Имом Исмоил Бухорий (810–871) Босма

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Бухорода таваллуд топди. Отаси шайх Исмоил ибн Иброҳим аҳли ҳадислардан бўлиб, бир оз тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган.

Имом Бухорий ёшлигида отадан етим қолди. 10 ёшларида араб тили ва Ҳадис илмини қунт билан ўрганишга киришди. Бухоролик муҳаддислар Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий (777–839), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий Жуъфий (вафоти 843)лардан Ҳадис илмини ўрганиб, кўп ҳадисларни ёд олди. 16 ёшида акаси Аҳмад ва онаси билан ҳаж сафарида бўлди. Зиёрат асносида Балх, Бағдод, Куфа, Басра, Дамашқ, Маккаю Мадина шаҳарларида ҳам бўлди.

Имом Бухорий ўта истеъдодли, муҳофазаси ўткир олим эди. Ривоят қилишларича, қайси бир китобни қўлга олиб, бир мартаба мутолаа қилсалар, ҳаммаси ёд бўлиб қолаверарди.

Имом Бухорийнинг ўз сўзига кўра, юз минг саҳиҳ (ишончли) ва икки юз минг ғайри саҳиҳ (ишончсиз) Ҳадисни ёд билар экан. Унинг шогирдларидан Амр ибн Фаллос: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга маълум бўлмаган Ҳадис, албатта, ишончли Ҳадис эмастур” деган. Устозларидан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Марвазий (780–855)нинг айтишича, “бутун Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоил каби олим чиққан эмас”.

Бухорий 20 ёшидаёқ бир неча китоблар муаллифи сифатида машҳур бўлди. Алломанинг “Ал-адаб ал-муфрад” («Адаб дурдоналари»), “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”дан ташқари яна йигирмага яқин китоблари бўлиб, кўплари бизгача етиб келмаган.

Имом Бухорий ўз ватани Бухорога қайтгач, бир мунча вақт толиби илмларга ҳадисдан дарс берган. 871 йили вафот этгач, Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида дафн этилган.


«АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ»дан

“ИЛМ КИТОБИ”дан

1-боб. Илм фазилати тўғрисида

Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (“Мужодала” сураси, 11-оят), - дейилган. Яна бошқа ояти каримада эса: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт! деб айтинг” (“Тоҳо” сураси, 114-оят) – дейилган...

4-боб. Ҳадис айтган одам (муҳаддис)ни “бизга ҳадис айтди, хабар берди, хабар қилди”, - деган сўзлар билан ифодалаш тўғрисида

Саҳобалар ва тобеинлар (саҳобаларнинг замондошлари) ҳадисларни ривоят қилишда “бизга хабар қилди, айтди, фалончидан эшитиб гапириб берди, эшитдимки”, деган сўзлар билан ифодалаганлар. Масалан: Саҳоба Ибн Масъуд ҳадис айтмоқчи бўлсалар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга сўзлаб бердилар” ёки “Расулуллоҳдан эшитганман”, - деб гап бошлаганлар ва ҳоказо...

61-ҳадис. Ибн Умар (рз.) айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) сўрадилар, шундай бир дарахт борки, у мусулмонга ўхшаб баргини ташламайди. У қайси дарахт? Одамлар ўз ерларидаги дарахтларни бирма-бир айта бошладилар. Мен кўнглимда хурмо дарахти бўлса керак, дедим. Лекин айтгани уялдим. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан айтиб беришни сўрашган эди, у зот: “У – хурмо дарахти”, - дедилар...

6-боб. Аллоҳнинг илм тўғрисида нозил қилган каломи

Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Эй. Раббим! Менга илмни зиёда эт! деб айтинг” (“Тоҳо” сураси, 114-оят), - дейди...

10-боб. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг “Шояд, мендан эшитган одамдан кўра, кейин эшитган одам ёдида тутувчироқ бўлса”, - деган сўзлари тўғрисида

67-ҳадис. Расулуллоҳ (с.а.в.) жиловни бир киши ушлаб турган туя устида ўтирган ҳолда ваъз айтдилар: “Бугун қайси кун?” – дедилар. Ҳаммамиз жим қолдик ва бугуннинг бошқа номини айтсалар керак, деб ўйладик. “Қурбон ҳайити куни эмасми?” – дедилар. “Ҳа, шундай”, - дедик. “Бу ой қайси ой?” – деб сўрадилар. Ҳаммамиз жим қолдик. Биз бу ойнинг бошқа исмини айтсалар керак, деб ўйладик. “Зулҳижжа ойи эмасми?” – дедилар. “Ҳа, шундай”, - дедик. Расулуллоҳ дедилар: “Ўзаро қон тўкишингиз, талон-тарож қилишингиз, обрўйингизни тўкишингиз, худди шу кун ва худди шу ойда ва шу жойда ёмонлик қилиш қандай ҳаром бўлса, шундай ҳаромдир. Эшитганлар, эшитмаганларга шу хусусда етказсинлар! Чунки шу ерда бор кишилар ўзидан кўра ҳадисни ёдда сақлайдиган кишига етказса, ажаб эмас”.

11-боб. Бир ишни қилишдан ҳам, сўзлашдан ҳам аввал илм даркорлиги тўғрисида.

Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (“Муҳаммад” сураси, 19-оят), - деган сўзини ҳам “бил” деган сўз билан бошлаган. Олимлар – пайғамбарларнинг меросхўрлари илмни пайғамбарлардан ўрганишади. “Кимки илм олган бўлса, пайғамбар (ас)дан тўлиқ мерос олибди”, - деган ҳадисда ҳам илм олиш кераклиги уқтирилган. “Кимки илм истаб қадам қўйса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилади”, - дейилади бошқа ҳадисларда. Аллоҳ таоло ояти каримасида: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар” (“Фотир” сураси, 28-оят), - дейилган. Иккинчи бир оятда: “(Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар” (“Анкабут” сураси, 43-оят) – дейилган бўлса, бошқаларида: “Улар (кофирлар) яна: “Агар бизлар пайғамбар (сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах аҳлидан бўлмас эдик”, - дерлар” (“Мулк” сураси, 10-оят). “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (“Зумар” сураси, 9-оят) – дейилган.

Расулуллоҳ (с.а.в.) “Кимгаки Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, уни дин илмидан баҳраманд қилади, илмга илм олмоқ йўли билан эришилади”, - деганлар.

Саҳоба Абу Зарр: “Агар қилични мана бунга (бўйинга) қўйсангизу бўйнимни узиб юбормасингиздан аввал мен Расулуллоҳдан эшитган сўзларимдан бирортасини айтиб улгурмоғим мумкинлигини билсам, айтиб олар эдим”, - деган эканлар.

Ибн Аббос “Куну раббониййа!”, яъни “Раббоний бўлинглар!” деган Аллоҳ буйруғини “Ҳалим ва фақиҳ бўлинглар!” деб таржима қилдилар. Имом Бухорий: “Раббоний дегани одамларни катта илмлардан аввал кичик илмлар билан тарбиялаган кишидир”, - деганлар.

12-боб. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг одамларга малол келмасин деб, муайян кунларни илм ва ваъз айтиш учун белгилаб қўйганлари.

68-ҳадис. Ибн Масъуд (рз) айтганлар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга малол келмасин деб, ваъз айтмоқ учун маълум кунларни белгилаб қўйган эдилар”...

69-ҳадис. Расулуллоҳ (с.а.в.). “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар! Хушхабар айтинглар, қизиқтиринглар, нафратлантириб қўйманглар (ўзингиздан бездирманглар)!” – деганлар...

15-боб. Илмни фаҳмлаш (теран тушуниш)

72-ҳадис. Мужоҳид (рз) бундай деганлар: “Ибн Умар билан Мадинага бирга кетдим. Йўлда у Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларидан бирини айтиб берди. У бундай деди: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларида эдик, хурмо ёғи келтириб қолдилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Дарахтлар орасида бир дарахт бордир, у мусулмонларга ўхшайди”, - дедилар. Мен: “Хурмо”, - демоқчи бўлдим-у, лекин ҳаммадан ёш бўлганим учун индамадим. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари: “Бу хурмо дарахтидир”, - деб айтдилар.

16-боб. Илму ҳикматни орзу қилмоқ

Ҳазрат Умар (рз) бундай деганлар: “Бошлиқ бўлмасингиздан аввал илмни чуқур ўрганинг!

73-ҳадис. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобалари ёшлари улғайганда ҳам илм ўрганганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Икки нарсадан ўзгасига ҳасад қилиш жоиз эмас, бири – кишига Аллоҳ таоло ҳалол мол-дунё берса-ю, уни Ҳақ йўлида сарфлаётган бўлса, иккинчиси – кишига Аллоҳ таоло илму ҳикмат ато этса-ю, у шу туфайли олий мақомга эришиб, ҳукм сураётган, одамларга билганини ўргатаётган бўлса”, - деганлар”...

18-боб. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг “Илоҳи, бу йигитга Қуръони каримни ёд олмоқни ва уни (теран) тушунмоқни насиб айлагин!” – деб дуо қилганлар.

75-ҳадис. Абдуллоҳ ибн Аббос айтганлар: “Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) мени қучоқлаб туриб: “Илоҳи, бунга Қуръони каримни ёд олмоқни ва тушунмоқни муяссар айлагин” – деб дуо қилдилар”...

20-боб. Илм олиш ниятида сафар қилиш.

78-ҳадис. Ушбу ҳадис билан Қуръони каримда баён этилган Мусо (ас) билан Хизр (ас) қиссаси ҳамоҳангдир.

21-боб. Илм ўрганиш ва ўргатишнинг фазилати

79-ҳадис. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “Аллоҳ таоло менга юборган ҳидоят (Аллоҳ таоло бандаларига кўрсатган тўғри йўл йўлланма) сингари илк ҳам кўп ёққани ёмғирга ўхшайди. Баъўи ер соф, унумдор бўлиб, ёмғирни ўзига сингдиради-да, ҳар хил ўсимликлар ва кўкатларни ўстиради ва баъзи ер қурғоқ, қаттиқ бўлиб, сувни сингдирмасдан ўзида тўплайди, ундан Аллоҳ таоло бандаларини фойдалантиради. Одамлар сувдан ичадилар, ҳайвонларини ва экинларини суғорадилар. Баъзи ер эса текис бўлиб, сувни ўзида тутиб қолмайди, кўкатни ҳам кўкартирмайди. Буларни қуйидагича қиёслаш мумкин: Бир киши Аллоҳ илмини (исломни) теран ўрганади, теран тушуниб, ундан манфаатланади ва Аллоҳ юборган ҳидоятни ўзи ўрганиб, ўзгаларги ҳам ўргатади. Аммо ўзи амал қилмайди. Учинчи бир киши мутакаббирлик қилиб, ўзи ҳам ўрганмайди, ўзгаларга ҳам ўргатмайди. Булардан биринчиси мўъмин, иккинчиси фосиқ, учинчиси кофирдир”.

22-боб. Илмга эътиборсизлик ва нодонлик (жаҳолат)нинг авж олиши.

80-ҳадис. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “Илмга эътиборсизлик, нодонлик, ичкиликбозлик ва зинокорликнинг оммавий тус олиши қиёмат аломатларидандир” (яна қ. 81, 5231, 5577, 6808).

81-ҳадис. Анас (рз.) (охирги саҳоба): “Мен силарга бир ҳадис айтиб берай. Мендан кейин буни сизга ҳеч ким айтиб бермайди. Расулуллоҳ қуйидагилар қиёмат аломатларидир, деганлар”, - дедилар:

- илмнинг сусаймоғи;

- жаҳолатнинг кучаймоғи;

- зинонинг авж олмоғи;

- хотинларнинг кўпаймоғи;

- эркакларнинг озаймоғи; Ҳатто 50 нафар хотинга 1 нафар эркакнинг бошчилик (эрлик) қилмоғи”.

23-боб. Илмнинг фазилатлари ҳақида.

82-ҳадис. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларимдан сут чиққанини кўрдим”. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?” “Илмга”, - дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.)...

35-боб. Илм қандай йўқолади? (кишилар дилидан илмнинг кўтарилиб кетиши тўғрисида).

Умар ибн Абдулазиз Абу Бакр ибн Ҳазмга бундай деб ёзган эди: “Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган сўзларнинг ҳаммасини кўриб чиқиб, ёзиб боргин, чунки мен уламоларнинг вафотидан сўнг илмнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқаяпман. Фақат Расулуллоҳ ҳадислари қабул қилинсин! Уламолар илм ўргатишга, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар, зеро илм сир тутилмас экан, ҳалокатга учрамайди!”

100-ҳадис. Абдуллоҳ ибн Амр: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг “Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар биронта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар”, деганларини эшитганман”, - деб айтган...

44-боб. Олимларга жим туриб қулоқ солишнинг маъқуллиги.

121-ҳадис. Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул Вадоъда турганларида Жарир ибн Абдуллоҳга: “Одамларни жим қилгин!” – дедилар. Сўнгра: “Мендан кейин бир-бирингизни ўлдирадиган кофирлар бўлиб кетманглар!” – деб қўшиб қўйдилар.

48-боб. Аллоҳ таолонинг “Сизларга эса оз илм берилгандир” (“Исро” сураси, 85-оят) деган ояти каримаси хусусида.

124-ҳадис. Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Мадинанинг харобароқ ерида кетаётган эдик. Расулуллоҳ қўлларида хурмо ёғочидан қилинган хасса тутиб олган эдилар. Бир тўда яҳудийлар ёнидан ўтаётганимизда улардан айримлари: “У кишидан руҳ тўғрисида сўранглар”, - деб айтишди. Баъзилар эса: “Сўраманглар, сизлар инкор қилган нарса ҳақида жавоб айтмайди”, - дейишди. Яна баъзилар: “Албатта сўраймиз”, - дейишди. Шулардан бири туриб: “Ё Абдулқосим, руҳ нима?”, - деди. Жаноб Расулуллоҳ жим қолдилар. Мен ўзимча: “У кишига ваҳий нозил бўлмаяпти”, - дедим. Расулуллоҳни яҳудийлардан пана қилиб (ўртада) турдим. Ўзларига келгач: “(Эй Муҳаммад!) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ фақат Роббимнинг ишидандир”. Сизларга эса оз илм берилгандир” (“Исро” сураси, 85-оят), - дедилар. Ал-Аъмаш: “Биздаги (нусхада) шундай ўқилади”, - деган...

51-боб. Илм ўрганишдан уялмоқ.

Мужоҳид айтганлар: “Уялган киши илм ололмайди. Уялган киши ва мутаккаббир киши илм ололмайди. Ойша онамиз айтганлар: “Аёлларнинг яхшиси ансория аёллар. Динни теран ўрганмоқлари учун уларга ҳаё монелик қилмади”.

130-ҳадис. Умму Салама деган аёл бундай дейди: “Умму Сулайм Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло ҳақиқатни айтишдан уялмайди (шунингдек, мен ҳам уялмайман). Аёл киши агар иҳтилом бўлиб (булғаниб) қолса, ғусл вожиб бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар нам (маний) чиққанини кўрса”, - дедилар. Аёл юзини (уялиб) беркитди-да: “Ё Расулуллоҳ, аёл киши ҳам иҳтилом бўладими?” – деди. Расулуллоҳ: “Ҳа, бўлади (аёлда ҳам маний бор), нега бола онасига ўхшайди!” – дедилар”...

131-ҳадис. Абдуллоҳ ибн Умардан: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Дарахтлар орасида бир дарахт бор, баргини ташламайди, у мусулмонга ўхшайди, айтинглар-чи, бу қайси дарахт?” – дедилар. Одамлар қишлоқларидаги бор дарахтларни санаб чиқдилар. Менинг кўнглимдан “хурмо дарахти” деган фикр ўтди. Лекин (айтишга) уялдим. Одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз айтиб беринг! – дедилар. Расуллоҳ (с.а.в.): “У хурмо дарахтидир”, - дедилар. Мен кўнглимга келган бояги фикрни отам Умарга айтдим. Шунда отам (Умар): “Ўшанда айтганингда эди, менга фалон-фалон ишлар насиб бўлиб, яхши бўлар эди”, - дедилар...

52-боб. Сўрашдан ўзи уялса, биров орқали сўрашнинг жоизлиги тўғрисида.

132-ҳадис. Ҳазрат Али (рз.) бундай ривоят қиладилар: “Мен мазийи кўп (шаҳвати тез) одам эдим”. Ал-Миқдодга: “Расулуллоҳ (с.а.в.)дан шаҳвати тезликнинг ҳукмини сўрагин”, - деб буюрдим. У кириб сўради. Расулуллоҳ: “Мазий келганда таҳорат олиш лозим”, - деб айтибдилар”...

“ҚУРЪОН ТАФСИРИ КИТОБИ”дан

“Ал-Алақ“ сураси4

“Бир куни жаноб Расулуллоҳ Ҳироъ ғорида5 эрканликларида қошларига бир фаришта келиб: “Ўқингиз!” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўқиёлмайман”, — дедилар. “Шунда, — дейдилар жаноб Расулуллоҳ, — фаришта мени ушлаб шундай қаттиқ қисдики, ҳатто мен ҳолсизланиб қолдим. Кейин мени бўшатиб, яна: “Ўқингиз!” — деди. Мен: “Ўқиёлмайман”, — дедим. У мени яна ушлаб, шундай қаттиқ қисдики, ҳатто мен ҳолсизланиб қолдим. Кейин мени яна бўшатиб: “Ўқингиз!” — деди. Мен яна “Ўқиёлмайман”, — дедим. У учинчи бор мени ушлаб, шундай қаттиқ қисдики, ҳатто мен ҳолсизланиб қолдим. Сўнг у мени бўшатиб: “Эй Муҳаммад, бутун мавжудотни яратган Парвардигорингиз номи билан ўқингиз! У инсонни лахта қондан яратди. Ўқингиз, Парвардигорингиз инсониятга қалам билан ёзишни ўргатган зотдир! Ул зот инсонга унинг билмаганини ўргатди” деган оятларни ўқиди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бул ҳодисадан қўрқиб, дағ–дағ титраган ҳолда ортларига қайтдилар-да, Хадича онамизнинг олдиларига кириб: “Мени ўрангизлар, мени ўрангизлар!” — дедилар. Жаноб Расулуллоҳни қўрқувлари босилгунча ўраб қўйишди. Кейин Хадичага6: “Эй Хадича! Менга не бўлаётир? Менга бир нарса бўлиб қолмасайди, деб ўзимдан қўрқдим”, деб бўлган воқеани

гапириб бердилар. Хадича: ”Қўрқмангиз, аксинча, хурсанд бўлингиз, Худо ҳақи, Аллоҳ таоло сизни асло хор қилмагай, Худо ҳақи, сиз қариндошларингизга оқибат қилгайсиз, рост гапиргайсиз, бировларнинг оғирини енгил қилғайсиз, йўқсилларни тўйдиргайсиз, меҳмондўстлик қилгайсиз, эзгулик йўлида саъйу имдод айлагайсиз”, — дедилар. Сўнг жаноб Расулуллоҳни амакиларининг ўғли Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига олиб бордилар. Варақа жоҳилият замонида насроний динини қабул қилган эрди. У арабча хат ёзишни ҳам билар, Аллоҳ таоло муяссар этганича Инжилдан арабчага кўчириб ёзар эрди. Ўзи қари киши бўлиб, кўзи ожиз киши эрди. Хадича онамиз унга: “Эй амаки, биродарингиз ўғлининг сўзига қулоқ солингиз!” — дедилар. Варақа: “Эй жияним, неларни кўрдингиз?” — деб жаноб Расулуллоҳдан сўради. Пайғамбар алайҳиссалом кўрган нарсаларининг хабарини бердилар. Варақа: “Бу Номус (яъни, Ҳазрат Жаброил) бўлиб, Мусога ҳам ваҳий бирлан туширилган фариштадир. Кошкийди, шу пайтда менинг ёшлигим бўлса, кошкийди, мен ҳаёт бўлсам!” — деди. Кейин яна баъзи гапларни ҳам айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қавмим мени ҳайдаб чиқаргайми?” - деб сўрадилар. Варақа: “Ҳа, шундай, аммо бирор киши сиз келтирган нарса бирлан (пайғамбарлик бирлан) келмаган, гар келса, қийноққа солинган бўлур эди. Агар сизнинг кунларингизда мен тирик бўлсам, сизга катта ёрдам берган бўлур эдим”, — деди. Лекин кўп ўтмай Варақа вафот этди. Кейин бирмунча вақт жаноб Расулуллоҳга ваҳий келмай қўйди. Ул зот бундан ҳайиқа бошладилар”

Аллоҳ таолонинг қавли: “Аллоҳ инсонни лахта қондан яратди”.

Оиша7 розияллоҳу анҳа айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи бўлиб нозил бўлган ваҳий рост (чин) тушлар эди. Кейин ул зотнинг ҳузурларига фаришта келиб: “Сизни яратган парвардигорингизнинг номи бирлан ўқингиз, у инсонни лахта қондан яратган зотдир, ўқингиз, улуғ раббингиз инсонга қалам бирлан илм ўргатди”,- деган оятни ваҳий қилди”.

“ҚУРЪОН ФАЗИЛАТЛАРИ ҲАҚИДА»8 китобидан

2-боб. Қуръоннинг Қурайш аҳли тилида9

араб тилида нозил қилинганлиги ҳақида

“Усмон10 розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит11, Саъид ибн ал-Ос12, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр13 ва Абдурраҳмон ибн ал- Ҳарсга14 Қуръон сураларини мусҳафларга кўчирмоқни амр қилдилар ва: “Агар сизлар Зайд ибн Собит бирлан Қуръоннинг бирор арабча сўзида ихтилоф қилиб қолсангизлар, (уни ўзгартирмай) қурайш аҳли тилида ёзаверингизлар, чунки Қуръон уларнинг тилида нозил қилинган”, — дедилар. Улар шундай қилишди”.

“Савфон ибн Яълонинг хабар беришларига қараганда, ул киши: “Кошкийди, мен Расулуллоҳга ваҳий нозил бўлаётганини кўрсам!” — деб орзу қилур эрканлар. Вақтики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жиърона деган жойда эрдилар, ул зотнинг тепаларига соя қилсин учун бир либос тўсиб қўйилган эрди, ёнларида саҳобалари ҳам бор эрдилар. Шул пайт ўзига хушбўйликлар сепиб олган бир одам келиб: “Ё Расулуллоҳ, бир одам чакмон кийиб, эҳром боғласаю, кейин ўзига хушбўйликлар сепса, бўлурми?” — деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом бир соатча ваҳий келмоғини кутдилар, сўнг ул зотга ваҳий келди. Шунда Умар15 розияллоҳу анҳу Яълога: “Кел“, деб ишора қилдилар. Яъло келиб, бошларини жаноб Расулуллоҳга соя қилиб турган либос остига тиқдилар-да, жаноб Расулуллоҳнинг юзлари қизариб кетганини кўрдилар. Ул зот яна бирмунча вақт хириллаган ҳолда ётдилар, сўнг ваҳийдан фориғ бўлдилар-да: “Ҳозиргина менга умра тўғрисида савол берган киши қаерда?” — деб сўрадилар. Савол берган киши қидириб топиб келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ўзингга сепган хушбўйликни уч марта ювиб ташла, сўнг чакмонингни ечгил-да, ҳажингга қандай эҳром боғласанг, умрангга ҳам шундай эҳром боғлагил!” — дедилар”.

”Бақара“ сурасининг16 фазилати

24-боб. Қуръоннинг қанчаси ўқилса, кифоя қилур?

Аллоҳ таолонинг қавли: ”Қуръондан Аллоҳ муяссар қилганча ўқингизлар!“ Ибн Шибрима айтадилар: ”Мен: ”Киши намозда Қуръоннинг қанчасини ўқиса, кифоя қилгай?“ – деб фикр қилдим. Қуръон суралари ичидан уч оятли (”Ал-Кавсар“) сурасидан кичигини топмадим. Шунда: ”Демак, уч оятдан кам ўқиш мумкин эрмас“, — дедим“.

Алқама17 ривоят қиладилар: ”Мен Абу Масъудни Байтуллоҳни тавоф қилаётганларида учратиб қолдим. Шунда ул киши жаноб Расулуллоҳнинг ”Кимки кечаси ”Бақара“ сурасининг охирги икки оятини ўқиса, унга кифоя қилур“ деган ҳадисларини зикр қилдилар“.

Абдуллоҳ ибн Умар18 ривоят қиладилар: ”Отам мени тагли-тахтли бир аёлга уйлаб қўйдилар. Кейин отам келиндан ҳол-аҳвол сўраб, менинг хусусимда ҳам суриштирибдилар. Шунда келин: “Эркаклар орасида жуда ажойиблар, лекин ҳануз менинг тўшагимда ётганлари йўқ, ҳатто мен бирлан таом ҳам емадиларки, ҳожатхонага чиқай десалар, мен келганимдан буён аҳвол шу!“–деб жавоб берибди. Отам келиннинг шикояти кўпайиб кетгандан кейин бул ҳақда Пайғамбар алайҳи ва салламга зикр қилибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Ҳузуримга юборингиз!“–дебдилар. Мен жаноб Расулуллоҳга учрадим. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: ”Рўзани қандай тутаётирсан?“–деб сўрадилар. Мен: ”Ҳар куни“ – дедим. Ул зот: ”Қанчада хатм қилаётирсан?“ – дедилар. Мен: ”Ҳар кеча”,– дедим. Ул зот: ”Ҳар ой уч кун рўза тутгил, ҳар ой бир хатм қилгил!“ – дедилар. Мен: ”Эй Аллоҳнинг расули, мен бундан кўпроғига қодирман!“ – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Ундай эрса, бир жумада (ҳафтасига) уч кун рўза тутгил!” — дедилар. Мен яна: “Бундан кўпроғига ҳам қодирман”, — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Бўлмаса, икки кун оғиз очиб, бир кун рўза тутгил!“ – дедилар. Мен: ”Бундан кўпроғига қодирман“, – дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Ундай эрса, рўзанинг афзалини – Довуд алайҳи ва салламнинг рўзаларини тутгил, яъни бир кун рўза тутгил, бир кун оғиз очгил, ҳар етти кунда бир хатм қилгил!“ – дедилар. Кошкийди, жаноб Расулуллоҳнинг насиҳатларини қабул қилган бўлсам! Мана, энди қаридим, қувватдан кетдим“.

Айтишларича, Абдуллоҳ ҳар куни кундузи Қуръоннинг еттидан бир қисмини ўз аҳлларидан бирига ўқиб берар эрканлар. Буни кечаси ўзларига осон бўлсин учун қилар эрканлар. Озгина қувватланиб олмоқни истасалар, бир неча кун рўза тутмас, кейин эрса рўза тутмаган кунларининг миқдорича яна рўза тутар эрканлар, чунки жаноб Расулуллоҳнинг тавсияларига зид иш қилиб қўймоқдан қўрқар эрканлар. “Баъзилар уч кунда, баъзилар беш кунда, кўпчилик эрса, етти кунда хатм қилар эрди“, – дейишади...

27–боб. Дилингизни (хаёлингизни) бир жойга йиғиб Қуръон ўқингиз!

Жундуб ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: ”Пайғамбар алайҳиссалом: ”Дилингизни жамлаб Қуръон ўқингиз, агар дилингиз фаромуш бўлса, туриб кетингиз!“ – дедилар“.

Абдуллоҳдан нақл қилинадики, ул киши бир одамнинг қироатини эшитиб қолдилар. Абдуллоҳ ўшал одам қироат қилган сурани жаноб Расулуллоҳдан ўрганиб, бошқача услубда қироат қилур эрдилар. ”Мен ўшал одамни қўлидан ушлаб жаноб Расулуллоҳнинг қошларига олиб бордим, – дейдилар Абдуллоҳ, – øунда ул зот: ”Икковингиз ҳам чиройли ўқиётирсиз, шундай ўқийверинглар!“ – дедилар. Агар янглишмасам, ул зот яна: ”Сизлардан илгариги қавм ихтилоф қилган эрди, ихтилофлари уларни ҳалок қилди“, – деб ҳам айтдилар.