Қорақалпоқ адабиёти

Қорақалпоғистон Автоном республикасида яшовчи қорақалпоқ халқи жуда мураккаб тарихий тараққиёт йўлини босиб ўтди. Узоқ асрлар давомида Бухоро амирлари ва Хива хонлари зулми остида эзилиб келган, ярим кўчманчилик ҳаётини бошдан кечирган қорақалпоқлар бир неча марта Россия империясидан паноҳ топишга уриниб кўрдилар. Лекин бу уриниш-лардан натижа чиқмади.
Қорақалпоқ халқининг ўзига хос жуда бой оғзаки ижоди ва адабиёти бор. Халқ оғзаки ижоди кенг ривожланиб, ёзма адабиёт деярли ривожланмади. Бунинг сабаби шуки, қорақалпоқлар узоқ асрлар давомида ярим кўчманчилик ҳаётини бошдан кечирдилар. Меҳнаткаш халқнинг орзу-истаклари фольклор асарларида ўз ифодасини топар эди. Халқ оғзаки ижодининг бизгача етиб келган намуналари орасида мазмундор ажойиб лирик шеърий асарларни ҳам, салмокдор қаҳрамонлик достонларини ҳам учратиш мумкин.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистондаги экономика ва маданият илмий текшириш институтида «Қирқ қиз», «Алпомиш», «Эр қўшай», «Маст подшо», «Шаҳриёр» сингари достонларининг қўлёзмалари бор. Бундан ташқари қорақалпоқ фольклорида ўзбек, тожик, туркман ва бошқа қардош халқлар орасида машҳур бўлган «Ошиқ Ғариб», «Юсуф ва Зулайҳо», «Ошиқ Ҳамро», «Тоҳир ва Зуҳра», «Юсуф Аҳмад» каби поэмаларни ҳам учратамиз.
Қорақалпоқ достонларининг деярли ҳаммасида ватанпарварлик ғоялари ва демократик мотивлар ёрқин ифодаланган. Бу анъана қорақалпоқ адабиётининг мумтозларига ҳам, бошқа адабиёт намояндаларига ҳам кучли таъсир ўтказди.
Қорақалпоқ халқи орасидан бу достонларни ижро этадиган, уларни авлоддан-авлодга етказадиган кўпгина халқ жирав-шоирлари етишиб чиқди. Улар орасида Чимбой туманида яшовчи машҳур жирав Тангриберганни кўрсатиш мумкин.
Қорақалпоқ халқ достонлари орасида «Қирқ қиз» достони ўзининг ғоявий мазмуни ва бадиий пишиқлиги билан ажралиб туради. Бу достонда тасвирланишича, саркарда Гулойим қирқ қиз ва халқ билан биргаликда Эрон шоҳи Нодиршоҳга ҳамда қалмоқ хони Суртойга қарши жанг қилиб. мардлик ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатдилар. «Қирқ қиз» достони ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб нашр эттирилган.
Қорақалпоқ фольклорида эртак, лапар, жумбоқ, қўшиқ ва термалар ҳам жуда кўп яратилган. Бу лирик асарларда хон ва бойлар, мулла ва эшонларнинг адолатсизлини, меҳнаткаш халқнинг азоб-уқубат чекиши ва ўша замондаги урф-одатлар тасвирланган.
XX асрнинг 20 йилларигача қорақалпоқлар араб ёзуви билан иш кўрганлар. Ёзма адабиёт вакиллари ҳам шу ёзувда ижод қилганлар. Бироқ XVIII асрдан бошлаб шаклланган қорақалпоқ ёзма адабиёти ҳақида бизгача жуда оз маълумот етиб келган. Бу маълумотлар асосида XVIII-XIX асрларда яшаб ижод этган Жиян Жиров сингари бир қанча шоирларнинг ижоди ҳақида фикр юритиш мумкин.
Қозоқ хони Абдулхайрга қарши олиб борилган урушда қорақалпоқлар мағлубиятга учраб, яна азоб-уқубатларга дучор бўладилар. Бу урушдан сўнг Сирдарё бўйларидаги туркистонлик қорақалпоқлар ҳар ёққа тарқаб кетганлар. Уларнинг бир қисми Тошкент атрофига - Чирчиқ бўйларига, бошқа бир қисми эса Фарғонага ва Самарқанд атрофларига жойлашган. Кўплари эса Қизилқум орқали Хоразмга - Орол денгизининг жанубий соҳилларига бориб ўрнашганлар. Мана шу машаққатли кўчишларни ўз кўзи билан кўрган Жиян Жирав ўзининг «Дарбадар эл» номли достонини яратди.
Қорақалпоқ халқ шоирларининг кўпчилиги, жумладан, Жиян Жирав, Кунхўжа, Бердақ, Қулмурод, Гулмурод ва бошқалар меҳнаткаш халқ орасидан етишиб чиққан, бинобарин, уларнинг ижодида халқ ҳаётининг фожиали лавҳалари ёрқин тасвирланган. Масалан, Кунхўжа XIX асрда яшаб, ижод этган. У ўзининг ажойиб шеърларида қорақалпоқ халқининг қашшоқликда дарбадар бўлиб яшаганлигини тасвирлайди; Кунхўжа Хива хонини ҳажв қамчиси билан савалайди. Унинг шундай шеърларига мисол қилиб «Ўроқчилар» ва «Туя экансан» асарларини кўрсатиш мумкин.
Қорақалпоқ ёзма адабиётининг йирик вакилларидан яна бири Ажиниёз шоирдир. У Фирдавсий, Низомий, Навоий, Махтумқули каби атокди Шарқ шоирларининг ижоди билан яхши таниш бўлган. Ажиниёз шоирнинг «Бўз ўтов» достонида қорақалпоқ халқининг бошқа юртларга кўчиб кетишга мажбур этилганлиги, туғилиб ўсган ватани билан хайрлашиш жуда оғир бўлганлиги усталик билан тасвирланган.
Қорақалпоқ мумтоз адабиёти тараққиётида улкан демократ-гуманист шоир Бердимурод Бердақнинг мавқеи катта. Бердақ «Шажара», «Эрназар бий», «Ойдўст бий» ва «Аҳмоқ подшо» достонлари билан қорақалпоқ мумтоз поэзиясида достончиликнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшди.
«Аҳмоқ подшо» достонида тасвирланишича, Аҳмоқ подшо фарзанд кўрмайди, меросхўри бўлмаганидан қайғуради. Унинг Гулим исмли хотини қиз кўради. Буни хабар қилиш учун шоҳ саройига Зара номли чўри хотинни юборадилар. Подшо бундай «ёмон» хабарни, келтирган чўри хотинни калтаклашни, қизини эса ўлдириб, хотинини ўз қошига келтиришни буюради. Лекин садоқатли чўри Зара қийинчиликларни енгиб, бу хабарни Гулимга етказади. Гулим ва унинг қизини жаллодлар чангалидан сақлаб қоладилар ва уларни ер остидаги бир қўрғонда тарбиялайдилар. Орадан кўп вақтлар ўтади. Бўйга етган шоҳ қизи Гулзор ўз отаси билан учрашишни истайди. Қизи Гулзор билан учрашган Аҳмоқ подшо унга ошиқ бўлиб қолади. Лекин қиз подшо таклифини рад этади. Шунда у қизни итларга ем қилишга буюради. Итлар эса Гулзорга ҳамла қилиш ўрнига тилга кириб, Аҳмоқ подшони қарғайдилар. Шундан сўнг Гулзор зиндонга ташланади. Кейинроқ уни яширин йўл билан ўрмонга олиб кетиб тарбиялайдилар. Подшонинг қилмишларидан ғазабланган Гулзор саройга кириб келиб, ўз қўли билан Аҳмоқ подшони ўлдиради.
Достоннинг қисқача мазмунидан кўриниб турибдики, Бердақ бу асарида қарама-қаршиликларни зўр маҳорат билан очиб берган. У Аҳмоқ подшо сингари золим шоҳларнинг зулми ва фаросатсизлигини қаттиқ танқид қилган.
1957 йилдан бери Тошкентда бир неча бор ўтказилган қорақалпоқ адабиёти ва санъати декадалари қорақалпоқ адабиёти ва санъатининг шаклан миллий, мазмунан адабиёт бўлиб равнақ топаётганлигини исбот қилиб берди.
Қорақалпоқ ёзувчиларининг 20-30 йилларда эндигина пайдо бўлиб мустаҳкамланаётган қорақалпоқ матбуоти органлари атрофига, жумладан, «Эркин Қорақалпоқ» рўзномаси атрофига уюшишлари уларнинг ижодий камолотга эришишларида катта аҳамиятга эга бўлди. Чунончи, бу йилларда адабиёт майдонига кириб келган Х.Ахметов, А.Матёқубов, А.Утепов, Ж.Оймирзаев ва А.Бегимов сингари   ёшлар,   шунингдек,   А.Мусаев,   А.Дабилов,   С.Нурумбетов сингари тажрибали ёзувчиларнинг деярли ҳаммаси ўз ижодини аввал мухбир-журналистликдан бошлаган.
Драматургияга асос солган қорақалпоқ драматурги А.Утепов дастлаб «Ўз тенгини топган қиз» пьесасини эълон қилди. Ундан сўнг А.Бегимов ўзининг «Хотира» номли асарини ёзиб, унда қорақалпоқ халқининг азоб-уқубатли ўтмишига ҳозирги бахтиёр кунини қарама-қарши қуйиб тасвирлайди.
Драматургия соҳасида баракали ижод эттан А.Утеповнинг саҳна асарлари кўпроқ ҳажвий характерда эди. У ўзининг «Кўзбўямачи вакил», «900 грамм», «Саидмурод дангаса» сингари асарларида ҳаётдаги айрим ахлоқи ёмон кишиларни, дангасаларни ҳажв остига олди.
Қорақалпоқ ва ўзбек халқларининг тарихи бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидай, бу икки қон-қардош халқнинг адабиёти ўртасида ўзаро алоқа ва таъсир ҳам бир неча асрлик тарихга эга. Ўзбек халқ достон ва эртаклари (масалан, «Алпомиш») кўпдан бери қорақалпоқ халқи орасида машҳур бўлганидек, қорақалпоқларнинг «Қирқ қиз» достони ҳам ўзбек китобхонлари диққатини ўзига жалб этиб келмоқда. Айниқса Улуғ Ватан урушидан сўнгги йилларда ўзбек-қорақалпоқ адабий алоқалари мустаҳкам-ланди. Ўзбек ва қорақалпоқ адабий ижодий ҳамкорлиги амалий тус олди. Бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиш иши кенг қулоч ёйди.
Хусусан, Ойбек, Уйғун, А.Қаҳҳор, Н.Сафаров ва М.Шевердин сингари таниқли ёзувчиларнинг Қорақалпоғистонда бўлиб, адабий ҳаракатга бевосита иштирок этишлари қорақалпоқ адабиётининг салмоқдор бадиий асарлар билан бойишига ижобий таъсир кўрсатди.
Ўзбек шоир ва ёзувчиларидан А.Навоий, Муқимий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ойбек, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор, Уйғун, Ш.Рашидов, А.Мухторларнинг асарлари қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, кўплаб нашр эттирилганидек, қорақалпоқ халқ эпоси «Қирқ қиз», шунингдек, Б.Бердақ, Ж.Ой-мурзаев, X. Сеитов, А. Бегимов, М. Дарибоев, А. Дабилов сингари мумтоз шоирларининг шеър ва достонлари, Т.Қаипбергеновнинг «Сўнгги хужум», «Қорақалпоқ қизи» ва «Қорақалпоқ достони» романлари, С.Хўжаниёзовнинг «Суймаганга суйканма» комедияси ўзбек китобхон ва томошабинларига катта эстетик завқ бағишламоқда.

Қарши давлат университетининг катта ўқитувчи А. Ҳамдамов