1. Эргаш гапли қўшма гаплар ҳақида назарий маълумот.
2. Эргаш гапли қўшма гаплар таснифи.
Маълумки, эргашган қўшма гапларда икки ёки ундан ортиқ содда гаплар ўзаро ҳоким-тобелик муносабати орқали боғланади. Эргаш гап бош гапга тобе боғланиб, бош гапдаги бирор бўлакни изоҳлаб келади. Бош ва эргаш гап грамматик ҳамда мазмунан жипс боғланиб, яхлит бирликни ташкил этади ва умумий бир фикрни ифодалайди. Улар ўзаро феълнинг амалий шаклларининг қўлланиши (турли грамматик воситалар билан бириккан сифатдош, равишдош ва шарт феъли), ёрдамчи сўзлар орқали муносабатга киришиши айтилади (Абдураҳмонов Ғ., 1996, 185). Эргашган қўшма гапларнинг гуруҳланиши эргаш гапнинг бош гапдаги қайси бўлакни изоҳлаб келишига қараб белгиланади. Шуни айтиш керакки, эргаш гапларнинг таснифида тилшунослар ўртасида умумийлик бор. Ўзбек тилшунослигида эргаш гаплар мазмуний – шаклий жиҳатдан 14 турга ажратилади: 1) эга, 2) кесим, 3) тўлдирувчи, 4) аниқловчи, 5) равиш, 6) ўлчов- даража, 7) чоғиштириш-ўхшатиш, 8) сабаб, 9) мақсад, 10) пайт, 11) ўрин, 12) шарт, 13) тўсиқсиз, 14) натижа эргаш гаплар (Ғуломов А., Асқарова М., 1987, 187). Н.Маҳмудов ҳам эргашган қўшма гаплар семантикасини айни шу тасниф асосида таҳлил этади (Нурмонов А., Маҳмудов Н., Аҳмедов А., Солихўжаева С., 1992, 243). Ғ.Абдураҳмонов эса уларни қуйидаги турларга ажратади: 1) аниқловчи, 2) тўлдирувчи, 3) эга, 4) кесим, 5) пайт, 6) сабаб, 7) шарт, 8) мақсад, 9) тўсиқсиз, 10) натижа, 11) равиш, 12) қиёс, 13) умумлаштирувчи-изоҳ эргаш гаплар (Абдураҳмонов Ғ., 1996, 191-216). Унинг бу таснифида юқоридаги барча қўшма гаплар акс этган бўлса-да, қиёс ва умумлаштирувчи эргаш гаплар асоссиз майдалаштирилиб юборилган. Масалан, умумлаштирувчи-изоҳ эргаш гапли қўшма гаплар табиати ҳақида тўхталар экан, у шундай ёзади: «Эргаш гапларнинг шундай турлари борки, улар бош гапга аналитик-синтетик йўл билан боғланади. Бу ҳолда бош ва эргаш гап ўзаро нисбий олмошлар орқали бирикиб, эргаш гапнинг кесими шарт майли орқали ифодаланади. Демак, бундай эргаш гаплар бош гапга асосан лексик воситалар ва шарт майли орқали боғланади. Бу боғланиш икки томонлама бўлиб, боғловчи лексик воситалар ҳам эргаш гап, ҳам бош гап таркибида қўлланади» (Абдураҳмонов Ғ., 1996, 216).
Эски ўзбек тилида ҳам эргаш гапли қўшма гапларнинг юқоридаги турлари қайд қилинади. Қуйида уларни кўриб ўтамиз.
Эга эргаш гапли қўшма гаплар. Маълумки, эга эргаш гап бош гапдаги олмош билан ифодаланган эгани изоҳлаб, тўлдириб келади. Эски ўзбек тилида эга эргаш гап бош гапга қуйидагича боғланган:
1. Ҳозирги ўзбек тилидагидек, феълнинг шарт майли формаси ёрдамида: Ҳар ким падшаҳ болса, йана йа¦ы хазана йығмақ керЎк (БН). Ҳар киши тµркичЎ айтса, бир айағ ичсµн (БН).
2. –р(-ар,-Ўр,-ур,-µр) аффиксли сифатдош формаси ёрдамида: Ул чин сЈзни йалғанға қатар, дурры саминны нажасатқа атар (Навоий МҚ).
3. Феълнинг аниқлик майли формаси ёрдамида: Ҳар киши ким тириклик манзылыға келибтµр, ахыр дунйа ғамханасыдын кечкµсидµр (БН).
4. –кэ,-ким боғловчиси орқали: СЈ¦рЎ маълум болды ким, мужавырларны¦ тазвыры экЎндµр (БН).
Эски ўзбек тилида ҳам эга эргаш гап бош гапда ифодаланмаган эгани изоҳлаб келган: Ҳар кимкэ вафа қылса, вафа тапқусыдур//Ҳар кимкэ жафа қылса, жафа тапқусыдур (БН)
Кесим эргаш гапли қўшма гаплар. Кесим эргаш гап бош гапнинг олмош орқали ифодаланган кесимини изоҳлаб, бош гапга ҳозирги ўзбек тилидагидек, -кэ,-ким боғловчиси орқали боғланган. Бош гапнинг кесими вазифасида ҳозирги ўзбек тилида шу олмоши келади. Эски ўзбек тилида эса кўпроқ бу, булар, ул кўрсатиш олмошлари қўлланган. Мисоллар: Ҳимматы вЎ ғаразы ул эдиким, ул ишни камалға тегµргЎй (БН). Умид андақдурким, ушбу кµн та¦-ла Хисравшаҳны¦ жамиъ навкар вЎ савдары келиб, падшаҳ қуллуғын қабул қылғайлар (БН).
Тўлдирувчи эргаш гапли қўшма гаплар. Маълумки, тўлдирувчи эргаш гаплар бош гаплардаги тўлдирувчи синтактик вазиятидаги лексеманинг маъносини тўлдириб келади ва бош гапга –ки // -ким шаклий воситаси орқали боғланади: Ақибат а¦а қарар тапты ким, салтанат тажын икки ач арслан арасида қойғайлар ( Навоий ТМА ). Иш а¦а йетти ким, бизни¦ эл хандақ йақасығача барыб, қул вЎ дадак келтµрµрлЎр эди (БН).
Ҳозирги ўзбек тилида тўлдирувчи эргаш гаплар бош гапга феълнинг шарт майли шакли, деб ёрдамчиси, -ми,-чи, -ку юкламалари ва –ки боғловчиси ёрдамида боғланади. Эски ўзбек тилида эса асосан –кэ,-ким воситасида боғланган.
Аниқловчи эргаш гапли қўшма гаплар. Маълумки, аниқловчи эргаш гап бош гапдаги аниқловчи вазифасида қўлланган, айрим сўзларнинг маъносини конкретлаштириб келади ёки бош гапдаги предметнинг аниқловчиси вазифасини бажаради. Аниқловчи эргаш гап кўпинча бош гапдаги предмет белгисини унинг ҳаракати ёки ҳолатига кўра аниқлайди. Аниқловчи эргаш гап бош гапдаги от орқали ифодаланган турли бўлакларни изоҳлаб келади.
Аниқловчи эргаш гапнинг тарихий тараққиётига назар ташласак, уни узоқ тарихга эга эканини кўрамиз. Аниқловчи эргаш гапли қўшма гаплар қадимги туркий тилда, шунингдек, эски ўзбек тилида ҳам кенг қўлланган.
Ҳозирги ўзбек тилида аниқловчи эргаш гаплар бош гапга –ки боғловчиси ҳамда шарт майли формаси ёрдамида боғланади. Эски ўзбек тилида ҳам шундай ҳолни кузатиш мумкин: Ҳажа фаланға дағы ҳукм болса ким, алар ишидин хабардар болуб, аларға мададкарлығыда тақсир қылмаса (Навоий МШ ). Судурға ҳукм болса ким, вилайат авқафыдын хабардар болсалар (Навоий МШ). Андақ ривайат қылдылар ким, чумчуқ безгЎк болғандур (БН)
Баъзан аниқланаётган бўлак шаклан ифодаланмаслиги ҳам мумкин. Лекин мазмунан у тўлиқ англашинаверади: Андоқ эшитилдиким, Астрободда оламдин ўтубтур (Навоий МН). Мазкур мисолда бош гап таркибидаги аниқланаётган бўлак (хабар) шаклан ифодаланмаган. Аниқловчи эргаш гап бош гапдаги айнан ана шу ифодаланмаган субъектни аниқлаб, изоҳлаб келган. Имплицит субъект андоқ ҳавола бўлаги орқали англашилиб турибди.
Сабаб эргаш гапли қўшма гаплар. Бундай гапларнинг мазмуни сабаб муносабатидан иборат. Эргаш гап сабаб воқеани, бош гап ундан келиб чиқадиган натижани ифодалайди. Бундай эргаш гапларда содда гапларнинг семантик муносабатида ул жиҳаттин, бу жиҳаттин лексик бирикмаларининг семантикаси муҳим аҳамиятга эга. Бу воситалар бош гапнинг бошида келиб, сабаб ҳоли семантик вазиятини эгаллайди. Сабаб воқеа ана шу воситалар ёрдамида натижа воқеанинг ичига киради. Сабаб воқеа, яъни, шарт эргаш гап олдин, ундан сўнг бош гап келади. Чунки сабаб воқеа ифодалангандан сўнг ул жиҳаттин, бу жиҳаттин воситалари билан асосий денотатнинг юзага чиқиш сабаби изоҳланади. Шунинг учун эргаш гапнинг бош гапдан олдин ўринлашуви мантиқан тўғри.
Мисоллар: Бард лафзыдын аччығы келµр эрди, бу жиҳаттын а¦а ташвиш берµрлЎр эрди (Навоий МН). Чун сизни¦ табуғы¦ызда давлатхаҳлығ сЈзини айтурға маъмурмен, ул жиҳаттын густаҳлығ билЎ арзадашт битилди (Навоий МШ ).
Юқорида таъкидланганидек, чун лексемаси сабаб эргаш гапли қўшма гапларда ҳам қўлланиб, улар ўртасидаги семантик муносабатни реаллаштирган. Бунда ҳам эргаш гап бош гапдан олдин келган: Ул хазратға чун равшан болуб эрди, инаор қыла алмадым (Навоий МН).
Ушбу мисолда ҳам пайт муносабатлари ифодаланган. Яъни, қачон инкор қила олмади, дейиш мумкин ёки нима сабабдан, деган савол қўйиш мумкин. Лекин гапда пайт маъносига нисбатан сабаб мазмуни кучли. Чунки асосий гапнинг бажарилишидаги пайт эмас, балки сабаб биринчи планга чиқарилмоқда, инкор қила олмаслик сабаби алоҳида таъкидланмоқда.
Энди қуйидаги мисолни кўрайлик: Ва қатл истидаъсы қылды эрсЎ, қатл буйурды (ТМА 231). Ушбу гапнинг ҳам мазмунини сабаб-натижа муносабати ташкил этади. Юқорида таъкидланганидек, ижро майлидаги феъл+тўлиқсиз феъл шакли пайт эргаш гапли қўшма гаплардаги содда гапларни ўзаро муносабатини таъминлайди. Лекин шуни таъкидлаш жоизки, бундай қўшма гапларда пайт мазмуни ҳам, сабаб мазмуни ҳам ифодаланади.
Сабаб эргаш гап бош гапга –ки, ким воситасида ҳам боғланиши мумкин. Бундай қўшма гапларда бош гап эргаш гапдан олдин жойлашади: Мавт маразыда тажны аны¦ қарныға қойды ким, Дарабқа ҳамила эрди (Навоий ТМА).
Ҳозирги ўзбек тилида ҳам сабаб эргаш гаплар бош гапга баъзан -ки шаклий воситасида боғланади. Лекин юқоридаги мисолдан фарқли равишда, эргаш гап бош гапдан аввал жойлашади: Аёл борки, олам мунаввар. Сен борсанки, шодман ҳаётдан каби.
Юқорида таъкидланганидек, Алишер Навоий асарлари тилида бош гап эргаш гапдан олдин жойлашади. Демак, бош гап (Тожни анинг қорниға қўйиш) нинг юзага келишига эргаш гап (Доробға ҳомила эрди) сабаб бўлмоқда. Нутқ талабига кўра эргаш гапни бош гапдан олдинга ўтказиш мумкин: Даробқа ҳомила эрди, шунинг учун мавт маразида тожни анинг қорниға қўйди, каби. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, бундай боғланишда бош ва эргаш гапларнинг ўринлашуви эркин бўлади. Қайси гап таъкидли ифодага эга бўлса, сўзловчи учун муҳим бўлса, ўша денотат аввал жойлашади. Мисолдаги асосий воқеа (Тожни анинг қорниға қўйди) сўзловчи учун муҳим, шунинг учун уни биринчи планга қўйган.
Шу билан бирга, сабаб эргаш гап бош гапга яна қуйидаги воситалар ёрдамида боғланиши мумкин:
НегЎким боғловчиси ёрдамида: Бу фурсатда Бажурны шаҳ Мир Ҳусайнға инайат қылыб, Хажа Каланни тилЎб эрдµк,негЎким Хажа Калан мусаҳыб эрди (БН).
Ўтган замон сифатдошига учинчи шахс эгалик аффиксининг қўшилиши, сўнгра учун кўмакчисини келтириш билан: Қабулны¦ дарамад вЎ ҳасылыны билмЎй мундақ тахмил болғаны учун, вилайат хили хараб болды (БН). Баъзан сифатдош таркибидаги эгалик аффикси тушиб қолган: Атасы вилайатқа кириб, нечЎ маҳал саллаҳлық қылған учун, Қанбар Али саллаҳ дер эрдилЎр (БН).
-б(-иб,-ыб//-уб,-µб) аффиксли равишдош воситасида: Бу вақеа андын йад бериб, черик элигЎ ваҳима ғалыб болды (БН).
Шарт эргаш гапли қўшма гаплар. Ҳозирги ўзбек тилида шарт эргаш гаплар бош гап билан феълнинг шарт майли шакли, ўрин-пайт келишигидаги сифатдош шакли, келаси замон сифатдоши ҳамда тўлиқсиз феъл, равишдошнинг бўлишсиз шакли, ўрин-пайт келишигида сифатдош ҳамда тўлиқсиз феъл шакллари орқали бирикади.
Бундай қўшма гаплар мазмунини шарт муносабати ташкил этади. Икки ёки ундан ортиқ денотатив гап шартланганлик муносабатига киришади. Шаклий функционал жиҳатдан эргаш гап бош гапнинг синтактик қурилишида шарт ҳоли ўрнини эгаллайди: Дост висалын тилЎр болса¦, ашық бол (Навоий МҚ).
Эргаш гапнинг предикати бўлишсиз феъл шакли билан ифодаланиши мумкин. Бунинг натижасида шарт воқеа бир қадар таъкидли ифодага эга бўлади: Ҳар вафаға йуз жафа тартмаса¦, гµнЎҳкЎр-сен (Навоий МҚ).
Эски ўзбек тилида агар боғловчиси шарт эргаш гапли қўшма гаплар таркибида кенг қўлланган бўлиб, у шарт мазмунини кучайтириб келган: Агар шабихун барсақ, қаранғу кечЎдЎ киши кЈрмЎс (БН).
Агар ёрдамчиси XI асрлардан бошлаб форс-тожик тилидан ўзлашган бўлиб, то ҳозирги кунгача қўлланиб келаётган шарт боғловчисидир. XI-XII-XIII аср адабий тилида оз миқдорда кўзга ташланиб, XIV-XVI асрлардан бошлаб кенг қўлланган. Бу боғловчи ар шаклида ҳам қўлланган: Маъзур тут ар васлы¦а кечрЎк йетсЎм//нечара қылай азғына маниъ бардур (БН).
Эргаш гапнинг ўрни, чегараси ва унинг формал шаклланишида ўзига хослик ҳам кўзга ташланади. Маълумки, ҳозирги ўзбек тилида аввал шарт эргаш гап, сўнгра бош гапнинг келиши доимий қонуният. Лекин эски ўзбек тилида бош гапнинг эргаш гапдан олдин келиши ҳолати ҳам кузатилади: Зеридастларға нафъ йеткµр, агар тилЎсЎ¦ кэ, забардастлардан зарар кЈрмЎгЎй-сен(Навоий МҚ). Ушбу гапни қуйидагича трансформация қилиш мумкин: Агар забардастлардан зарар кўрмасликни тиласанг, зеридастларға нафъ еткур.
Энди қуйидаги гапларни таҳлил қилиб кўрайлик: ДесЎ¦ кэ, таамы¦ зайе болмағай – йедур; ТилЎса¦ кэ, либасы¦ эскирмЎгЎй – кийдµр (Навоий МҚ). Шаклий жиҳатдан олиб қаралганда, десангки, тиласангки сўзлари кириш сўз вазифасида қўллангандек кўринади. Чунки зое бўлмағай, эскирмагай келаси замон феъл шакллари кесим вазифасида келган. Лекин мазмунан олиб қаралганда, десангки, тиласангки лексемалари эргаш гаплар предикатининг бир қисми ҳисобланади. Қиёсланг: таоминг зое бўлмағай – едур ёки либосинг эскирмагай – кийдур, деб олсак, маъно чалалиги юзага келади, шартланганлик муносабати тўла реаллашмайди. Бу гапларни қуйидагича трансформация қилиш мумкин: Таоминг зое бўлмасин десанг, едур ёки либосинг эскирмасликни тиласанг, кийдур. Фикримизча, бундай конструкциялар эски ўзбек тилига форс-тожик тилидан ўзлашган.
Шарт эргаш гапнинг кесими буйруқ майлидаги феъл шакли билан ифодаланади. Бош гап билан –ки (-ким) воситасида шаклий синтагматик муносабатда бўлади: Мазлумға бахшайиш кЈргµз кэ, залимдын асайиш кЈргЎй-сен (Навоий МҚ). Бундай шаклий восита орқали бирикиш ҳозирги ўзбек тилида кузатилмайди.
Шарт эргаш гап бош гапга –са эрди шаклий воситасида ҳам бирикиши мумкин. Бунда шарт воқеа тахмин, гумон маъно оттенкаларига эга бўлади: Андақ кэ, бир аз нимЎ бевуқуфрақ киши қашыда оқуса эрди, кЈп йахшылыққа ЈткЎрµр эрди (Навоий ҲМ).
Тўсиқсиз эргаш гапли қўшма гаплар. Маълумки, ҳозирги ўзбек тилида тўсиқсиз эргаш гаплар бош гапга –са ҳам, -ганда ҳам, -са+да, -гани билан, қарамай каби шаклий воситалар ёрдами билан боғланади. Эски ўзбек тилида эса шарт эргаш гапнинг предикатлари ижро майлидаги феъл шаклида бўлади. Тўсиқсизлик маъноларини ифодалашда эргаш гап таркибидаги агар, агарчи лексемалари катта роль ўйнайди. Шу билан бирга, денотатлар таркибидаги айрим лексик воситалар ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Бундай гапларда бир пайтнинг ўзида икки хил муносабат, яъни, ҳам шарт муносабати, ҳам тўсиқсизлик муносабати мавжуд бўлади. Чунки «тўсиқсизлик» деганда, муайян шартнинг тегишли воқеанинг юзага келишида тўсиқ бўлмаслиги назарда тутилади. Бунда шарт муносабати бевосита эмас, балки билвосита иштирок этади, бошқача қилиб айтганда, шарт муносабати гапда тагбилим сифатида мавжуд бўлади. Агар тагбилим сифатида шарт муносабати иштирок этмас экан, тўсиқсизлик муносабатининг юзага келиши мумкин эмас. Мисол: ВЎ қамчыны агар тазйана дерлЎр, булдурғасын вЎ чубурғасын туркча айтурлар (Навоий МЛ).
Ушбу мисолда «қамчи тозёна дейилса, булдурғаси ва чубурғаси ҳам форсча аталиши керак» деган шарт муносабатидаги тагбилим мавжуд. Ана шу шарт меъёрининг бузилиши тўсиқсизликни юзага келтиради: ВЎ қамчыны тазйана десЎлЎр ҳам, булдурғасыны ва чубурғасыны туркча айтурлар.
Тўсиқсиз эргаш гапларда бош гап эргаш гапдаги шарт мазмунига зид бўлган ҳаракат, воқеаларни ифодалайди: Агарчи бир нечЎ вақт биззарурат улум касбиға иштиғал кЈргµзµбтµрлЎр, амма ҳеч вақт назм айыныдын ҳали эмЎс экЎндµрлЎр (Навоий ХМ).
Баъзан агарчи, гарчи боғловчилари иштирок этган тўсиқсиз эргаш гапли қўшма гапларнинг кейинги компоненти- бош гап олдида вЎле зидлов боғловчиси келиб, у компонентлардаги зидликнинг ортиқ эканлигини кўрсатади: Агарчи мундын бурун хабарны бир пыйада келтµрµб эрди, вЎле севинчигЎ ек Вайс бир айда келди (БН).
Маълумки, агар, агарчи боғловчилари эрагаш гап таркибида келиб, эрагш гаплар доимо бош гапдан олдин келади. Лекин эски ўзбек тилида бундай тўсиқсиз эргаш гаплар бош гапдан кейин ҳам келган: Йазлар йахшы ҳавасы бар, агарчи Қабулча йоқтур (БН).
Пайт эргаш гапли қўшма гаплар. Маълумки, пайт эргаш гапли қўшма гапларда, асосан, икки денотатив воқеа ифодаланиб, уларнинг бири иккинчисининг ичига пайт билдирувчи узв сифатида киради. Шунинг учун ҳам икки денотатив воқеа ўртасидаги муносабат пайт муносабати сифатида реаллашади ва бу муносабат ифодаланган қўшма гап пайт эргаш гапли қўшма гап сифатида баҳоланади.
Ҳозирги ўзбек тилида пайт эргаш гаплар бош гапга феъл шакллари, кўмакчилар ва айрим юкламалар ёрдами билан бирикади.
Эски ўзбек тилида пайт эргаш гаплар бош гапга қуйидагича боғланади:
1. Эргаш гапнинг предикати бош гапга равишдош шакли воситасида боғланади. Бундай гапларда эргаш гапда ифодаланган воқеа-ҳодиса бўлиб ўтганидан сўнг бош гапдаги воқеа бошланади: ВЎ умрини¦ ахырыда НЈширЎвЎнни Јз орныда олтуртыб, Јзи гЈшЎ тутты (ТМА 224).
2. Чун шаклий воситаси ёрдами билан шаклланади. Маълумки, чун лексемаси ҳозирги ўзбек тилидаги: 1) чунки, шу сабабдан; 2) агар; 3) қачонки маъноларига мувофиқ келади (Навоий асарларининг қисқача луғати, 1993, 319). Шу сабабли ҳам чун лексемаси эски ўзбек тилида пайт, сабаб, шарт эргаш гапларнинг бош гапга боғланишини таъминловчи воситалардан бири саналган. Чун эргаш гапнинг таркибида келган, эргаш гапнинг предикати феълнинг аналитик ёки синтетик шакллари билан ифодаланган. Бундай гапларда ҳам асосий денотатив воқеа эргаш гапдаги воқеадан кейин содир бўлади: Чун таъзиб шиддатыдын ҳардылар, ул мажмуъдын судраб чықардылар (МҚ 38). Чун атфал ташыдын туйар эрди, қачыб гулханға йуз қойар эрди (МҚ 87).
Шу билан бирга, Алишер Навоий асарлари тилида -ғач (-гЎч,-қач,-кЎч), -р(-ур)да шаклий воситалари ҳам эргаш гапни бош гапга боғлашда фаол қўлланганлигини кўрамиз. –ғач (-гЎч,-қач,-кЎч) шаклий воситаси билан боғланган қўшма гапларда асосий денотатив воқеа эргаш гапдаги воқеа содир бўлгандан сўнг бошланади.
Мисоллар: Кайфийатин маълум қылғач, таскин таптылар ва Фируз Ҳурмузға таън қылдылар (ТМА 234). Тафаҳҳус қылғач, ул иш кайфийатин маълум қилди (ТМА 209).
Юқорида таъкидланганидек, мисоллардан асосий денотатлар (Таскин таптылар ва Фируз Ҳурмузға таън қылдылар – ул иш кайфийатин маълум қылды) тобе денотатив воқеалар (Кайфийатин маълум қылғач – Тафаҳҳус қылғач)дан сўнг содир бўлмоқда. Ушбу пайт муносабатини –ғач (-гЎч, -қач, -кЎч) шаклий воситасининг семантикаси реаллаштирмоқда.
- р (ур)да шаклий воситаси билан боғланган пайт эргаш гапли қўшма гапларда эргаш гапдаги денотатив воқеа билан асосий денотатив воқеа бир пайтда рўй беради, чунки, - р (ур)да шаклий воситасининг семантикаси иш-ҳаракатининг тугалланмаганлигини ифодалайди: ВЎ қошқун салурда, тепиб ахир қылды (ТМА 220).
Ҳозирги ўзбек тилида бундай мазмунли қўшма гапларни боғлашда -ган сифатдоши кенг қўлланилади (Абдураҳмонов Ғ., 1958, 142-146). Эргаш гапнинг предикати ижро майлидаги феълнинг эрсЎ шакли орқали ифодаланиб, бош гапга боғланиши мумкин. Бунда асосий денотатив воқеа эргаш гапдаги воқеа тугаганидан сўнг бошланади: Ул ишни а¦а захир қылды эрсЎ, қабул қылыб, йалғыз барыб, ул пилни Јлдµрди (ТМА 220).