ИЛК МУТАСАВВИФЛАР ДАВРИ Босма

Абу Язид (Боязид) Бистомий

(ваф. 874)

Тўла номи Абу Язид Тайфур ибн Исо ибн Сурушан Бистомий Акбар бўлиб, Теҳрон-Машҳад оралиғидаги Шоҳруд вилоятининг Бистом (айрим манбаларда Бастом) қасабаси (Кумуш мавзеи)да таваллуд топган. Манқабага кўра 313 устоддан таълим олган, уларнинг асосийси, Абу Али Синд (Ҳинд)ий бўлиб, Жаъфар Содиқ (ваф. Ҳижрий 148)нинг увайс шогирдидир. Абу Мусо Дейбулий (Дубайлий), Абу Мансур Жиновий, Маҳмуд Кайвоний, Абдуллоҳ Йунобидий каби шогирдлар етиштирган.

Замондошлари Зуннун Мисрий (ваф. 245/859), Шақиқ Балхий (ваф. 164/780), Абу Туроб Нахшабий (ваф. 245/859) билан мулоқотда бўлгани айтилади. Тасаввуф алломаларидан Абу Саййид Абулхайр, Абулҳасан Ҳарақоний, Имом Ғаззолий, Ҳаким Санойи, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий каби буюк мутасаввифларнинг шаклланишида таъсири бор.

Боязид Бистомий номи билан «Шатахийят» (луғавий маъноси «соҳилга чиқиш») китоби (туркчада “Шатаҳот”, яъни жўшқин ифодалар) боғланади, унда жазба ҳолатидаги нидо, муножот ва мулоқотлар жамланган. Шунингдек, “Китобу-н-нур мин каломоти аби ал-Тайфур” нақл ва ҳикматлари жамланган. Эрон олими Абдуррафи Ҳақиқат “султону-л-орифин”нинг ҳикоят ва рубоийлар муаллифи сифатида ҳам таништиради. Фариддидин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва Давлатшоҳ Самарқандий тазкираларида номи зикр қилинган.

Тасаввуфнинг илмий (Қуръоний) асосланишида, Фано ва тариқат тушунчалари талқинида унинг таълимоти эътиборли. Тасаввуфдаги тайфурийлик ёки бистомийлик (айрим манбаларда боязидийлик) тариқат йўлининг асосчисидир. Боязид Бистомийнинг покланиш йўли (тариқи) барча сўфийлар томонидан баравар маъқул деб қабул қилинмаган, шунинг учун уни тавҳид, яъни ягоналикка даъво қилишликда айблашган ва «кофир» деб эълон қилишган. Манбаларда 103 ёшида вафот этгани қайд этилади.

«Илоҳий мулоқот» номи билан машҳур асари «Шатхийят» таркибига кирган бўлиб, самовий мажлисларда эҳтирос билан ўқилган. Тавсия қилинаётган матн турк олими Эрол Гунгўрнинг «Ислом тасаввуфи масалалари» китобига илова қилинган (Истанбул, 1993). Ўзбек тилида илк бора эълон қилиняпти.


 


«Илоҳий мулоҚот»

Тангрига жуда яқиндан назар ташладим, кейин мени Ўзидан бошқа ҳар нарсадан қайтарди ва мени нури билан ойдинлатди. Ўзи сирларидан менга фавқулодда нарсаларни кўрсатди. Менга Ўз борлиғини ҳам намойиш этди ва мен ўзимнинг Унинг борлиғи-ла бўлган айният1ига назар ташладим. Менинг нуримни Ўз нури ичида йўқотди; менинг шон-шуҳратим Унинг шон-шуҳрати ичида, менинг қудратим Унинг қудрати ичида эриб кетди2. Ўзимни Унинг ўзлиги билан ўхшаш эканлигимни, шон-шуҳратимнинг У ила бир бўлганлигини, юксаклигимнинг Унинг юксаклиги-ла айнанлигини кўрдим. Кейин Унга илоҳий назар ташладим ва «Бу кимдир?» дедим. «Бу на Менман, на Мендан бошқаси; Мендан бошқа Илоҳ йўқ», - деди. Сўнгра менинг ўзлигимни У Ўзлигига айлантирди; менга ўз шахсиятимни унинг Ўзлиги ичида йўқоттирди, ўз шахсиятини менга ягона ҳолда кўрсатди. Сўнгра Унга Унинг ўзлиги-ла назар ташладим. Ҳаққа Ҳақ ила боққан вақтимда Ҳақни Ҳақ-ла кўрдим ва ўшанда Ҳақда Ҳақ билан бирга бўлдим.

На нафас, на тил, на қулоқ, на бошқа бир нарса бор эди. Ўша онда Тангри ўз билимидан менга илм ва ўз лутфидан менга тил, ўз нуридан менга кўз берди. Ўша замон Унга Унинг нури-ла боқдим ҳамда Уни ўз илми билан кўрдим, унинг лутфининг тили-ла Ўзи ила кўришдим. «Сенинг-ла менинг ҳолим қандайдир?» дедим. Менга «Мен сенинг-ла сенман. Сендан бошқа Аллоҳ йўқ», деди. «Мени мен-ла йўлдан чиқарма, мен Сенсиз Сенинг ўрнингга ўзимни истамайман: мендан бошқа Сенинг ўрнингга Сени истамайман», дедим. Ўша вақт менга менинг ўрнимга Уни берди ва У билан ўз ўрнимга У воситаси ила кўришдим. Дедимки, «Эй менинг муродим, Сенинг қўлингда Сендан келган нимам бор?» Менга деди: «Амримга ва таъқиқимга мос бўл!.» Дедим: «Сенинг амр ва таъқиқингда нимам бор?» Деди: «Амримга ва таъқиқимга ҳурматинг сабабли мақтовим, менинг амримдан бажарганларинг учун сенга ташаккурим, менинг таъқиқимдан қочганинг учун севгим бор». Дедим: «Агар муташаккир бўлсанг, бу ташаккурингни ўзингга айт, аммо агар айбласанг, эй менинг муродим, эй изтиробимдаги умидим, қашшоқликдаги иложим, сени айблашга лойиқ эмас. Амр берган Сенсан, амр берилган ҳам Сен. Сендан бошқа Тангри йўқ».

Сўнгра менга қарши жим турди: билдимки, бу жимлиги Унинг мамнуниятига ишора эди. Деди: «Сенга ким билдирди?» Дедим: «Сўраган сўрамагандан жуда яхши билар. Жавоб берган Сенсан, Савол сўраган ҳам Сен. Сендан бошқа Тангри йўқ».

Тангрининг менга Ўзи билан қилган исботи бунда тугади ва мен Ундан У билан жуда хушнуд бўлдим. У ҳам мендан Ўзи билан мамнун қолди; чунки мен Унинг-ла бор эдим. У - У эди ва Ундан бошқа Тангри йўқ эди. Сўнгра мени зотининг нури ила ойдинлатди ва мен Унга илоҳий файз ва барaкот назари ила боқдим. Менга дедики: «Менинг саховатимдан нима истасанг, сенга берайин». Дедим: «Сен файзингдан ҳам файзлисан. Сен сахийлигингдан ҳам сахийроқсан. Мен Сенда Сен-ла хушнудман ва сўнгида Сенга келдим. Менга Сендан бошқасини берма ва мени Сендан узоқлаштирма. Мени лутф ва караминг-ла, сахийлигинг-ла алдама. Зеро, карам фақат Сендандир ва яна Сенга қайтар. Қайтарган Сенсан, қайтарилган ҳам Сен. Излаган Сенсан, изланган-да Сен. Орзу Сендан тугагандир, талаб Сенинг-ла Сенда тугагандир».

Сўнгра бир он менга жавоб бермади. Аммо ниҳоят гапирди ва шундай деди: «Ҳақдир гапирганинг, Ҳақдир эшитганинг, Ҳақдир кўрганинг, Ҳақдир тасдиқ этганинг». Дедим: «Ҳа, шундай, Сен Ҳақсан ва Ҳақ Ҳақ-ла кўрингандир; Сен Ҳақсан, Ҳақ Ҳақ-ла тасдиқ этилгандир. Сен эшитгансан, эшитмоқни берган ҳам Сен. Сен Ҳақсан, Ҳақни амалга оширувчи ҳам Сен. Сендан бошқа Тангри йўқ». Деди: «Сен Ҳақдан бошқа бир нарса эмассан, сўйлаганинг-да Ҳақдир». Дедим: «Амалнинг тўғриси, Сен Ҳақсан ва Сенинг сўйлаганларинг Ҳақдир ва Сенинг-ла Ҳақ Ҳақдир. Сен Сенсан, Сендан бошқа Тангри йўқ». Кейин менга деди: «Сен нимасан?» Дедики: «Мен Ҳақман». Дедим: «Мен Сенинг биланман». Деди: «Агар сен менинг-ла бўлсанг, у ҳолда Мен сенман, сен-да Менсан». Дедим: «Мени Сенинг ўрнингга... Сен билан Сендаман. Йўқ, йўқ. Албатта, Сен Сенсан. Сендан бошқа Тангри йўқ».

Ва мен Ҳаққа етишганим ва Ҳақ-ла Ҳақнинг ёнида турган вақтимда менга шараф қанотини берди. Қанотим-ла учдим, аммо Унинг мушарраф ва буюклигининг охирига бора олмадим. Унга товуш чиқардим ва Унга қарши Унинг ёрдамига ёлвордим, чунки унга қарши Ундан бошқа бир кучим йўқ эди. Мени зийнатлар-ла безади, бошимнинг устига ўз сахийлигининг тожини қўндириб мени тожлантирди. Мени Ўз ягоналигида ягона, Ўз бирлигида бир қилди. Мени ўз сифатларим билан хослантирдики, ҳеч кимса у сифатларга ошно эмас. Кейин шундай деди: «Менинг тоқлигимда тоқ, ягоналигимда ягона бўл. Менинг сахийлигимда тожланган бошингни юқори кўтар ва менинг инончим-ла инончли, менинг буюклигим ила юксак бўл. Яратганларимизга менинг сифатларим-ла боқки, сенинг ўзлигингда Ўз шахсиятимни кўра билайин. Ким сени кўрса Мени кўради, ким сени изласа Мени излайди, эй менинг ер юзимдаги нурим, кўк юзимдаги зийнатим...» Аммо мен унга шундай дедим: «Сен менинг кўзимда менинг нигоҳим, менинг жаҳлимда менинг илмимсан. Ўз нуринг бўлки, Ўзинг-ла кўрина билгин. Сендан бошқа Тангри йўқ».

Сўнгра хушнудлик тили-ла менга жавоб берди, дедим: «Қандай яхши биласан-а, эй қулим». Дедим: «Билган Сенсан, билинган-да Сен. Тоқ қилган Сенсан, тоқ бўлган Сен. Тоқлигингда тоқ бўл, ягоналигингда ягона. Сени ташлаб, Сен била машғул этма мени».

Тангрининг менга Ўзи тоқлигида Ўзини билдириши ва ягоналиги-ла ягоналигини кўрсатиши шундай тугади. Ўзимни ёлғизлашни Уни тоқлигида кузатдим, шу йўсин Уни Ўзи ила менинг сифатларим унинг сифатлари ичида эриб кетди.

Исмим Унинг исмида йўқолди, аввалим Унинг аввалида, охирим Унинг охирида йўқ бўлди.

Сўнгра Унга Унинг зоти-ла назар ташладим, у Зотни тавсифчилар кўрмас, билимдонлар билмас, ўқимишлилар англай олмас. У ҳам менга Ўз зотининг кўзи ила боқди ва ўртада на қадам қолди, на сифатларим; на олдиним, на кейиним, на тасвирим.

Сўнгра менга Ўз Ўзлиги билан хитоб этди: «Эй Сен». Тангрининг менга Ўзини Ўз зоти-ла кўрсатилиши ҳам шундай тўхтади. Мени қайси исми-ла чақирган бўлса, мен Уни У исм-ла чақирдим, мени қайси сифати ила хослатган бўлса, мен Уни ўша нарса орқали сифатладим. Ва шундай қилиб, ҳар нарсадан У билан ажралдим ва бир пайт на руҳ, на бадан, бир ўлик каби қолдим. Сўнг мени ҳаётим билан жонлантирди, ундан сўнг ўлдирди ва «Бугуннинг эгаси ким?» деди. Мени жонлантирган вақт «Тангридир, бир ва қодир Тангридир» дея жавоб бердим. «Ном кимникидир?» деди. «Тангрининг, бир ва қодир Тангрининг...» дедим. «Ҳозир ижобат бўлган кимнинг ҳукми?» деди. «Тангрининг, бир ва қодир бўлганнинг...» дедим. «Ким афзал?» деди. Дедим: «Раббимдир, ҳамма нарсага ҳукм берувчи Раббим». Деди: «Сени Менинг ҳаётим билан жонлантирдим. Менинг ўлкамга султон қилдим, сени Менинг номим ила номладим, Менинг афзаллигимни сенга англатдим». Дедим: «Сенинг нима истаётганингни билмаяпман. Мен ўзимга оид эдим, аммо Сен буни маъқул кўрмадинг». Дедики: «На ўзингга оид бўл, на Менга. Сен йўқлигингда Мен сен эдим, сен ҳам сен йўқ экан Менинг ила бўл: мавжудлигингда ўзингники бўл ва бор эканлигингда Менинг бўл». Дедим: «Сен бўлмасанг буни (ёлғиз ўзим) қандай қила оламан?» Сўнг менга қудрат назари ила боқди. Ўз борлиғи ила мени қийматсиз (йўқ) қилиб қўйди ва Ўз зоти ила менда тажалли этди. Мен У ила бор бўлдим, бирлашиш шу йўл билан ниҳояланди ва дунё бир бўлди. Ҳамма нарса Ҳамма нарса воситасида Бир бўлди.

Сўнг менга шундай деди: «Эй Сен». Мен ҳам У ила дедим: «Эй Мен». Шунда менга: «Сен Танҳосан» - деди. Мен ҳам: «Мен Танҳоман» - дедим. Менга: «Сен Сенсан»-деди, мен ҳам «Мен Менман. Агар мен бўлиб Мен бўлган бўлсам Сен Сен бўл» - дедим. «Мен Менман» - деди. Менинг Унинг моҳиятидан баҳс этишим худди ваҳдат3 ҳолида Унинг «Менлигидан» баҳс этишим каби эди. Ва менинг сифатларим Тангриликнинг сифатлари бўлди, тилим ваҳдатнинг тили эди ва менинг сифатларим «У Удир, Ундан бошқа Тангри йўқдир» эди. Нима бўлган бўлса Унинг борлиги ила бўлганди ва нима бўлар бўлса Унинг борлиги ила бўларди. Менинг сифатларим Тангриликнинг сифатлари, менинг сўзларим азал ва абаднинг сўзлари, менинг тилим ваҳдат тили эди...



Абу АбдураҲмон СУЛЛАМИЙ

(936-1021)

тўла номи: Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Холид ибн Салим ибн Ровия ибн Саъид Абу Абдураҳмон Аздий Сулламий Нисопурий бўлиб, ҳижрий 325 йили Нишопурда туғилган. Сулламий исбасини она томонидан қабиланинг номидан олган. Боғдод, Рой, Ҳамадон, Марв ва Ҳижозда бўлган ва кўплаб тасаввуф алломалари ҳақида маълумот тўплаган.

Тасаввуф алломаларидан Заҳабий уни “тасаввуф илмининг шайхи, сўфийлар тарихи, табақотининг тафсирчиси сифатида танилган. Тасаввуф аҳли ҳақидаги ҳадисларни тўплаган. Асарларининг сони юздан ортиқ”.

Асосий асарлари: “Ҳақиқату-л-Тафсир» (“Тафсир ҳақиқатлари”), «Табақоту-с-сўфийя” (“Суфий табақалар”), “Тасаввуф аҳли тариқатининг мухтасар (баён)и”, “Муқаддимату-с-суфийя» (“Тасаввуф муқаддимаси”), “Тариқату-л-орифин» («Орифлар йщллари ёки суфий шайхлар танлаган йўллар»), “Суфийларнинг хатолари ҳақида рисола” в.б.

Имом Абу Абдураҳмон Сулламийнинг «Табақоту-с-сўфийя” (“Суфий табақалар”) асари беш табақага бўлинган бўлиб, биринчи табақада Шайх инб Ийод, Зуннун Мисрий, Шайх Бишр Хофий,Абул Ҳасан Сарий, Хорис Мухосибий, Шақиқ Балхий, Абу Йазид Бистомий, Абу Сулаймон Дароний, Маъруф Кархий, Хотим Асом, Аҳмад Ҳаворий, Аҳмадинб Хадравайх, Яҳё ибн Муаз Розий, Абу Ҳафс Ҳаддод Нисобурий, Ҳамдун Қассор, Мансур ибн Аммор, Аҳмад Антокий, Абдуллоҳ б. Хубайқ Антокий, Абу Туроб Нахшабий ҳақида; иккинчи табақада эса Абул Қосим Жунайд, Абул Ҳусайн Нурий, Абу Усмон Ҳирий Нисобурий, Абу Абдуллоҳ б. Жалло, Рувайм б. Аҳмад Боғдодий, Юсуф Розий, Шоҳ б. Шужоъ Кирмоний, Самнун б. Умар Муҳиб, Усмон Маккий, Абдуллоҳ Тустарий, Муҳаммад б. Фазл Балхий, Муҳаммад б. Али Термизий, Абу Бакр Варроқ, Абу Саъид Харроз, Али б. Асҳил Исфаҳоний, Абул Аббос б. Маурцқ Тусий, Абу Абдуллоҳ Мағрибий, Абу Али Жузжоний, Муҳаммадва Аҳмад, Абу Абдуллоҳ Сажазий ҳақида маълумотлар, уларнинг ҳикматларидан намуналар берилган.


 

“БИРИНЧИ ТАБАҚА”дан  Шайх ибн Ийод1 ҳикматларидан

Кимки бидъат соҳиби билан ўтирар экан, Аллоҳ таоло уни ҳикматдан нари қилади.

Охир замонда қавмлар очиқ ишларга тутиниб, ақл ва руҳга душман бўладилар.

Аллоҳнинг ризосига энг лойиқ инсонлар Аллоҳ азза ва жаллани таниган маърифат аҳлидирлар.

Кимки аҳли биродарига тилида муҳаббат ва самимият изҳор этиб, амалда адоватда бўлса, Аллоҳ уни лаънатлаб, қулоғини кар, қалб кўзини кўр қилади.

Одамларга сидқидиллик ва ҳалолликдан ортиқ зийнат берувчи нарса йўқдир.

Зоҳидликнинг асли Аллоҳ таолонинг улардан ризолигидадир.

Нафсининг ёмонлигини қайтарган сурурини йўқотмайди.

Аллоҳ тақводор бандаларига доимо ризқ-насиба инъом этгани учун уларнинг рисқлари туганмасдир.

Сизда икки хислат борки, улар жаҳолатдандир: сабабсиз кулги ва сабабсиз бедорлик.

Ҳақиқатга бўйин эг, танқидни тан ол, кимдан эшитганингдан қатъи назар, ҳақиқатни қабул эт.

Уч хислат қалбни тошга айлантиради: кўп ейиш, кўп ухлаш ва сўйлаш.

Хайрли ишнинг беминнат қилиниши шайтон амридан ва риёдан йироқ бўлганидир.

Нияти йўқнинг иши юрмас, Аллоҳ ризолиги учун иш қилмаганга ажру савоб ёзилмас.


 

Зуннун Мисрий2 ҳикматларидан

Камтарликни излаган ўзини Аллоҳнинг улуғворлиги тамон йўналтирмоғи лозим, чунки бу улуғворлик бағрни юмшатиб, тозалайди. Аллоҳ султонига назар солган одамдан унинг султони кетади, чунки Аллоҳ ҳайбати олдида барча нафслар фақирдирлар.

Маст одамни даволаётган табибдан жоҳилроқ инсонни кўрмадим, ахир у маст-ку, унинг мастлигига даво битта: кўзини очиб тавба қилиш.

Аллоҳга бўлган муҳаббат аломатларидан бири ахлоқда, суннатларга амал қилишда, унинг Ҳабиби кетидан эргашмоқликдадир.

Қалбда чуқур эътиқод собит бўлса, унда хавф (Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқув) ҳам маҳкам бўлади.

Тўғрисўзлилик Аллоҳнинг ердаги қиличидир; ниманинг устига тушмасин, албатта, уни кесади.

Кимки қилган иши, амали билан мақтанса. Барча яхшиликлари ёмонликларга айланади.

Аллоҳга яқин бўлишлик ёрқин нурдир, халойиққа яқинлик ғамнинг ўзидир.

Ҳожат сўрасанг, ҳоким тили билан эмас, фақир забони билан сўрагин.

Ибодатнинг калити фикрдадир. Истакларнинг аломати шаҳватлар кетидан қувишликдир. Аллоҳга таваккул (суяниш)нинг аломати эса, истаклардан воз кечишдир.

Камбағал дўстим бор эди, оламдан ўтди. Бир кун тушимга кирди. Унга дедим: “Аллоҳ сен билан нима қилди?” У деди: “Аллоҳ айтди: пасткаш бойваччалар узатган нонни олмаганинг учун гуноҳларингни мағфират этдим”.

Илм аҳлидан бўлмиш ҳар бир эр илми зиёда бўлгани сари молу дунёга нафрати кучайиб, уни тарк этарди. Энди-чи? Бугун илми кўпайгани сари молу дунёга муҳаббати ва талаби кучаймоқда. Илгари олим одам молини илм йўлида сарф этарди. Бугун-чи? Илми орқали молу дунё тўплайди. Илгари илм олувчининг ботини ва зоҳири кучга тўларди. Ҳозир-чи? Унинг ботини ҳам, зоҳири ҳам фасотдир.

Илоҳий ҳақиқат сари интилувчи (ориф)нинг итоати кун сайин кучаяди, чунки соат сайин Аллоҳига яқинлашади.

Эй муридлар аҳли! Қай бирингиз тариқат йўлига ўтишни истасангиз, олимларни ўзингизни жоҳил кўрсатиб кутиб олинг, зоҳидларни бу дунёни истовчи қилиб кўрсатган ҳолда кутиб олинг, маърифат аҳлини эса, сукут сақлаб кутиб олинг.


 

Хорис Мусохибий3 ҳикматларидан

тарозини босувчи энг оғир нарса гўзал хулқдир.

Мувозанат тўрт жойдадир: имон ва куфр ўртасида; тўғрисўзлик ва ёлғон ўртасида; яккахудоликка эътиқод ва ширк ўртасида; ихлос ва риё ўртасида.

Кимки ўз ботинида ижтиҳод этса, Аллоҳ унинг зоҳирига ҳисну-л-муомала ато этгай; кимки инъом этгай; чунки у дейди: “Бизнинг орамизда ижтиҳод этганларга йўлимизни ато этгаймиз”.

Илм мероси Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор бўлиб қолишликдан қурқувдир, зоҳидлик мероси роҳатдир - маърифат меъроси азобдир.

Бу умматнинг ихтиёри икки уммат орасидадир: бирлари охират ишлари билан овародирлар; иккинчилари дунё ишлари билан.

Вожиб амаллардан воз кечган банда художўйликни талаб эта олмайди.

Бандаларнинг сифати ўзига мулк талаб этмасликдадир; оқибати зарар ҳам, манфаат ҳам кўрмасликдадир.

Таслим бало келганликдаги собитликдир; бу ҳолатда ботинда ҳам, зоҳирда ҳам ўзгариш бўлмасликдир.

Аллоҳдан энг яхши тилак Унинг фазли ва раҳмати истагида бўлиш ва ўлим эшик қоққанда тайёр бўлишдир.

Гўзал хулқ – бировга азият чектирмаслик; камғазаблик; сиймонинг хотиржамлиги ва ширинсуханликдадир.

Ҳар бир нарсанинг жавҳари бордир; инсон жавҳари ақлдир; ақл жавҳари эса сабрдир.

Амали солиҳ қалб ҳаракатлари биландир; ғойиб нарсаларни англашдадир; Амалларнинг шарафлиси инсон аъзоларининг савобли амалларидир.

Бидъат гирдобига тушганлар ҳақиқат топадурларми?

Аллоҳ нидосини эшитмаган унинг жавобини Аллоҳ қудратини қандай билсин?

Гарчи уни мадҳ этсалар ҳам золим надомаддадир; гарчи уни қораласалар ҳам мазлум саломатдир; оч бўлса-да, қаноатдаги бойдир; молу дунёга эга бўлса-да, очкўз фақирдир.

Кимки ўз ботинини ихлос ила назорат қилса, Аллоҳ таоло унинг зоҳирини суннат ила бойитгайдир.


 

Шақиқ балХИЙ4 ҳикматларидан

Оқил одам қуйидаги уч нарса ҳудудидан чиқмайди: биринчиси – собиқ гунолари учун доим қўрқувда бўлади; иккинчиси – бир соатдан кейин бошига нима тушишини билмайди; учинчиси – ишларнинг оқибатига қўрқув билан қарайди. Якуни нима билан тугашидан қўрқади.

Дунёга интилиб ўлишликдан сақлан. Хотиржам бўлгин – сенга ёзилган ризқ сендан ўзгага берилмайди!

ўлимга ҳозир бўл! У келганда қайтиш бўлмайди!

Таваккул Аллоҳнинг сенга ваъда қилган неъмати бўлиб, қалбингнинг хотиржам бўлишлигига бир воситадир.

Инсоннинг тақвоси уч нарсада билинади: олишида, беришида ва сўзида.

Очкўзликка мубтало бўлган одам шундайки, дуёда нимаики олса, дарҳол олади, агар тезда олмасам кетиб қолади, деб қўрқади.

Фақирлик пешоонасига ёзилган инсон шундайки, бойликдан қўрқади, камбағалликдан паноҳ қидиради.

Қуръонни йигирма йил ўрганиб, дунё ва охират фарқини тушуниб етдим.

Зоҳид зуҳдини амаллари билан қуради, ўзини зоҳид кўрсатмоқчи бўлган эса, тили билан қуради.

Аллоҳнинг энг қудратли зот эканини билиб етмаган уни ҳеч қачон танимайди. Унинг қудратли эканиини қандай билади? Унинг қудрати шундаки, истаганидан олиб, истаганига беради.

Сен бераётган ва сенга берилаётганлар фарқига етгин: агар сенга бераётган инсон сен учун маҳбуб бўлса, сен дунёга маҳбуб экансан; агар сен бераётган кимса сенга маҳбуб бўлса, сен охират учун маҳбубсан.

Кимки неъматдан фориғ бўлиб, йўқчиликка дучор бўлса-да, бу фақирлик ҳолати унинг наздида неъматдан олий қўйилмас экан, у кимса икки ғам орасида қолади; бу дунё ғами ва оҳират ғами. Кимки неъматдан фориғ бўлиб, фақирлик ҳолатини неъматидан юқори қўяр экан, у қўш қувонч – бу дунё ва охират қувончлари орасида бўлади.

Бойлардан четда юр! Чунки қалбингни уларга боғласанг, улар билан ҳамтавоқ бўлсанг, улар итоатига тушиб қолиб, Раббингдан юз ўгирасан.

Банда фақирликни ихтиёр этиб, бойликдан қўрқиши қандай билинади? Бойиб қолишдан қўрқади, фақирлик ҳолатини қўрқув билан сақлайди, гўёки бадавлат одам камбағал бўлиб қолишликдан қўрққанидек.

Банданинг Раббига бўлган ишончи нимада зоҳир бўлади? Қўлига бирор нарса киритса, ғанимат деб билади. Агар қўлига кечикиб келса, келганидан кўра келмаганига ҳурсанд бўлади.

Фақирлликни сақлаш фақирликни Аллоҳнинг инъоми деб тушунишликдир; чунки бировнинг ризқи сенга берилмайди, сеникини эса, бировга бермайди.

Мен учун меҳмондан улуғроқ кимса йўқдир, чунки унинг ризқини Аллоҳ беради, савоби эса менгадир.

Қалбингни дунё муҳаббатларидан поклагинки, унга оҳират муҳаббати, у билан бирга Аллоҳнинг савоблари кирсин.

Кимнинг қалбида уч нарса – ҳалоллик, қўрқув ва изтироб бўлмас экан дўзах азобидан қутулмайди.

Сабр ва ризолик биргадир; агар уларга амал қилсанг аввалги сабр, сўнги ризодир.

Роҳатда бўлишни истасанг топганингни егин, кийгин ва Аллоҳ белгилаган тақдирингдан рози бўлгин.

Аллоҳ таоло тоат аҳлига ўлимларидан кейин ҳаёт ато этади; итоатсизлар аҳлини эса, тириклик чоғларидаёқ ўликларга тенглаштиради.


Абу Туроб Нахшабий5

Абу Абдуллоҳ бинни Жало деди: “Олти юз нафарга яқин шайхлар билан таниш бўлдим, лекин улар орасида тўртта шайхга ўхшаганини учратмадим. У тўрттовлоннинг биринчи ва аввали Абу Туроб эдилар”.

Иснодлари билан муборак ҳадис ворид бўлган: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Орангиздаги дардмандларни таом ва шаробга (ичкилик сув ёки бошқалар) мажбурламанг, чунки уларни Раббилари едириб, ичтиради”.

Али бинни Ҳусайн деди: “Абу Туробга дедим (у саҳрога кетаётган эди): озиқ-овқатдан олиб қол! У эса деди: “Саҳрода кўпроқ яхши ҳамроҳ керак!”.

Эй одамлар! Уч нарсани истайсиз, лекин улар сизники эмас: жонни истайсиз, у эса Аллоҳникидир; руҳни истайсиз, у ҳам Аллоҳникидир; мол-дунё истайсиз, у меросхўрникидир. Икки нарса талабидасиз, икковини ҳам тополмайсиз: қувонч ва роҳат – улар жаннатдадир.

Энг шарофатли қалб – Аллоҳ таоло фаҳм нури билан ёритган, мунаввар этган, тирик қалбдир.

Аллоҳ таоло васфига етмоқлик – ўн етти даражотга кўтарилмоқликдир: энг биринчиси итоатдир ва олийси унинг ҳақиқатига таваккул қилмоқликдир.

Ибодатлар ичида қалб ўйларини ислоҳ қилмоқликдан кўра манфаатлироқ ибодат йўқдир.

Фақирнинг (суфий, дарвишнинг) емиши – топганидир; либоси – танасига ташланганидир; маскани – тўхтаган жойидир.

Таваккул – инсон қалбининг Аллоҳ билан таскин топганидир.

Бойликнинг ҳақиқати шундаки, ўзи сингари бойларга ҳожати бўлмайди; фақирлик ҳақиқати эса аксинча, ўзи сингариларга ошиқади.

Аллоҳ таоло ҳар бир замонда ўша замона аҳлининг муаммоларини замона уламолари тилига қўйиб гапиртиради.

Ниятни яхшилаб асра, чунки у барча ишлар муқаддимасидир; нияти яхши одамнинг кейинги аҳволлари ҳам, афъоллари ҳам саломатдир.

Қаноат – ризқни Аллоҳдан олмоқликдир.


“Иккинчи табақа”дан  Абул ҚОСИМ ЖУНАЙД6

Муҳаммад бин Абдуллоҳ бинни Шозон деди: “Жунайд айтди: “Муҳаббатда яқинлашиш бирлашишдир, халқнинг ғийбатида бўлиш тарқалишдир”.

Ҳар бир нафис ва жами илм эшигини очишлик машаққат талаб этади. Машаққат орқали Аллоҳнинг талабида бўлишлик билан ҳавасга Аллоҳни талаб этишлик бир нарса эмасдир.

Аллоҳ таоло қалбларга назар солиб ортади, қалблар эса Аллоҳни зикр этган сари унга ихлослари ортади. Қалбингга назар сол-чи! Бирор нарса аралашмабдими?

Сен ҳеч қачон Аллоҳга ҳақиқат билан қул бўла олмайсан, сабаби барча ишларни ундан ўғринча қиласан. Сен ҳеч қачон ҳақиқий ҳурриятга эриша олмайсан, чунки сенга унга бўлган қуллик ҳақиқатидан озгина насиб этган. Агар чиндан ҳам Аллоҳнинг якка ўзига қул бўлишни истасанг, ундан ўзга барча нарсалардан озод бўлишинг керак.

Аллоҳ таолодан ғафлатда бўлишлик, дўзахга киришдан ҳам ёмондир.

Халқ учун барча йўллар беркдир, лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам изларидан боришлик бундан мустаснодир. Уларнинг суннатлари йўлидан боргил! Уларнинг йўлларини тут! Чунки яхшиликнинг барча йўллари доимо очиқдир.

Йўлда фақирни учратсанг, илмдан гап бошлама, дардига малҳам бўлишликдан бошла. Чунки ҳамдардлик кўнгилни тўлдиради.

Жунайднинг Шиблийга айтганини эшитдим: “Эй Абу Бакр, агар гапингни маъқуллайдиган одамни учратсанг, қўлини маҳкам ушла!

Вақт ўтса. Уни қувиб етиб бўлмайди, вақтдан қимматлироқ нарса йўқ.

Ҳар бир шарафли иш эшигини очишлик кўп машаққат талаб қилади.

Агар содиқ банда минг-минг (миллион) йил Аллоҳга қараб, бир лаҳзагина юзини ўгирса, ана шу лаҳзада йўқотгани топганидан кўп бўлади.

Аллоҳдан ор қилишлик авлиёлар қалбидан миннат сурурини ювиб чиқаради.

Аллоҳни таниганнинг кўнглини ундан ўзга нарса сурурга тўлдирмайди.

Абу Умар Зужожий деди: “Жунайддан муҳаббат ҳақида сўрадим”. У деди: “Иморат истайсанми?” “Йўқ” дедим. Сўради: “Даъво истайсанми?” “Йўқ”дедим. Деди: “Нима истайсан?” Дедим: “Муҳаббатнинг кўзини”. Жунайд деди: “Аллоҳ бандаларида нимани севса, сен ҳам сев. Нимани севмаса сен ҳам севма!”


Абдуллоҳ Тустарий7

Одамлар уйқудалар, уйғонганларида надомат чекадилар, надоматлари уларга манфаат бермайди.

Одобнинг пасти жаҳолатга қўшни бўлмоқ, одобнинг охири эса шубҳа билан яшамоқдир;

Илмнинг шукри амалдир, амалнинг шукри илмнинг зиёда бўлишлигидир.

Суфийга керак нарса учтадир: сирини беркитмоқ, фарзни адо этмоқ, фақрини муолажа қилмоқ.

Аллоҳ ниятнинг қибласидир; ният қалбнинг, бадан аъзолари қибласи, аъзолар эса дуёнинг қибласидир.

Заруратда тадбир йўқ. Агар тадбирга йўл тутса, заруратдан чиқади.

Зарурати Раббига бўлмаган одам нафсининг гадосидир.

Кимки ғийбатдан саломат бўлишни истаса, тахминлардан йироқ бўлсин, тахминлар эшигини беркитган кир гаплардан саломат бўлади, ғийбатдан омон бўлади, ғийбатдан саломат одам ёлғондан юқори бўлади ва бўҳтон унга етолмайди.

Тўрт хислатни ўзида мужассам қилмаган инсон риёсатга йўл тополмайди: одамларга жаҳл қилмай, аксинча, уларнинг жаҳлини кўтариш, уларнинг қўлига қарамаслик, қўлидан келганни уларга бағишлаш. Фақат шундагина у одам риёсатга лойиқдир.

Тадбир ва ихтиёрни тарк этинг, одамлар ҳаётини бузувчилар шулардир.

Бу замондан нажот топишни истаганлар аҳли замонни ҳалокатга йўлиқтирувчи нарсалардан қуйидагилар ёрдамида қутилади: нафсини очлик, сабр ва зуҳд билан синдиради.

Савобини тўғри ҳам, ўғри ҳам қилади, лекин гуноҳлардан нари юриш сиддиқ бандалар қўлидан келади.

Тахмин ҳақиқатни йўққа чиқаради, алоқаси бўлмаган гапларга аралашмоқлик сидқидилликни ўлдиради, аъзолари Аллоҳнинг амрисиз иш юритган одам художўйликдан маҳрум бўлади.

Усулимиз (тариқат аҳлининг – нашр.) етти нарсададир: Аллоҳ таоло Китобини маҳкам ушлаш; Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларига иқтидо қилиш, ҳалол ейиш, ҳеч кимга азият чектирмаслик, гуноҳлардан нарида бўлиш, тавбада ва Аллоҳ буюрган ҳақ-ҳуқуқларнинг адоси билан яшаш.

Аллоҳ билан ўзининг орасидаги муносабатга бировларнинг эътиборини тортмоқни истаган одам ғофилдир.

Аллоҳдан келадиган азоб икки хилдир: раҳмат азоби ва уқубат азоби. Раҳмат азоби соҳибини Аллоҳ олдидаги фақирлигининг изҳорига олиб боради, тадбирни тарк этишга ундайди, уқубат азоби эса эгасини ўз ихтиёри ва тадбири йўлидан етаклайди.

Охират зикридан қалби холи инсон шайтон васвасасига эргашади.

Аллоҳдан ўзга қодир йўқ, Расулуллоҳдан ўзга далил йўқ, тақводан ўзга озуқа йўқ ва сабрдан ўзга амал йўқ.

Ҳаёт тўрт тарзда ўтади: фаришталар ҳаёти тоатда, анбиёларники илмда ва ваҳий интизорида, содиқ бандалар ҳаёти иқтидода, қолган барча одамларники: хоҳ олим бўлсин, хоҳ жоҳил бўлсин ва хоҳ зоҳид бўлсин, хоҳ обид ейишда ва ичишдадир.

Амаллар тавфиқ билан, тавфиқ эса Аллоҳдандир, калити эса дуо ва тазарруъ.


Муҳаммад б. Али Термизий8

Ғалаба ишларнинг кўплигида эмас, балки қай даражада ихлос билан гўзаллик бахшида этиб қилинганлигида.

Хизматкорлик шарти камтаринлик ва эгасига тўла итоаткорликда.

Ҳикматга қулоқ берувчилар икки тоифадир: оқил ва омил. Оқил ҳар бир ҳикматдан ҳайбатга келади, эшитган сари завқи ошиб боради. Омил эса дарров вужуди билан ўзгаради, гўёки қалби илонга айланиб, тўлғанаётгандек.

Дунёда савобдан оғир юк йўқ, чунки сенга савоб қилган ишончингни қозонади, жафо қилган эса сени ўзидан йироққа улоқтиради.

Аллоҳ таоло беш вақт намозни бердики, бандаси унинг раҳматидан бенасиб бўлмасин деб, ҳар бир феъли ва сўзи учун мукофот олсин деб; чунки феъллар таомдир, сўзлар шаробдир, бу иккиси Аллоҳ дегувчиларнинг базмидир.

Оқил Аллоҳга тақводор бўлиб, ўзини назорат этиб, доимо саволга тутувчидир.

Бандалик сифатларини билмаган банда раббонийлик сифатларини қайдан билсин.

Беш тоифа беш жойдан ислоҳ топиши мумкин: болалар китобдан, жиноятчи қамоқдан, аёл киши уйдан, ёшлар илмдан ва гиёҳвандлар масжиддан.

Аллоҳ таоло бандаларига ризқ кафолатини бериб, унга таваккул этишликни фарз этди.

Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг ҳақиқати унинг зикрида давом этишликдадир.

Мўъминнинг қувончи юзида, ғами қалбидадир. Мунофиқнинг ғами юзида, қувончи қалбидадир.

Дунё подшоҳлар келинчагидир ва зоҳидлар кўзгусидир: Подшоҳлар у билан мақтанишади, зоҳидлар бу кўзгудаги офатларни кўриб, берилиб кетишади.


Абу Али Жузжоний9

“Тавҳид” (якка худолик) аломатлари учтадир: хавф (Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиб қолишликдан), ният ва муҳаббатдир; хавфнинг зиёдалиги гуноҳларнинг кўпайиб жазога мубтало қилишидандир; ниятнинг зиёдалиги яхши амаллар эвазига жаннатга ноил бўлишликдадир; муҳаббатнинг зиёдалиги кўп зикр этишликдандир. Қўрқувчи қочиб қутула олмайди. Алоҳида доимо яхши ниятда сўровчи талаб қилиб чарчамайди, севувчи эса маҳбубини зикр этиб хормайди. Қўрқув элутувчи оловдир, ният ёритувчи нурдир ва муҳаббат эса нурларнинг нуридир.

Бахиллик (араб тилида) уч ҳарфдан иборат: “б” - балодир, “х” - хавфдир, ва “л” эса (лавм) таъзирдир. Бахлнинг балоси ичидадир, ҳаракатлари доим ҳасратдадир, бахиллиги туфайли доим таъзир эшитиб юради.

Биздан илгарилар (собиқун) итоатлари туфайли Аллоҳга яқин бўлганлар, мақомотлари баланд бўлган. Одамлар ичра Аллоҳнинг илмларини яхши билганларидан, Аллоҳни ҳақ маърифат этганлар, унга ихлос ила ибодат қилганлар, унинг шавқи ва муҳаббати билан яшаганлар. Улар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Ҳақиқатан улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир” “Сод” сураси. 47-оят.

Банданинг саодати аломатларидан: Аллоҳга ҳусни итоатга бўлишлик, вақтни мазмунли ўтказишда, мусулмонларга бўлган эътиборда, билганини халққа бахшида қилишда, биродарлари билан суҳбатда ва барча афъолларида суннатга риоя қилишликдир.

Ундан сўрадилар: Аллоҳга қайси йўл олиб боради? Деди: Унга кўп йўллар элтади, лекин йўллардан энг тўғриси, умри узоғи ва шубҳадан жуда йироғи сўзида ҳам ишида ҳам суннат йўлидан боришлик, чунки Аллоҳ таоло айтади: “Итоат этсангиз, ҳидоят топасизлар”.

Суннатга риоя қилиш йўли қаерда? Деди: Бидъатни айланиб ўтиш, уламо-и исломнинг биринчи авлоди келган хулосалар йўлидан мажлисларидан узоқлашиш, пайғамбаримизга иқтидо этишликдир.

Халқ барчалари ғафлат майдонларидадирлар, ўзларининг уйларига миниб чопиб юрадилар, ҳақиқатда барча ишлари тескари, нимани кўрсалар, шундан гапирадилар.


Абу Али ибн Сино

(980–1037)

Абу Али ибн Сино Бухоро вилоятининг Афшона қишлоғида туғилган. Исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ эди. Ҳусайннинг ёшлиги ва йигитлик даври сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги даврига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний ҳукмронлиги даври (976–997)га тўғри келади. Абу Абдуллоҳ Нотилийдан фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийдан табииёт илмини таҳсил олди. 16–17 ёшларида Ибн Сино машҳур табиб бўлиб танилди. Бухорони қорахонийлар забт этгач, 1000 йилда Бухородан чиқиб Хоразмга борди ва Хоразм ҳокими саройида Маъмун академиясига қабул қилинди. Лекин Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Эрондаги турли шаҳарларда яшади. Журжонга келгач, Ибн Сино Ҳоким Қобус ибн Вашмгир саройида табиб сифатида шуҳрат қозонди. 1019–21 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қилди. Баъзи сабабларга кўра бу ердан қочиб, Исфаҳонга боради ва бутун умрини илм-фанга бағишлади.

Абу Али ибн Сино буюк табобат олими, файласуф, тилшунос бўлиш билан бирга, тасаввуф олими ва забардаст адиб ҳам эди. Унинг “Тайр қиссаси”, “Саломон ва Ибсол”, «Ҳайй ибн Яқзон», “Юсуф” каби насрий асарлари Х–ХII асрларда Ўрта Осиёдаги бадиий насрнинг юксак намуналаридир. Ибн Сино бу асарларида тасаввуф таълимотида ирфоний ишқ фалсафасини илгари сурган.

Ибн Синонинг мавзуга даҳлдор араб тилида ёзилган “ат-Танбеҳ ва-л-Ишорот» асаридан қисқа баён ва “Тайр қиссаси”ни эса намуна сифатида келтирилди.


АБУ АЛИ ИБН СИНО  “ат-ТАНБЕҲ ва- л- ИШОРАТ” дан

Тўққизинчи нигоҳ. Дарвишлик даражалари ҳақида

Танбеҳ1. Дарвишлар бу ҳаётий дунёда турли мақомларда ва даражаларда бўладилар. Уларнинг руҳи гўё ўз баданларининг қафасидан қутилиб (тухум пўчоғини ёриб чиққандай) илоҳий олам сари парвоз қиладилар. Уларнинг қалбида ботиний ҳислар ва хислатлар бор бўлиб, у хислатларни тушунмаганлар (уларга) қарамайдилар, тушунганлар эса таҳсин айтадилар. Биз ҳозир шу ҳақда ҳикоя қиламиз.

Агар сен мусаффо қалбларга роҳат бағишловчи “Саламон ва Ибсол”2 қиссасини эшитиш бахтига мушарраф бўлсанг, билгилки, Саламон – сенинг бир ўхшашинг ва Ибсол сен тасаввуф тариқатида эришадиган юксак даражангдир. Агар сен дарвишлар аҳлидан бўлсанг, бу мажоз, масалнинг маъноларини тушуна оласан.

Танбеҳ. Бу дунё роҳатларидан воз кеча олган инсон - зоҳид, ибодатда намозни, рўзани ва бошқа фарзларни тугал адо қилувчи инсон - обид; Аллоҳнинг қудрат қудсияти ҳақида тафаккур денгизига ғаввос каби мустағрақ ва ҳақиқат сир-асрорининг анворига мунаввар бўлган инсон орифдир. Гоҳо бир инсонда бу сифатлар бирлашган бўлиши мумкин.

Танбеҳ. Суфийликдан хабарсиз одамнинг зоҳидлиги риёдир. Бундай одам гўё бу дунё роҳатларини охиратдаги роҳат ва лаззатларга алмаштиришни ўйлаган кимсадир. Чин суфий эса пок ният билан, дини-иймонини, ҳаёли ва тасаввурларини кучайтириш мақсадида тинимсиз машаққатлар, риёзатлар чекади, ёлғондан, ужб - манманликдан, кибру ҳаводан қутилишга ҳаракат қилади, Ҳаққа, ҳақиқатга (инсоф-адолатга) интилади, шу риёзатлар самараси ўлароқ, унинг пок ниятлари, фикру зикри ҳақиқат нури билан ёришади, аммо бу нур мазҳади унинг кўзини қамаштирмайди. Унинг қалбида ҳақиқат асрори (сирлари) нур ёғдулари билан ёришади ва бу ҳол унга одат, малака бўлиб қолади. Ҳар гал у бирор сирли, маҳжуб3 муаммони кашф этмоқчи бўлса, ўша муаммога ҳақиқат нурини йўналтиради. Бунда у айтарли куч-қувват cарфламайди, балки нур манбаидан фойдаланади. Шу тариқа у комилликка, илоҳий валоятға эришади, валийуллоҳларга қаторига киради.

Ишорат4. Инсон бир ўзи ёлғиз яшай олмайди, унинг ўзи каби инсонларга муҳтожлиги бор (иши тушади), чунки одамлар ўзаро ёрдамлашадилар, фикр алмашадилар, шу йўл билан бирор мушкул, оғир юмушни бажаришда бир-бирига ёрдам берадилар. Мушкул ишни бир одамнинг ўзи ҳал этишга қийналади, бунга бир ўзининг куч-қуввати ҳам етмайди. Шу сабабли одамлар ўртасида дўстона, яқин муносабатлар ўрнатилади. Бу муносабатлар адолатли, ҳаққоний бўлиши учун одамлар Ҳақ таолога амри маъруф қилган, заррача шак-шубҳа уйғотмайдиган қонунга амал қилишлари зарур. Ҳар замонда ва ҳар маконда мавжуд Вожиб таоло ҳар бир ҳалол, пок инсонга ва ҳар бир тубан, золим одамга, албатта, муносиб ажрини, жазо-мукофотини беради. Шундай экан, ҳар бир инсон жазо-мукофот Берувчини ва қонун, шариат аҳкомлари (ҳукмлари)ни ўрнатувчи пайғамбарни яхши таниши керак. Ҳақ таолонинг амрини ва пайғамбарнинг айтганлари (амри маъруф ва нахий-мункар)ни яхши билиш энг яхши билимдир. Барча яхшиликлар, эзгуликлрнинг сабаби – мана шу билим туфайлидир. Бу билимни қўлга киритганлар Аллоҳнинг амp-фармонларини унутмаслик учун ҳар бир инсон кунига бир неча марта (мусулмонларда - беш марта) Тангрига ибодат қилиши бу амр-фармонларни то абад ёдда сақлаш унутмаслик учундир. Шу тариқа абадий, шаксиз адолат тамойили бутун инсониятга (бани одамга) маълум ва маъруф қилинди. Умр бўйи мана шу адолатли қонунга амал қилувчиларга бу ҳаётий дунёда берилажак жуда кўп ноз-неъматлардан ташқари нариги дунё - охиратда сон-саноқсиз ажр- мукофотлар ато қилингай. Пок ниятларига, Ҳақ таолонинг барча амр- фармонларига амал қилувчи дарвишларга, суфийларга ҳам нимани тилаган бўлсалар, барчаси муҳайё қилинур.

Ҳақ таолонинг дониш ҳикматини кўрсанг, унинг марҳамати, меҳру мурувватини билсанг, ҳайратлар ёғдусига мустағриқ бўлгайсан. Шундай экан, Раббингни эъзозла ва Ҳақ йўлиға ўзингни созла!

Ишорат. Ориф Олий Ҳақиқатни тушунишга, Ҳаққа етишга интилади ва бунинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмайди. Ва уни Ҳақиқатдан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди. У фақат Унга, ибодат қилишга энг муносиб Зотга сажда қиладилар, яъни суфий бошқа бирор инсон зотига сажда қилмайдилар. У Ҳаққа кўнглини ёзиш учун эмас, қўрққани учун эмас, фақат Ул Зот саждага муносиб бўлгани сабабли сажда қилади. У Ҳақ (адолатига) ташна, фақат Ундангина ҳавфсирайди ва фақат Ундан умид қилади. У олий мақсадга интилар экан, бу мақсад уни Олий Зотга яқин қилишини билади.

Ишорат. Кимдир ҳақиқатни бошқа бирор мақсадга етиш учун восита қилса, у ожиз ва тубандир, чунки у ҳақиқат барча неъматлардан азизроқ, барча роҳатлардан лазизроқ эканлигини билмайди. Бундай одам чин суфийнинг олдида бир гўдакка ўхшайди. Чунки ёши улуғлар болаларнинг арзимас ўйинларига ва ўйинчоқларига хурсанд бўлишини кўриб куладилар ҳамда уларга эътибор қилмай, жиддий ишлари билан шуғулланадилар. Ҳақ-ҳақиқатнинг юксак қадр-қимматини билмаган одамлар турли сохта лаззат, бойликларга бериладилар, ақли кирганида эса ўша нарсалардан нафратланиб, юз ўгирадилар. Чунки энди улар бу роҳатлардан минг чандон буюк неъматлар борлигини тушуниб қоладилар. Аммо бу одамларнинг асосий мақсади (Ҳаққа етишув эмас), бу дунёдаги неъматлар ва роҳатлардан яхшироқ неъматлар ва ширинроқ лазатлардан баҳраманд бўлишдир. Яхшилаб қаралса, бундай одамлар бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам нафсини ва эҳтиросини қондиришни (овқат ва шаҳватни) ўйлайдилар...

Фақат машаққатлар, риёзатлар, илоҳий кароматлар йўли билан борувчи инсонларгина ҳақиқий роҳат деб Ҳақ таолонинг ҳикматларини билдирганига шукргузорлик билан яшайдилар. Доноликка фақат ўз меҳнатлари ва Ҳақ таолонинг марҳамати билан етишганлари сабабли булар муносиб ажр-мукофотлар олғайлар.

Ишорат. Тасаввуф тариқатининг биринчи босқичи, поғонасини орифлар талаб, толиблик дейдилар. Бу поғонада эришиладиган Ҳақиқат сабр ва шукр фазилати бўлиб, булар ёрдамида мурид (толиб) ёки солик ҳотиржамликни ва иймонга содиқликни қўлга киритади. Бу муқаддас йўлда у шодлик ва ҳаловат топади. Бу поғонадаги одам мурид (ёки толиб) деб аталади.

Ишорат. Бу поғонада толиб, мурид яна риёзат, қийинчиликларга чидаб, уч мақсадни кўзлайди: 1. Ҳақиқатга алоқаси бўлмаган барча ақидалардан воз кечиш. 2. Осий (исёнкор) руҳини хотиржам руҳга айлантириш. Чунки хотиржамликда фикрлаш, тафаккур қуввати зиёда, хаёл муносиб, савобли ишлар билан машғул бўлади ва тубан, гуноҳ ишлардан узоқлашади. 3. Муқаддас сирни англаш, мукошафат бошланади.

Бу уч мақсаддан биринчисида толиб чин зоҳидликка эришади. Иккинчи мақсад бир неча қисмдан иборат: мурид (усмонли туркчада - ҳақ йўлчиси) фикру хаёли фақат Аллоҳ зикри билан машғул (бунда махсус вирд-дуолар вазифа қилиб олинади - тарж.). Кўнгилда фақат муқаддас куй, оҳанг жо бўлади. Таъсирли, нозик иборалар билан ваъз айтишга тайёрланиш. Учинчи мақсад - фикр нозиклиги, зарифлиги, муҳаббат шайдолиги, шаҳвоний истак билан эмас, балки кўнгил билан ёр жамолини ўйлаш.

Ишорат. Солик ўз риёзатларида маълум чегарага етганида унинг руҳи тўлиқ хотиржамликка эришади, бу унга одатий ҳол бўлиб қолади. Қалби йўлчи юлдуз - иймон нури билан ёришади. Иймон, эътиқоди қувватланиб, бундан ҳузурланади. Агар солик риёзатларни тўхтатиб қўйса, иймони зарар кўради ва бундан афсусланади.

Ишорат. Эҳтимол, мана шу чегарага етганида соликнинг кутган кашфиёти юз беради. У олий ҳақиқатга қанчалик яқинлашса, ўз менидан, ўзлигидан шунча узоқлашади. У ўзи йўқ жойда ҳозир бўлади, ўтирган жойида юксакларга интилади.

Ишорат. Солик бу даражага яқинлашганида илмлари гоҳида унинг ақлини ёритиб, нурлантиради, кейинчалик аста-секин у ўзи истаган вақтида ақлини нурлантира олади.

Ишорат. Солик шу даражага етганида ҳам тўхтаб қолмайди, у мақсад йўлида давом этади. У бирор нарсаларга (ёки одамга, воқеа, ҳодисага) қараганида бошқа кўра олмаган аломатларни кўради, гарчи бу аломатларни у ҳам тушуниб етмаган бўлса ҳам. Яъни у аста-секин ёлғонлар оламидан ҳақиқат оламига ўта бошлайди, гарчи атрофида билимсиз, маърифатсиз, жоҳил одамлар бўлса ҳам.

Ишорат. Солик ўз риёзатлари билан излаётган даражага етганида у (унинг кўнгли) моҳиятан кўзгуга айланади, бу ҳақиқат олдига қўйилган кўзгуга ўхшайди. Бу кўзгуда (кўнгил кўзгусида) ҳақиқатни кўраётганидан беҳад севинади, завқ-шавқ олади. У бир ҳақиқатга, бир кўзгуга қарайди.

Ишорат. Сўнг фақат илоҳий ҳақиқатга қарайдиган, ўз “мени”ни эсламайдиган бўлади. Гарчи у ўз кўнглига қараса ҳам у ерда ҳақиқатни кўради. Мана шу ҳолда у Ҳаққа етишган бўлади.

Ишорат. Соликнинг ўз кўнглини чиркинликлардан тозалаши, Ҳақ йўлга кириши – фаолият жараёнидир. Ўз кўнглининг айтганларини қилиш ожизликдир. (Вужудий) роҳат-фароғатга берилиш хато, янглишув бўлиб, Ҳаққа, ҳақиқатга чексиз садоқат билангина нажот топиши мумкин.

Ишорат. Илоҳий, ғайбий билимларга етишиш учун инсон (ўз менидан) узоқлашуви, (ёмонликлардан) воз кечиши ва (кибру ҳаво, шон-шуҳратни) рад этиш керак. Шундан сўнг у ҳақиқатнинг сифатлари бўлган барча сифатларни билишга чуқур шўнғиши зарур. Ғайбий билимларнинг сўнгги поғонаси, даражаси Ҳаққу ҳақиқат билан бирлашиб (унда йўқолиш), фано бўлишдир.

Ишорат. Ғайбий билимларни (илми ғайбни) ўрганишдан мақсад фақат уларни билиш бўлса, бу – риё, мунофиқликдир. Агар орифнинг мақсади ғайбий билимларни ўрганиш эмас, балки маъруф билимларни (табиатшунослик, физика, химия, математикани) ўрганиш бўлса, бундай одам Ҳақ билан бирлашув денгизида қолмайдиган фақат уни сузиб ўтадиган (ва мусобақада ғолиб чиқадиган) одамга ўхшайди (Яъни, бу одам томчининг денгизга қўшилиб, денгизга айланишини ўйламайди – тарж.).

Биз юқорида мухтасар баён қилган тариқат мақомлари, даражаларидан бошқа яна муҳим мақомлар борки, уларни сўз билан тушунтириш мумкин эмас. У мақомларга фақат теран тафаккур қилиш билан етишиш мумкин. У мақомларга сўзлаш ва эшитиш билан эмас, балки ўйлаш, мушоҳада қилиш (ҳаётни кузатиш) билан эришиш мумкин.

Танбеҳ. Орифлар камтарин, очиқ чеҳрали, хайрихоҳ (барчага яхшилик тиловчи), кулиб турувчи, каттани ҳам, кичикни ҳам, машҳурни ҳам, нотанишни ҳам бирдай ҳурматловчи инсондир. У ҳақиқатга етишганига севинади. У ҳаммага бир хил муомала қилишининг сабаби Унинг олдида барча тенглигидир. Баъзи одамлар тирикчилик учун ўзини ўтга-чўққа ураётган бўлса-да, суфий барчасига меҳру шафқат, раҳмдиллик билан қарайди.

Танбеҳ. Ориф – тафаккурга шўнғиган вақтида бировларнинг шивирлаб гапириши ҳам унга ёқмайди, у Ҳақиқатга шўнғиган вақтида ҳалақит берувчиларни яхши кўрмайди. Чунки руҳи Ҳақиқатга етиб, унга қўшилиши олдидан сирлар пардаси очилади ва унга асл Ҳақиқат кўринади. Аммо унинг руҳи Ҳаққа етишгач, яна аввалгидай, ҳаётий дунё ташвишларини кўриб яшаса ҳам, энди бу дунё ташвишлари унга аҳамиятсиз кўринади. Шу сабабли у Ҳаққа етишганидан севиниб яшайди, ўзини Аллоҳнинг назари тушган бандаси эканлигини ҳақиқий бахт-саодат, деб билади.

Танбеҳ. Ориф турли ғийбатлар ва мишмишларга парво қилмайди, У тубан, жирканч одамни кўрса, ундан нафратланмайди, балки унга ачинади, чунки у Аллоҳнинг қадар, тақдир ҳақидаги сир-асрорни билади. У хайр-эҳсон қилса, бирор мақсад, ғараз билан қилмайди, бировларга танбеҳ-насиҳат қилса ҳам қўполлик билан дилини оғритмайди. У ҳатто номуносиб одамларга ҳам буюк яхшилик қила олади.

Танбеҳ. Ориф жасур одамдир, чунки у ўлимдан қўрқмайди. У фозил (фазилатли)дир, чунки у ўткинчи мол-дунёга ҳирс қўймаган. У бошқалардан озор топса, интиқом олишни ўйламайди, тез унутиб юборади. Унинг руҳи шу қадар қувватлики, анча-мунча гапларга, бировларнинг ёмонлигига парво қилмайди. Унинг кўнгли бундай нарсалардан юксакдир. Чунки унинг ақл-идроки, фикру зикри Ҳақ билан машғулдир.

Танбеҳ. Орифлар ҳам бошқа одамлар каби феъл-атворига кўра турлича бўладилар. Уларнинг ақлий қобилиятлари, воқеа-ҳодисаларга қараши ҳам турлича бўлиши мумкин. Баъзи ҳодисалар бадавлат орифга бошқача, фақир орифга бошқача кўриниши мумкин. Баъзи ишлар фақат фақир орифга ёқади (Масалан, бирор мажнун, жинни одамнинг қилиғи – тарж.). Лекин барча орифлар учун бировларнинг мақтови ёки ҳақорати аҳамиятсиздир. Баъзи орифлар (ростгўй одамнинг) ҳақоратини ёқтиради, чунки унинг учун Ҳақ ва ҳақиқатдан бошқаси муҳим эмасдир. Баъзи орифлар гўзалликни севади, чиройли буюмларни ёқтиради, бу ноз-неъматларни унга Тангри ато қилганини ўйлайди. Баъзи орифларга бир нарса аввал яхши, кейин ёмон кўриниши ҳам мумкин.

Танбеҳ. Агар ориф ўзининг нима учун мавжудлигини, бурчлари, вазифаларини унутиб қўйса, у бошқа беғам, бепарво одамларга ўхшаб қолади. Чунки унга бошқа одамларга берилганидан кўпроқ бурчлар, вазифалар юкланганини билади. Шу сабабли бу вазифа ва бурчларни унутиш катта гуноҳ ҳисобланади.

Ишорат. Олий ҳақиқат шу қадар буюк, улуғворки, тариқатга кирганларнинг ҳаммаси ҳам унга етишолмайдилар. Шу сабабли тасаввуф илми йўлдаги машаққатлар, риёзатларни тортиш жоҳил, илмсиз одамларга кулгули кўринади. Агар кимдир Ҳақиқатга, Ҳаққа етишувнинг моҳияти ҳақида илм олсаю, лекин бундан юз ўгирса, у (менинг кўнглим Ҳаққа етишишга номуносиб деб) ўз кўнглига туҳмат қилган бўлади. Ҳар ким нима учун туғилган бўлса, ўша иш билан шуғулланиши зарур.


Тайр Қиссаси

Дилимдаги қайғуларимнинг бир озини эшитадиган биродар топилармикан?! У меҳрибонлик қилиб, ҳасратимни тингласа, оғиримни енгиллаштирган, дардимга малҳам топган бўларди...

Агар дўстлик савдо-сотиққа ўхшаб, эҳтиёжга қараб ахтарилса, зарурат туғилмаган чоғда дўстни назарга илмай, ташлаб кетилса, бу қандай дўстлик бўлди энди!

Äўстинг бошингга мушкул тушгандагина ҳолингдан хабар олгани келиб, бошқа вақтда бегонадай юрса, зарурат туғилгандагина эслаб, бошқа маҳалда сира эсламаса, ўйлаб кўр, шу ҳам дўстлик бўладими, ахир!

Ахир, Худонинг Ўзи яқинлаштирган меҳр-шафқатли дўстлар ҳам бор-ку! Улар ҳақиқатга мулоҳаза билан қарайдилар; дилларида шак-шубҳа ғубори бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси бир-бирига холисанлиллоҳ äўст, аҳил, уларни шундай олийжаноб дўстлик бирлаштирган.

Эй, биродарлар! Ҳақиқатни очинглар, тўғри йўлдан юринглар. Бир-бирингиздан билим ўрганиб, камол топишингиз учун дил пардасини очиб ташланглар.

Эй, биродарлар! Кирпилар бошини ичига тортгани каби сиз ҳам бошингизни ичингизга тортинг. Ботинингизни юзага чиқаринг, зоҳирингизни эса, ичингизга олинг. Худо ҳаққи, ботинингиз равшан кўриниб турибдию, лекин зоҳирингиз яширин1.

Эй, биродарлар! Илонга ўхшаб пўст ташлаб, қуртлар сингари судралиб юринглар. Қуроли думида бўлган чаёндек ҳушёр бўлиб туринглар, чунки шайтон одамни орқадан келиб алдай олмаса, ҳеч бир (кимса) алдай олмайди.

Ажал заҳрини ютинглар, яшаяжаксиз, ўлимни севинглар, тирик бўлажаксиз2. Қўнадиган уя тутмай учиб юринглар, чунки қушларнинг овланадиган жойлари уялардир. Агар қанот йўқлиги учишингизга монеълик қилса, қанотли бўлинглар, мақсадга етасиз. Энг катта фазилат учишга моҳир бўлишдир.

Қизитилган тошларни ютадиган туяқуш бўлинглар, катта-кичик суякларни ютиб юборадиган илондек, олов ичида

дадил юрадиган самандардек, кундузи ёруғликка чиқмайдиган кўршапалакдек бўлинглар. Паррандаларнинг энг яхшиси кўршапалаклардир.

Эй, биродарлар! Одамларнинг ботири мушкулотдан қўрқмайди. Камолот ҳосил қилишдан бош тортган киши одамларнинг энг қўрқоғидир.

Биродарлар! Фаришта ёмонлик билан машғул бўлса ёки ҳайвонлар хунук иш қилса, бунга ажабланиш керак эмас. Балки инсон вужуди ақл билан мунаввар бўла туриб, шаҳватга берилсаю, инсонлигини йўқотиб, виждондан кечса, бунга ажабланиш керак бўлади. Қасамёд қилиб айтаманки, одамнинг фариштаси шаҳватни даф қилишда шак-шубҳасиз собит қадамдир. Унинг оёқлари жимо3га юрмайди. Агар кишидаги инсонийлик, ёмонлик оҳанрабоси бўлмиш шаҳватни қайтаришга ожизлик қилса, ундай одам ҳайвондан ҳам паст туради.

Энди сўз бошига қайтаман. (Буни) мен айтяпман:

Бир гуруҳ овчилар тузоқлар қўйиб, тўрлар ёйдилар. Кейин дон сепиб, ўзлари кўкатлар орасига яшириндилар. Бу вақтда мен паррандалар галаси орасида эдим. Шунда овчилар бизни кўриб, қушларга ўхшаб сайраб чақирдилар. Бундай қарасак, у ерда жуда кўп дон ва ўзимизга ўхшаш қушлар бор экан. Буни кўрганда кўнглимизда ҳå÷ қандай шубҳа туғилмади.

Апил-тапил шу қушлар томонга боришга шошилдик ва боришимиз билан ҳаммамиз тузоққа илиндик. Шу пайтда бўйнимизни ҳалқа бўғди, қанотларимизни тўрлар ўради, оёқларимизга эса тузоқ тушди. Қутулишга қанча уринмайлик, ҳаракатимиз зое кетди, қайтага тўрга баттарроқ ўралиб, ҳалок бўлишимизга кўзимиз етди.

Ҳаммамиз ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб, биродарларимизга мадад беришгина эмас, уларга қайрилиб қарашни ҳам унутибмиз. Кейин ҳаммамиз қутулиш чорасини топиш ҳақида бош қотирдик. Шу қадар ўйга чўмиб кетибмизки, ҳатто тузоққа илинганимиз ҳам ёдимиздан кўтарилибди. Шу алфозда бир оз кўникиб, тўр қафас ичида қолиб кетдик.

Бир маҳал қарасам, бир гала қушлар кўринди. Улар бошу қанотларини тўрдан халос қилиб, учиб келишар, аммо оёқларида эса ҳамон тузоқ осилиб турар эди. Бу тузоқ учиб қочишга ҳалал бермас, шунга қарамай, учиб қутулиш осон ҳам эмасди, осуда ҳаёт кечириш ҳам мушкул эди. Ана шу ҳол унутган нарсамни ёдимга туширди. Шу билан бирга, кўникиб қолган нарсанинг ёмонлигини ҳам кўз олдимда намоён қилдим. Тузоқдан бўшайман, деб уринавериб тавбамга таяндим, ҳатто ҳасрат-надоматдан куйиб ўлаёздим.

Кейин, зора, ўша қушлар менга яқинроқ келиб, бу фалокатдан халос бўлиш йўлини кўрсатсалар, деган умидда тўрқафас ичида туриб, уларни чақирдим.

Улар овчиларнинг хийлаларини билишиб, яқин келишга ботинмай қочдилар. Кейин мен уларга қадимги дўстлигимиз ва ҳаммамиз бир гуруҳданлигимизни айтиб ёлвордим; бир маҳалги аҳду паймонимизни эслатдим. Шундан кейингина улар менинг олдимга келишди.

Улардан ҳол-аҳвол сўрадим. Улар ҳам мен дучор бўлган фалокатга гирифтор бўлганликларини, кейин қутулишдан умид узиб, шу азоб-уқубатга кўникиб қолганликларини гапириб беришди. Кейин улар менга ёрдам кўрсатдилар; бўйнимдан тузоқ, қанотларимдан тўр олиниб, қафас эшиги ланг очилди.

Шунда улар менга:

– Қани, қочиб қол, – дейишди.

Мен бошу қанотимни қутқариб, сўнг улардан оёқларимдан тузоқни олиб ташлашларини илтимос қилдим. Улар: ”Агар биз шундай ишга қодир бўлганимизда, аввал, ўз оёғимиздаги тузоқни олиб ташлаган бўлардик, касал табиб касални даволай олармиди!“ – дейишди.

Мен оёғимдаги тузоқ билан учмоқчи бўлдим. Улар менга шунда дейишди:

– Олдингда жуда кўп буқъалар4 бор. Агар биз улардан тез-тез учиб ўтмасак, балойи азимдан қутулолмаймиз. Бизнинг кетимиздан уч, сени қутқарамиз ва сенга тўғри йўлни кўрсатиб юборамиз.

Серўт, серҳосил водий, йўғе, аксинча, қурғоқ, хароб водийдаги юксак тоғ оралиғидан учдик. Водий орқамизда қолиб, ҳалиги тоғ ÷ўққисига етдик. Бирдан олдинга қарасак, яна саккизта баланд тоғ намоён бўлди, уларнинг чўққиларини кўз илғамас эди...

Шунда орамиздагилардан бири: ”Бу тоғлардан жадал ўтиб олмасак балога гирифтор бўламиз“, – деди.

Шундан кейин биз тез учиб, олти чўққидан ўтиб, еттинчисига етдик. Бу тоғ чегарасидан ўткач, баъзи қушлар: ”Эвоҳ, ҳеч тоқат қилиб бўлмаяпти, дам оласизларми, йўқми?! Учавериб тинка-мадоримиз қуриди. Душман олисда қолиб кетди: бир оз дам олсак, яхши бўларди. Ахир тўхтовсиз учгандан кўра дам олиб учсак, тезроқ нажот топамиз-ку“, – дейишди.

Шундай қилиб, ўша тоғ ÷ўққисига бориб қўндик. Бундай қарасак, кўз олдимизда ям-яшил мевазор, сувга сероб, обод боғлар турибди. Қулоқларимизга ашула, мунгли нағмалар эшитилди; мушку анбардан кўра хушбўйроқ ислар димоғимизга урилди.

Биз боғнинг меваларидан едик, сувларидан ичдик ва то дармонга киргунимизча шу ерда қолдик. Шунда бир қуш деди: ”Жадаллаб қолайлик, чунки хотиржамлик ғафлатда қолдирса, эҳтиёткорлик халос этади. Ундан сўнг, мен сизларга айтсам, шубҳадек мустаҳкам қўрғон йўқ. Ғафлат босиб, бу жойда узоқ туриб қолдик.

Душманимиз орқамиздан ахтариб келяпти. Гарчи бу жойда туриш биз учун қулай бўлса-да, лекин саломат қолишимиз мушкул. Шунинг учун, келинглар, бу буқъани ташлаб, тезроқ кетайлик“.

Шундай қилиб, ҳаммамиз учишга чоғландик. У ердан учиб, саккизинчи тоққа етиб бордик. Бундай қарасам, чўққиси осмон бағрини ёриб кирган баланд тоғ, унинг теварагида қушлар учиб юрибди. Мен умримда бундай хушнаво, гўзал, дилкаш қушларни учратмаган эдим.

Уларнинг ёнига қўнганимиздан кейин биз илгари ҳå÷ қаерда кўрмаган ва ҳатто эшитмаган лутф-эҳсон ва меҳрибончиликни кўрдик, улар бизга самимий ёрдам кўрсатишди. Биз умр бўйи уринсак ҳам, борингки, умримизга неча бор қўшиб берилган тақдирда ҳам, улар бизга қилган ёрдамининг кичик бир улушини эплай олмасдик. Улар билан танишгач, бошимизга тушган фалокатларни сўзлаб бердик. Улардан бири деди:

– Мана шу тоғнинг орқасида бир шаҳар бор. Ўша ерда

буюк подшоҳ истиқомат қилади. Ҳар бир зулмдийда Унга сиғинса, муножот қилса, Унинг қудрат ва мадади билан мушкули осон бўлади, дарду фалокатлардан қутулади.

Биз буюк подшоҳ шаҳрига йўл олдик. Ниҳоят, қаср олдига етиб, ижозатига мунтазир бўлиб турдик. Киришга рухсат берилди. Бизни саройга олиб кирдилар.

Биз кирган саройнинг кенглигию гўзаллигини тавсифлаб бериш қийин. У саройдан ўтганимиздан кейин кенг ва ярақлаган бир сарой дарвозаси очилди. Бунга кўзимиз тушганида олдинги кўрган саройимиз анча тор, кичкина туюлди. Ниҳоят, подшоҳ ҳузурига етдик. Парда кўтарилиб, подшоҳ жамолини кўриб, ҳаммамиз беҳуш бўлиб қолдик. Ҳайтовур, Унинг Ўзи дардимиздан огоҳ бўлиб, Ўз лутфи билан ҳушимизга келтирди. Ниҳоят, У билан гаплашишга журъат этдик, ўз саргузаштимизни гапириб бердик. Саргузаштимизни тинглагач, У деди:

– Оёқларингиздаги тузоқни уни қўйган кишидан бўлак ҳеч ким еча олмайди. Мен унга бир элчи юбораман. Элчи сизларни тузоқдан қутқаришни овчидан илтимос қилади. Гап тамом, хотиржам бўлиб қайтаверинглар.

Ана шундан сўнг биз элчи билан бирга йўлга тушдик. Биродарларимиз подшоҳнинг ҳусну жамоли ва Унинг даргоҳи ҳақида ҳикоя қилиб беришимни талаб қилдилар. Мен унинг жамолини қисқача таърифлаб бераман: У шундай бир подшоҳки, қачон сен кўнглингга заволсиз жамолни, нуқсонсиз камолни келтирсанг, Унинг жамолу камолини кўрган бўласан. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир камолот Унда зоҳир, ҳар бир нуқсон, ҳатто мажозий маънода бўлса ҳам, Ундан йироқ. Кимки Унга хизмат қилса, у энг олий бахтга эга бўлади. Кимки Ундан узоқлашса, дунё ва охиратда зиён кўради.

Ҳикоямни эшитиб биродарларим менга шундай дедилар:

– Сен ақлдан озиб қолибсан. Худо ҳаққи, сен эмас, балки ақлинг ҳам учган экан, сен овланмаган, ақлу ҳушинг овланган экан. Кишилар қачон учгану қóø қачон гапирган! Худди мижозингда сафро ғалаба қилганга ўхшайди5. Энди девпечакни қайнатиб ич, тез-тез сучук сувли ҳаммомга тушиб тур, нилуфар ёғини ҳидла. Кейин лазиз таомлар егин, жинсий алоқа ҳамда уйқусизликдан сақлан, камроқ фикр юрит. Илгари оқиллигингни кўрганмиз, ақл-идрок ва заковатингга қойил бўлганмиз. Энди бу аҳволингни кўриб, биз сендан ранжидик. Сенинг аҳволингга нуқсон етганини кўриб, кўнглимиз паришон бўлди.

Уларнинг гаплари қанча кўп бўлса, фойдаси шунча оз эди. Сўзнинг энг ёмони амалга ошмай, зое кетганидир. Тангридан мадад, одамлардан узр сўрайман. Золимлар келгусида қандай жазога учрашлари маълум.



АЛИ ибн УСМОН ЖУЛЛАБИЙ ҲУЖВИРИЙ

(ваф. 456/1064~464/1071)

Тўла номи: Абул Ҳасан Али ибн Усмон ибн Али Ғазнавий Жуллубий Ҳужвирий. Ғазна яқинидаги Ҳужвир қишлоғида туғилган, Жуллабда яшаган.

“Нафаҳот ул-yнс”, “Сафинат ул-авлиё”, “Риёз ул-авлиё”, “Калимат ут-табъ” асарларида маълумот бор.

Устозлари: Абул Фазл Муҳаммад ибн Ҳасан Хутталий, Абу Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад Ашканий, Абул Қосим Гургоний, Хожа Музаффар.

«Кашфу-л-маҳжуб» (“Қалб сирларининг кашф этилиши”) асарида унинг ўзи қуйидаги асарлар битгани қайд этади: “Девон”, “Минхожу-д-дин» («Диннинг тўғри йўли”), “Асрору-л-хирақ ва-л-маъунат» (“Хирқа ва маъун сирлари”), “Китабу-л-фано ва бақо” (“Фано ва бақо китоби”), ”Китабу-л-баён ли аҳли-л-ъиййан” (“Баён этилган моҳият изоҳлари китоби”), “Баҳру-л-қулуб” (“Қалблар денгизи”), “Ал-риъййат ли ҳуқуқ Аллоҳ” (“Аллоҳ олдидаги фарзларни сақлаш”). Булардан ташқари номи айтилмай Мансур Халложнинг нақллари талқини ва Иймон ҳақидаги китоб муаллифи ҳамдир. Бу асарларнинг бирортаси сақланиб қолмаган.

Асарнинг тўла номи: “Кашфул маҳжуб ли арбобу-л-қулуб” (“Қалб сирларидан хабардорлар ҳижобларининг кашф этилиши”. Асар Лахўрда ҳужвирли дўсти Абу Саййид саволларига берилган жавоблар тариқасида ёзилган. Асарнинг мақсади, суфийларнинг нақлларини тўплаш (тасаввуф адабиёти анъанасига кўра) эмас, балки суфийлик назарияси ва амалиётини баён этишдан иборат. Рисоланинг 14-бобида 12 та суфийлик мактаби ҳақида маълумот берилган.

Ушбу асарга араб тилида ёзилган Абу Наср Саррож (ваф. 377 ҳ.)нинг “Китобу-л-лумаъ» (“Шуълалар ҳақида китоб”) рисоласи асос қилиб олинган.

“Кашфу-л-маҳжуб»нинг 24 боби “Ўнинчи ҳижоб: Калималарни аниқлаш ва истилоҳлар баёни”дан ва 25 бобдаги “Ўн биринчи ҳижоб”дан намуналар берилди

АЛИ ибн УСМОН ҲУЖВИРИЙ

“КАШФУ-Л-МАҲЖУБ”дан

24-боб. Ўнинчи ҳижобнинг очилиши:

тасаввуф тили ва истилоҳлари.

Ҳар бир машғулот ва ҳар бир касбнинг ўз сир-синоати, ўзига хос лаҳжаси - алоҳида сўзлари бўлади. Бу “махфий” тилни фақат ўша касб эгаларигина тушунадилар. Сўфийлар орасида ҳам шунадай сўзлар борки, уларнинг маъноси фақат уларнинг ўзларига аён, бу соҳадан бегоналар тушунмайдилар. Ана шундай сўзлардан баъзиларининг тасаввуфий маъноларини туштираман. Аввало, тасаввуфда қуйидаги жуфт сўзлар учрайди.

Ҳол билан вақт...

Тасаввуфда вақт сўзи, умуман, вақт, замон ўтишини эмас, балки тилагувчи (талаб), истаганини изловчи (мурид) учун ҳол вақти етганлигини билдиради. Бундай вақт келганида мурид ўтмишини ҳам, келажагини ҳам ўйламай қўяди, чунки Ҳаққа етишган ҳол келган вақтда мурид учун ўтган ҳаётнинг ҳам, келажакдаги ҳаётининг ҳам аҳамияти йўқолади.

Айтишларича, Жунайд (р.а.) саҳрода бораётиб, бир одам бир харобада, тиконли дарахт остида ўтирганини кўрибди. Унинг “бу ерда нима қилиб ўтирибсан? – деган саволига, дарвиш:

- Мен бу ерда йўқолган вақтимни излаяпман, - деди.

Жунайд (р.а.) ундан “Қачондан буён бу ерда ўтирибсан? – деб сўраганида, дарвиш:

- Ўн икки йил бўлди. Аё, шайх, сиз ҳиммат кўргизиб, дуо қилсангиз, эҳтимол, йўқолган вақтимни топарман? – деди.

Жунайд (р.а.) айтади:

- Мен у ердан узоқлашдим, ҳаж маросимини адо этиб, ҳалиги дарвиш ҳақига дуо қилдим. Ижобат бўлди. Қайтаётиб, дарвиш яна ўша ерда ўтирганини кўрдим.

- Вақтингни топибсан, яна бу ерда нима қилиб ўтирибсан? – деб сўрадим. У жавоб берди:

- О, шайх, шу ерда ўтириб, йўқотган вақтимни топдим, энди Ҳаққа етишиб, роҳатланаётган вақтимда бу жойни ташлаб кетсам бўлмас. Агар шу ерда жонимни Ҳаққа топширсам, қиёматда ҳам шу оромбахш тупроқдан бош кўтарсам, дейман.

Ҳол - етишган вақтни тўлдириб, жисмга жон бўлиб кирувчи неъматдир, вақт эса ҳолга муҳтождир, чунки, ҳол вақтга жон бериб, уни безайди.

Вақтини топган одам ҳолни ҳам топса, энди у мустақим, барқарор бўлиб, ҳеч қандай ўзгаришлар унинг руҳига таъсир кўрсатолмайди.

Агар ким мутамаккин бўлса (риёзат чекиб, софликка интилаётган бўлса, у кўп нарсани (бу ерда эришган фазилатларини дейилмоқчи - М.М.) унутиб қўяди. У ҳолга эришганида эса, етишган вақти барқарор, мустаҳкам, мутамаккин бўлади. Энди у ҳеч нарсани (бор фазилатларини) унутмайди.

Ҳол тили сукут сақлайди, фақат хайрли, эзгу иш, амаллари ҳолидан сўзлайди.

Ҳолдан сўз сўраманг, чунки ҳол бир жойда мақол (сўзлар) йўқдир. Ҳақ таоло кимга ҳол ато қилса, унинг кўнгли турли кечинмалар (ғам-ташвишдан) ҳоли бўлиб қолади.

Мақом ва тамкин

Мақом толибнинг тилагида собитлигидир. Ким Ҳаққа етишишга ташна бўлса, у бораётган йўлнинг бошланиши мақомдир. Толиб бу йўлдаги ҳар бир мақомга етишганида ором олса ҳам сўнгги манзилда кўнгли таскин топиб, таркибу хийладан (мураккаб ғам-ташвишлардан) тозаланади.

Одам (а.с.) тавба мақомида, Нуҳ (а.с.) зуҳд мақомида, Иброҳим (а.с.) – таслим мақомида, Мусо (а.с.) инобат (қалб кўзининг очилиши) мақомида, Довуд (а.с.) – рижо (умид), Яҳъё (а.с.) – ҳавф мақомида, бизнинг пайғамбаримиз (Муҳаммад с.а.в.) зикр (Ҳақ-таолони ёдда тутиш) мақомида эдилар. Буларнинг барчалари ўз ҳаёт йўлида кўп (яхши ишлар қилиб) амалларга, фазилатларга эришдилар, аммо ҳар бири ўз мақомига қайтиб келдилар.

Ҳаққа уч йўл билан етишилади: 1. Манзил, мақом. 2. Ҳол. 3. Тамкин (барқарорлик, мустақимлик, дил ҳотиржамлиги).

Ҳақ таоло бандаларини ҳақ йўлига солиш учун турли мақомлардаги 124 минг пайғамбарини юборди. Бу мақом ва манзилларнинг энг сўнггиси тамкин мақоми бўлиб, бунга етишув йўлидаги барча ҳолатлар (ҳоллар)ни таърифласам, сўзим сира тугамас эди.

Тамкин аҳли дилларнинг энг юксак манзилидир. Турли манзилдагилар ўз манзилларидан бирма-бир ўтиб, охири тамкин манзилига келадилар. Манзиллар бошловчилар – толиблар эришадиган мақомлардир, тамкин эса, Ҳаққа етишиб, ором олинадиган сўнгги манзилдир. Мусо (а.с.) тамкин манзилига етишганида (Ҳаққа етишганида) Ҳазрати Ҳақ унга чориғингни улоқтир (Қуръон, 20:12) ва асо (таёқ)ингни ташла (Қуръон, 20:12), деб амр қилди.

Ишқ, ошиқликнинг бошланиши – талаб (толиблик), охири - тамкин, ҳотиржамликдир. Дарё уммонига етишганида тез оқишдан тўхтайди, сувнинг таъми ҳам ўзгаради. Сувга ташналар уммон сувдан ўлимга тайёр туради, бўйнига оғир тош боғлайди ва уммонга шўнғийди. Шу йўл билан у ё гавҳарли садафни топади, ё гавҳардай қимматли жонини йўқотади.

Машойихлардан бири айтур: “Тамкинга етишганида талвин йўқолади”.

Талвин суфийлар истилоҳида толибнинг йўлида ва турли манзилларида турли ҳолларни кўнгилдан кечиришидир. Тамкинга эришган зот (мутамаккин) Ҳаққа етишгани сабабли ҳеч қандай ҳоллардаги ўзгаришларга учрамайди.

Муҳозарат (қалб ҳозирлиги) ва мукошафат

Муҳозарат турли ҳолларга қалбнинг тайёрлиги, ҳозирлигидир. Мукошафат – толиб, суфий қалбида сир (илоҳий руҳ)нинг кўриниши, аён бўлишидир.

Муҳозарат – дилга илоҳий аломатларни (оятларни) кўришга тайёрлиги, мукошафат – дилнинг мушоҳадага (Ҳақ таолонинг қудрати комиласини тафаккур қилишга) тайёрлигидир.

Муҳозарат аломати диққатни жону дилдан муттасил илоҳий аломатлар - оятларга қаратиш, мукошафат аломати Ҳақ таоло қудратининг чексизлигидан доимий ҳайратланиб яшашдир.

Муҳозарат билан мукошафат ўртасида катта фарқ бор. Биринчиси, Аллоҳга дўстлик йўлидан бориш, иккинчиси, шу дўстликка етишганликдир.

Ҳазрат Иброҳим дўстлик йўлидан бориб, тоққа кўтарилди. Тоғнинг юксаклигини кўриб, Худонинг борлигини билиб, унинг аломатларида уни кўришга тайёр, ҳозир бўлди. Унинг яратмишларида Уни кўриб, ҳузурга етишди ва ҳайқирди: Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган Зотга қаратдим... (Анъом сураси, 79-оят)

Аллоҳнинг севимли дўсти – ҳабиби Муҳаммад (с.а.в.) меърожга чиққан (кўтарилган) вақтида Аллоҳ яратган барча мавжудотлардан ва ўзидан ҳам кечиб, юзини фақат Аллоҳ тарафга қаратди. Бу мукошафат, кашф вақтида унинг Ҳаққа ташналиги кучайди, у Худо одамлар тасаввур қилган барча сифатлар, ўхшатишлардан танзиҳ, пок эканлигини тушуниб, ҳайрати ортиб, унда олдинга юришга ҳам, орқага қайтишга ҳам мажоли қолмади. Дўстликда ҳайрат Ҳақ таолонинг борлиги, ишқдаги ҳайрат эса Аллоҳнинг зоти ва сифати бирлашуви оламда якка, ягоналиги, яъни тавҳиддир.

Шу сабабдан Шиблий раҳматиллоҳи алайҳи доимо “Эй, ҳайронларни ҳайрон қилган Зот, ҳайратимга ҳайрат қўшдир” дер эди.

Қабз ва басит

Қабз – қисувга олиш, басит кенгайтиришдир. Бу икки ҳолат бизнинг ирода – истагимизга боғлиқ эмас, буларни одамзод ўзига яқин ҳам, ўзидан узоқ ҳам қила олмайди.

Аллоҳ-таоло сўзи: Ва Аллоҳу йақбизу ва йабсуту туржун (Физқингиз эшигини тор ва кенг қилгувчи Аллоҳдир) (“Бақара” сураси, 245-оят)

Қабз - ҳижоб (парда) билан тўсилган қалбнинг қисилиш, басит-Аллоҳни кашф этиш ҳолатида қалбнинг кенгайишидир.

Аллоҳ таоло сўзи: “Бас, уларнинг орасида (Қуръонини ўқиб, унга амал қилмайдиган, ўз жонига жабр қилгувчилар ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчилар ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан доимо яхшиликларга шошилгувчилар ҳам бор” (“Фотир” сураси, 32-оят).

Машойихдан баъзиларининг қабз даражаси баландроқ, басит даражаси пастроқ дейдилар. Баъзилари бунинг тескарисини айтадилар (Ҳақ таоло гоҳида яхшиларнинг ризқ эшигини тор, ёмонларнинг ризқ эшигини кенг қилиб қўяди, бунинг сабаби Аллоҳга аёндир – М.М.)

Қабз қилинган (ризқи кам) одамларнинг қалби турли кенг одамларнинг қалби бузилиши ва иллатларга мойил бўлади. Қабз Аллоҳнинг (севимли) одамларини бошқа ризқ берувчилардан рашк қилишидир. Яҳъё (а.с.) йиғлаб туғилган, Исо (а.с.) эса кулиб дунёга келган экан. Шунда (устози) Яҳъё (а.с.) (шогирди) Исо (а.с.)га “О, Исо, Худо даргоҳидан узоқлашувдан қўрқмайсанми?” – деб сўраган. Исо (а.с.) унга: “О, Яҳъё, сен Худонинг марҳаматига умид қилмайсанми? Сенинг кўз ёшларинг ва менинг кулгим мангу илоҳий аҳдни ўзгартиролмайди”, - деган.

Унс ва ҳайбат

Унс ва ҳайбат Ҳақ йўлида толиб эришадиган икки ҳол (ҳолат)дир. Ҳақ таоло инсон кўнглига бор буюклиги, шон-шавкати, жалолатини билдирса, бундан дарвишлар ҳайбатга тушадилар. Агар Ҳақ таоло жамолидан хабар топса, дарвиш бу гўзалликка анис (яқин дўст) бўлиши унсдир.

Машойихдан баъзилари ҳайбат Ҳақни таниганлар мақоми, унс бу йўлга энди кирган – янги толиблар мақоми, дейдилар. Ҳақ таолонинг буюклиги, жамолини ҳали англаб етмаганлар ўзини Ул зотга яқин тутадилар, билганлар эса ўзини Ҳақ таолога дўст дейишни одобсизлик деб биладилар, улар Ҳақ таолонинг буюклиги, жамолидан (қўрқиб) ҳайбатга тушадилар. Чунки Ҳақ билан инсон ўртасида дўстлик, яқинлик бўлиши асло мумкин эмас.

Менинг шайхим мана бу гапни такрорлашни яхши кўрар эди: “Ҳақ таоло “Ҳақиқатан, менинг бандаларим”, “Эй бандаларим, сендан сўрайдилар”, “бандаларимга айтгинки” деб айтганидан кейин бандалар Худога яқин бўлишлари мумкин эмас, дейишлари ажабланарлидир.

Ҳақ таоло Қуръони каримда марҳамат қилган: “Эй, бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлган бандаларим, бу Кун (қиёматда) сизлар учун ҳеч хавфу хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар (Зуҳруф сураси, 68-оят).

Шу сабабли машойихдан баъзилари ҳайбат - бегоналик, унс - яқинлик, дейдилар.

Камина (Али ибн Усмон Хужвирий) айтаманки, бу иккала тоифанинг сўзларида ҳам ҳақиқат бор. Аҳли фано ҳайбатни афзал кўрадилар, аҳли баҳо унс, яқинликни афзал биладилар.

Қаҳр ва лутф

Бу иккала истилоҳ (термин) дарвишга Худо ато этган ҳолатларни билдиради. Худонинг қаҳридан қўрқувчи дарвиш ўз табиатидаги тубан, ярамас майл, истаклардан (бахиллик, ҳасад, тамаъ, такаббурлик, мол-дунёга очлик)дан қутилишга интилади.

Ҳақ таолонинг лутф марҳаматига умид қилган дарвиш Худонинг ўзи каромати билан уни ёмон йўллардан қайтаради, нафсини жиловлашга ёрдам беради, деб ишонади.

Нафий ва исбот

Суфийлар тилидан нафий инсондаги жониворлик сифатларини инкор қилиш, исбот эса – илоҳий мақсад, яъни таъйидни исботлаш орқали ёмон қилиқларни маҳв этиш, йўқотишдир. Толиб, дарвиш ўзидаги яхши ҳулқ, ҳислат–фазилатларни тасдиқлаш, барқарор қилиш йўли билан инсонга хос иллатларни йўқотишга, бу орқали ҳақиқатни қарор топтиришга ҳаракат қилади.

Суфийлар яна айтадиларки, агар инсонлар Худо танлаган йўлидан борса, инсондаги йўл таниш эркинлиги йўқолади, яъни танлашга ҳожат қолмайди. Худони яхши билмаган одамнинг йўл танлашдан кўра Худо танлаган, буюрган йўлдан бориши афзалроқдир (Инсон Худо танлаган йўлни яхши танлаганида, билганида унинг ўз танлови Худонинг танловига мувофиқ келади – тарж.)

Муҳодасат (мулоқот) ва мусомарат (тунги мулоқот)

Бу истилоҳлар инсон билан Худо ўртасидаги муносабатнинг икки турини – ички ва ташқи ҳолатларини англатади. Худои таолога кундузги муносабатлар – муҳодасат, тунги яширин муножотлар мусомаратдир. Булар иккаласи сўзсиз, кўнгил муножотларидир. Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.в.) меърож кечаси Ҳақ таолонинг чексиз буюклигига, жалолатидан ҳайратларга шўнғиб, тили калимага келмай, “Илоҳо, сенга мадҳу сано айтишга мажолим етмайди” дея олган холос.

Муҳодасат Мусо (а.с.) қирқ кун (чилла ибодат қилиб ўтиргандан сўнг Сино тоғи (Тури Сино)га чиқиб, Худонинг овозини эшитгач, унинг жамолини кўришни илтимос қилиш ва Худо бу сўровни инкор этиб, тоғни талқон қилишдир.

Ҳақ таоло томонга инсон ўзи бориши бошқа, Худо уни ўзига яқин қилиши бошқадир. Қуръони каримнинг 17-сура 1-ояти (Худо меърож кечаси Расулуллоҳни ўз томонига келтиргани) ва 7-сура 139-ояти (Худо Бани Исроил қавмини Нил денгизидан ўтказиш) Худо танлаган йўлнинг ёрқин намунасидир.

Тунгги суҳбатда (мусомарат) ошиқ ва маъшуқлар бир-бирига бегона бўлмайдилар

Илм ва маърифат

Уламолар илм билан маърифатни бир-биридан ажратмайдилар. Фақат бир масалада уламолар орифлардан фарқланадилар: уламолар фикрича, Ҳақ таоло олимдир, аммо Уни ориф дейишга рухсат этилмаган.

Суфий шайхлар фикрича, маърифат – ибодат ва ҳол билан боғлиқ барча билимлардир. Бундай билимлар соҳибини ориф дейдилар. Суфий шайхлар яна айтадиларки, маънавият ва илоҳиёт билан алоқадор бўлмаган барча билимлар – маърифат эмас, шунчаки илмлардир. Бундай илмларнинг соҳиблари – уламо, олимлардир.

Хуллас, суфийлар барча мавжудотларнинг маъно ва моҳиятини билувчиларни ориф дейдилар. Илоҳиятга, руҳиятга, маънавиятга боғлиқ бўлмаган билим соҳибларини олим дейдилар. Шу сабабли, суфийлар ўз рақиблари – турли-туман илмларни билувчи олимларни менсимай донишманд, билимлар йиғиндиси деб атайдилар.

Суфийлар фикрича, олимларни диний илмларга амал қилмагани, фақат ўз илмига ишонгани учун мутакаббир дейдилар. Орифлар эса ўз илмларида Ҳақ таоло мададига суянадилар. Масаланинг бу жиҳати ҳақида аввалроқ (15-бобда) муфассал фикр юритгинимиз сабабли бу ерда шу айтилганлар билан чекланамиз.

Шариат ва ҳақиқат

Суфийлар бу икки сўзни зоҳирий ҳолатни қувватлаш ва ботиний, ички ҳолатда Ҳаққа содиқ бўлиш маъносида қўллайдилар.

Бу масалада икки хил адашувчилар бор. Баъзи тақлидчи дин уламолари шариат билан Ҳақиқат ўртасида фарқ йўқ, шариатда ҳақиқат бор ва ҳақиқатда шариат бор, дейдилар. Иккинчи тоифа адашувчилар – зиндиқлар айтадиларки, ҳақиқатда шариатсиз ҳам яшай олади. Уларнинг фикрича, ҳақиқат бор жойда шариат йўқолар ва шариат бор жойда ҳақиқат йўқолар эмиш. Қаромита (қарматийлар), шиалар ва уларнинг иблисга эргашганлари (мувасвисон) шундай ақида қиладилар.

Ҳақиқат билан шариат бир-биридан бошқа эканлигига улар дин билан ибодат бошқа-бошқа эканлигини далил қиладилар. Шариат ва Ҳақиқат моҳиятан бир эканлигига далил шуки, ибодатсиз динни дин демаймиз ва динсиз ибодатни ибодат демаймиз. Аммо булар ўртасида фарқ бор. Ҳақиқатнинг маъноси ният холислиги. Одам атодан то қиёматгача ўзгармас, барқарордир. Шариатнинг маъноси турли даврларда (ва турли мазҳабларда) баъзи аҳкомлари бекор қилиниб, баъзилари ўзгартиб турилади.

Шариат – одамларнинг аъмоли, қилмишлари, амалларидир, Ҳақиқат эса Ҳақ таолонинг ҳифзи (бало-қазолардан асраши) ва ҳимоя қилишидир. Шу сабабли ҳақиқат шариат билан ҳамда шариат ҳақиқат билан қувватланади. Буларнинг ўзаро муносабатини бадан ва руҳ муносабатига ўхшайди. Руҳсиз бадан ўликдир ва бадансиз руҳ бу дунёда яшай олмайди. Жонли инсонда бадан ҳам, руҳ ҳам бўлиши зарур.

Ҳақиқатсиз шариат қуруқ сўз, шариатсиз ҳақиқат бор дейиш мунофиқликдир. Ҳақ таоло марҳамат қилади: “Бизнинг йўлимизда жиҳод қилган, курашган зотларни албатта ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабуд сураси, 69-оят). Бу ерда жиҳод қилиш – шариатдир, ҳидоятга йўллаш ҳақиқатдир. Биринчиси, зоҳирий ҳукмлар-аҳкомларга амал қилиш, ҳақиқат эса Ҳақ субхонаҳу ва таолонинг инсонни маънавий-руҳий йўллаши ва қўллашидир. Шу сабабли шариат инсон қўлга киритган амаллар, ҳақиқат эса – Худо ато қилган нодир қобилиятдир. Бу сўзлар бошқа истилоҳлар ва ифодаларда кўчма маънода ҳам қўлланилади. Буларни таҳлил ва таъвил қилишда маълум қийинчиликлар бор. Мен буларни мухтасар изоҳлаш билан чекланаман.

Суфийлар ҳақиқат, Ҳақ деганда Худони тушунадилар, чунки Ҳақ – Тангри таолонинг исмларидан биридир. Қуръон каримда бу оят шу маънода келади: “Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қадар эканлигидир” (Ҳаж сураси, 6-оят).

[Ҳақ сўзининг бошқа маънолари]

Ҳақиқат - инсоннинг Ҳақ таолога яқинлик манзилига (даража, ҳолига) келиши, қалбининг барча носозликлардан покланиши (танзиҳ).

Хотирот - инсон кўнглида яхши-ёмонни фарқловчи ақл-идрокнинг ёдда сақланиши (аҳкоми тафриқ).

Ватана - ҳар қандай илоҳий хабар, огоҳликларнинг қалбда макон қуриши.

Тамис - турли хатти-ҳаракатларнинг оқибатларини қалбдан қувиб чиқарилиши.

Алойиқ - бу дунёга хос турли алоқалардан ўзини четроқда тутиш зарурлиги.

Васойит - Ҳақ таоло билан турли воситалар орқали боғланишлар.

Завойид, зиёдалик – руҳий нурланиш, онг ёришувининг кучайиши.

Куллийат (истиғроқ) – инсоний сифатларнинг оламий сифатга айланиши.

Муолажа - қалбнинг илоҳий билимларга яқинлиги.

Муонажа - қалбнинг турли нуқсон, қусурлардан узоқлашуви.

Лавойиқ - қалбга марғуб нарсалар рад этилса ҳам, кўнгилдан кетмаслиги.

Лавомеъ - қалбнинг нурлашиш, ёруғланиш.

Таволеъ (тулуъ сўзининг кўплиги) - қалб осмонида юлдузлар-маънолар, тушунчалар порлаши, равшанлашуви.

Тавориқ - тунги таҳажжуд (Ҳақ билан мулоқот) вақтида қалбга хушхабар ёки нохуш хабарнинг келиши.

Латойиф - қалбга нозик, латиф маънавий, руҳий ҳиссиётларнинг қуйилиб келиши.

Сир - ишқнинг яширин манзили.

Нажва - Худодан бошқани танишга алоқадор яширин иллатларнинг очилиши.

Ишорат - ишқ манбаи ҳақидаги билимни сўзлар билан эмас, бошқа усулда англатмоқ.

Имо - сўз айтмай, бошқаларга эътиборни қаратиш.

Ворид - қалбга руҳий хабарларни тажалли қилиш.

Интибоҳ - қалбдан беғамлик, бепарволикнинг кетиши.

Қарор - инсон ҳиссиёти, туйғуларига боғлиқ ўзгаришлар ўрнига доимий ҳолатнинг келиши.

Инъизож, важд - қалбнинг ҳайрат вақтида тўлқинланиши...

25-боб. Ўн биринчи ҳижобнинг очилиши: самаъ

Тасаввуфда шеърият ва мусиқа

Шеър тинглаш гуноҳ эмас. Расулуллоҳ шеър тинглар эди, саҳобалар шеър эшитар ва шеър айтар эдилар. Расулуллоҳ сўзи: “Шеърда ҳикмат бор”. Яна марҳамат қилганлар: “Ҳикмат мўъминнинг йўқотган туясидир, қаерда топса олишга ҳақлидир”. Яна айтганлар: “Лабиднинг мана бу байтида ҳақиқат арабларда энг яхшисидир:

Тақдир ҳам топар завол,

Ҳақдан ўзгаси бекор.

Шеър тинглаш ҳақидаги қарашларида икки хил хато учрайди. Баъзилар шеър тинглаш бутунлай гуноҳ, деб (шоирлар) ўз мусулмон биродарларини ноўрин ҳақорат қиладилар. Бошқалар эса, аксинча, барча турдаги шеърларни яхши деб, маъшуқанинг юзи, зулфи, холини мақтовчи ишқий шеърларни тинглашга (ўқишга) вақтларини зоеъ кетказдилар.

Суфий шайхлар Расулуллоҳ сўзларига ишонадилар: “шеърнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор”. Агар сўзларида ёмонлик, ғийбат, тухмат, ҳақорат бўлса, шеър ҳам, сочма ҳам ёмондир. Насрда ҳам, шеърда ҳам панд-насиҳат, гўзал хулқ, Ҳақ таоло амр-фармонига мувофиқ сўзлар бўлса, улар шаръийдир.

Ашула ва самаъ ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: “Ул зот яратган махлуқотида ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур” (Фотир сураси, 1-оят)

Тафсирчилар айтадиларки, бу ерда мафтункор овоз кўзда тутилгандир. Расулуллоҳ сўзи: “Овозинигизни Қуръон ўқиш билан безанглар”. Яна айтганлар: “Довуднинг овозини эшитишни истаган одам Абу Мусо Ашъарийнинг сўзини эшитсин”.

Яна ҳадисларда айтиладики, Рой аҳолиси ҳар бир дарахтнинг ўзига хос овози ва куйини эшитар эканлар. Турли товушлар бирлашганида оҳангдорлик келиб чиқади. Барча жониворлар чиройли товушларни яхши кўрадилар. Руҳ латиф ва нозик, товушларда ҳам латифлик, назокат бор. Шу сабабли руҳ ўз табиатига яқин нарсаларга интилади. Ҳақиқатни теран билишга даъво қилувчи шифокорлар ва файласуфлар бу ҳақда кўп бахс юритганлар ва мусиқада оҳангдорлик ҳақида асарлар ёзганлар. Исҳоқ Мавсумий соз чалганида боғдаги булбул сайрашдан тўхталиб, йиқилиб тушгани ҳақида ёзганлар.

Иброҳим Ҳаввос ҳикоя қилишича, у саёҳатда юрган вақтида бир араб қабиласининг шайхи занжи қулини кишанлаб, қамчилатаётган экан. Меҳмон “Бу қулнинг гуноҳи нима?” – деб сўраса, айтибдики: “Бу занжи қул ажойиб қўшиқ айтади. Унинг қўшиғини эшитиб, карвондаги туялар устида оғир юки бўлса ҳам ўйноқлаб, чопиб кетадилар ва манзилга тез етибдилар. Аммо, туяларнинг устидан юклари олингач, барча сиҳоли қолмай ўлибди. Меҳмон бу қулнинг овози шу қадар мафтункор бўлса, мен ҳам бир эшитиб кўрай, дебди. Қулнинг қўл-оёғини ечиб, ашула айттирибдилар. У ростдан ҳам шундай ажойиб куйлабдики, туялар сув ичмасдан ўйноқлаб, югуриб кетибдилар. Меҳмон завқланиб, қулнинг Худо берган овози бор экан, - деб уни мақтабди. Қабила бошлиғи меҳмонни хурсанд қилиш учун қулининг гуноҳини кечиб, уни озод қилибди”.

Хуросон, Ҳинд ва Ироқда баъзи овчилар оҳуларни ушлаб олиш учун қўнғироқчалар товушидан фойдаланар эканлар.

Кимдир агар мен овоз, оҳанг, мусиқадан сира завқ олмайман деса, у ёлғончи ва мунофиқ ёки одамзодга ҳам, ҳайвонга ҳам ўхшамаган бир махлуқдир.

Қўшиқ ва мусиқага қарши чиқиб, маъно этувчилар ўзларига зулм ва зарар етказган бўладилар. Уламолар фикрича, агар қўшиқ ва соз шариат аҳкомларига зарар етказмаса, шаръийдир. Лекин агар қўшиқ ва сўз (симоъ) аҳлоққа зид, нопок, тубан ҳис-туйғу ва эҳтиросларини уйғотса, ношаръийдир.