга бағишлаган.

Немис тараққийпарвар романтизмининг вакиллари Ф. Гельдерлин, А. Шамиссо, А.Гофман, ака-ука Гриммлар ҳисобланади. Бу давр немис адабиётида эртак жанри ниҳоятда ривожланади. Халқ оғзаки ижодининг бой хазиналаридан тўпланган ака-ука Гриммлар ҳамда Гофманнинг эртаклари алоҳида аҳамият касб этади.
Эрнст Теодор Амадей Гофман ижоди XIX аср бошларидаги немис адабий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Гофман Кенигсберг шаҳрида амалдор оиласида 1776 йилда туғилади. У университетнинг ҳуқуқ факультетига ўқишга киради. Лекин у ҳуқуқ ишларига эмас, мусиқа тасвирий санъат ҳамда адабиётга зўр иштиёқ кўрсатади. 1809 йили Лейпцигдаги «Умумий мусиқа газетаси»нинг редактори Гофманга истеьдодли мусиқачи, аммо қашшоқликка дучор бўлган композитор Крейслер тарихини топширади. Тез орада бу газета саҳифаларида Гофманнинг Креслерга бағишланган оригинал очерклари пайдо бўлади. Бу очерклар шуҳрат қозониб, Гофман номини бутун адабиёт оламига танитади. Шундан кейин ёзувчининг «Кавалер Глюк», «Дон Жуан» номли новеллалари, мусиқа ҳақидага мақолалари бирин-кетин босилиб чиқди.  Санъат мавзуи ва унинг ҳаётга муносабати Гофман ижодининг охиригача давом этади.
1814 йили Гофман узоқ вақт дарбадарликдан сўнг Берлинга кўчиб келади, ижтимоий-сиёсий воқеаларга аралашади. Аммо унинг соғлиғи йилдан-йилга ёмонлашиб, 1822 йили 46 ёшида вафот этади.
Жозибадор новеллалар муаллифи Гофманнинг «Тунги ҳикоялари» (1817), «Сарапион муридлари» (1821), «Циннобер лақабли митти Цахес» (1819) эртаги, «Мушук Муррнинг хотиралари» (1821) романи ҳам машҳур.
Эрнест Теодор Амадей Гофман асарларида азоб-уқубатларга дучор қилинган бечора одамларга хайрихоҳлик, меҳрибонлик билдирилади. Ёзувчининг кураш қуроли бўлмиш ҳажвиёт ўша замон амалдорларига, аристократ мешчанларга қарши чархланган. Гофманнинг «Кичкина Цахес» номли эртак шаклига солиб ёзилган сатирасидир.
Гофман асарларида романтик воқеаларнинг реал ҳаётдан узоқлиги сабабини Белинский ўша замон немис ижтимоий муҳитининг чиркинлигида кўради. Улуғ танқидчи Гофман ижодидаги романтик фантазия унинг асарларидаги заифликни билдирса, ундаги санъатга бўлган ҳурмат, юмор, жонли ўхшатишлар, танқидий майл адиб ижодининг ижобий томонларини намойиш этар эди.
Гофман асарларининг бадиийлиги, ранг-баранг воситаларга бой тили, мусиқий оҳангдорлиги кишини ўзига мафтун қилади.
XIX аср бошларида Англияда луддитлар ҳаракати авж олади. Луддитлар–машина бузувчилар, XIX аср бошида Англияда саноат тараққиёти натижасида ишсизликдан хонавайрон бўлган ишчилар ҳаракатидир. Англия парламенти луддитларга қарши адолатсиз қонун қабул қилган. Парламент қонунига қарши Байрон луддитларни ҳимоя қилиб нутқ сўзлаган эди.
Мана шундай шароитда шаклланган инглиз романтизми уч хил оқимга бўлинган. Биринчи оқим «Кўл мактаби» ёки «Лейкистлар» деб ном олади. Бу оқим вакиллари Вордсворт, Саути ҳамда Колриж эдилар. Иккинчиси тараққийпарвар инқилобий романтизм вакиллари Байрон ва Шелли эдилар. Учинчи оқим вакиллари Лондон романтиклари деб ном оладиларки, бунга Китс, Лэм, Хезлитт каби ёзувчилар бирлашган эдилар.
Англия романтикларини кескин равишда, мутлақо реакцион ёки революцион деган тамға остига олиб бўлмайди. Масалан, «Кўл мактаби» вакиллари бўлган, «Лейкистлар» деб ном олган Вордсворт, Колриж ва Саути каби ёзувчиларни бутунлай реакцион романтиклар дейиш ҳам тўғри эмас. Шунингдек Англия романтиклари ҳам бирмунча тарққийпарварлик мавқейида туриб ижод қилганлар.  Шу тариқа инглиз романтизими ўзига хос миллий хусусиятлари билан ажралиб туради.
Жорж Гардон Ноэль Байрон инглиз романтизм адабиётининг забардаст вакилларидан бири. У 1788 йили аристократ оиласида туғилади. Бўлажак шоирнинг ёшлик йиллари Шотландияда ўтади. Кэмбриж университетини тугатади. Ўрта Ер денгизи бўйлаб икки йиллик сафарга чиқади. Испания, Мальта, Албания, Туркия, Португалия ҳамда Грецияни айланиб чиқади.
«Чайльд Гаролднинг зиёрати» бу асар чуқур лиризм билан суғорилган, сиёсий мавзуда ёзилган. Байрон ижодида алоҳида ўрин тутади. Асар қаҳрамони зодагон йигит Чайльд Гаролд Англия ярамас муҳитидан буғилади. Достоннинг биринчи ва иккинчи қисмларида асар қаҳрамони муаллифнинг ўзи сафар қилган мамлакатлар: Португалия, Испания, Альбания ва Грецияда бўлади. Ҳамма ерда эрксизлик, зулм ҳукм сурмоқда. Альбанияда унинг диққатини оддий кишилар тортади. Гўзал табиат манзаралари қўйнида халқнинг қашшоқ яшаши уни қайғуга солади. Достонда Испан ватанпарварларининг Наполион босқинчиларига қарши олиб борилаётган қаҳрамонона курашлар ҳикоя қилинади. Иккинчи қисмида бир замонлар буюк бўлган Греция эндиликда Туркия босқинчиларининг зулми остида эзилаётганлиги ҳақидадир. Учинчи ва тўртинчи қисмлари 1816-1823 йиллар шоир ватанидан чиқиб кетишга мажбур бўлгандан кейин, Швейцария ва Италияда ёзади. Асарнинг учинчи қисми биринчи Француз буржуа инқилоби (1789-1794) воқеаларига бағишланади. Достоннинг тўртинчи қисми шоирнинг Италия, унинг ўтмиши ва буюклиги ҳақидаги адабий мушоҳадалар билан бошланади. Шоир денгиз тўлқинларини кузатар экан, ғазабкор ва ўз озодлиги учун курашаётган халқ ҳаракатини ана шу даҳшатли денгиз тўлқинларига қиёс қилади.
Байроннинг жўшқин халқона нутқлари 1813-1816 йилларда яратган «Шарқ достонлари» номли тўпламига кирган «Гяур», «Абидосс келинчаги», «Корсар», «Лара», «Коринф қамали» ҳамда «Паризина» номли романтик поэмалари унинг душманларини ҳаддан ташқари ғазаблантирган эди. Байрон 1815 йили Анабелла Мильбенк исмли аристократ қизга уйланади лекин у Байроннинг интилишларини тушунмайди. Натажада 1816 йили Байрон ўз ватани Англияни бутунлай ташлаб кетишга мажбур бўлади.
«Шарқ достонлари»да шоирнинг адолатсиз жамиятга нисбатан нафрати янада ортиб боради. Асар қаҳрамонлари ҳукмрон жамиятнинг муросасиз душманларидир.
«Гяур» достонининг қаҳрамони Лейла исмли аёлни севади. Аммо Лейланинг рашкчи эри Ҳасан ўз хотинининг Гяур билан севишганидан хабар топиб, уни ўлдиради. Бунга чидай олмаган Гяур Лейла учун Ҳасандан ўч олади. Асар охирида унинг Лейла ишқида азоб чекиб вафот этиши тасвирланади.
«Корсар»достонининг қаҳрамони Конрад денгиз қароқчиларининг бошлиғи. Конрад жамиятдан безиб, денгиздаги ороллардан бирида яшайди. Унинг мақсади маданий жамиятдан ўч олиш, унга қарши курашишдир. Байрон қаҳрамонлари эҳтиросли. Исёнкор шахслардир. Аммо улар ёлғиз курашчилар.
Байрон бир қанча лирик шеърлар силсиласини яратди. «Яхудий мелодиялари» деб номланган тўпламда ҳам шоирнинг шарқ достонларида бўлганидек тушкунлик, ҳаётдан нолиш кайфиятлари акс этади. Байрон 1816 йил Жинева ватанпарвари Бонивар жасоратини тараннум қилган «Шильон тутқуни» асарини ёзади. 1817-1821 йиллар орасида шоир янги адабий романтик драмалар туркумини яратди. Бунга «Манфред», «Осмон ва Ер», «Каин» номли ажойиб фалсафий мулоҳазаларга бой драматик асарларини яратди.
Байроннинг «Дон Жуан» романи 1824 йилда ёзилади. Шоир бу асарининг воқеаларини XVIII асрга кўчиради. Бунда Байрон ўзи яшаб турган даврнинг энг долзарб воқеаларини ёритиб беради. Роман қаҳрамони Дон Жуан Испаниялик дворян. У аёлларга нисбатан суюқоёқ, енгилтак зодагон йигит сифатида тасвирланади. Дон Жуан айни пайтда замонасида ҳукм сураётган урушларни, адолатсизликларни, халқ бошига тушган оғир кулфатларни фош қилувчи одил ҳакамлик ролини ўйнайди. Шунинг учун ҳам Дон Жуан образи доимо ўсишда, ўзгаришда кўрсатилади.
Дон Жуаннинг ота-онаси уни диний мактабга беради. Мактабдан қувилган Дон Жуанни отаси сафарга жўнатади. Кема ҳалокатга учраб, Греция қирғоқларидаги ороллардан бирига чиқиб қолади. У ерлик Гяур исмли қиз Дон Жуанни топиб олади, қизнинг отаси Дон Жуанни Туркия бозорида қул қилиб сотиб юборади. Турк султонининг кичик хотини бозорда чиройли йигит сотилаётганини эшитиб, уни сотиб олади ва аёл киймини кийдириб султон харамига олиб киради. Туркия султони саройига тушиб қолган Дон Жуан бу ерда ҳукм сураётган шафқатсизлик билан бузуқликларнинг гувоҳи бўлади. Кўринадики, Дон Жуан образи шоирнинг романтик қаҳрамонларидан фарқ қилади. Дон Жуан мутлақо реал воқеалар, реал одамлар билан тўқнашади. Унинг ҳаёти ҳам, таржимаи ҳоли ҳам, оддий одамларникидек. Шу сабабдан Дон Жуан образи реализмга яқин туради. Байрон барча асарларида зулмга қарши муросасиз курашчи бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам уни «Жаҳон қайғусини куйлаган шоир»деб аташади.
Перси Биши Шелли инглиз адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири. У дворян оиласида 1792 йилда туғилади. Аввало Итон коллежида, сўнгра Оксфорд университетида ўқиди. Шелли талабалик йилларида илғор ўқитувчиларнинг таъсири остида бўлди. Шунинг натижаси ўлароқ, ўртоғи Хогг билан бирга «Даҳрийликнинг зарурлиги» деган брошюра ёзади. Бу асари учун Шелли ва Хогг университетдан зайдалади. 1818 йили Шелли ўз ватанидан ҳайдалади. 1822 йили шоир денгизга чўкиб ўлади.
Шеллининг муҳим асарлари «Қиролича Маб» (1813й.), «Ислом қўзғолони» (1818й.), «Озод қилинган Прометей» (1820) поэмалари, «Ченчи» (1819) фожиаси ва бир қанча сиёсий, ҳажвий, ишқий мавзудаги лирик шеърларидир.
«Қиролича Маб» дидактик достонида замонасидаги ижтимоий тузумга, буржуа ахлоқига, кишиларни қулликка чақирувчи диний сафсаталарга қарши кураш очади. Авторнинг мақсади меҳнат аҳли ҳисобига яшаётган золимлар, текинхўрларни аёвсиз фош қилишдан иборат. Гарчи достоннинг сюжети воқеалари фантастик сайёралар оламида, коинот бўшлиқларида бўлиб ўтса-да, лекин Шелли ер юзи, бутун инсоният ҳаётини, меҳнаткашларнинг азоб-уқубатини ифодалаб беришга ҳаракат қилади.
«Ислом қўзғолони» Шеллининг биринчи Француз буржуа инқилобига ҳамда Европа мамлакатларида юз бераётган ишчилар ҳаракатига бўлган муносабати ифодаланган. Асар сюжети Туркиядан олинган. Асар қаҳрамони Лаон ва Цитна исмли мамлакат аҳолисини, Шарқнинг мазлум халқини зулмга қарши курашга ундайди. «Озод қилинган Прометей» асари романтик усулда ёзилган. Прометей инсонларнинг дўсти. Юпитер эса, золим экспулататор синф вакили. Асрда шоир Юпитер ва Прометей ўртасидаги курашларни акс эттиради. Озодликка эришган кишилик жамиятининг келажакдаги қиёфасини чизиб, синфсиз жамият, эркин меҳнат асосига қурилган адолатли тузум қарор топишини башорат қилади.
Агар Шелли аввалги асарларида узоқ ўтмишга мурожаат этиб, фантастик, мифологик сюжетларни ишлаган бўлса, «Ченчи» фожиасида реализмга яқинлашиб келади. Бу асарда XIV асрга оид Рим кутубхонасида сақланган бир ойланинг аччиқ қисматини ҳикоя қилувчи хроникани ўз асарига асос қилиб олади. Граф Ченчининг бузуқлиги шу даражага бориб етадики, у ўз қизи Бэатричега ҳам кўз олайтиради. Номуси поймол қилинган қиз Бэатриче онаси ва уйдан ҳайдалган акалари билан маслаҳатлашиб, золим ва бузуқ отадан ўч олиш, оиланинг ор-номусини сақлаб қолишга қарор қилади.
Англиянинг йирик ёзувчиларидан бири Вальтер Скотт ажойиб санъаткор, тарихий романлар муаллифи сифатида жаҳон адабиёти хазинасига баракали ҳисса қўшди. Вальтер Скотт тарихий жараёнларнинг ривожланишини синчковлик билан кузатди. Халқ оммаси ҳаракатининг тарихда ўйнаган объектив ролини одилона акс эттирди. Ана шулар ёзувчи яратган тарихий романларнинг ҳаққонийлигини таъминлаган омиллар эди. Ёзувчи 1771 йилда Шотландияда дворян оиласида туғилади. Вальтер Скотт ижодини характерига қараб, уч даврга ажратиш мумкин.
Биринчи давр: 1796-1813 йиллар дастлабки поэмалар яратилган давр.
Иккинчи давр: 1814-1818 йиллар бўлиб, бу йилларда Скотт Шотландия тарихидан олиб ёзган ажойиб романларини «Уэверли», «Гай Маннеринг», «Антикварий», «Пуританлар», «Роб Рой», «Эдинбург зиндони» яратади.
Учинчи давр: 1819-1832 йилларни қамрайди. Бу даврда ёзувчи Англия, Франция ҳамда Шотландия тарихига, бошқа давлатларнинг узоқ ўтмишига мурожаат қилиб, «Айвенго», «Кенильворд», «Квентин Дорвард», «Гудсток», «Перт гўзали» каби романларини ёзади.
«Уэверли» XVIII аср тарихидан олинган. Шотландиянинг кланлари XVII асрдаги инглиз буржуа инқилоби туфайли юз берган тартибларга қарши қўзғолон кўтарадилар. »Пуританлар» (1816 й.) романида Скотт шотландиялик тоғли деҳқонларнинг стюартлар династиясига қарши қўзғолони кўрсатилади. Бу асарда халқ оммасининг қироллик зулмига қарши норозилик ҳаракатини акс эттиради. В. Скотт Шотландия тарихига оид барча асарларида ўша халқ ҳаётини, урф-одатларини,кийим-кечакларини ҳайрон қоларли даражада усталик билан тасвирлаб беради.
В.Скотт ижодининг учинчи даврида ёзган асарларининг тарихий доирасини янада кенгайтиради. Бу даврда ёзувчи XII аср Англия ҳаётига оид «Айвенго», XV аср Франция тарихига оид «Квентин Дорвард», салб юришлар тарихига оид «Тилсимот» каби хилма-хил романларини ёзади. В.Скотт 20-йилларда бир қанча тарихий, тарихий адабий мавзуда асарлар яратди. «Наполеон Бонапарт ҳаёти» (1827), «Шотландия тарихи» (1830), «Романнавислар ҳаётининг тасвири» (1824), Драйден ва Свифт (1826) ҳақидаги китобларини ёзади.
Вальтер Скотт умрининг сўнгги йилларида жуда кўп ишлади. Бу эса унинг соғлиғини издан чиқарди. Врачларнинг маслаҳати билан Скотт жанубга даволанишга боради. Аммо соғлиғи яхшиланмасдан, 1832 йили Шотландияга қайтиб келгач, вафот этади.
Унинг асарлари ўз моҳияти эътибори билан романтизм доирасидан чиқиб, танқидий реализмга йўл очиб берди. Унинг бу хусусиятини Оноре де Бальзак, Проспер Мериме, А.С.Пушкин, Виктор Гюго сингари санъаткорлар ўз вақтида пайқадилар. В.Г.Белинский Вальтер Скоттни «санъат даргоҳидаги Колумб» деб атади.
Вальтер Скоттнинг тарихий романлари Европа ва Америка адабиётига кучли таъсир кўрсатди. Унинг айрим ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилинган.
Францияда романтизмнинг қарор топишига асосий сабаб XVIII аср охирида содир бўлган биринчи француз буржуа революциясидир. Бу революция Европанинг бир қанча мамлакатларида жуда мураккаб ғоявий курашни юзага келтирди.
Виктор Гюго Франциянинг зўр истеъдодли шоири, драматурги, романнависи.У ижодининг такомили давомида француз тараққийпарвар романтизмининг юксак чўққисига кўтарилган йирик санъаткордир. Виктор Гюго 1802 йили Безансон шаҳрида офицер оиласида туғилди. В. Гюго ёшлигидан бошлаб Француз маърифатпарвар ёзувчилари ва файласуфлари Вольтер, Руссо асалари таъсирида бўлади. Йигирма ёшида Гюго «Қасидалар» номли биринчи шеърий тўпламини нашр қилдиради. У ўз асарларида француз тилининг бойликларидан унумли фойдаланди, француз шеър тузилишини янги вазнлар, хилма-хил қофия, миллий колорит, кенг халқ луғати билан бойитди. Гюго 1829-1830 йилларда «Марион Делорм» ва «Эрнани» драмаларини яратди.
«Париж Биби Марьям ибодатхонаси» романи «Ўлимга ҳукм қилинган кишининг охирги куни»  «Клод Гё» қиссаларида ижтимоий мавзуга мурожаат қилиб, қайта тиклаш даврининг қонхўрлигини фош этди.
«Париж Биби Марьям ибодатхонаси» романи мавзуини Гюго XV аср франция тарихидан олди. Инсон тарихида диннинг машъум ролини бўртириб кўрсатиш мақсадида диний бўёқларни қуюқлаштириб чизиш учун XV аср Париж ҳаёти ёзувчига жуда кенг ижодий имкон беради. Гюго романни ёзишдан аввал Парижнинг машҳур ибодатхонасини бир неча бор айланиб чиққан, унинг архитектураси, готик нақшлар билан танишган. Ёзувчи ибодатхонани айланиб юриб, устунлардан бирига, ўйиб ёзилган юнонча «Ананке» сўзини ўқийди. Ёзувчи бу сўзнинг маъносини кенгайтириб, унга уч хил мазмун беради. Яъни: дин ананкеси, жамият қонунлари ананкеси ҳамда табиат офатлари ананкеси. В.Гюгонинг фикрича, инсон ўз ҳаёти давомида ўша уч хил ананке, уч хил догма, уч хил ёвузлик билан кураш олиб боради.
Ёзувчи инсоннинг динга қарши олиб борган курашини тасвирлаш учун «Париж Биби Марьям ибодатхонаси» романини, шахснинг жамиятнинг адолатсиз қонунларига қарши курашини тасвирлаш учун «Хўрланганлар» романини, ниҳоят, инсоннинг табиат офатларига қарши курашини кўрсатиш учун «Денгиз заҳматкашлари» номли романини ёзади.
XIX асрнинг 30-40 йиллари Францияда кескин курашлар даври бўлди. Бу даврга келиб жуда ҳам оғирлашиб кетган меҳнаткаш халқ аҳволи бирқанча ёзувчиларнинг диққатини ўзига тортди. Булар орасда Жорж Санд (1804-1876 й.) ўзининг ижтимоий мавзудаги асарлари «Сайёҳ шогирдлар», «Орас», «Жаноб Антуаннинг гуноҳи» бу романларида халқ ҳаётини, ижтимоий масалаларни талқин қилади. Жорж Санд кўп сонли романларида демократик мавқейини сақлаб қолади. Асл исми Аврора Дюдеван, аммо адабиётда Жорж  Санд тахаллуси билан машҳур бўлган бу аёл 1804 йилда Парижда туғилган.
Жорж Санд ижодини характерига кўра уч даврга бўлиб ўрганамиз.
Биринчи даври: «Индиана»(1831 й.), «Валентина» (1832 й.), «Лелия» (1833 й.), «Жак»(1834 й.) сигари асарларида якка- ёлғиз романтик қаҳрамонлар ҳаётини ҳикоя қилиб беради. Ёзувчи бу даврдаги романларида аёллар озодлиги масаласини кўтариб чиқди, оилада давом этиб келаётган, аёлларнинг инсоний етуклигини оёқ ости қиладиган тартибларга, эркакларнинг зулмига қарши кураш очади.
Иккинчи даври 40- йилларда бошланади. Бу давр 1848 йил буюк француз буржуа инқилоби арафаси бўлиб, Европа мамлакатларида, жумладан, Францияда сиёсий кураш кўтаринкилиги ҳукм сурар эди. Жорж Санднинг ижтимоий мавзудаги «Сайёҳ шогирд» (1840 й.), «Орас» (1841 й.), «Консуэло» (1842-1843 й.), «Анжиболик тегирмончи» (1845 й.) ҳамда «Жаноб Антуаннинг куфр ишлари» (1847 й.) каби асарлари ана шу инқилоб даври таъсирида яратилган.
Учинчи даври: Сиёсат майдонидан узоқлашган Жорж Санднинг асарларида ижтимоий-сиёсий мавзу кўринмай қолди. Адибанинг бундан кейинги ижоди мавзулари қишлоқ ҳаётига оид деҳқонлар ҳаётидан олинган. «Кичкина Фадетта» (1848 й.), «Топилдиқ-Франсуа» (1848 й.) қиссалари, «Қўнғироқчилар» (1853й.) романи характерлидир. Ёзувчи умрининг сўнгги йилларида халқ оғзаки ижодидан фойдаланиб, «Момо эртаклари» (1873 й.) номли тўпламини нашр қилдиради.
Ёзувчи ўзининиг биринчи романи Индианада ўз ҳуқуқи, эрки, севгиси учун бош кўтарган исёнкор аёл ҳаётини ҳикоя қилади. Асар қаҳрамони Индиана романтик сиймо. «Валентина» романи ҳам аёллар тақдири ҳақида баҳс юритади.
Америка адабиётидаги романтизм 1775-1783 йилларда Қўшма Штатларда юз берган инқилоб туфайли майдонга келади. Европа мамлакатлари адабиётига таъсир кўрсатгани каби француз буржуа инқилоби (1789-1794 й.) АҚШ адабиётида романтизм йўналишининг келиб чиқишига туртки бўлади. XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган йирик романтик ёзувчи Жеймс Фенимор Купер (1789-1851 йиллар.) АҚШ адабиётида кўзга кўринган романнавислардан биридир. Саргузашт романлар устаси, романтизм намояндаси Ф.Купер 1789 йили Нью-Йорк штатида йирик ер эгаси бўлган судья оиласида туғилади.
«Американинг Вальтер Сотти» деб ном олган Купер Қўшма Штатлар адабиётида тарихий роман жанрига асос солади. Ф.Купер ижоди ўзига хос хусусиятлари, хусусан демократизм, инсонпарварлик, оддий кишилар ҳаётини акс эттириши билан диққатга сазовор. Купер ижодини характерига кўра уч даврга бўлиш мумкин.
Биринчи даври-1821-1826 йиллар. Бу даврда адиб Америка инқилоби идеалларига ишонади, мамлакат буржуа демократиясига умид боғлаб, ватаннинг ўтмишига янги тартибларни қарама-қариши қўяди. «Жосус»(1821 й.), «Лоцман» (1823 й.), «Пионерлар» (1823 й.), «Бостон қамали» (1825 й.), «Сўнгги Могикан» (1826 й.) каби романларида адиб Америка ҳаётидаги адолатсизликларни индеец қабилаларининг ваҳшийларча қириб ташланаётганини қоралайди. Бу романларнинг қаҳрамонлари ватанпарварлик, озодлик идеалларини ўзларида мужассамлаштирадилар. Улар ёзувчига шон-шуҳрат келтирадилар.
Иккинчи даври-1826-1833 йиллар. Бу давр Купер ижодининг Европага саёҳат қилган палласига тўғри келади. Бу вақтда ёзувчи «Мард» (1831 й.), «Гейденмауэр» (1832 й.), «Жаллод» (1833 й.) каби романларини яратади. Мазкур асарлар Европа мсамлакатлари тарихига бағишланган. Юқоридаги романларида муаллиф Европадаги манархия тузумига АҚШ даги республикачилик тартибларини қарама-қарши қилиб қўйади.
Учинчи давр-1833-1851 йиллар. Бу йилларда Купер ижодида силжиш юз беради. Ёзувчининг АҚШ ҳаётига, мақталган Америка демократиясига муносабатлари салбий тус олади. Бойлик кетидан қувиш авж олиб, демократик тушунчалар оёқ ости қилинаётганини кўрган адибнинг бу даврда яратган асарлари орасида энг эътиборлиси «Моникенлар»(1835 й.) да АҚШ буржуа тузуми кескин ҳажв остига олинади.
Ёзувчининг «Изқувар» (1840 й.), «Овчи» (1841 й.) каби романлари унинг индеец қабилалари ҳаётини акс эттирувчи, машҳур Чарм Пайпоқ ҳақидаги романлари сирасига киради. Бу силсилага кирувчи романлар ёзувчи ижодининг илк паллаларида ҳам яратилган эди. Масалан: Пионерлар, Сўнгги Могикан, Прерия. Чарм Пайпоқ тўғрисидаги бешта романнинг умумий қаҳрамони овчи Натти Бумподир. Купер лақаби Чарм Пайпоқ бўлган қаҳрамоннинг мардлиги, жасурлиги, дўстликда мустаҳкам садоқат эгаси эканлигини мадҳ қилади. Купер ижоди, айниқса индеец қабилалари ҳаётига оид асарлари Россияда ҳам, Европада ҳам кенг шуҳрат қозонади. Купер асарларидаги инсонпарварлик, оддий кишиларнинг олийжаноб ишлари, ватанни севиш, она табиат жамоли билан фахирланиш ҳислари бизларга жуда яқин. Купер ижодида буржуа тузуми, унинг вакиллари оёғи етган жойда инсон қадри ерга урилиши, эрк, озодлик, демократик тушунчалар оёқ ости қилинаётганлиги қораланади.

Мавзунинг қисқача хулосаси

Европада романтизм адабиёти XVIII асрнинг охири ва  XIX асрнинг бошларида шаклланди. 1789-1794 йиллардаги биринчи француз буржуа инқилоби Европада феодализм асосларига зарба бериб, буржуа муносабатларини майдонга келтирди.
Феодал тартиблари ўрнига келган буржуа тартиблари одамлар онгида, фанда, маданият ва адабиётда, санъатнинг барча соҳаларида кескин ўзгаришларга олиб келди. Эски тартибларга тарафдор бўлган дворян ва аристократ гуруҳлари инқилоб натижаларидан норози бўлиб, ўтмишга юз ўгирдилар. Уларга мансуб ёзувчилар Ўрта асрни, динни феодал тартибларини мақтаб асар ёздилар ва шу туфайли реакцион романтиклар деб ном олдилар. Халқнинг интилишларини ифодаловчи гуруҳлар ҳам инқилоб натижаларидан норози бўлдилар. Аммо булар реакцион романтиклардан фарқ қилиб, олдинга, келажакка боқдилар. Булар маърифат, озодлик, тенглик, биродарлик ғояларига содиқ бўлиб қолдилар. Шунинг учун ҳам бу гуруҳ тараққийпарвар романтиклар деб ном олади. Тараққийпарвар романтиклар меҳнат аҳлининг манфаатларини ҳимоя қилиб чиқдилар, озодлик учун олиб борилаётган курашга хайрихоҳлик билдирдилар.
Тараққийпарвар романтизм вакилларидан Англияда Байрон,Шелли, Вальтер Скотт, Францияда В.Гюго, Жорж Санд, Польшада Адам Мицкевич, Юлиус Словацкий ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Булар оддий халққа ишонч билан қарадилар. Унинг тақдирига, урф-одатларига, миллий анъаналарга, оғзаки ижодга ижобий муносабатда бўлдилар. Тараққийпарвар романтиклар деярли барча жанрларда ижод қилдилар. Бу эса улар ёзган асарларнинг ранг-баранг, таъсирчан бўлиб чиқишини таъминлади. Образларнинг бойлиги ва ранг-баранглиги, чуқур лиризм, ҳаётий воқеалар тугинидаги мураккабликлар ва қарама-қаршиликларни кўра билиши билан тараққийпарвар романтиклар жаҳон адабиёти ривожида янги босқич яратдилар.

Бобоқулов Юнус Файзуллаевич
Кўчимов Улуғбек Қўчқорович