Нодира назмида Амирий тимсоли

Қўқон хони ва истеъдодли шоир Муҳаммад Саид Амир Умархон-Амирий шахсини ўрганишда, оилавий ҳаётдаги ўрни, ижодий истеъдоди тавсифи сифатида Нодира девонининг дебочасиш қабул қилиш мумкин. Бу хусусда ф..ф.д. М.Ш.Қодирова қатор тадқиқотларида сўз юритганлар. Биз ҳам баъзи жиҳатлари ҳақид фикр билдириб ўтишни жоиз топдик.

Нодирабегим ўз жуфти ҳалолининг сифатларини ўта назокат билан, шарқона одоб доирасида бирма-бир кўрсатиб ўтади ва натижада Амирий кўз ўнгимизда маънавияти ҳар жиҳатдан бой киши бўлиб гавдаланади. Нодира талқинларида унинг умр йўлдош бўлган кўтаринкилик, айрим муболағали ўринлар ҳам бўлиил мумкин. Бироқ биз бу талқинларда икки мўътабар шахс ўртасидаги оила тарихи, ҳамкорона ижод тарихи, оилавий муҳаббат ёлқинларининг шеъриятга кўчиш тарихидан хабардор бўламиз.

Ҳакимхон тўранинг “Мунтахобут таворих” асарида: ”Андижон ҳокими Раҳмонқулибийнинг пардаи исматида бир қизи бор эди, исм Моҳлар ойим эрди. Амир Олимхон хоҳладиким, ул мухаддарани Амир Умархонни никоҳига киргузса...”  ва шундай бўлди ҳам.


“Амир Умархон ба чанд кун айшу ишратга машғул бўлди, ба чанд вақтдан сўнг фарзанди муштари саодат вужудға келди, ул Шаҳзоданинг исмини Муҳаммад Алихон қўйдилар...”

“Айшу ишрат” сўзларини бу ўринда ўзининг туб маъносида эмас, осойишга, самимий, тинч оилага хос тавсиф сифатида қўлланилганини ҳисобга олсак, Нодиранинг ўз девони дебочасида битган изҳори диллари нечоғлик ҳақ эканлиги кўринади.

Шоира ўз ҳолини баён этади: “Фироқ ошубидин ошуфта хотир ва ҳижрон аламидин кўнгилда хавотирдур”. Чунки, унинг умр йўлдоши Амир Умархон жуда эрта - навқирон ёшида вафот этади. Улар ҳаётида эслашга арзигулик хуш онлар бўлганки, Нодира уларни доимо армон билан ёдлайди. Унинг хотираларидан Амирий оилапарвар, самимий инсон сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Нодира:

Эй хуш ул кунларки, васл базмида масрур эдим,

Шоду хуррам давлати дийдорига мағрур эдим...

Бўлиб адлидин ьлни осойиши,

Анинг давлати эрди эл хоҳиши.

Амири жаҳонким менга ёр эди,

Анинг бирла хуш давлатим бор эди... дея эслайди. Амирийнинг “латойиф шоир табиатлари” туфайли Нодира билан ўртасида ўта назокатли ва дилкаш суҳбатлар, ҳаёт, салтанат ва оиланинг турфа масалаларига дахлдор мубоҳасалар фчганлиги дебочада қайта-қайта уқтирилади. Айни пайтда Нодира Амирийни ўз устози, шеъриятда маслаҳатгўйи сифатида ҳам ҳурмат билан тилга олади: “Ас-суҳбату муассиратун” (бир-бирига таъсир этувчи ёқимли суҳбат) натижаси бирла кам-кам шеър қонунидин хабардор бўлур, гоҳо бирор мисраъ ва гоҳо бирор байт тақлид айтур эрдим. Ҳазрат баъзи нуқсонларига ислоҳ бериб, мавзун ва мурассаъ қилур эрдилар. То андак фурсатда ашъор қоидаларига мувосанат пайдо қилдим, то назм фунунига моҳир ва мазмун сеҳрида соҳир йўлдим”.

Шоир икки ўртада кечган мушоираларни ҳам кейинча: “Гоҳо ул ҳазрат баъзи тоза мазмунлардин бир мисра бирла савол тариқасида сўрар эридлар, филфавр охири мисраъ бирла жавоб айтур эрдим ва табиатларини хуш қилур эрдим... Бу тариқа мазмунлар бирла кўнгулларига фараҳ етказур эрдим, мундоғ матойиф ва назокийлар бирла рўзгори давлат ва салтанат хуш кечар эрди”.

Бу мустаҳкам оилавий ҳаётга, унинг шодком онларига ўлим ҳажр риштасини солади. Нодиранинг жудолик фироқномаларила Амирийнинг ҳамма эзгу сифатлари акс этган деб айтиш мумкин. Нодира мотам кунларидаги йиғи усулида уларни бирма-бир қаламга олади. Улар шоиранинг шеърларига ҳам тўла кўчиб кирган:

Васл уйин обод қилдим, бузди ҳижрон оқибат,

Сели ғамдин бу иморат бўлди вайрон оқибат... ёки, машҳур ғазалларидан бўлган “Тушумда курсам эди” радифли шеърида изтиробу ўтмиши тилга олинади:

Чу даври роҳатим ўтти, зиҳи саодат эди,

Муроди жону танимни тушумда кўрсам эди...

Нетонгки, шоиранинг “кўз очмайин ғамида” кунлари ўтса-да тушларига кириб бормайди. Ёазал мақтаъсида қумсашнинг энг юқори чўққиси намоён бўлади:

Фироқ, Комила, кўнглимга доғлар қўйди,

Амири сафшиканимни тушумда кўрсам эди.

Анъанавий ташбеҳлар аниқ инсон шахсини ёритишга бўйсунади Юқоридаги ғазалда қўлланган “нигори гулбадан”, “лаби шакаршикан”, “ёри сиймтан”, “юзи гул”, “қади шамшод”, “кўзлар: наргис”, “нигоҳи сеҳр фан”, “орази чаман” каби ифодаларда ва айниқса мақтаъдаги “Амири сафшикан” ифодаси хаёлий гўзал сиймо анъанавий ёр эмас, айнан Амирийнинг тасвири сифатида кўзга ташланади.

Амирий ҳақидаги юқорида келтирилган таърифлару жудолик оҳангларида Нодира нафақат вафоли ёр, айни пайгда оила аталмиш муқаддас маъводан қониқишни туя билган қалб, инсон дардини шеъриятга маҳорат билан сингдира олган шоира сифатида ҳам намоён бўлади. Нодира девонида Амирий шахсиятини характерловчи сатрлар кўп ва улардаги ғояларни илдизи албатта оилага келиб тақалади. Шу жараёнда Амирийни янада аниқроқ тасаввур қила бошлаймиз. Унинг ижод оламига ҳам чуқурроқ кириб борамиз.

ЗЕБО ҚОБИЛОВА