1. Тарихий синтаксис ҳақида маълумот.
2. Сўз бирикмаси.
3. Гап бўлаклари.
Қадимги туркий тил ва сўнгги даврлар тилининг синтактик тузилиши билан ҳозирги замон тили синтактик тузилишини қиёслар эканмиз, ўзбек тили синтаксисида ҳам жиддий ўзгаришлар бўлганини кўриш мумкин. Шуниси характерлики, синтаксисдаги ўзгаришлар кўпинча морфология ва лексикада бўлган ўзгаришлар туфайли рўй берган. Масалан, восита келишигининг истеъмолдан чиқиши сўзларнинг бошқарув муносабатини ўзгартиради ва ҳол доирасини кенгайтиради. Синтаксис тараққиётидаги иккинчи омил- бошқа тилларнинг таъсиридир. Тарихда ўзбек тилига айниқса форс-тожик тилининг таъсири сезиларли бўлган. Бу тилнинг таъсири билан янги сўз бирикмалари, эргаш гаплар вужудга келди.
Маълумки, сўз бирикмалари иккига бўлинади: тобе бирикмалар, тенг бирикмалар. Тенг бирикмаларда сўзлар ўзаро тенг муносабатга киришса, тобе бирикмаларда сўзлар ўзаро тобе-ҳоким муносабати орқали боғланади.
Тобе бирикма таркибидаги бош ва эргаш сўзлар қандай воситалар билан боғланишига қараб, уч турга бўлинади: бошқарув, мослашув, битишув.
Бошқарув муносабатида эргаш сўз бош сўзнинг талаби билан бирор грамматик формада шаклланади. Бошқарувнинг икки тури мавжуд: келишикли бошқарув ва кўмакчили бошқарув. Келишикли бошқарувда бош сўз ва эргаш сўз ўзаро тушум, жўналиш, ўрин-пайт ва чиқиш келишиги ёрдамида боғланади. Кўмакчили бошқарувда бош сўз билан эргаш сўз кўмакчилар ёрдамида муносабатга киришади: ВЎҳм билЎ уйғаныб, кāҳинлЎрни тилЎб, бу т¯шни¦ тЎъбирини тилЎди (Навоий НМ). ВЎ бир аз фурсатдын со¦ра мЎлики Рāйāн ҳам āламдын чықты (Навоий НМ).
Мослашувли бирикмада бош сўз билан эргаш сўз шахс-сонда ўзаро мос бўлади. Улар ўзаро қаратқич келишиги ёрдамида боғланади: ...ул навāҳини¦ черики билЎ..(БН). Мени¦ ғанимим қорғанда эди (БН).
Битишув муносабатига кирган сўзлар фақат оҳанг ёрдами билан боғланади. Бундай муносабат сифат билан от, сон билан от, олмош билан от ўртасида бўлади: Бу тµшµкни тешиб, ул сувни ичЎдµрлЎр (БН). Оттыз-қырқ бЎрг шāхыны¦ µчидЎ бир йердин-оқ ирикрЎк пЎнжЎ урадур (БН).
Изофа. Изофа икки отнинг аниқловчилик муносабатига киришувидир. Изофа араб ва форс тилларига хос бўлиб, туркий тиллардаги мослашувли бирикманинг ўзидир. Ўзбек тили лексикасининг жуда катта қисмини араб ва форс сўзлари ташкил этгани учун бу тиллардан изофий бирикмалар ҳам жуда кўплаб ўзлашган. Мисоллар: Ҳаки пай, аби ҳайван (Лутфий), ғунчайи хандан, булбули бостан (Хоразмий), шайхул ислом, ВЎ ҳазрат Шайхны¦ «Маҳзанул асрар»иға жаваб айтыбтур (Навоий, МН). Араб ва форс тилларидаги аниқловчи-аниқланмишнинг жойлашуви билан ўзбек тилидаги аниқловчи-аниқланмишнинг ўринлашуви ўртасида жиддий фарқ мавжуд. Араб ва форс тилларида аввал аниқланмиш кейин аниқловчи келса, ўзбек тилида аввал аниқловчи сўнг аниқланмиш келади.
Гап бўлаклари. Маълумки, гап бўлаклари гапни ташкил қилувчи сўз шакллари, бирикмалари ва бошқа синтактик бирликларнинг таркибий ва маъно хусусиятларига кўра фарқланади. Бунда таркибий хусусият тушунчаси гап бўлакларининг ифодаланиши, уларнинг гапдаги бошқа синтактик ҳодисалар билан боғланишива синтактик мавқе тушунчаларини ўзида бирлаштиради, улар маълум бир маънони ташишга хизмат қилади.
Бош бўлаклар. Маълумки, эга фикр объектини, нутқ предметини кўрсатувчи бош бўлакдир. Анъанавий тилшуносликда гапнинг ҳоким бўлаги эга деб эътироф этилади. «Эга икки составли гапнинг бош бўлакларидан биридир: у ҳоқим составнинг грамматик маркази, шу составдаги бўлакларга, шунингдек, тобе составдаги бош бўлакка – кесимга ҳам ҳокимдир. Эга абсолют ҳоким ҳолатдаги бўлакдир. У гапдаги фикр, ҳукм ўзига қаратилган предметнинг – нутқ предметининг номидир. Эга ҳаракатни бажарувчи ё қабул қилувчи шахсдир ёки кесим ифодалаган ҳолат, ё белги қарашли предмет» (Ғуломова А., Асқарова М. Ҳозирги замон ўзбек адабий тили. Синтаксис. Т., 1987, 77).
Кейинги йилларда гапнинг шаклий томони билан бир қаторда, унинг мазмуний томонини ўрганишга ҳам жиддий эътибор берилмоқда, яъни тилшуносликда мазмуний синтаксис деган янги йўналиш юзага келди. Бу борада А.Бердиалиев, Р.Сайфуллаева, А.Нурмонов, Н.Маҳмудов, А.Аҳмедов, С.Солихўжаева, М.Абузалова ва бошқаларнинг тадқиқотларини кўрсатиб ўтиш жоиз. Бу тадқиқотларда гапнинг бош бўлаклари хусусида ҳам янгича қарашлар пайдо бўлди. Бу, айниқса, Н.Маҳмудов, А.Нурмонов, М.Абузаловаларнинг ишларида ўз ифодасини топди. Бу қараш бўйича ўзида предикативликни акс эттирадиган, гапни уюштирувчи ва шакллантирувчи бўлак кесимдир. Кесим гапнинг марказий бўлаги бўлганлигидан бутун тавсифи – грамматик категориялари: тасдиқ-инкорлик, шахс, замон, коммуникатив мақсад ва ҳоказолар кесимга қараб белгиланади. Кесим гап қурилишида уюштирувчилик ролини ўйнайди. Тўғри, кесим ҳақидаги бундай фикр-мулоҳазалар анъанавий тилшуносликда ҳам бор. Жумладан, А.Ғуломов шундай ёзади: «Кесим эга билан ўзаро боғланган бўлиб, гапнинг уюштирувчи марказларидан биридир: у ҳукмни ифодаловчи, гапликнинг асосий белгиларини (модаллик, замон ва шахсни) – предикативликни кўрсатувчи энг муҳим бўлак бўлганлигидан гапнинг мазмунини, структурасини, характерини белгилашда катта роль ўйнайди, эга нутқ предметини-темани (гапнинг нима тўғрисида боришинигина) билдиради, шу ҳақда нима дейилишини, хабарни, характеристикани кесим билдиради» (Ғуломов А., Асқарова М. Ҳозирги замон ўзбек тили. Синтаксис. Т., 1987, 84). Олим ҳатто кесимнинг гапдаги энг зарурий бўлак эканлигини эътироф этади. Гапнинг шаклланишида кесим муҳим роль ўйнашини айтади: «Гапни майдонга келтириш, фикрни ифодалаш жиҳатидан кесимнинг гапдаги аҳамияти жуда каттадир: у коммуникацияда (алоқа – аралашув, хабар беришда) асосий вазифани бажаради. Гапда кесимнинг айрим бўлак сифатида ифодаланмай қолиши кучли сезилиб туради. Демак, гап тушунчаси кесим тушунчаси билан жуда зич боғлангандир. Предикатив алоқанинг кўрсаткичлари, одатда, кесимда бўлади» (Ғуломов А., Асқарова М., юқоридаги асар, 1987, 84).
Маълумки, гапнинг характерли белгиларидан бири предикативликдир. Демак, кесим предикатив алоқанинг муҳим кўрсаткичи, гап тушунчаси билан жуда зич боғланган экан, у гапда ҳоким бўлак ҳисобланиши керак.
Эга қуйидаги маъно хусусиятларини билдиради:
1. Ҳаракат, ҳолат ва белгини билдиради: Ҳамул беш-он кµндЎ абтар девāнаны бозахāнада йана бир Јзидек абтар бойныны чапыб Јлдµрди (Навоий, ХМ).
2. Иш-ҳаракат объектини билдиради: Вазырға бу хабар йетишти (Навоий, ТМА).
3. Иш-ҳаракатнинг ўрнини билдиради: ВЎ ул ҳазратны¦ мубарак мурқади Жам вилайатыда Харжуд қасабасыдадур (Навоий, МН).
4. Иш-ҳаракат ёки белгининг пайтини билдиради: ВЎ Йалашны¦ замани беш йылдын жузвий Јксµкдµр (Навоий, ТМА).
Таркибига кўра эга содда ва мураккаб турларга бўлинади. Содда эга бир сўз шакли билан ифодаланади: Саҳāват инсāнийат бағыны¦ бāрвар шажаридур (Навоий, МҚ). Мири мажлисдағы аҳли мажлисқа муттафық болды (Навоий, МН).
Мураккаб эга бир неча сўзлар бирикмасидан иборат бўлади: Бу шеърға ҳазрат Маҳдуми Нуран жаваб айтыбтурлар (Навоий, МН).
Кесим гап таркибида муҳим ўрин тутадиган бош бўлакдир, шунинг учун ҳам у содда гапларда эганинг қўлланишига нисбатан муқимдир (Кесим ҳақидаги янгича қарашлар юқорида айтиб ўтилгани учун қайтариб ўтирмаймиз). Кесим ҳам худди эга каби содда ва мураккаб турларга бўлинади.
Содда кесим бир сўз шакли билан ифодаланади. Содда кесимлар қайси сўз туркуми билан ифодаланишига қараб содда феъл кесим ва содда от кесимларга бўлинади. Содда феъл кесимлар феъл, унинг сифатдош ва равишдош шакллари билан ифодаланади: Ва салтанатыны¦ замāнын ҳам мухталиф битибт¯рлЎр (Навоий,ТМА). Достлар достлар вафāсын асрағайлар (Навоий, НМ).
Содда от кесимлар феълдан бошқа сўз туркумлари билан ифодаланади: Йалған айтқучы ғафлатдадур (Навоий, МҚ). Ул ҳам Андыжандындур (Навоий, МН).
Мураккаб кесимлар бир неча сўзлардан иборат бўлади. Улар ҳам содда кесимлар каби мураккаб феъл кесим ва мураккаб от кесимларга бўлинади.
Мураккаб феъл кесим адабиётларда составли кесим деб ҳам юритилади. Мураккаб феъл кесимлар асосан кўмакчи феълли сўз қўшилмасидан иборат бўлади: Ул дағы башқара алмады (Навоий, ТМА). Бундан ташқари, мустақил феъл+тўлиқсиз феъл қўшилмасидан ҳам мураккаб феъл кесимлар ҳосил қилинган: Секиз мы¦ шāҳ ва шāҳзāда хыдматын қылур эрди (Навоий, ТМА).
Мураккаб от кесимлар от+феъл ва от+боғлама қўшилмаларидан иборат бўлади: Ва Шāмда аларға кЈп муридлар пайда болдылар (Навоий, Нас.муҳ.). Жамиъ дарвешлЎр ҳāзыр эрдилЎр (Навоий, Нас.муҳ.).
Эски ўзбек тилида ҳам худди ҳозирги ўзбек тилидагидек, от кесимлар таркибида -тур, -мен,-сиз,-биз каби қўшимча- боғламалар, эрди, эрмиш, бол, барур ва форс-тожик тилидаги ҳаст боғламсидан нусха кўчириш асосида вужудга келган бор сўз боғламалари кенг қўлланган.
Тўлдирувчи. Тўлдирувчи гапнинг узвий бўлакларидан бўлган иккинчи даражали бўлакдир. Тўлдирувчи учун асосан от ва олмош туркуми ифода ашёси бўлиб хизмат қилади. У воситасиз ва воситали каби икки турга бўлинади.
Воситасиз тўлдирувчи тушум келишигидаги сўз билан ифодаланади. Улар қуйидагича ифода ашёсига эга бўлади:
1. От билан ифодаланган: Бу залимлар мµлкни барбад бергµчидµрлЎр (Навоий, МҚ).
2. Отлашган сифат билан: Ақыл бу тарықны шиар қылмас ва йахшы-йаманны ҳақ йаратқандын артуқ-Јксµк билмЎс (Навоий, МҚ).
3. Олмош билан: Жамикэ аны кЈрдилЎр (Навоий, МҚ).
4. Феълнинг амалий шакллари билан: ИшлЎри талай алғанны таламақ (Навоий,МҚ).
Воситали тўлдирувчилар ҳаракат ўзига бевосита ўтган предметни эмас, балки ҳаракатга бошқа бирор йўл билан боғланган предметни кўрсатади ва улар келишикли ва кўмакчили сўз шакллари билан ифодаланади. Воситали тўлдирувчилар қуйидаги сўз туркумлари билан ифодаланади:
1. От билан: Рустамға жаҳан палванлығ лақабы бериб, сипаҳсалар қылды (Навоий, ТМА).
2. Олмош билан: ўлЎрдЎ бу ҳасад даим бар эрди (Навоий, ТМА).
3. Отлашган сифат билан: Туркий вЎ фарсийда табъи йахшы тасарруф қылур (Навоий, МН).
4. Сон билан: Агарчи бу маъни иккЎлэсигэ қабиҳдур, амма эрЎнлЎрғгЎ кЈпрЎк мужиби тафзиҳдур (Навоий, МҚ)
Кўмакчили сўз шакллари билан ифодаланган тўлдирувчилар ҳам эски ўзбек тилида кенг қўлланган: КЈпрЎк авқāт Жайҳун қырағында болуб, атрак билЎ урушуб й¯р¯р эрди (Навоий,ТМА).
Аниқловчи. Аниқловчилар ҳам маъно хусусиятига кўра икки гуруҳга бўлинади: сифатловчи аниқловчи ва қаратқич аниқловчи.
Сифатловчи аниқловчилар бирор бўлакнинг белгисини билдириб, қуйидагича ифодаланади:
1. Сифат билан: Бу сµлµк билЎ кµллий мақсадға йетибтурлар (Навоий,МҚ).
2. Олмош билан: Āқыл бу тарықны шиāр қылмас (Навоий, МҚ).
3. От билан: Ва ул Мāний мусаввирны ва атбāын ҳужжат билЎ такфир қылыб, жазāларыға йеткµрди (Навоий,ТМА).
4. Сифатдош билан: Ва ул тЈрт ай м¯лк сурды ва барур м¯лкни ЈзгЎлЎргЎ тапшурды (Навоий,ТМА).
5. Сон билан: Пāдшāҳ ансыз бир айағ ичмЎс эрди (Навоий, ТМА).
6. Равиш билан: Парвиз Мадайин тахтыға олтуруб, кЈп мЎмЎликни ҳийта тасарруфыға кийµрди (Навоий, ТМА).
Қаратқич аниқловчилар қуйидагича ифодаланган:
1. От билан: Паҳлавāн Кāтиб ҳам ул ҳазратны¦ ашъāру мусаннафāтын китāбат қылур (Навоий,МН).
2. Олмош билан: Ва аны¦ васийатнāмаларыны муталаа ққылыб, ул дастур билЎ амал қылурға мµртЎкиб болды (Навоий, ТМА).
3. Ҳаракат номи билан: Йана ишқ атварыда ким, ашк ва йығламақ муқабаласыда аҳу ысығ дам умдадур (Навоий, МЛ).
4. Сифатдош билан: Ва алар мЎзкµр болғанларны¦ кЈпин туркча айтурлар (МЛ).
Эски ўзбек тилида ҳам қаратқич аниқловчилар белгисиз қўлланган. Белгисиз қаратқич, асосан, от ва олмошлар билан ифодаланган: Ва эл файзы учун вазн силкигЎ назм бермЎк (МҚ). Муаммā фаныда ҳам рисāла битибд¯р (Навоий, МН).
Ҳол. Ҳол ҳам гапнинг таркибий ва узвий бўлакларидан бўлган иккинчи даражали бўлакдир. Ҳозирги ўзбек тили синтаксисига оид ишларда ҳолнинг маъно турларини белгилашда турлича таснифлар мавжуд. Ф.Убаева ўрин, сабаб, пайт, мақсад, натижа, миқдор, тартиб, биргалик-ёлғизлик, равиш, ўхшатиш, шарт, тўсиқсизлик, инкор ҳолларини фарқлайди (Убаева Ф. Ҳол категорияси.Т., 1971, 19-б). Бу таснифдаги натижа ҳоли сабаб ҳолининг бир маъно гуруҳи, тартиб ва биргалик, ўхшатиш ҳоллари эса равиш ҳолининг бир маъно гуруҳи эканлигини ҳисобга олинса, анъанавий ҳолнинг маъно таснифи ўзининг илмий қимматини йўқотмаганлигини сезиш қийин эмас.
Эски ўзбек тилида ҳам ҳолнинг қуйидаги маъно турлари қўлланган:
Ўрин ҳоли. Ўрин ҳоли ҳозирги ўзбек тилидагидек, келишикли ва кўмакчили шакллар билан ифода қилинган: Қубāд Румға черик тартыб, музаффар ва мансур йанды (Навоий, ТМА). Ул Табаристāн сары тартыб урушмады (Навоий, ТМА).
Пайт ҳоли.Пайт ҳоллари асосан пайт равишлари билан ифодаланган: Эмди сЈзни¦ аслыға шуруъ қылалы (Навоий, МҚ).Ва ҳамеша фақыр мусāҳыб эрди (Навоий, МН).
Равиш ҳоли. Бу бўлак учун ҳолат равиши морфологик ашёдир: Гайыбāна шатранжны хуб ойнар (Навоий,МН). Ва қасиданы пухта айтур (МН).
Худди ҳозирги ўзбек тилидагидек, сифат билан ҳам ифодаланади: Қāфийасыны йахшы айтмайдур эрди (МН).
Сабаб ҳоли. Сабаб ҳоли учун махсуслашган сўз туркуми йўқ. Бундай ҳоллар иш-ҳаракатнинг, кенгроқ маънода белгининг мавқеъига нисбатан бошқа сўз шаклларининг тутган мавқеъидан, яъни предикатга нисбатан сабаб муносабатини билдирган сўз шакли ва ибораларнинг мавқеъидан белгиланади. Сабаб ҳоли ҳам келишикли ва кўмакчили шакллар билан ифода қилинади: Алар ваҳҳмдын ул тифлни бир қыйматый нимЎгЎ чирмЎб, ул чāҳ башыда қойуб қачтылар (Навоий, ТМА). Ул халāйық таажжуб й¯зидин андын ул ҳāл кЎйфийЎтин сорубтурлар (Навоий, НМ).
Мақсад ҳоли. Мақсад ҳолларининг ҳам келишикли ва кўмакчили шакллари мавжуд: Шикāйатға бу фақыр қашыға келдилЎр (МН).Илм таҳсили учун шаҳрға келибтµр (МН).
Даржа-миқдор ҳоли. Маълумки, бундай ҳол учун даража-миқдор равиши ифода ашёси бўлиб хизмат қилади, лекин сифат ва бошқа сўз туркумлари ҳам даража-миқдор ҳоли мавқеъида келган: Табъи асру хуб вāқеъ болубтур (МН). Ғазал кЈпрЎк айтур (МН).
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, гап бўлакларининг таркибий ва маъно хусусиятларида ҳозирги ўзбек адбий тилига ўхшаш ва яқин турадиган ўринлар анчагина. Бу, ўз навбатида, ҳозирги ўзбек адабий тили синтаксиси эски ўзбек тили синтаксисининг бевосита давоми эканлигини кўрсатиб туради.
Савол ва топшириқлар
1. Тенг ва тобе бирикмаларга Алишер Навоий асарларидан 10 та мисол ёзинг.
2. Гап бўлакларининг ҳар бирига учтадан мисол ёзинг.
3. Эски ўзбек тили синтаксиси билан ҳозирги ўзбек тили синтаксиси ўртасида қандай фарқли томонлар мавжуд?
Таянч тушунчалар:
Синтаксис – гап, гап бўлаклари, сўз бирикмалари ҳақидаги билимларни акс эттирувчи грамматиканинг бир бўлими.
Гап – предикативлик ва интонацион жиҳатдан шаклланган нутқ ва тил бирлиги.
Сўз бирикмаси – камида иккита мустақил сўзнинг грамматик алоқасини орқали мураккаб мазмунни ифодаловчи синтактик ҳодиса.