Тавҳид китоби Босма

1-боб. Набий (с.а.в.)нинг ўз умматларини Аллоҳ таборак ва таолони яккаю ягона деб эътиқод қилишга даъват қилганлари ҳақида.

7371-ҳадис. Ибн Аббос ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Муозни Яманга юбораётиб бундай дедилар: “Сен аҳли китоб бўлмиш бир қавм ҳузурига кетаяпсан, дастлабки қиладиган ишинг шуки, уларни Аллоҳ таолони яккаю ягона деб эътиқод қилишга даъват қилгин! Агар сўзинга кирсалар, уларга Аллоҳ таоло бир кеча кундузда беш вақт намоз ўқишни фарз қилганини айтгин! Бунга ҳам кўнсалар, айтгинки, Аллоҳ таоло уларнинг молларидан закот олишни ҳам фарз қилган бўлиб, бундабойлардан олиб камбағалларга қайтарилади. Агар шу айтганларингга иқрор бўлсалар, улардан закот олгин, аммо энг яхши молларини олмагин”.

7372-7373-ҳадислар. Муоз ибн Жабал ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) менга: “Ё Муоз, биласанми, Аллоҳ таолонинг ўз багдааридаги ҳақи нима?” - дедилар. Мен: “Аллоҳ таоло ва унинг расули яхшироқ билади!” – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Аллоҳ таолога ибодат қилиб. унга ҳеч нарсани ширк келтирмасликларидир” – дедилар. Сўнг: “Ё Музо, биласанми, бандаларнинг Аллоҳ таолодаги ҳақлари нима?” – дедилар. Мен: “Аллоҳ таоло ва унинг расули яхшироқ билади!” – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “(Агар бандалар Аллоҳ таолонинг ҳақини адо этсалар), уларни азобламаслигидир”, - дедилар”.

7374-ҳадис. Абу Саид ал-Худрий ривоят қиладилар: “Тунда бир одам иккинчи бир одамнинг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиб такрорлаётганини эшитди. Тонг отгач, у Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига борди-да, шу ҳақда гапириб уни камситди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: “Жоним қўлида бўлган зот ҳақи, бу сура Қуръони каримнинг нақ учдан бирига тенгдир!” – дедилар”.

7375-ҳадис. Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ бир кишини Сарияга бошлиқ қилиб юбордилар. У ўз шерикларига имомлик қилиб ўқиган намозни нуқул ““Қул ҳуваллоҳу аҳад” билан тамомлар эди. Улар Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига қайтиб келишгач, шу ҳақда айтишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Сўранглар-чи, у нима учун у бундай қилган экан?” – дедилар. Улар сўрашган эди, у: “Чунки “Ихлос” сураси Раҳмоннинг сифатидир, шу боисдан мен уни ўқимоқни яхши кўраман!” – деди. Жаноб Расулуллоҳ: “Унга айтинглар, Аллоҳ таоло ҳам уни яхши кўради!” – дедилар.

2-боб. Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ, деб чорлангиз ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангиз ҳам (жоиздир). Зеро, унинг гўзал исмлари бордир” (“Исро” сураси, 110-оят), деган ояти каримаси ҳақида.

7376-ҳадис. Жарир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилмайди!” – дедилар”.

7377-ҳадис. Усома ибн Зайд ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳнинг қизлари (Зайнаб): “Ўғлим жон таслим қилай деяпти, ота тезроқ келинг!” – деб одам юборди. У зот бунга жавобан салом айтиб: “Фарзанд берадиган ҳам Аллоҳ, уни қайтариб оладиган ҳам Аллоҳ, уларнинг умри унинг даргоҳида аниқ белгилаб қўйилгандир. Аллоҳ таолодан ўзига сабру қаноат тилаб, унинг иродасига бўйинсунсин!” – деб айтиб юбордилар. Қизлари: “Отам албатта келсинлар!” – деб яна одам юборди. Бу гапни эшитиб Расулуллоҳ ўринларидан турдилар, у зот билан бирга Саъд ибн Убода, муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам туриб йўлга тушдилар. Етиб боришгач, Жаноб Расулуллоҳга болани узатишди, бола суви йўқ мешдек қуриган-у, жон танасидан чиқиб кетайин деб тургандек эди. Буни кўриб Жаноб Расулуллоҳнинг муборак икки кўзларидан дувиллаб ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, бу нима қилганингиз?!” – деди. У зот: “Кўз ёши – Аллоҳ таолонинг ўз бандалари қалбига солган раҳмати бўлиб, у раҳмдил бандаларига раҳм қилади!” – дедилар.

4-боб. Аллоҳ таолонинг: “Ғайбни билувчидир. Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас” (“Жин” сураси, 26-оят), “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши) тўғрисида билим бордир” (“Луқмон” сураси, 34-оят), “Лекин Аллоҳ сизга нозил қилган нарса (Қуръон)га Ўз илми билан гувоҳлик беради” (“Ниса” сураси, 166-оят), “Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ва кўзи ёриши фақат Унинг илми билан бўлур” (“Фотир” сураси, 111-оят). “Қиёматнинг маълумоти Унинг ўзигагина қайтарилур” (“”Фуссилат” сураси, 47-оят) деган сўзлари хусусида

Яҳё ибн Зиёд: “Ҳар бир нарсанинг зоҳирлиги ҳам, ботинлиги ҳам Аллоҳ таолонинг илмига боғлиқдир”, - дейдилар.

7379-ҳадис. Ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дейдилар: “Ғайб (Аллоҳ таолонинг ўзигагина маълум нарсалар)нинг бешта калити мавжуд бўлиб, уларни Аллоҳ таолонинг ўзигина билади: “1) Бачадондаги ҳомиланинг ўғил ёки қизлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди; 2) эртага нима бўлиши Аллоҳ таолонинг ўзигагина аёндир; 3) қачон ёмғир (ёки қор) ёғишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди; 4) ким қаерда ўлмоғини Аллоҳ таолонинг ўзигина билади; 5) қиёматнинг қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди”.

7380-ҳадис. Масруқ (рз.) ривоят қиладилар: “Ойша онамиз бундай дедилар: “Кимни сенга: “Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳ таолони кўрганлар”, - деган бўлса, ёлғон айтибди, чунки Аллоҳ таоло ўзини (фоний) кўз билан кўриб бўлмаслигини (Қуръонда) айтган. Кимки сенга: “Муҳаммад (с.а.в.) ғайбни (инсон билолмайдиган нарсаларни) биладилар”, - деган бўлса, ёлғон айтибди, чунки Аллоҳ таоло ўзидан бўлак ҳеч кимса ғайбни билолмаслигини (Қуръонда) айтгандир”.

5-боб. Аллоҳ таоло ўзини: “У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир” (“Ҳашр” сураси, 23-оят) дегани хусусида.

7381-ҳадис. Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)га иқтидо қилиб намоз ўқиётган эдик, ташаҳҳудда “Ас-Салому алаллоҳи” деб айтган эдик, Жаноб Расулуллоҳ бизга: “Бундай деманглар, чунки “Ас-Салом” Аллоҳ таолонинг исмларидандир. “Ат-Таҳиййоту лиллаҳи вас-салавоту ват-таййиботу, ас-салому алайка аййуҳан-набиййу ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу, ас-салому алайна ва ала ибодуллоҳис-солиҳин, ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва-ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва русулуҳу” деб айтинглар”, - дедилар”...

8-боб. Аллоҳ таолонинг: “У осмонлар ва Ерни ҳикмат билан яратган зотдир. “Бўл!” – деган онда (истагани) бўлади. Унинг сўзи ҳақдир” (“Анъом” сураси, 73-оят) деган сўзи хусусида.

7385-ҳадис. Ибн Аббос ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) тунда тажаҳҳуд қилиб қўядиган дуони ўқир эдилар: “Ё Парвардигор, жамики мақтовлар сенга хосдир! Еру осмонлар ва ундаги борлиқнинг ёруғлиги сендандир, жамики мақтовлар сенга хосдир! Сен еру осмонлар ва ундаги борлиқнинг ёритувчиси ва бошқариб турувчисидирсан, жамики мақтовлар сенга хосдир! Сен ҳақдирсан, ваъданг ҳам ҳақдир, сўзинг ҳам ҳақдир, охиратда сени кўриш ҳам ҳақдир, жаннат ҳам ҳақдир, дўзах ҳам ҳақдир, қиёмат ҳам ҳақдир, жамики Пайғамбарлар ҳам ҳақдир, Муҳаммад ҳам ҳақдир! Ё Парвардигор, сенга бўйинсундим ва сенга таваккал қилдим, сенга имон келтирдим ва дилдан сенга тавба қилдим, сени деб (душманларинг билан) курашдим, уларга ўзинг жазо берасан, ўтган ва келгуси гуноҳларимни, хуфёна ва ошкора хатоларимни ўзинг кечиргин, сен яккаю ягонадирсан, сендан бўлак илоҳ йўқдир!”

Суфён (ас-Саврий): Расулуллоҳ (с.а.в.) “Сен ҳақсан, сўзинг ҳам ҳақдир!” деб дуо ўқидилар”, - дедилар”.

9-боб. Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир!” (“Нисо” сураси, 134-оят) деган сўзи ҳақида.

Урва ривоят қиладилар: “Ойша (рз) Байтуллоҳ ёнида туриб Жаноб Расулуллоҳ билан айтишиб қолдилар. Буни эшитиб, кўриб турган Аллоҳ таоло пайғамбаримиз (с.а.в.)га оят нозил қилди). Шунда Ойша (рз.): “Қулоқларига овозларни етказган Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин!” – дедилар. Ўшанда Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримасини нозил қилган эди: “(Эй Муҳаммад) Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёлнинг сўзини эшитди” (“Мужодала” сураси, 1-оят).

7386-ҳадис. Абу Мусо ал-Ашъарий ривоят қиладилар: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга сафарда эдик. Шунга ҳар гал тепаликка кўтарилганимизда бор овозимиз билан “Аллоҳу акбар!” дер эдик. Жаноб Расулуллоҳ буни эшитиб: “Ўзларингизни авайланглар, чунки сизлар қулоғи кар ёки ғойибий бир кимсага эмас, балки доимо ёнгинангизда эшитиб ва кўриб турувчи Аллоҳ таоло дуо айтаяпсизлар!” – дедилар. Сўнг, у зот, мен ичимда “Ла ҳавла ва ла қуввати илло биллоҳ!” деб турганимда, ёнимга келдилар-да: “Эй Абдуллоҳ ибн Қиёс, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ!” деб айтгин, чунки бу жаннат хазиналаридан биридир!” – дедилар”.

7387-7388-ҳадислар. Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладилар: “Абу Бакр Сиддиқ Жаноб Расулуллоҳга: “Ё Расулуллоҳ, менга намозда ўқийдиган бир дуо ўргатсангиз!” – дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: “Қуйидаги дуони айтгин!” – дедилар: “Ё Парвардигоро, дарҳақиқат, мен (гуноҳ ишлар қилиб) ўзимга кўп зулм қилдим, гуноҳларни эса, сендан бўлак кечувчи зот йўқдир, мени кечиргин, мағфиратингдан бенасиб қилмагин, менга раҳм қилгин мағфиратли раҳмдил зот ўзингсан!”

7389-ҳадис. Урва ибн аз-Зубайр Ойша онамиздан нақл қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Жаброил (ас) менга “Аллоҳ таоло қавмингнинг сенинг сўзингни рад қилиб нима деб жавоб берганини эшитди!” деб нидо қилдилар”, - дедилар”.

11-боб. Қалбларни ўзгартирувчи зот ҳақида.

Аллоҳ таоло: “Биринчи марта, унга имон келтирмаганларидек, диллари ва кўзларини тескари қилиб қўямиз ва туғёнларида гангиб юрган ҳолларида уларни тарк этурмиз” (“Анъом” сураси, 110-оят) – дейди.

7391-ҳадис. Абдуллоҳ (ибн Умар) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) кўпинча: “Қалбларни ўзгартирувчи зот ҳақи, (бундай қилмайман ёки бундай демайман!)” – деб қасамёд қилар эдилар”.

12-боб. Аллоҳ таолонинг бир кам юзта исми борлиги ҳақида

Ибн Аббос: “Зул-Жалол (“Раҳмон” сураси, 27-оят) – Буюклик соҳиби, ал-Барр – Латиф демакдир”, - дейдилар.

7392-ҳадис. Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта, яъни бир кам юзта исми бордир. Кимки уни ёддан билса, жаннатга киради”, - дедилар”.

13-боб. Аллоҳ таолонинг исмларини айтиб илтижо қилиш ва паноҳ тилаш ҳақида.

7393-ҳадис. Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб айтдилар: “Агар ўрнингизга кириб ётмоқчи бўлсангиз, дастлаб кўрпа-тўшагингизни либосингиз этаги билан уч бор қоқиб ташланг, сўнг “Ё Парвардигоро, сенинг исмингни айтиб ёнбошладим ва сенинг исмингни айтиб тураман! Агар (уйқуда) жонимни олсанг, уни мағфират қилгин, башарти тирик қолдирсанг, уни солиҳ бандаларинг жонини қандай асрасанг, шундай асрагин” деб дуо ўқинг”.

7394-ҳадис. Ҳузайфа ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.), агар ўринларига кириб ётсалар: “Ё Парвардигоро, сенинг исмингни айтиб тириламан ва сенинг исмингни айтиб ўламан!” – дер эдилар. Агар уйғонсалар: “Бизни ўлдиргандан сўнг тирилтирган ва инсонлар қайта тирилиб даргоҳига борадиган Аллоҳ таолога шукр!” – деб айтар эдилар”.

7395-ҳадис. Абу Зарр ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) тунда ўринларига кириб ётсалар: “Ё Парвардигоро, сенинг исмингни айтиб ўламиз ва сенинг исмингни айтиб тириламиз!” – дер эдилар. Уйғонсалар: “Бизни ўлтиргандан сўнг тирилтирган ва ўзимиз қайта тирилиб даргоҳига борадиган Аллоҳ таолога шукр!” – деб айтар эдилар”.

7396-ҳадис. Ибн Аббос ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб айтдилар: “Бирортангиз аёлингиз билан жимоъ қилмоқчи бўлсангиз, “Бисмиллоҳи, ё Парвардигоро! Бизни шайтондан, шайтонни эса бизга ато этажагинг фарзандимиздан йироқ қилгин!” деб дуо айтинг. Агар шунда Аллоҳ таоло сизга фарзанд ато этса, шайтон унга асло зарар етказа олмайди”.

7397-ҳадис. Адий ибн Ҳотим ривоят қиладилар: “Мен Жаноб Расулуллоҳдан: “Овга ўргатилган итимни қўйиб юборсам-у, у ўлжа тутиб келса, менга у ҳалол бўлдими?” – деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: “Агар овчи итингни қўйиб юбораётганингда Аллоҳ таолонинг исмини тилга олган бўлсанг, тутиб келган ўлжасини еявергин, ўзинг найза отиб ўлжани йиқитсанг ҳам еявергин!” – дедилар”.

7398-ҳадис. Ойша (рз.) ривоят қиладилар: “Одамлар Жаноб Расулуллоҳга: “Ё Расулуллоҳ, шу атрофда яқиндагина мушриклардан халос бўлиб Исломга кирган қавмлар бор, улар бизга гўшт келтириб турадилар. Улар ўз ҳайвонларини сўяётиб Аллоҳ таолонинг исмини айтадиларми, йўқми, бунданбехабармиз”, - дейишди. Шунда у зот: “Ўзларингиз Аллоҳ таолонинг исмини айтинг-да, еяверинглар!” – дедилар”.

7399-ҳадис. Анас (ибн Молик) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) икки қўчқорни қурбонлик қилдилар. Шунда ҳар бири учун алоҳида: “Бисмиллоҳи, Аллоҳу акбар!” – дедилар.

7400-ҳадис. Жундуб ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Қурбон ҳайити куни намозини ўқиб бўлгач, хутба айтдилар, сўнг: “Кимки ҳайит намозидан илгари қурбонлик қилиб қўйган бўлса, ўрнига бошқасини сўйсин ва кимки ҳали сўймаган бўлса, “Бисмиллоҳи, Аллоҳу акбар!” – дед сўйсин!” - дедилар.

7401-ҳадис. Ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Оталарингиз номи билан қасам ичманглар, кимки қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг исмини айтиб қасам ичсин!” – дедилар”.

30-боб.

Аллоҳ таолонинг сўзи: “Айтинг: “Борди-ю, денгиз (суви) Раббимнинг сўзлари (илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Раббимнинг сўзлари битишидан илгари у денгизлар тугаб битар” (“Каҳф” сураси, 149-оят). “Агар Ердаги дарахтлар қалам, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг ва яна етти денгиз унга мадад берса (қўшилиб сиёҳ бўлиб, ёзиб чиқилса) Аллоҳнинг сўзлари (асло) тугамас. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” (“Луқмон” сураси, 27-оят), “Дарҳақиқат, Раббингиз осмонлару Ерни олти кунда яратган, сўнгра Арш узра “муставий” бўлган, кунга тунни қоплайдиган – уни (яъни кунни тун) шитоб билан қувади – қуёш, ой, юлдузларни Ўз амрига мусаххар (муте) қилиб қўйган Аллоҳдир. Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир” (“Аъроф” сураси, 54-оят), “..ҳамда Қуёш ва Ойни (Ўз амрига) буйинсундирган зотдир” (“Раъд” сураси, 2-оят).

7463-ҳадис. Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: “Аллоҳ таоло йўлида ва унинг сўзларини тасдиқ этиш ниятида жиҳодга чиққан кишини жаннатга киритмоққа ёки уни ўз масканига қўлга киритган ажр ва ўлжалар билан қайтармоққа Аллоҳ таолонинг ўзи кафолат берди”...

35-боб. Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳнинг сўзини ўзгартирмоқчи бўладилар (Фатҳ сураси, 15ғоят) ва “Шубҳасиз, у (Қуръон ҳақ билан ботилни) ажрим этувчи сўздир. У ҳазил (беҳуда сўз) эмасдир (« Ториқ” сураси, 13-14-оятлар) – деган cўзи хусусида.

7491-ҳадис. Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Набий (с.а.в.) бундай дедилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласи даҳрни (замонни) сўкиб, менга азият етказади, ваҳоланки, даҳр – мен ўзимдирман, туну кунни ўзгартириш иши менинг қўлимдадир!” – дейди...

44-боб. Аллоҳ таолонинг: “Сўзингизни яширингиз ёки ошкора қилингиз, (барибир) У диллардаги сирларни ҳам билувчидир! (Ахир) яратган зот (Ўзи яратган гарсаларини) билмайдими? У лутфли ва (барча нарсадан) хабардор зотдир» («Мулк» сураси, 13-14-оятлар) деган cўзи ҳақида.

7525-ҳадис. Ибн Аббос Аллоҳ таолонинг “Намозингни баланд овоз била ҳам, пичирлаб ҳам ўқимагин!” деган сўзи хусусида бундай дейдилар: “Бу ояти карима Жаноб Расулуллоҳ Маккада мушриклардан яшириниб юрган вақтларида нозил бўлган эди. У зот ўз саҳобалари билан намоз ўқиганларида овозларини чиқарсалар, мушриклар эшитиб Қуръони каримни ҳам, уни нозил қилган Парвардигорни ҳам, пайғамбаримизни ҳам ҳақорат қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ўз расулига: “Намозингни баланд овоз билан ўқимагин, мушриклар эшитиб Қуръонни ҳақорат қиладилар, уни пичирлаб ҳам ўқимагин, саҳобаларингга эшиттира олмай қоласан, ўртача бир йўлни танлагин!” – деди”.

7526-ҳадис. Ойша (рз.): “Аллоҳ таолонинг “Намозингни баланд овоз билан ҳам, пичирлаб ҳам ўқимагин!” деган ояти каримаси дуо хусусида нозил бўлгандир”, - дейдилар.

7527-ҳадис. Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ: “Кимки Қуръонни тажвид билан ўқимаса, биздан эмас!” – дедилар.

51-боб. Аллоҳ таоло нозил қилган Таврот ва шу каби китобларни араб ва бошқа тилларда тафсир қилиш хусусида.

Аллоҳ таолонинг сўзи: “Агар ўзларингизни (инкорингизда) ростгўй деб билсангиз, Тавротнинг келтириб, ўқиб кўрингиз” (“Оли Имрон” сураси, 93-оят).

7541-ҳадис. Ибн Аббос ривоят қиладилар: “Абу Суфён ибн Ҳарб менга хабар бердики, Рум қайсари Ҳирақл ўз таржимонини чақирибди, сўнг Набий (сав)нинг мактубларини олиб келмоқни буюрибди. Кейин, уни ўқиттириб кўрса, унда “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим, Аллоҳ таолонинг расули бўлмиш Муҳаммад ибн Абдуллоҳдан Ҳирақлга. Эй китоб аҳли! Сизлару бизлар ўртамизда баробар бўлган сўзга келинглар!”, деб ёзилган экан”.

7542-ҳадис. Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Китоб аҳли Таврони ибронийча ўқиб, уни ислом аҳлига араб тилида тафсир қилар эди. Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Китоб аҳлига ишонманглар ҳам, уларни ёлғончига чиқарманглар ҳам! “Аллоҳ таолога ва у нозил қилган барча нарсаларга имон келтирганмиз” деб айтинглар!” – дедилар”.

7543-ҳадис. Ибн Умар ривоят қиладилар: “Ўзаро зино қилган бир яҳудий эркак билан аёлни Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига олиб келишди. Жаноб Расулуллоҳ яҳудийларга: “Бу иккисига қандай жазо берасизлар?” – дедилар. Яҳудийлар: “Бундай ҳолда бизлар юзларига қора суртиб сазойи қиламиз” – дейишди. Жаноб Расулуллоҳ (сав): “Агар гапингиз рост бўлса, Тавроти олиб келинг, ундан (шу жазо хусусидаги оятни топиб) ўқинглар!” – дедилар. Улар Тавротни олиб келишиб, ўзлари ишонган бир яҳудийга беришди-да: “Эй Аъвар, ўқигин”, - дейишди. У Тавротни очиб ўқий бошлади, кейин бир жойига келганда ўқишдан тўхтаб, ўша жойни қўли билан беркитди. Ибн Салом: “Қўлингни ол!” – деди. У қўлини олган эди, беркитган жойида ражм ояти (яъни, зинокорларни тошбўрон қилиш кераклиги ҳақидаги оят) ёзилган экан. Шунда яҳудий: “Эй Муҳаммад! Бизлар уларни ражм қилишимиз керак бўлса ҳам буни бир-биримиздан яширамиз”, - деди. Жаноб Расулуллоҳ зинокорларни ражм қилишга амр қилган эдилар, улар ражм қилинди. Шунда яҳудий эркак ўз маъшуқасини отилаётган тошлардан пана қилишга ҳаракат қилар эди”.

58-боб. Аллоҳ таолонинг: “Қиёмат куни адолат тарозуларини ўрнатамиз” (“Анбиё” сураси, 47-оят) – деган сўзи хусусида.

7563-ҳадис. Абу Ҳурайра (р.з.) ривоят қиладилар: “Раҳмонга суюкли, тилга (айтиш) осон ва тарозуда оғир келадиган икки сўз мавжуд бўлиб, улар – “Субҳоналлоҳ ва биҳамдиҳи” ҳамда “Субҳоналлоҳи-л-азим”, - дедилар”.